muslim.uz

muslim.uz

Шу йилнинг 10 февралидан бошлаб Индонезия фуқоролари учун виза тизимининг бекор қилингани муносабати билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу мамлакат телеканаллари билан ҳамкорликда тарғибот ишларини янада жадаллаштирмоқда. 

Қўмитанинг зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳининг Жакарта шаҳрига ташрифи натижасида Индонезиянинг “Net TV” телеканали ижодий гуруҳи юртимизга таклиф қилинди. 

Жорий йилнинг 24 мартида меҳмонлар Ўзбекистонда тасвирга олиш ишларини бошлади. Сафар давомида улар “Muslim traveler” коʻрсатувини тасвирга олишни режалаштиришган. 

Ушбу юқори рейтингга эга кўрсатув Рамазон ойларида миллионлаб мусулмонларга тақдим этилади. Дастлабки кун Тошкентнинг кўзга кўринган қадамжоларидан бири бўлган Ҳасти Имом мажмуасида Жоме масжиди, Бароқхон мадрасасида тасвирга олиш ишлари амалга оширилди. Ижодий гуруҳ Ўзбекистонда мусулмон сайёҳларга яратилган шароитлар ҳақида кўрсатув тайёрлаш ниятида. 

Шу боис улар сафарнинг биринчи куни пойтахтимиздаги зиёратлар оҳанрабоси саналган Ҳазрати Имом мажмуаси ва у ердаги Мўйи муборак мадрасасида жойлашган Ҳазрати Усмон мусҳафини тасвирга олдилар. Уларнинг фикрича, Қуръони каримнинг ушбу нусхаси Индонезиялик мусулмонларни қизиқтириб келган ва у энг диққатга сазовор муқаддас экспонатлардан биридир. 

Якшанба куни мажмуада турли мамлакатлардан келган маҳаллий ва қўшни давлатлардан келган минглаб сайёҳлар Индонезиялик ижодий гуруҳни ҳайратга солди. Кўрсатув ижодкорлари мажмуадаги тасвирга олиш жараёнида Бароқхон мадрасасидаги ўзбек халқ амалий санъати (ёғоч ўймакорлиги, ўймакорлиги, минятура санъати, кулолчилик, каштачилик, кулолчилик каби) ҳунармандчилик наъмуналаридаги ислом анъаналари ҳақида томошабинларни яқиндан танишитиришди. Индонезиялик ижодкорларнинг ушбу ташрифи ҳақида “Dunyo boʻylab” телеканали томонидан махсус кўрсатув тайёрланмоқда.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳаётимиз ўзгарувчан эканлиги, ютуқ ва мағлубиятлардан, қийинчилик ва енгилликлардан иборатлиги ҳаммамизга маълум. Улар худди кун тунга, тун кунга алмашгани каби ўзгариб туради. Кеча қувончдан бошимиз осмонга етаёзган бўлиши мумкин, лекин бугун эса қайғудан кўзларимиз олди қоронғуликка бурканиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳаётнинг ушбу чархпалагида қандай қилиб оёқда қола оламиз? Қандай қилиб синовли дунёнинг гирдобига ғарқ бўлмаслик мумкин?

Синовларга дош бериш мушкул, инсон табиатига кўра заиф, шу сабабли ҳам қийинчиликларни енгиш унга имконсиздай туюлаверади. Ҳар ким ўзи учун турлича тиргак қидиради, Яратганни таниганлар эса Унга таянади, ўзига юборилган синовларни сабр билан қабул қилади. Имон эгаси бу дунёда ҳеч нарса Аллоҳнинг изнисиз содир бўлмаслигини билади, шунинг учун барча тақдир беқарорликларини босиқлик билан қабул қилади. Аллоҳ таолонинг марҳамати ҳар қандай мусибату қайғудан устун эканлигини англаган банда Яратгандан таскин излайди ва Унгагина умид қилади. Аллоҳ таоло ҳар биримизга мурожаат қилган Муқаддас Қуръон оятларини ўқир экан инсон хотиржамликка эришади ва унда келажакка ишонч пайдо бўлади.

