muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов Равалпинди шаҳрига ишчи ташрифи давомида мамлакатдаги «Нақшбандия» ордени етакчиси Пир Нақиб ур-Раҳмон билан учрашди, деб ёзади “Жаҳон” ахборот агентлиги.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатда ислом маънавий, тарихий-маданий меросини ривожлантириш, айниқса Имoм Бухорий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк мутафаккир ва олимларнинг ишларини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича ўтказилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидлаш жоизки, Пир Нақиб ур-Раҳмон шайх Ҳафиз Муҳаммаднинг меросхўри ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тўғридан-тўғри авлоди ҳисобланади.

Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ўтказилаётган очиқлик сиёсати, диний таълим ва зиёрат туризми соҳасидаги ислоҳотлар натижасида яқин келажакда Ўзбекистон яна ислом дунёсининг маънавий ва марифий марказига айланиши мумкин.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон элчихонаси томонидан Исломободда жорий йилнинг апрелида «Нақшбандия» тариқати меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференцияни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз тасарруфидаги диний таълим муассасаларининг қабул имтиҳонларини янада такомиллаштириш, синовларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида
2018-2019 ўқув йили учун ўтказиладиган қабул имтиҳонларига қуйидаги ўзгартиришлар киритилганини эълон қилади.

Ўрта махсус ислом билим юртлари учун:
- Маънавият ва маърифат (оғзаки, ижодий имтиҳон) 75,6 балл
- Хорижий тил (тест синови) 111,6 балл
- Тарих (тест синови) 39,6 балл
Ўрта махсус ислом билим юртларига умумий ўрта таълим маълумоти тўғрисидаги шаҳодатнома (11-синф), академик лицей ёки ўрта махсус, касб-ҳунар коллежини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатга (диплом) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси учун:
- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) 75,6 балл
- Фиқҳ ва ақоид (тест синови) 111,6 балл
- Ўзбекистон тарихи (тест синови) 39,6 балл
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатга (диплом) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва қабул имтиҳони ўтказиш муддатлари қўшимча эълон қилинади.

ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

ЎМИ Матбуот хизмати

Британиянинг терроризмга қарши кураш полицияси мусулмонларга қарши зўравонлик уюштиришга даъват қилувчи мактуб мамлакат аҳолисига электрон ахборот воситалари орқали тарқатгани юзасидан текширув бошлади. 

“3 апрель “Мусулмонларни жазолаш куни”, деб номланган мактубда маҳаллий аҳоли мусулмонларга қарши ҳар қандай кўринишда, яъни, сўз орқали, муслималарнинг бошидаги рўмоли ёки ҳижобини тортиб ечиш, жисмоний ҳужум ёки уларнинг юзига кислота сепиб тажовуз қилишга даъват этилган. 

Islom.uz порталининг хорижий ахборот агентликларига таяниб маълумот беришича, терроризмга қарши кураш полицияси ёвуз ниятдаги мактуб мамлакат бўйлаб тарқатилганини билдирган. 

Жорий йилнинг 10 март куни Лондон шаҳар полицияси бу борада текширув олиб борилаётганини тасдиқлаб, ҳозирча ҳеч бир шахс қўлга олинмаганини маълум қилган. 

Маҳаллий аҳоли вакиллари мусулмонларга қарши зўравонликка даъват қилувчи нафрат мактуби олганликлари тўғрисида полицияни хабардор қилганлар. 

Зўравонликка даъват этилган мактубда мусулмонларга қарши уюштирилажак тажовузлар турига қараб баллар билан баҳоланган. 

Нафрат мактубини олганлар қурол, пичоқ, автоулов ёки бошқа воситалардан фойдаланиб мусулмонларни ўлдиришга ёки масжидларга бомба ҳужумлари уюштириш ёҳуд масжидларга ўт қўйишга даъват қилинган. 

