muslim.uz
Ҳаётий воқеа: ким ёмон ниятда бир иш бошласа, охири вой
Ҳайит тонги Салимга отаси икки тилла танга бериб, тайинлади: “Бирига ўртоқларинг билан ширинлик олиб егин, иккинчисига укаларингга ҳолва келтир”.
Аммо Салимнинг нафси ҳакалак отиб, бир тилла танга ёнимга қолса фойда, деб ўйлади ва ўртоқларига:
– Отам ҳайитлик деб берган тангаларини йўқотиб қўйдим. Сизларни ҳолва билан сийламоқчийдим, – деб ёлғон гапирди ва ўзини афсуслангандек кўрсатди.
Салимнинг кўнгли тоза Ҳасан исмли дўсти бор эди. У Салимни юпатиб, “Бу гал сенда бўлмаса, менда бор-ку”, деб баққолнинг дўконига бошлади.
Тангалар ёнида қолгани, маза қилиб ҳолва еганидан хурсанд Салим отамга тангаларни йўқотиб қўйдим, дейман деб хаёл қилди. Уйга келганида эса, чиндан ҳам тангалар чўнтагидан тушиб қолган эди. Шунда отасининг: “Ким ёмон ниятда бир иш бошласа, охири вой”, деган гапи ёдига келди ва қилмишидан афсусланди.
Салим йўқотган тангаларни Шермат исмли бола топиб олди. У тангаларни кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлди, аммо фалокат босиб, йўлдаги каттагина ўрага тушиб кетди. Қанча уринмасин бировнинг кўмагисиз у ердан чиқиб кетишнинг иложи йўқ эди. Одамларни ёрдамга чақира бошлади:
– Ёрдам беринглар, ҳақига берадиган тилла тангаларим бор.
Шунда Салимнинг дўсти Ҳасан шу кўчадан ўтиб қолди ва дарров ёрдамга шошилди ва уни ўрадан чиқариб олди.
– Раҳмат, жўра. Сен бўлмаганингда, ҳолим нима кечарди. Мана бу тангаларни баққолнинг дўкони олдидан топиб олдим. Эгасини суриштирмай, ўзимники қилдим. Бировники буюрмас экан, ошна, – деб ваъда қилгани тангаларни Ҳасаннинг қўлига тутқазди.
Ҳасан эса:
– Яхшилик эвазига пул олинмайди. Ёрдами учун бирор нарса тамаъ қилиш ёмон иш” – дея тангаларни рад этди.
Шермат унинг сўзлардан таъсирланди.
– Яхши бола экансан. Шу пайтгача кўп ёмон ишлар қилдим. Бундан кейин мен ҳам сенга ўхшаб яхши бола бўламан. Шу кунгача ҳеч кимга ҳайитлик бермагандим, – деб Ҳасанни баққолнинг дўконига бошлаб борди. Икки тиллалик холва олиб, Ҳасанга тутқазди ва: “Бу ҳайитлик сенга, қўлимни қайтарма”, деди.
Шунда Ҳасан отасининг: “Ким бировга холис яхшилик қилса, Аллоҳ, албатта, мукофотини беради”, деган гапларини эслади.
Қўлида совға билан уйига йўл олди, аммо Салимнинг пулини йўқотиб, хафа бўлгани ёдига тушди ва тўғри ўртоғининг уйига қараб юрди.
Бу пайт Салим дўстига, отасига ёлғон гапиргани, укаларига ҳайитлик олиб келмагани учун ўзини айблаб, хомуш ўтирарди. Ҳасан унга бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир гапириб берганида, Шермат топиб олган тангалар ўзиники эканини билди. Ёмон ният қилгани учун жазоланганини ўйлаб, хижолат тортди. Аччиқ ва оғир бўлса-да, дўстига ҳақиқатни айтишга қарор қилди...
Ҳидоят ОЛИМОВА
тайёрлади
ЎМИ Маълумот хизмати
Қуръони карим мусобақасини ўтказиш Давлат дастурига киритилди
Ўзбекистонда ўтказилаётган Республика Қуръони карим мусобақаси «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурига киритилди.
Дастурга мувофиқ, Қуръони карим мусобақасининг низоми, йўриқномаси, баҳолаш мезонларидан иборат ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, мамлакатимиздаги нуфузли уламолар, имом-хатиблар, етакчи қорилардан иборат ҳакамлар ҳайъатини тузиш, Қуръон мусобақасининг туман, вилоят ва республика босқичларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорларини муносиб тақдирлаш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилиши ҳам қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018» Республикамизда биринчи маротаба ўтказилаётган 3 босқичли Қуръони карим мусобақаси бўлиб, ҳозирги вақтда ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ва Жанубий Корея президентлари билан мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ҳамда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, давлат раҳбарлари мулоқотда давлатлараро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама этганлар.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон, Ўзбекистон-Жанубий Корея мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилган.
ЎМИ хотин-қизлар бўлими: Биринчи Президентни хотирлаб...
Кеча 24 январь 2018 йил санасида халқ ичида “Кўкча” номи билан машҳур “Шайх Зайниддин” масжидининг мажлислар залида шаҳар отинойилари иштирокида “Асрга татигулик умр” мавзусида хотира тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбирга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябридаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асос қилиб олинди.
Тадбирга нуфузли ташкилотлардан ҳам азиз меҳмонлар ташриф буюришди. Даврани Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Дилбархон Атабоева кириш сўзи билан очиб берди.
Сўнг Шайхонтоҳур тумани отинойиси Розияхон Рустамова Аллоҳнинг каломидан тиловат қилди. Кейин Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳақидаги видео-лавҳа йиғилганларга намойиш этилди.
Лавҳа намойишидан сўнг Республика “Нуроний” жамғармаси аъзоси Мукаррамхон Муҳиддинова “Сиз ва биз ишлаган йиллардаги фидойилик” мавзуси асосида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Жумладан, қарияларга “нуроний” сўзини ҳурмат маъносида берган ва азиз авлиёлар ётган ерлари, муқаддас қадамжоларни, тарихни тиклаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни хотирлади.
Ундан кейин сўз навбати “Ёшлар билан ишлаш гуруҳи аъзоси” Гулчеҳрахон Каримовага берилди. У “Сиздан озод ва обод Ватан қолди” мавзусида ўз фикрларини баён этди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси, шу тадбирга бош-қош бўлган Фотимахон Ҳақбердиева сўз олди ҳамда Тошкент шаҳар отинойилари, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти мураббия ва талабалари номидан бағишланган Қуръони карим хатмининг дуосини адо этиб, йиғилишга якун ясади.
Шуни таъкидлаш жоизки, тиловат қилинган Қуръон оятлари савоби ва гўзал дуолар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов руҳига, шунингдек, яқинда содир бўлган, Ақтўбеда фожеали ўлим топган ўзбек йигитлари руҳларига бағишланди.
Тадбир якунида азиз меҳмонларга совғалар улашилди.
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА
“Муслим.уз” портали учун махсус
Эртага Қуръон мусобақаси Қорақалпоғистон ва Хоразмда давом этади
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эртага, 25 январь куни Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичлари давом этади.
Қуръон мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ўтказиладиган саралаш босқичидан онлайн олиб берилади.
Мусобақани “Youtube.com” ва “Facebook.com” ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларимизда онлайн кузатишингиз мумкин.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмат