muslim.uz

muslim.uz

Роберт Луис Стефенсон ёзади: “Ҳар бир инсон кун давомида қанчалар машаққат чекмасин ўз вазифасини қилишга қодирдир. Ҳар бир инсон тонгдан то қуёш ботгунига қадар бахтли ҳаёт кечиришга қодирдир. Ҳаётнинг маъноси шудир”. 

Дерлар: “Сенинг ҳаётинг фақат бугунги кунингдангина иборат. Кечаги кунинг ўтди. Эртанг эса ҳали келиши маълум эмас”. 

Стефен Лакок ёзади: Гўдак: “Ўспирин ёшига етсам...” дейди.

Ўспирин: “Йигитлик ёшига етсам... Йигитлик ёшига етсам, уйланаман” дейди. Аммо уйланишдан кейин нима қилади? Бу ҳамма босқичлардан сўнг нима қилади? Энди фикрлар: “Нафақа ёшига етиб олсам...” дейишга ўзгаради. Орқасига қарайди, совуқ шамоллар уни тебратиб бўлган. Озгина ҳам яшамасдан ўтган ҳаётидан айрилди. Вақт ўтиб бўлганидан кейин англаб етамизки, ҳаёт бугунги кунимизнинг ҳар бир дақиқаси ва соатларидир”. Шунингдек, тавбани ортга сурувчилар ҳам кейинроқ тушунадилар. 

Солиҳ салафлардан бири бундай дейди: “Сизларни энди қиламан”, “ҳали бажарарман” дейишдан огоҳ этаман. Чунки бу кўпгина яхшиликлардан тўсувчи ва савобли амалларни кечиктирувчидир”.

“(Эй Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг: есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин! Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар” (Ҳижр сураси, 3-оят). 

Француз файласуфи Монтен айтган эди: “Менинг ҳаётим абадий раҳм қилинмас ёмонликлар билан тўлиб тошган”.

Денси айтади: “Тафаккур қилинг, бугунги кунингиз қайта такрорланмас”.

Мен айтаман: бундан ҳам гўзалроқ ва мукаммалроқ гап “видолашув намозини ўқинг”дир.

Яшаётган бугуни умрининг охирги куни эканини ўйлаган инсон, албатта, тавба ва солиҳ амалларни кўпайтиради, Парвардигорига итоат қилиш, Расулга эргашиш йўлида бор куч-қувват ва иқтидорини сарфлайди.

“Ўкинма” китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

Баҳор фаслининг илк кунида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятини ажратиб турувчи Ургут туманидаги “Саразм–Жартепа” назорат-пунктида катта шодиёна бўлди. Бу ерда вилоят ва туман ҳокимлиги, зиёлилар, имом-хатиблар, ёшу кекса, эркагу аёллар гувоҳлигида ўн йил муқаддам ёпилган чегара назорат пункти қайта очилди.
Сўнгги ойларда қўшнилар билан яқин алоқалар қайта тикланди. Минтақадаги барча мамлакатлар сари яқинлашдик. Тан олиш керакки, Тожикистон билан алоқаларни тиклашни халқларимиз интиқлик билан кутган эди. Ўзаро манфаатли, хайрихоҳ дўстлик, самимият, тарихий қардошликка асосланган янгиланишлар рўй бериши Яратганнинг катта марҳамати бўлди.


Муҳтарам Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари ортидан қардош халқлар орасида алоқаларни мустаҳкамлаш, икки давлат орасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадам чин маънодаги тарихий воқеа бўлди.
Айтиш жоизки, бу хайрли янгиланишларни илгари турли сабаблар туфайли беркитиб қўйилган чегаранинг ҳар икки томонида яшовчи кишилар теран ҳис қилишди. Қариндошлари, дўстлари билан кўришиш энди аввалгидай узоқ вақт ва асаббузарликни талаб этувчи мушкул вазифа эмас, балки қувончли ҳодисага айланди. Ахир бизнинг қардошлик ришталари билан боғланган, меҳмондўстлик билан ном чиқарган минтақамизда шундай бўлиши ҳам керак.
Халқимизга хос анъана фақат байрам ё хурсандчиликни баҳам кўришдан иборат эмас. Аксинча, қийин вазиятда елкадош, сўз ва амалий иш билан халқларимизни жалб қилган ҳолда, муаммони биргаликда ҳал этиш ундан-да муҳим.
Чегаралар очилиши маросимида иштирок этганлар икки халқ ўртасидаги қадим-қадимдан давом этиб келаётган азалий анъаналар қайта жонланаётганини кўриб, Яратган Парвардигорга шукроналар айтишди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакиллиги,

ЎМИ Матбуот хизмати

Ота-она ризолигини топишдаги иккинчи муҳим қадам бу уларга ихлос билан яхшилик қилишликдир. Чунки, ихлос билан беминнат қилинган яхшиликгина ажру савобга ноил бўлади. Аллоҳ таоло ота-она ҳақида нозил қилган ояти карималарида уларга яхшилик қилиш, яхши сўз айтиш ва яхши муомалада бўлиш юзасидан шундай буюради. 

