muslim.uz

muslim.uz

"Муслим мобил репортёр” лойиҳаси ишга тушди!


Ҳурматли мухлис! Энди Сизда муслим.уз сайтининг бевосита мухбири бўлиш имконияти пайдо бўлди. 
Сиз диний-маърифий йўналишдаги бирор воқеликнинг гувоҳига айландингизми? Бу ажойиб нутқ, маъруза, янгилик, хабар ёки видео ва фото шаклдаги маҳсулот бўлиши мумкин. Уни тезда тасвирга олиб, фото, аудио ёки матнли кўринишда телеграмдаги “@MuslimMobileReportyorBot” ига йўлланг ва “Muslim.uz” порталининг ишончли манба етказувчи репортёрига айланинг.
Унутманг, Сиз юборган хабар, мақола ва аудиоматндан ўн минглаб инсонлар манфаат топишлари мумкин.
Материалга қўйиладиган талаблар:
— “@MuslimMobileReportyorBot”ига хабарни (матн, фото, видео, аудио) юкланг;
— фото, видео ва аудио материалларни янада аниқлаштириш учун қисқача матн киритинг;
— материалингиз сайтимиз модераторлари томонидан саралангач, оммага зудлик билан тақдим этилади.
Сизнинг қобилиятингизни янада ошириш мақсадида модераторларимиз қўшимча вазифалар ҳам бериб боришлари мумкин. Бу маълум маскандаги китоб дўконини тасвирга олиш, таниқли шеър ёки ҳикояни овозли шаклда юбориш ва ҳоказо бўлиши мумкин.

Репортёрга қўйиладиган талаблар:
1. 16 ёшдан катта ҳамда фуқаролик паспортига эга бўлиш.
2. Матн, фото, аудио ва видео материалларда муаллифлик ҳуқуқлари бузилмаслиги талаб этилади.
3. Материаллар ўзбек ва рус тилларининг бирида бўлиши ҳамда номақбул сўзлардан фойдаланилмаслиги.
4. Сиёсий мавзулардан йироқ материаллар бўлиши талаб этилади.
5. Репортёрлар томонидан тақдим этилаётган материаллар Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмаслиги лозим.
Эслатма: Бошқа шахсга тегишли материалларни муаллифлик ҳуқуқларини бузган ҳолда ўз номидан тақдим этиш таъқиқланади. Бундай материаллар жойлаштирилмайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Фарғона вилоятининг Сўх тумани табиати ғоят мафтункор. Баланд тоғлар, тиниқ булоқлар, жўшқин сойлар, яшил аланга каби кўкка талпинган арчалар… 

“Ўзбекистон тарихи” музейига кирган киши билагузук шаклидаги қўшилон тамғасини кўриб, беихтиёр қадимий сирли салтанат қудратини ҳис қилади. Тарихдан бироз хабари бор одам, бу милоддан аввалги V асрларда гуллаб-яшнаган ва ҳозирги Сўх ҳудудида ҳукм сурган давлат рамзларидан бири экани, ана шу белги ортида қанчадан-қанча талотўп, равнақ ва таназзул яширинганини яхши билади. “Селенғур” ғори деворидаги суратлар эса янада қадим замонлардан сўзлайди.
 
Сўхликлар буюк давлат арбоби ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур бизнинг туманда ҳам бўлган, мана шу тоғларда бир муддат яшаган, деб ҳисоблайди ва бундан фахрланади. “Бобурнома”да 1493 йил воқеалари қаламга олинар экан, буюк бобомиз тақдир тақозосига кўра, “Сўх ва Ҳушёр кўҳпояларига келиб, бир йилча ёвуқ” яшаганини соғинч билан хотирлайди. 
 
Унда, жумладан, шундай битиклар бор: “Исфара вилояти тўрт бўлук кўҳпоядир: бир Исфара, яна бир Ворух, яна бир Сўх, яна бир Ҳушёр…”, “…Сўх била Ҳушёр-кўҳпояларига келиб, бир йилға ёвуқ танқислик била ўткариб, Кобул азимати қилдим”. 
 
