muslim.uz
Абдулазиз Комилов Эрон прeзидeнти билан учрашди
2018 йил 10 февралда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати хабар қилади.
Суҳбат чоғида вазир Эрон Президентига учрашув ўтказиш ва Ўзбекистон-Эрон мулоқотининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконияти учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳасан Руҳоний ва Эрон халқига самимий тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Эрон президентларининг 2017 йил 10 сентябрда Остона шаҳридаги учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи-назаридан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбатда қатор минтақавий муаммолар, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Афғонистон инқирозини сиёсий ҳал қилиш жараёнини бошлаш учун биргаликдаги халқаро саъй-ҳаракат муҳимлиги қайд этилди.
Эрон раҳбари “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик” номли Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказишга доир Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа сиёсий ва иқтисодий масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Комилов Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилиши ҳақида 2018 йил 19 январда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтиб ўтганди. Комиловнинг айтишича, ушбу конференцияга Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони ва БМТ бош котиби таклиф қилинади.
Манба: http://kun.uz
Қуръон мусобақаси бугун Тошкент вилоятида давом этади
Қуръон шайдолари, Тошкент вилоятида давом этаётган Қуръон мусобақаси 12 февраль, душанба куни Зангиота туманида давом этади. Мана шундай дамлардан унумли фойдаланиб, ҳар бир банда Аллоҳнинг каломига муҳаббатини зиёда қилиб олиши зарур. Хушовоз, тили равон, Қуръонни гўзал ўқий оладиган кишиларни Қуръон таълимига жалб қилиб, уларнинг иқтидорини мақташ, олқишлаш ва улардек юртдошлари борлигидан шод бўлиш нақадар бахт. Мана шундай саодатдан бенасиб қолманг.
Шундай экан азизлар, барчани эртага Тошкент вилояти Зангиота тумани “Нурул Ислом” жоме масжидига чорлаймиз, бундай қутлуғ онларда инсон танаси покланади, қалби қувват олади, дили нурга тўлади.
Бизнинг muslim.uz портали орқали мусобақанинг энг ҳаяжонли ва ҳузурбахш лаҳзаларини жонли кузатинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Чирчиқда Қуръон мусобақасининг ғолиблари аниқланди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 11 февраль куни ўтказилган Қуръон мусобақаси ўз якунига етди. Ғолиблар билан танишинг:
Ҳифз йўналиши
18-25 ёш
1. Искандаров Шомуҳаммад
2. Акбаров Муҳаммадшарифхон
3. Маҳкамов Анвар
26-40 ёш
1. Алимов Аброр
2. Ортиқов Билолиддин
Тиловат йўналиши
18-25 ёш
1. Муродов Раҳматилло
2. Жабборов Муҳаммаджон
3. Шойимов Муҳаммадбобур
3. Яхшибоев Сардор
26-40 ёш
1. Тошболтаев Химойдин
2. Мирҳамидов Акмал
3. Ҳасанов Сиявуш
3. Тошназаров Саидакмал
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва совғалар билан тақдирландилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тошкент шаҳрида Қуръон мусобақасига тайёргарлик авжида
Мана, салкам бир ойдирки, юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган Қуръони мусобақаси сабаб раҳмат нурлари таралмоқда. Аллоҳ таолонинг Каломига иштиёқманд кўнгиллар ҳидоят ва раҳмат, шифо оятларини жон қалблари билан тингламоқдалар.
Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан ўтказилаётган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг вилоятлардан Тошкент шаҳрига кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Айни дақиқаларда мусобақага тайёргарлик ишлари авжида. Тошкент шаҳри бўйича кўчаларда эълонлар намойиш этилмоқда. Тошкент шаҳрида мусобақанинг дастлаб туман босқичларида жами 486 киши иштирок этади.
Мусобақанинг Тошкент шаҳар ҳудудий (туман) босқичлари 2018 йил 13-15 февраль кунлари ўтказилиши белгиланган. Туман босқичлари 5 та ҳудудга бўлинган ҳолда белгиланган жойларда ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик.
ЎМИ Матбуот хизмати
Олиму уламоларимиз Саудияда меҳмон бўлишди
Ўзбекистондаги таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар ва имом-домлалардан иборат 30 киши шу йилнинг 1 – 10 февраль кунлари Саудия Арабистонида қиролликнинг меҳмони сифатида умра амалларини адо этиб қайтишди. Улар 10 кун давомида Мадинаи мунаввара шаҳридаги Уҳуд тоғи, Қубо ва Қиблатайн масжидларини зиёрат қилишди. Маккаи мукаррама шаҳридаги Арафот, Мино, Муздалифа водийлари ҳамда Савр ва Нур тоғлари атрофида ҳамда Ҳарами Шарифда ибодатларини давом эттиришди.
Олиму уламоларимиз сафар давомида ташкил этилган турли семинарлар, давра суҳбатлари ва подшоҳликдаги мартабали шахслар, таниқли уламолар билан учрашувларда ҳам иштирок этишди. Шунингдек, Саудия Арабистони шаҳарларидаги диққатга сазовор жойлар, музейлар, диний мазмундаги адабиётлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш корхоналарига ҳам ташриф қилишди.
http://old.muslim.uz/index.php/english/aqida/itemlist/user/280-muslimuz?start=6925#sigFreeIdaa2beda936
Муҳаммад-Акмалхон Шакиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими мудири