“Бақара” сурасининг 83-оятида:

“Бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланг. Ўшанда уларга дедикки, Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онангизга яхшилик қиласиз”. 

“Бақара” сурасининг 215-оятида:

“Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: “Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деб айт”. 

“Нисо” сурасининг 36-оятида:

“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар”. 

“Анъом” сурсининг 151-оятида:

“Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг!”- деб айт”. 

“Исро” сурасининг 23-24-оятларида:

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”. (23-оят) Тафсирларда жумладаги “уфф” сўзига боғлиқ икки хил маъноси борлиги баён қилинган. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси – ота-онанг олдида “уфф” дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.

“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”. (24-оят) 

“Марям” сурасининг 14-оятида:

   “У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр-ситам қилгувчи ва исёнчи эмасди”.        

“Анкабут” сурасининг 8-оятида:

“Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман”.        

“Луқмон” сурасининг 14-15 оятларида:

“Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир». (14-оят) 

 “Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.” (15-оят) 

“Аҳқоф” сурасининг 15-16 оятларида:

 “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди ва уни қийланиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди. (15-оят)

“Ана ўшаларнинг энг яхши амалларни қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир. Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир. (16-оят)

Юқоридаги ояти карималарда Аллоҳ таоло инсонларни ўзига ибодат қилишдан кейин биринчи бўлиб, ота-онага яхшилик қилишга буюрмоқда.

Беҳад меҳрибон Аллоҳимиз ота-оналаримизга яхшилик қилишга буюрар экан бу бежизга эмас албатта. Ҳар  бир ота-онанинг бундай ҳурмат ва эътиборга ҳаққи бор. Ёшлик пайтларини тушунса бўлади, лекин ёшлари ўтиб қарилик етганида, соч-соқоллари оқариб, бадан ва суяклари ҳам нозиклашиб қолган пайтларида худди шундай нозик ва ҳассос муомалага муҳтож бўлиб қолишларини, бу кенг дунёда ҳеч нарсага эмас, балки бир парчагина меҳрга зор бўлишларини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу меҳрни, энг аввало, ўзининг жигарпорасидан кўтаётган бўлса-чи?

Бундай ҳолатда бўлган ота-онага қаттиқ сўз айтиш, қалбларини оғритиш у ёқда турсин, ҳатто, энг қисқа сўз - “Уфф!” дейишга ҳам ҳаққингиз йўқ демоқда Аллоҳ таоло. Аксинча уларга нисбатан дунёда ҳеч бир инсонга берилмаган меҳр ва шафқат назари билан қараб, “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб дуо қилгин демоқда. Фарзанднинг чиройли ахлоқ соҳиби бўлишлигининг зарурати айнан шундадир.

Ислом оламининг буюк муфассир ва олимлари шундай дейдилар:

“Бир қанча ояти карималарда иккита буйруқ бирин-кетин, бирга зикр қилинган. Бу буйруқларни ҳар иккисига риоя қилмасдан улардан фақат биттасига амал қилиш тўғри бўлмайди, амал мақбул бўлмайди.”

Жумладан, қуйидаги ояти карималарда бунинг мисолини кўришимиз мумкин: 

  1. Бақара сурасининг 43-оятида Аллоҳ таоло шундай буюради:

“Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг.”

Бу ерда иккита амр, яъни намоз ўқиш ва закот бериш битта ояти каримада бирин-кетин зикр қилинмоқда. Бу амрлар бир-бирига боғлиқ бўлиб, бирини бошқасидан айриб бўлмайди.

“Оли имрон” сураси 132-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки раҳм қилинсангиз.”

Аллоҳга итоат қилиб, Унинг Расулига итоат қилимаса ҳам Аллоҳга итоат қилмаган бўлади.

  1. “Луқмон” сурасининг 14-оятида Аллоҳ таоло шундай бюради:

“Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир.”

Ушбу ояти каримага мувофиқ Аллоҳга шукр қилиб, ота-онасига шукр қилмаган кимсанинг Аллоҳга келтирган шукри ҳам қабул бўлмайди. Аллоҳга шукр, Унинг амрларига итоат билан амалга оширилади, ота-онага шукр ҳам уларнинг амрларига итоат қилиш билан бўлади.

  1. “Исро” сурасининг 23-оятида Аллоҳ тало шундай дейди:

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзига ибодатларини адо этгандан кейин ота-онага яхшилик қилишга буюрмоқда. Муфассирлар бу ердаги икки ҳукм –Аллоҳга ибодат ва ота-онага яхшилик қилиш ёнма-ён зикр этилиши ҳам Ислом динида ота-она ҳақи нақадар улуғ ва муҳим эканидан далолат беришини маълум қиладилар. Шунингдек, мазур оятда Аллоҳга қилинадиган ибодат ота-онага қилинадиган яхшлик билан тўла-тўкис бўлиши маълум қилинмоқда. 