Адиб Қамчибек Кенжа бу ҳақда шундай ёзади: "Демак, Бобур Мирзо Ҳушёрда туриб келгуси тақдирини белгилаган, атроф-жавонибдаги қишлоқлар, йўллар, довонларни пухта ўрганган ва Фарғона давлатидан чиқиб кетишда Овчи, Оббурдон, Матчо қишлоқлари орқали Қоратегин довонидан ошиб, Ҳисор орқали бобомерос Кобулга ўтиб кетган. Оқибат, адолат шиори бўлган Бобур кейинчалик Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ўтказган катта тўй-издиҳомларидан бирига андижонлик, самарқандлик кўнгил яқинлари билан бирга ҳушёрликларни ҳам таклиф қилади ва ўз таъбирича, “бевилоят ва беватан юрган” чоғларида жонига оро кирган ҳушёрлик қадрдонларига алоҳида иззат-икром кўрсатиб, уларга бошқа мўътабар меҳмонлар қатори чакмон, қимматли сарполар, олтин, кумуш кийимликлар инъом этади".
 
Шунингдек, Бобур Мирзо Сўх дарёси атрофида жойлашган Тул қишлоғи яқинида, тоғ тепасидаги “Санги ойна”га алоҳида эътибор қаратгани, у жойдаги булоқ сувида юз-қўлини ювиб, шу гўзал тоғ оралиқларидан оқиб келаётган шўх дарёга кўприк қургани, у ҳозир ҳам "Бобур кўприги", деган ном билан машҳурлиги кўпчилик зиёлилар ва маҳаллий аҳолига яхши маълум.
 
Бобур назари тушган “Санги ойна” бугунги кунда зиёратгоҳга айлантирилган. Бу Тош ойна ҳақида Бобур шундай ёзади:
 
“Исфаранинг бир шаръисида жануб сори пушталарнинг орасида бир парча тош тушубдур, “Санги ойна” дерлар, узунлиги тахминан ўн қари бўлғай, баландлиғи баъзи ери киши бўйи, пастлиғи, баъзи ери кишининг белича бўлғай, ойинадек ҳар нима мунъакис бўлур”.
 
Бобур Мирзо даврида Ҳушёр – Сўх атрофидаги ноҳия, қишлоқлар -Исфара, Хўжанд, Ўратепа, Боткент, Қадамжой, Зарафшон дарёсининг юқори қисмидаги Боло, Овчи, Оббурдон, Дахкат, Матчо, Ворух қишлоқлари Фарғона ҳудудига кирган, у ерларда шаҳзода Бобур кўп маротаба бўлган. Шунинг учун ҳам Бобурбурчак, Қоровултепа, Бобур кўприги, Бобур намозгоҳи, Тахти Бобур (япалоқ тош) каби улуғ ватандошимиз битиклар ёзган бир неча катта тош таърифи халқ орасида тилдан-тилга ўтиб, асрлар оша бизгача етиб келган. Айни кунларда халқ тилида “Ош тоғи” деб аталувчи маскан ҳам доимо гавжум.
 
–Туманимиз тарихи ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқарли, – дейди Сўх тумани ҳокими ўринбосари Бобосодиқ Латипов.– Мана бу Қатрон тоғлари не-не замонларни кўрмаган дейсиз. Қишлоқларимизда зиёратгоҳлар, тарихий қадамжолар жуда кўп. Айниқса, сўлим манзаралар ҳар қандай кишини мафтун этади. Шунинг учун ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
 
Мустақиллик йилларида туманда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, Чашмадан Ҳушёргача, Ровондан Тулгача, Шарқободдан Малбутгача бўлган барча қишлоқлар замонавий қиёфа касб этди. Улкан янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туман ҳаётида ўз аксини топди. Аҳолига замонавий хизмат кўрсатадиган қишлоқ инфратузилмаси шаклланди. Намунавий лойиҳа асосида қад ростлаган уй-жойлар қишлоққа замонавий меъморлик намуналарини олиб кирди. Муҳими, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар оддий одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартириб, уларда Ватандан фахрланиш, бугунидан мамнунлик ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.
 