Қуръони Карим, сўзсиз, инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган. Қуйидаги оятлар киши ҳаётининг мушкул паллаларида ёрдам беради ва синовларни сабот билан енгишига, чиройли сабр қилишига кўмаклашади:

 

1-оят:

إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا

Яъни, “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси 6-оят).

2-оят:

قَالَ لَا تَخَافَا إِنَّنِي مَعَكُمَا أَسْمَعُ وَأَرَى

Яъни, (Аллоҳ) айтди: «Қўрқмангиз! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман” (Тоҳо сураси 46-оят).

3-оят:

اللَّهُ وَلِيُّ الَّذِينَ آَمَنُوا يُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ وَالَّذِينَ كَفَرُوا أَوْلِيَاؤُهُمُ الطَّاغُوتُ يُخْرِجُونَهُمْ مِنَ النُّورِ إِلَى الظُّلُمَاتِ أُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

Яъни, “Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлар (бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда мангу қолувчилардир” (Бақара сураси 257-оят).

4-оят:

أَحَسِبَ النَّاسُ أَنْ يُتْرَكُوا أَنْ يَقُولُوا آَمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ

Яъни, “Одамлар: “Имон келтирдик”, – дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! (Анкабут сураси 2-оят).

5-оят:

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ

«(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси 2-оят).

6-оят:

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَنَبْلُوكُمْ بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً وَإِلَيْنَا تُرْجَعُونَ

Яъни, “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз» (Анбиё сураси 35-оят).

7-оят:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси 200-оят)

8-оят:

سَلَامٌ عَلَيْكُمْ بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ

Яъни,(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!” (Раъд сураси 24-оят)

9-10-оятлар:

اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مَنْ ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى لَا انْفِصَامَ لَهَا وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

Яъни, “Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни)  Унинг ҳузурида  ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! (У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги  нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир”.

“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Бақара сураси 255-256-оятлар).

Аллоҳ таоло барчамизни синов ва қийинчиликларни сабр билан енгувчи, ҳар қандай ҳолатда Ўзидан нажот топгувчи ва Каломига муҳаббатли бандаларидан қилсин!

А.САИДЖАХОНОВ,

Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди имом-хатиби тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Тараққиётнинг янги даврида Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ҳайратга солмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан жамиятнинг барча соҳалари қатори дин йўналишида ҳам улкан савобли ишлар қилинмоқда-ки, бундан барча мамнун бўлмоқда. Ўтган бир ярим йил давомида халқимизга берилган эркинликлар ва яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳаммамизни беҳад қувонтирмоқда. Хусусан, диний соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш керак. Ўтиб бораётган қисқа муддатни асрга татигулик йил бўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Шу вақт ичида бир қанча ҳайратга сазовор ўзгаришлар содир бўлди. Келинг шулардан айримларини келтириб ўтамиз:

– мамлакатимиз пойтахтидан тортиб, энг олис ҳудудларида ҳам янги жоме масжидлар очилмоқда, азон товушлари баралла янграб, халқимизни жомелар бағрига чорламоқда;

– исломий таълим муассасалари сони 11 тага етди. Бухорода Олий мадраса иш бошлади. Халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактаблар очилгани илмий изланишларни яна бир поғона кўтарган бўлса, ўтган йил охирида Ислом академияси ташкил этилиши бундай ишларни энг юқори даражага олиб чиқиш учун катта асос бўлади, иншоаллоҳ;

– телевиденияда ҳар куни диний кўрсатувлар эфирга кетмоқда, айниқса, “Сўраган эдингиз”, “Қуръони каримни ўрганамиз”, “Олтин силсила”, “Битиклар мутолааси” каби кўрсатувлар дастлабки сониданоқ мўмин-мусулмонлар қалбидан жой олди;

– яна бир хурсандчилик, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ҳилол нашр” нашриёти билан ҳамкорликда Қуръони карим чоп этилиши мўмин-мусулмонлар кўпдан бери кутган қувончли воқеа бўлди.