Аллоҳга қуллигини бажараётган инсон, албатта, инсонларнинг ҳақларини адо этиш масаласида биринчи бўлиб, ўз ота-онасининг ҳақларини адо этиши лозим. Чунки ушбу ояти каримадан Аллоҳга итоат ва ота-онага яхшилик қилиш билан қуллик бир бутун бўлиши, у ҳеч қандай бўлинишни қабул этмаслиги тушунилмоқда. Зеро, бир подшоҳнинг ўлкасида унинг айрим фармонларига бўйин эгиб, баъзиларидан бош тортиш бўлмайди ахир. Аллоҳни севаман деб Унга ибодат қилаётган инсон, бу қуллик ота-онанинг ҳаққини адо қилишлик билан мукаммал бўлишини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги лозим. Намоз ўқиб ота-онасига яхшилик қилмаган инсон намоздан ҳам насибасини ололмайди демакки. 

Шунинг учун ҳам уламоларимиз, “Аллоҳнинг барча махлуқотларини яратилишлари сабабидан севмаганлар, халққа хизматни Ҳаққа хизмат деб билмаганлар билишлари лозимки, ундайларнинг диндан насибалари бўлмайди”, деб бежизга айтмаганлар. Чунки Ҳақни севган халқни ҳам севади, ота-онасини ҳам севади ва уларга хизмат ҳам қилади. 

Демак, ояти каримада ота-онага итоат Аллоҳга итоат қилиш қоидасининг ичида жойлашган бўлиб, Аллоҳга итоатдан кейинда келмоқда. Бундан чиқадиган хулоса шу бўладики, ота-онага итоат қилмаслик Аллоҳга итоат қилиш асосий қоидасининг чегарасини бузиш ҳисобланади. Фақат бу ердаги нозик ва риоя қилиши шарт бўлган нарса – Аллоҳга исён масаласида бандасига итоат қилинмайди. Буни биз юқорида Саъд бин Ваққос розияллоҳу анҳунинг мисолида кўриб чиққан эдик. Яъни,  худди шу “исён”гача бўлган ергача фарзанд ота-онасининг итоатида, хизматида ва уларга яхшилик қилишда бардавом бўлади. Ҳатто ота-онаси бошқа динда бўлса ҳам. 

Ривоят. Ислом тарихи, ундаги машҳур саҳибийлар, шахслар ҳаёти билан яқиндан танишар эканмиз яшаб турган ҳаётимизнинг нақдар омонат эканини, Аллоҳ берган умрни фақат яхшилик йўлида яшаб ўтказишгина икки дунёда фойда келтириши мумкинлигига амин бўламиз.

Асмо ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу ануҳнинг энг катта қизи бўлиб, Исломдан олдинги ҳаётида ажрашиб кетган хотинидан дунёга келган эди. Ислом динини ҳали қабул қилмаган Асмонинг онаси мусулмонлар ва мушриклар орасида имзоланган Ҳудайбия сулҳидан фойдаланиб, Мадинага жигарпорасининг зиёратига келади. Исломнинг илк оғир синовли пайтлари. У қизига бериш учун майиз, ёғ каби айрим егуликлар ҳам олиб келган бўлади. Она-боланинг ўзоқ дийдорлашувидан сўнг, онаси қизидан ҳам ҳадиялар берилишини ва шу билан ўзаро яқинлик ришталари боғланишини истайди. Ич-ичидан ўзи ҳам буни хоҳлаб турган Асмо волидасининг бу ҳаракатларини дарҳол сезади. У онасига яхшилик қилиш ва эҳсонда бўлиш жоизлигини билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрашни ният қилади.

Асмо розияллоҳу анҳо шундай ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Аллоҳга иймон келтирмаган онам ёнимга келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Онам мени соғингани ва севгани учун ёнимга келмоқда. Унга яхшилик қилиб, чиройли муомала қилсам бўладими?” деб сўрадим. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, онангга яхшилик  қилгин ва чиройли муомалада бўлгин”, дедилар.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)

***

Ота-онага хизмат ва яхшилик қилишда хато-камчиликка ҳам йўл қўймаслик керак. Ҳазрати Ибни Аббос розияллоҳу анҳу бу борада шундай деган: “Шикаста ва заиф хизматкор қаттиққўл, баъдфел хўжайини олдида ўзини қандай тутадиган бўлса, сен ҳам ота-онаннга хизмат қилишда худди шундай ҳолатда бўлгин.” 

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ:

“Отанинг ҳузурида худди сотувчи ва олувчининг ўртасидаги хизматчига ўхшаб турмаган одам отасининг ҳаққини адо қила олмайди”, дейди. 