Британиядаги “Tell Mama” ташкилоти Брэдфорд, Лестер, Лондон, Кардифф ва Шеффилд шаҳарларидаги одамлар нафрат мактуби олганларини маълум қилди. Ташкилот директори Имон Атта нафрат мактуби мусулмонлар жамоаси орасида чуқур ташвиш уйғотганини билдирди. 

Айни пайтда полиция мусулмонлардан кимдир ҳужумга учраса, бу ҳақда полицияни хабардор қилишга чақирди. 

“Кимдир ўзини шундай зўравонлик қурбони бўлди деб ҳисобласа, бу ҳақда тўлиқ текширув ўтказишимиз учун бизга мурожаат қилишга рағбатлантирамиз”, - дейилади полиция тарқатган расмий баёнотда. 

Меҳнат партиясидан Британия парламентига аъзо этиб сайланган депутат Ноз Шох нафрат мактуби тарқатишдан кўзланган мақсад мусулмонлар орасида қўрқув уйғотишдан иборат эканини ва ўша ғаразли шахслар ниятига ета олмаслигини таъкидлаган. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 9 март куни Германиянинг Лаффен эм Некар шаҳридаги Миллий ғоя Ислом ташкилоти тасарруффидаги Оқ Шамсуддин масжидга номаълум шахслар ёнувчи суюқлик тўлдирилган идишларни улоқтириб бинога моддий зарар етказишган эди. 

Ташкилот Бош котиби Бакр Олтош айтишича, Европадаги мусулмонлар ва масжидларга ҳужум қилиниши жиддий ҳавотир уйғотмоқда. У жиноят содир этган шаҳсларни иложи борича тезроқ топишга чақириб: “Исламофоб тажовузлар арзимас деб баҳоланмаслиги даркор. Муттассадилар зарур чора-тадбир кўриши керак” деб қўшимча қилди. Полиция мазкур ҳодиса туфайли тергов ишларини бошлаб юборди 

Кеча, 11 март куни Берлиндаги масжидга эрта тонгдан ҳужум уюштирилган. Бу ҳақда “Aljazeera.com” нашри хабар берди. Хабарда уч нафар юзига ниқоб таққан шахс ёнувчи модда солинган идишлар ёрдамида масжид деворларини ёқиб юборган ва воқеа жойидан яширинган. Масжид имоми Байрам Туркнинг айтишича Германияда бир неча кун аввал ҳам турк жамиятига қарашли масжидларга ҳужум уюштирилган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ичида Ҳасан Басрийдек олим бўлган қавм

қандай қилиб залолатга юз тутсин?! 

(Маслама ибн Абдулмалик) 

Суюнчи хабарини келтирган хабарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳога чўриси “Ҳайранинг” кўзи ёригани ва ўғил кўргани ҳақидаги хушхабарни етказди.

Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳони бу хушхабардан қалблари сурурга тўлди. Зудлик билан Ҳайранинг оиласига одам юбордилар. Чақалоқ ва унинг онаси туғруқдан кейинги кунларини нубувват хонадонида ўтказишларини хоҳладилар. Чунки Ҳайра Умму Салама розияллоҳу анҳо учун ниҳоятда қадрли ва азиз эди.

Куп ўтмай, Ҳайра боласини кўтариб кириб келди. Умму Салама розияллоҳу анҳонинг кўзлари болага тушиши билан меҳрлари жўшиб кетди. Гўдак ниҳоятда чиройли, истарали бўлиб, кўрган инсонни кўзларини қувонтирар, қалбини асир этар эди.

Сўнг Умму Салама розияллоҳу анҳо:

– Унга исм кўйдингми? – деб сўрадилар.

– Йўқ, эй онажон, унга ўзингиз истаган исмни қўйишингиз учун бу ишни сизга қолдирдим, – деди.

Умму Салама розияллоҳу анҳо:

– Унинг исмини Аллоҳдан барака сўраб, Ҳасан қўямиз, – дедилар.