Мана шундай ишлардан одамларнинг шоду хуррамлиги ниҳоятда чексиз. Уларнинг руҳониятида рўй бераётган ўзгаришлар ва ҳаяжонларини ифодалаш жуда қийин. Бутун республикамиз бўйлаб давом этаётган қорилар мусобақаси ҳаммасидан ҳам файзли бўлмоқда. Чунки бу бир мусобақа дегани билан унинг таровати, файзу баракаси ҳеч кимни четлаб ўтмаяпти. Қуръони карим ўқилган, тиловат қилинган жойга раҳмат фаришталари тушади, балою қазолар даф бўлади, одамлар орасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Буларни кўриб қувониш ҳам, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ҳам чин мўминлик сифатидир.

Ҳақиқатан, Аллоҳ таъолонинг фазлу карами билан мана шундай савобли ишларнинг ташаббускори  давлатимиз Раҳбари экани ва ҳукуматимизнинг барча ташкилотлари ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганини сира унутмаслигимиз керак. Дин соҳасида янгидан-янги хайрли ислоҳотлар давом этмоқда. Соҳани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни замон талабига мослаштириш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда афсус билан айтиш керакки, айрим шахслар ёки кучларнинг таъсири остида баъзи диний ходимлар томонидан оқибатини ўйламай эълон қилинаётган мақолалар, ҳақиқий воқеликка зид бўлган хабарлар кўпчиликни ранжитмоқда. Тарқатилган материаллар масжид очиш бўлсин, Қуръон курслари ташкил этиш бўлсин ёки ҳамкор ташкилотлар тўғрисида бўлсин, уларнинг бирортаси ҳақиқий ҳолатни ифода этмайди. Тўғри камчиликларимиз ҳам бор, лекин камчилик ёки тушунмовчилик қайси соҳада йўқ? Бугун жамиятимиздаги ҳамма соҳада иқтисоддан тортиб, ижтимоий, маърифий, маданий соҳаларнинг барчасида тубдан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Нима учун? Чунки бугунги замон, тезкор ахборот асри шуни талаб этмоқда. Бундай ҳолатда агар муносабат билдириладиган бўлса, ё масалага объектив ёндашиш керак ёки умуман муносабат билдирмаган мақул бўлади. Зеро, бўлиб турган жараёнлардан тўғри хулоса чиқармай асоссиз важлар билан Ҳукумат идораларига, юқори ташкилотларга тош отишлар бу ўта маданиятсизликдан бошқа нарса эмасдир. 

Мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар, барпо этилаётган масжидлар, йўл ёқаларидаги очиладиган намозхоналар, илмий мактаблар, халқаро марказлар, дунёнинг эътиборини тортаётган қорилар мусобақаси, баралла айтилаётган азонлар, намозхонларнинг тўп-тўп бўлиб ибодат қилаётганини эътироф этиш ўрнига айрим ҳал этилаётган муаммолар ҳақида шошқалоклик қилиб ноўрин гап-сўзларни айтишлик ҳақиқий мўминлик сифатига тўғри келмайди.

Бошқа қатор ишларда бўлгани каби дин соҳасидаги ишларнинг бош ташаббускори ҳам муҳтарам Президентимиз эканини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Юртимизда бўлаётган бундай улкан ижобий ўзгариш ва янгиланишларни тушуниб етмаган кишилар оқибатини ўйламай қилган ишлари натижасида турли фитналарга сабабчи бўлиб қолишдан сақланишларини тавсия этамиз.

Ғарбдаги айрим бузғунчи кучлар тараққиётимизга, миллий маънавиятимиз, муборак динимизга болта уриш пайида бўлаётган бир пайтда, ўзаро ихтилоф қилиш билан оввора бўлсак бу жуда ҳам оғир мусибат бўлади. Атрофга теран кўз билан боқиш керак, ҳар бир нарсанинг ҳақиқати, ҳикмати, моҳияти ва оқибатини ўйлаш керак. Ҳар бир ишимизда Аллоҳнинг розилиги бўлиши керак, акс ҳолда ҳаммаси бефойда.