Масала. Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳи Акбар” китоби шарҳида шундай ривоят нақл қилинади. Бир куни одамлар Имоми Аъзамнинг ўғли Ҳаммодни намоз ўқиб бериши учун олдинги сафга чиқарадилар. Буни кўриб қолган Абу Ҳанифа ўғлининг кийимидан тортиб, имомликка ўтишига қаршилик кўрсатадилар. Намозни эса бошқа биров ўқиб беришига рухсат берадилар.

Бундан бироз ноқулай ҳолатга тушган ўғли Ҳаммод отасига:

– Мени хижолатга қўйдингиз ота, – дейди.

– Буни атайин, билиб қилдим. Кимдир мени сенинг орқангда турганимни билиб қолиб, намозларингизни қайта ўқинг деса нима бўларди? Кейин бу ҳолат китобларга ёзилиб, қиёматгача одамларнинг оғзидан тушмасди, – дейди Имом ўғлига. 

Уламоларимиз ўғил отасига нисбатан ҳур эмасдир дейдилар. Отаси ҳар қанча жоҳил бўлса-да, ўғли ҳар қанча олим бўлишига қарамай, отаси ўғлига нисбатан устун бўлади. Сув олиб келмоқчи бўлганида, ўғли ҳар қанча олим бўлмасин, жоҳил отасига сув келтириб беради. Ўғли хато қилса ҳам хато қилмаса ҳам отасининг унга дашном беришига ҳаққи бор дейилади. Сен нима учун болангга қаттиқ гапирдинг деб айтилмайди. Отаси хато қилса ўғли отасига аччиқланса, ўғлининг ўзи айбдор бўлиб қолади. Масалан, бир одамнинг олим бўлган ўғли кўп кишиларга ўтириб дарс бериб турган бўлса, отаси келиб қолса, маърузасини тўхтатиб, ўрнидан туриб, отасига пешвоз чиқади ва ҳурмат кўрсатиши лозим. Агар шундай қилмаса унинг олимлиги қолмайди. Агар бу дарсга бошқа олимлар келиб қолсалар ваъзини давом эттириши мумкин. Маърузасидан кейин ҳурмат ва илтфотда бўлади

Шундан келиб чиқиб, фарзанд ҳурмати ҳаммадан олдинда турадиган отасига ҳам имомлик қила олмайди дейдилар уламоларимиз. Бу худди жоҳил одам атайин билиб туриб, олимнинг илми сабаб олдига ўтиб имомлик қилиши кабидир дейилган.

Агар шундай зарурат бўлиб қолса, “Мен ўғлимга олдимга ўтиб, имомлик қилишига рухсат бердим” демасдан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнниг “Отаси фарзандига пайғамбар кабидир” (“Рамуз-ул Аҳодис”, 2619-ҳадис) деган ҳадисларига мувофиқ, ота ўғли наздидаги мавқеи ва даражасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён этганларидек маълум қилган ҳолда, кейин ўғлига имомликка ўтишга рухсат берилади дейилади.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз ўғил отаси наздида ҳур эмас, балки хизматчига ўхшайди деганлар. Ҳузур билан намоз ўқиб турган вақтида эсига отаси келиб қолиши мумкин ёки ота-онаси чақириб қолишлари мумкин. Вайсал Қарони юксак даражага онасининг сўзларига итоати сабаб эришди. Онасига берган ваъдасига мувофиқ, ойлаб йўл босиб борганига қарамай севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан, У зотни кўрмасдан ортига қайтади. Агар Вайсал Қаронийнинг ота-онаси унга жамоат бўлсалар, у имомликка ўтган бўлармиди? Албатта йўқ. Қолаверса, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришдан воз кечиши, онасининг “у ерларда айланиб юрмасдан” тезда ортингга қайтгин” деган сўзларига итоат этишининг натижаси эди. (бу ривоят қуйироқда батафсил нақл қилинади) 

Ислом олимларидан бўлган Ибн Шурайҳ раҳматуллоҳи алайҳ талабаларига масжидда таълим бериб турганларида оналари келиб: “Ўрнингдан тур! Товуқларга дон бер!” десалар, дарҳол оналарига итоат қилиб, дарсни тарк этиб ҳузурларига борар эканлар. “Онажон узр, мен дарс беряпман, бироздан кейин бажараман, ҳозир вақтим йўқроқ эди, кейинроқ қиламан...” деган важларни қилмаганлар. 

Аслида ота-онага хизмат ва яхшилик қилишда фарзанд ўзини қандай тутиши кераклигини, мана шу азизларнинг ҳаётларини ўрганиб, билиб олишимиз лозим. Ўтмишдаги олиму фузалоларимиз, азизларимизнинг ҳолу ҳаёти ҳар биримиз учун етарлича дарс бўлиши даркор.