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz

Пул емас ота” жоме масжиди салкам беш асрлик тарихга эга бўлиб, шу номдаги қабристонга ёндош қурилган. Собиқ иттифоқ  даврида  масжид  биноси ташландиқ, эски бинога айланиб қолган. Мамлакатимиз мустақиликка эришганидан сўнг, эски бино таъмирланиб, “Махмур”, “Умид”, “Бешбола” ва “Мирзо Улуғбек” маҳалла фаолларининг ташаббуси билан  1992 йил “Пул емас ота” номи билан расмий жоме масжиди сифатида фаолият бошлади. Масжиднинг бундай номланиши “Пул емас ота” қабристони номи билан боғлиқ. Ривоятларга кўра, қабристон  номи “Пул емас ота” эмас, аслида “Фил емас ота” бўлган. У киши XV асрларда масжид ҳудуди ва атрофидаги ерларда деҳқончилик қилган ҳалол ва тақводор бир инсон бўлган. 1998 йил жоме масжид қайта рўйхатдан ўтказилган.

Бугун, муборак жума кунида ушбу масжид қайта қурилиб намозхонлар ихтиёрига топширилди. Масжиднинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этдилар.

Муфтий ҳазрат жума намозида масжид қавмини бу қутлуғ даргоҳ, гўзал кошона, эътиқод маскани билан қутладилар, шунунгдек, сўнги пайтларда мамлакатимизда намозхонларнинг ибодат қилиш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Масжид аҳли янги масжид биносида муфтий ҳазрат бошчилигида илк бора жума намозини адо этиди. Намоз сўнгида Қуръон тиловати қилинди, дуои хайрларда ўтганлар, масжид қурилишида ҳисса қўшган барча-барча заҳматкашлар эсланди. Яратилган шароитлар ва кўрсатилган эътибор сабаб қалблари хурсандчиликка тўлган намозхонлар баралла дуога қўл кўтариб, Яратганга шукрлар айтишди.

Масжид ҳақида икки оғиз сўз. Жоме кишини ўзига оҳангрободек тортади. Масжидга кирган кишининг ундан чиққиси келмай қолади. У ўта мустаҳкам таъмал тоши устига пишиқ ғиштдан қурилган. Мовий гумбазли, ўта салобатли. Эшик ва деразаларига замонавий акфа ромлари ўрнатилган. Полда иситиш мосламаси ўрнатилган.

Зина, ҳовли саҳни ва йўлкаларга кафель ва брусчаткалар ётқизилган. Таҳоратхона замонавий услубда жиҳозланган. Масжид саҳни обод, кўкаламзорлаштирилган. Манзарали дарахт ва гуллар экилган. Қурилиш ишларига моҳир уста ва муҳандислар жалб этилгани шундоқ сезилиб турибди. Ҳақиқатан ҳам, ушбу эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишган. Зеро, масжид қуриш, уни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб, масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Масжидларни кўркам қилиш, намозхонларга қулай шароитлар яратиш катта ажр бериладиган амаллардандир. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар. Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келганлар ҳар намоз сўнгида она-Ватанимиз тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуолар қилишади. Бундай хайрли дуолар шарофати ила Яратган Парвардигор юртимизни янада фаровон қилади.

Азим пойтахтимизда қад ростлаган ушбу янги жоме масжид маҳалла аҳли учун жуда катта туҳфа бўлди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Марокашдаги “Ҳасан” жоме масжиди дунё бўйича катталиги жиҳатидан еттинчи ўринда туради. Атлантика океани сатҳидан икки юз метр баландликда барпо этилган ушбу масжидга бир пайтнинг ўзида юз мингдан ортиқ намозхон сиғади. Ушбу масжид қурилиши мамлакатнинг ўша пайтдаги қироли Ҳасан II нинг буйруғи билан 1986 йилда бошланиб, 1989 йили битказилган. Бироқ масжид 1993 йилниг 30 август кунидан расман фаолият юрита бошлади. Масжид лойиҳасини франциялик муҳандис Мишел Пинсо ишлаган.

Ҳашар йўли билан қурилган “Ҳасан” жоме масжидида 6000 дан ортиқ уста ҳамда 10000 дан зиёд безак ишлари мутахассиси меҳнат қилган. Қурилишда Марокашда ишлаб чиқилган хомашёлар ишлатилган. Фақатгина оқ гранит устунлар ва 50 тонналик шиша қандиллар Италиядан келтирилган.

Масжиднинг минораси 210 метр бўлиб, дунёда энг баланд ҳисобланади. Масжид ёнида мадраса, кутубхона ҳамда музей мавжуд.

Даврон НУРМУҲАММАД

ЎМИ Матбуот хизмати

Top