Сўнг, уни қўлларига олиб ҳаққига яхши дуолар қилдилар.

Ҳасаннинг туғилишидаги хурсандчилик фақат мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйларидагина чекланиб қолмай, балки буюк саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собит  розияллоҳу анҳунинг хонадонини ҳам қамраб олган эди. Чунки чақалоқнинг отаси Ясор, Зайд ибн Собит  розияллоҳу анҳунинг қули эди.

Ҳасан ибн Ясор (кейинчалик у Ҳасан Басрий бўлиб танилди) нубувват хонадонида ўсиб улғайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама куняси билан маъруф бўлган, Ҳинд бинти Суҳайл розияллоҳу анҳонинг бағриларида тарбияланди. Умму Салама розияллоҳу анҳо араб аёллари ичида энг оқила, мурувватли ва қатъиятлиси эдилар. Шунингдек, Мўминларнинг оналари ичида энг олимаси ҳам эдилар. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлар. Ривоят қилган ҳадисларининг сони уч юз саксон еттитадан ошиқ эди. Бундан ташқари, жоҳилият даврида ўқиш-ёзишни биладиган жуда озчиликни ташкил қилган аёллардан бири эдилар.

Кўпинча Ҳайра уй юмушлари билан ташқарига чиққан вақтда эмизикли чақалоғининг қорни очиб йиғлар эди. Кунларнинг бирида гўдак каттиқ йиғлай бошлади. Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳо уни бағриларига олиб, овута бошладилар. Онаси келгунича  тинчлантирмоқчи бўлиб кўкракларини унинг оғзига солдилар. Болага меҳрлари жўшиб кетганидан муборак кўкракларига сут кела бошлади. Насибаси улуғ чақалоқ мўминларнинг онасини тўйиб эмгач, тинчланиб ухлаб қолди.

Шу воқеа сабаб, Умму Салама розияллоҳу анҳо Ҳасанга икки жиҳатдан она бўлдилар. Бири хар бир мўминга она бўлишлари, иккинчиси унга сут она бўлишлари…

Мўминлар оналарининг ўзаро мустаҳкам алоқалари ва уйларининг бир-бирига яқинлиги бу иқболи баланд болага Исломдаги шонли аёлларнинг уйларига тез – тез бориб туриш ва буюк мураббияларнинг гўзал ахлоқлари билан хулқланиш имконини берди. У ўзининг қувноқ, серғайрат ва тетик ҳаракатлари билан нубувват хонадонини бахту қувончга тўлдирар эди.

Ҳасан нубувватнинг хушбўй ифори билан муаттар бўлган, унинг ёрқин нури билан чароғон хонадонда ўсиб-улғаяр, мўминларнинг оналарининг уйларидаги тотли чашмалардан тўйиб – тўйиб сув ичар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги буюк саҳобалар қўлларида сабоқ олар эди.

У Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ улардан рози бўлсин) каби фақиҳ саҳобалардан ҳадислар ривоят қилди. Саҳобалар ичида мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга муҳаббати ўзгача эди. Чунки у зотдаги динда  қатъият ва сабот билан туриш, ибодатларни мукаммал тарзда адо этиш, дунё ва унинг зебу зийнатларидан воз кечиб, тақводорликни маҳкам тутиш каби хислатлари уни қойил қолдирган эди. Қолаверса, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ёрқин сўзлаш латофати, етук ҳикмати, қисқа иборалардаги жамловчи сўзлари ва қалбларни титратувчи ваъз-насиҳатлари уни сеҳрлаган эди. У Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг тақводорлик ва ибодатда мустахкам туришлари каби хулқларини ўзига ғоя қилиб олди. Шунингдек, у зотнинг фасоҳат ила баён этишлари, нотиқлик услубларини ҳам ўзлаштирди.

 

Давоми бор... 

Манбалар асосида

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди

имом-хатиби Авазхўжа БАҲРОМОВ тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Top