***

Ҳадис. Ибни Аббосдан ривоят этилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

“Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир мўмин банда тонг отганида ота-онаси ундан рози бўлса, унга жаннатдан икки эшик очилади. Агар бири рози бўлса, бир эшик очилади. Қайси бир мўмин банда тонг оттирганида ота-онаси ундан ғазабланган бўлса, унга дўзахдан икки эшик очилади. Саҳоба савол қилди: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар ота-она унга зулм қилса-чи? Зулм қилган бўлса ҳам”, деб жавоб бердилар” (Абу Яъло).

Ҳадис усулига кўра, бу ҳадисга қўшимча бўлиб келган маъруф ривоятда: “Ота-онасига ёмонлик қилиш билан тонг оттирса Аллоҳ у кишига дузахдан икки эшик очади. Агар улардан бирига ёмонлик қилган бўлса, битта эишк очилади” деб айтилган. (Байҳақий, “Шуъабул Иймон”)

         

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифга кўра, бундай кимсалар ўзларининг бу каби ёмон ахлоқларини тарк этмагунларича жаннатга кирмайдилар.

***

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади:

– “Кишининг ўз ота-онасини ҳақорат қилиш буюк гуноҳдир” дедилар. Буни эшитган саҳобалар:

– Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам ўзининг ота-онасини қандай қилиб ҳақорат қилиши мумкин? – деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

– Кимдир бошқа бировнинг ота-онасини ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади. У одам эса бунинг ота-онасини ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий)                      

Ривоят. Ҳишом бин Урва розияллоҳу анҳу отасидан шундай нақлни ривоят қилади:

“Ота-онасини лаънатлаган, кўзлари кўр бўлган кишининг йўлини  кесиб, уни йўлидан чалғитган, ҳайвонни Аллоҳнинг номидан бошқа ном билан сўйган, ўзининг томорқаси ва қўшнисининг ери орасидаги ҳудудни хоинларча бузган киши лаънатлангандир”.

Юқоридаги ҳадис ва ривоятда диққат қилиниши лозим бўлган муҳим бир жиҳат бор. “Фарзанднинг ота-онасини лаънатлаши, ҳақорат қилиш” деган ибора замирида, Аллоҳ асрасин, фарзанднинг ўз ота-онасини тўғридан-тўғри ҳақоратлаш маъноси ётган бўлса-да, фақиҳларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидан келиб чиқиб, бу ердаги лаънатлаш бошқача тарзда ҳам баён этилиши муқаррарлигини маълум қиладилар. Яъни фарзанднинг бирорта бажарган ёмон иши, хатти-ҳаракати, гап-сўзлари туфайли бошқа бировларнинг унинг ота-онасига лаънат келтиришлари бевосита фарзанд томонидан ўзининг ота-онасига айтилган дуоибади ҳукмида бўлар экан. Бас шундай экан ҳар бир фарзанд ўзини юриш-туриши, гап-сўзларини назоратга олиши, бошқа бировларнинг дилини оғритиб қўмайсликка ҳам қаттиқ аҳамият бериши даркор.

Худди шунингдек, унинг хайрли амаллари туфайли олган яхши дуо ва мақтовлари ҳам савобидан ҳеч нарса камаймаган ҳолда ота-онасига етказиб турилиши манбаларда ёзилган. Демак, нафақат ўзининг, балки бошқа бировнинг ота-онаси ҳақида ҳам ёмон гап-сўзларни гапирмаслик, уларнинг ҳам ҳурматини жойига қўйиш, керак бўлса ҳар қандай ёрдамини аямаслик  мўминнинг фазилатидан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам гарчи иборада шарқона таълим-тарбия деб юритилса-да, аслида исломий таълим-тарбияда ёш фарзандларнинг юриш-туришидан тортиб, еб-ичишигача бўлган ҳар бир хатти-ҳаракатларида маълум қоидалар, тартиботларга мутлақо риоя қилиш зарурлиги таъкидлаб келинган. Қолаверса, шарқ ва ғарб фалсафаси деган тушунча ва ибораларнинг бир-бирини қабул қила олмайдиган нозик нуқтларидан бири ҳам айнан шу масалада ўз ифодасини топади. Бу жуда ҳам кенг мавзу бўлиб, шу ерда бироз масалани тушунтириб ўтишга ҳаракат қиламиз.         

Шарқ таълим-тарбия усулида ота-она фарзанд учун энг азиз ва мўътабар зотлар сифатида ўргатилади. Уларнинг манффатини ўзиникидан устун деб билиш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, ҳар доим хизматларига шай туриш, ўзи учун раво кўрадиган нарсасини аввало уларга раво кўриш, ўзини қандай покиза тутса уларни шундай пок ва тоза ҳолда асраш, умрларининг охиригича ва бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин то ўзининг умри охиригача ҳам уларнинг ҳаққига дуои хайрда бўлиш каби тушунча ва ғоялар энг олий инсоний қадрият, юксак фазилат намунаси ҳисобланади.         