Давлатимиз раҳбарининг дину диёнатимиз йўлида олиб бораётган тинимсиз саъй-ҳаракатлари Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати эканини ҳар доим ёдимизда тутишимиз лозим. Шу билан бирга бу неъматларнинг шукрини ҳар лаҳзада адо этишга, олдимизга қуйилаётган вазифаларни чин юракдан, ихлос билан бажариб, Президентимизга камарбаста бўлишда энг аввало бирдамлик ва ғайрат кўрсатишимиз даркор.

Мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлардан қўлга киритилаётган муваффақиятларнинг барчаси диёримиз мўмин-мусулмонларининг ҳуқуқ-манфаатларини ўзида ифода этади ва уларни тўла таъминлашга қаратилгандир. Шу боис, соҳадаги тараққиёт тадрижийлигига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир ўзгариш аввалгисидан мазмунан ва моҳиятан тубдан фарқланиб, юқорига қараб  ҳаракатланаётганига гувоҳ бўлади киши.

Биргина мисол, Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари хотирасига эҳтиром кўрсатиб, масжид, мажмуа ва музей ташкил этилиши Ўзбекистон мўмин-мусулмонларининг хоҳиш-истакларининг ёрқин ифодаси эмасми?

Умуман олганда Ўзбекистонда бугун диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар Алҳамдулиллоҳ барча мўмин-мусулмонларимизнинг узоқ йиллик асрий орзуларининг амалий ифодасидир. Энг муҳими бу ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳали давом этмоқда. Парвардигоримиздан олдимизда турган барча масалаларни ҳал этилишида Ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз. Шунингдек, сўзимиз охирида, мўмин-мусулмонларимизнинг қизиқтирган ҳар қандай масъала-масоиллар, савол-жавоблар ва таклиф-мулоҳазалар бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эшиклари доимо очиқ эканини маълум қилиб қоламиз.

  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 

Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар бўйича давлат вазири Анвар Муҳаммад Гаргаш ҳамда Қатар Ташқи ишлар вазирлигининг низоларни ҳал қилишда терроризм ва воситачиликка қарши махсус вакили Мутлака бин Мажид ал-Қаҳтони «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрдилар.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикасининг расмий шахслари кутиб олгани маълум қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясининг асосий тадбирлари 27 мартга мўлжалланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати Ҳаж зиёрати жараёнини янада енгиллаштириш мақсадида турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. 

Шундай лойиҳаларда бири халқаро аэропорт терминалларидан автобус ва поездларга чиқиш вақтини икки соатдан 10 дақиқага тушириш экани маълум қилинди. Бу ҳақда “New Straits Times Press” нашри хабар қилди. 

Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазирининг ўринбосари доктор Абдулфаттоҳ Сулаймон Машатнинг айтишича “Аэропортлардаги кутиш вақти талабларга жавоб бермайди. Бугун биз зиёратчиларнинг паспортларини қўлда кўриб чиқишга мажбур бўлмоқдамиз. Яқин йилларда RFID электрон дарвоза тизимини жорий этишни режалаштирмоқдамиз”. 

Smart Haj лойиҳасининг асосида эса кутиш вақтини қисқартириш тургани қайд этилган. 

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 2018 йилдан бошлаб янги жараёнларга киришилади, юкларни ташиш, паспорт ва аэропорт билан боғлиқ жараёнлар қайта кўриб чиқилади. 

E-Haj visa тизими Малайзия, Ҳиндистон ва Индонезия билан муваффақиятли йўлга қўйилган ва бу барча мамлакатларга нисбатан жорий қилинади. Бунинг натижасида 2030 йилга қадар ҳозирги 7 миллионлик умрачилар сони 30 миллионга етказилиши мақсад қилинган. Ўз навбатида 3 миллионда 4,5 миллионга етказилиши режалаштирилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Top