Худди мана шу ғоялар асосида шаклланган таълим-тарбия услублари ўзининг барча жиҳатлари билан ғарб ва бошқа дин вакиллариникидан тубдан фарқ қилади. Масалан, бугунги ғарб таълимоти тушунчасида ҳам ота-она фарзанд учун азиз инсонлар деб ўргатилса-да, уларга бўлган муносабат маълум қонун-қоидалар, вақтлар оралиғида ўзгача кўринишда талқин этиб борилади. Жумладан, болани ёшлигидан бошлаб то катта бўлиб мактаб ёшига етгунича ота-онаси тарбиялаб боришга мажбур. Агар бунга ота-онанинг имкони бўлмаса ҳамма жамиятларда бўлгани каби бу ишни давлат ўз зиммасига олади. Мактаб ёшидан бошлаб у ёғига эса боланинг бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлари пайдо бўлиб, унинг “ҳур ва эркинлигини”, “таълим-тарбиясини” таъминлаб беради. Ривожланган жамиятларнинг айнан мана шу тартиб-қоидалари вақт ўтиши билан ўзини оқламаганини кўрсатмоқда.         

Болалар ҳуқуқини таъминлаб берувчи қонун бугун дунёдаги қарийиб барча давлатларда қабул қилинган. Гарчи улардаги меъёрлар бир-бирига жуда ҳам ўхшаш бўлса-да, нормаларнинг амлиётга жорий этилишида бир-биридан фарқ қилади. Бугунги ғарб оламида балоғат ёши атрофидаги бола учун қотиллик содир этиш, куч ишлатиш орқали заиф томоннинг қаршилиги бўлган ҳолда зино қилиш, жамоат тартибини бузиш, турли алкоголь ичимликларни белгилаган меъёрдан зиёд истеъмол қилиш оқибатида жамоат тартибига зиён етказилса, бу ҳолатлар ҳад меъёрлари қўпол равишда бузилгани боис жиноят аломати деб қайд этилади. Лекин турли кайф берувчи, дорихоналарда расмий рухсат берилган нарсларни чекиш, спирт даржаси паст бўлган алкоголь ичимликлар истеъмол қилиш, кечги клубларда алламаҳалгача юриш, турли расмий ишратхоналарда ўз эҳтиёжини қондиришга ўхшаш одатларни тегишли назоратчилар кўзига ташланмасдан меъёрида бажариб юриш, оддий ҳаёт мезони деб қаралади 

Айтайлик балоғат ёшига етган қизининг эркак дўсти билан диванда қучоқлашиб ўтириши ишдан ярим кечаси қайтиб келган ота ёки онада ҳеч қандай салбий фикрларни уйғотмайди. Тўғрироғи бундай фикрни уйғотмаслиги керак. Аксинча бу ривожланган ғарбона маданиятнинг бир қисми бўлиб, инкор этилиши жуда ҳам қийин бўлган жамият нормаларидан бири ҳисобланади. 

Ёки бўлмасам компьютерида турли ахлоқ меъёрларига зид фильм ва тасвирларни кўргани учун боласини жазога тортмоқчи бўлган ота-онаси устидан боланинг полицияга шикоят қилиб, уларни жазога торттириши ҳам ана шу тараққий топган жамиятнинг ахлоқ нормаси ҳисобланади. Бу билан боланинг маълум ҳуқуқлари таъминланади, шу ҳуқуқи билан ўзини “мен эркин ва ҳимоядаман” деб ҳис этади. Лекин ота-она ва бола ўртасидаги илоҳий ҳикматга асосланган самимий ва меҳрли муносабатлар нима бўлади? 

Оммавий маданиятни ёппасига рад этиб бўлмайди. Унинг ҳам қабул қилиниши зарур бўлган томонлари мавжуд. Ғарбнинг ҳам бошқа ривожланган жамиятларнинг ҳам инсон ҳаёти фаровонлиги, жамият тараққиёти учун хизмат қилувчи ҳар қандай тартиб-қоидасидан фойдалиниш, уларни яшаш муҳитига қараб мослаштириш (имплиментация қилиш) бу фақат фойда келтиради. Уларни қабул қилмаслик ёки инкор этишлик бу тараққиётни буғиш ва унинг ривожига тўсиқ бўлишдан бошқа нарса бўлмай қолади. Масалан, ғарбдаги аниқ фанлар соҳасидаги тараққиёт билан осиёнинг тиббиёт соҳасида қўлга киритаётган ютуқларини, ривожланган давлатлар ахборот-коммуникация соҳасида эришилаётган сўнгги марраларни қабул қилмасликнинг иложи йўқ. Буларсиз жамиятнинг айнан шу соҳаларини ривожлантириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳар йили амалдаги қонунларга қўшимчалар қиритилади, зарур бўлса янги қонун-қоидалар қабул қилинади. Бу ҳар доим ҳам шундай бўлиб келган. 

Номаҳрам билан ярим кечгача танҳо ўтириш у ёқда турсин ҳамманинг кўзи олдида бирга юриш ҳам, ҳар хил шаҳвоний фильм ва тасвирларни кўриш эмас, балки боланинг таълим-тарбиясияга салбий таъсир этувчи ҳар қандай омил ҳам “шарқона” тарбия услубида мутлақо қораланади. Таълим-тарбиянинг бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

Ибрат. Умар ибн Зарр раҳимаҳуллоҳ вафот этганда, отаси Заррдан: “Унинг сиз билан бирга юриши қандай эди?” деб сўралди. Отаси деди: “Мен билан кечқурун бирга юрса, олдимда юрарди. Мен билан кундузи бирга юрса, ортимда юрарди. Мен остида турган томга ҳеч ҳачон чиқмаган”.

Падари бузруквори ўтирган уйнинг томига чиқишни ўзига эп кўрмаган, волидалари наздида юқори овозда гапирмаган, уларнинг юзларига тик қарашдан ҳаё қилган ва бошқа кўплаб юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган халқ эканлигимиз ҳар доим ғарб ва бошқа эътиқод вакиллари диққатини ўзига жалб қилиб, уларни ҳайрон қолдириб келган.

 Ҳикоя. Машҳур “Ҳидоя” асари соҳиби Шайх-ул-Ислом Бурҳониддин Марғилоний ҳазратлари ҳикоя қиладилар:

Бухоронинг буюк имомларидан бири, дарс мажлисида ўтирганларида, дарс орасида баъзан туриб ўтирар экан. Шу ҳақда ундан сўрашибди. Ул зот: “Устозимнинг ўғли болалар билан кўчада уйнаб юрибди. Аҳёнда масжид эшигига келиб кетар эди. Уни ҳар кўрганимда устозимнинг таъзими учун унга ўрнимдан турар эдим”, дебдилар”.

Мана тарбия, мана устозга бўлган ҳурмат. Устоз ота каби, улуғ зот дейди халқимиз. Бу тарбия, бу одоб қаердан олинган, асоси қаерда буларни?   

“Шарқона” таълим-тарбиянинг бошланғич нуқтаси ҳам охири ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўрсатиб ўтилган амр ва насиҳатларга асосланади. Одоб-ахлоқ меъёрларимиз пойдеворининг мустаҳкамлиги ва таълим-тарбиямиз устунлиги ҳам айнан шундандир.

 Бугун оммавий маданият деб айтилаётган урф-одатларимизга мутлақо ёт бўлган, анъанавий ахлоқ меъёрларимизга тўғри келмайдиган айрим урфларнинг қабул қила олмаслигимиз ҳам аслида бизда мавжуд бўлган энг олий одоб-ахлоқ қадриятларимиз туфайлидир.

 Муқаддас динимиз бошдан охиригача ахлоқ дини бўлиб, ахлоқнинг илк асоси Аллоҳнинг иродасига бўйин эгиб, амрларига итоат этишликдир. Иккинчи асоси эса Аллоҳнинг барча яратган махлуқотларига яхши назар билан қараб, чиройли муносабатда бўлиш, уларга умуман ёмонликни раво кўрмасликдан иборатдир.

 

Атрофдаги ҳамма одамларга, махлуқотларга, ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам белгилаб берилган ҳақ ва ҳуқуқлари доирасида муносабатда бўлиш илоҳий адолатнинг бош мезони ҳисобланади. Мусулмончиликда диний буйруқларга аҳамият бермаслик, бепарво бўлишлик қандай кескин тақиқланган бўлса, динда ҳаддан ошиб, мутаассиблик қилиш ҳам шундай қораланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминнинг ифрат ва тафритга берилмасликка, яъни бутун ҳаракатларида ҳаддан ошишлик ва орқада қолишликни ҳам тақиқлаб, ҳар доим иътидолни – ўртада бўлишликни тавсия қилганлар. 

Шу нуқтаи назардан ҳам масъулияти ҳар қандай илоҳий амрдан кам бўлмаган, ажру мукофоти ҳар қанча кўп бўлиши баробарида уни бажармаслик учун бериладиган жазо ҳам жуда оғир ҳисобланган ота-она ризолигини топиш вазифасида ифрат ва тафритга берилмасдан, оғир ва босиқлик билан уларнинг хизматларига камарбаста бўлишлик, ҳеч қачон уларга қарши бормаслик, итоат ва яхшиликда давомий бўлишлик фарзандни ҳар икки дунё саодатига етиштиради. 

“Тариқати Муҳаммадия” китобининг шарҳи бўлган “Бориқо” рисоласи ҳамда “Танбеҳул ғофилин” асарида ота ва онанинг фарзанд устида асосан ўнта ҳаққи борлиги ёзилган.

  • Таомга муҳтож бўлсалар таом билан таъминлаш лозим.
  • Кийинишга муҳтож бўлсалар кийим билан таъминлаш лозим.
  • Эр-хотиннинг об-таҳоратга оид маҳрамли хизматларидан ташқари едириш, ичириш каби барча хизматларини бажариши шарт.
  • Бирор юмуш сабаб чақирган вақтларида “Лаббай” деб жавоб бериб, дарҳол ҳузурларига етиб келиш.
  • Гуноҳ ва исёндан ташқари барча буйруқларини бажариш.

  Аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳ китобларида агар ота-онанинг буйруқлари шариатга очиқча исён ва гуноҳ бўладиган бўлса унга итоат қилинмаслиги баён қилинган. 

  • Уларга юмшоқ ва ширин сўзлар билан мурожаат қилиш лозим. Қаттиқ ботадиган сўз ва ибораларни ишлатмаслик, гапларни ҳам тез-тез гапирмаслик керак.
  • Уларни номлари билан чақирмасдан, “Онажоним, отажоним” каби эркаловчи сўзлар билан мурожаат қилиш лозим.
  • Бирга юрган вақтда уларни олдиларига чиқиб юрмаслик, ён-атрофларини кесиб ўтавермаслик керак.
  • Ҳар қандай ишда уларнинг розиликларини олишни асосий мақсад деб билиш, ўз манфаатларидан уларнинг хоҳиш-истакларини устун деб билиш лозим.
  • Ўзи учун дуо қилмоқчи бўлган пайтда, албатта, ота-онасининг ҳақига, уларнинг гуноҳларини кечиришини сўраб дуо қилиш фарзандларнинг бўйнидаги ҳақлардан ҳисобланади. 

           Қуйида ота-онага хизмат қилишда эътибор бериши лозим бўлган айрим муҳим жиҳатларини кўриб чиқамиз.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

“Хожа Аҳрор валий” жоме масжидида аёллар учун намозхона очилди. Бу ҳақда “islom.uz” нашри хабар берди. 

Аёллар учун намозхона Тошкент шаҳридаги “Чорсу” даҳасида жойлашган “Хожа Аҳрор валий” жоме масжидида очилгани маълум қилинган. 

Шунингдек, масжидда аёллар учун алоҳида таҳоратхона ҳам ажратилган бўлиб, муслималарга намозларни ўз вақтида адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилгани қайд этилган. 

Аллоҳ таоло масжид раҳбарияти ҳамда бу ишга ҳисса қўшган барча мутасадди биродарларимизни ушбу намозхоналарда ўқилган ҳар бир намоздан, ҳар бир ибодатдан ҳосил бўлган ажру савоблардан баҳраманд қилсин. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бир дўстки, ҳеч кимга бермаган азоб,

Узоқ синаб кўрдим, билсанг, у китоб!

Сирни яширмайди ўқувчисидан,

Хабар берар сенга ёзувчисидан.

Хилватда сен билан бўлиб у улфат,

Жимгина қуради ёқимли суҳбат.

Ҳеч кимдан қолишмас билимли аҳбоб,

Ундан сўрамасанг, бермайди жавоб.

                         Муҳаммад Жабалрудий 

 

Кимки китобга кўп боқса, китоб унинг зеҳнини очади, завқини оширади, сўзга чечан қилади. Китоб ёлғизликдаги энг мунис ҳамдамдир. Китоб инсондан ҳеч нарса тиламайди, аммо уни камолга етказади. Китоб одоб-ахлоқнинг кони, билимнинг эса булоғидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишларига биноан 2018 йил 27 февраль куни устоз ва талабаларни дунёқараши кенг, маънавий ва бадиий ҳамда сиёсий илм савияларини янада юксалтириш ҳамда юртимизда чоп этилаётган янги адабиётлар билан таништириб бориш мақсадида Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.

Ташкил этилган мазкур кўргазмада институт жамоаси иштирок этиб, уларга “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари 210 номда 605 дона Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган китоблари, мумтоз адабиёт намоёндалари, бадиий тўқималарга бой асарлар, саломатлик, табобат рукнларидаги адабиётлар, сиёсий, бадиий, диний-маърифий, илмий-адабий, ҳажвий, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, рус тилидаги оила психологияси, тарих, юридик китоблар, шерий тўплам китоблар, оила ва болалар энциклопедиялари, “Ўзбекистон жаннатмакон юрт” номли альбомлар ҳамда ибратли ҳикматлар тўпламларини тақдим қилдилар.  

Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дуёнқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 

Ахборот-ресурс маркази мудири

Камолиддин Маҳкамов

Top