muslim.uz
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз”
Шу кунларда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиадан ҳамма қайғуда. Ҳалок бўлган юртдошларимиз рўйхати эълон қилингандан кейин улар орасида ота-бола, ака-укаларнинг борлиги қалбимизни янада эзди. Қанчадан-қанча оила суянган тоғи, оила бошисини йўқотди. Қанчадан-қанча ота-оналар навқирон фарзанду жигарбандидан айрилди.
Тарихда қолувчи ушбу мусибат, Ўзбекистон аҳлини чуқур изтиробга солган жудолик, қалбларни кўздаги ёшлар билан эзувчи улкан айрилиқ эллик икки ўғлонни бу фоний дунёдан, боқий дунёга олиб кетди.
Мусибат манзил танламайди, мусибат инсон танламайди. У тақдирда белгиланган вақтда, кўрсатилган манзилга, юборилган одамга тушади. Ҳаётнинг бу синовли кунларига сабр қилган инсон борки, икки дунё саодатига эришади. Зеро Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз”. Яъни, сабр қилинг, ана шунда барча мушкуллар осон бўлади. Ушбу фожиадан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабру жамил тилаб, мусибатларига шерик эканимизни чин юракдан изҳор қиламиз.
Ўтган куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифлари доирасида Ҳаким Термизий мақбараси зиёрати чоғида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг ўлимидан чуқур қайғуда эканларини айтиб, уларнинг яқинларига таъзия билдирдилар ва шу аснода:
“Мана кеча бўлган фалокатлар ҳам кўп нарсадан, жумладан халқимизнинг олдида қарзимиз жуда-жуда кўплигидан далолат беради. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрибди. Бу давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарлар энг катта хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмаганидан далолат. «Бегона юртларда сарсон-саргардон юриш» деган гап бекорга эмас. У бечораларнинг ҳам Худодан умиди бор, не умидлар билан боламни боқаман, отамга пул олиб келаман деб ёш-ёш йигитлар кетяпти. Ёш-ёш йигитлар… Ҳаммаси ўзбекистонликлар. Албатта, биз жуда катта қайғудамиз… Ота-оналарига ҳамдардлик”, деган жуда ҳам таъсирли сўзларни баён қилдилар. Шунингдек, дуолар мустажоб бўладиган Сурхондарёдаги мутасаввиф олим, азиз авлиё Ҳаким Термизий ҳоки поклари қўним топган табаррук қадамжода Қуръони карим оятларидан ўқилиб, савоблари ҳалок бўлганларнинг руҳониятларга бағишланди.
Шунингдек, ўтган жума куни диний идора томонидан илова тезис қилиниб, муфтий ҳазратларининг ҳалок бўлганлар оила аъзоларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ила тазиялари изҳор қилинди, уларнинг охиратлари обод бўлиши, жойлари жаннат боғларидан бир боғ бўлишини сўраб, дуолар қилинди. Шунингдек, яқинларига сабр-тоқат тилаб ҳамдардлик билдирилди.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтишни лозим топдик. Мана шу жума куни аср, шом ва ҳуфтон намозларини ҳам масжидларда ўқиш насиб этди. Айрим имом-хатибларимиз ушбу ҳалок бўлганларни дуоларида ҳам эслашмагани бизни ранжитди. Бундай мусибат кунларда марказдан – Диний идорадан бирор тавсияни кутиш шарт эмас. Ҳар ким қўлидан келганича ҳиссасини қўшиши керак. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида кишиларни ташаббус кўрсатишга чақиряптилар-ку. Қани бу ерда имом-хатибларимизнинг ташаббускорлиги, уюшқоқлиги. Ахир ҳалок бўлганлар кимнингдир ака-укаси, отаси, жигарбандику. Агар улар сизу бизнинг туғишганимиз ёки фарзанду аржумандимиз бўлганида, бутун Ўзбекистон дуо қилишини истардик.
Шундай экан, диёримиздаги барча масжидларда намозлар сўнггида барча имом-хатиблардан фожиада ҳалок бўлган юртдошларимиз ҳаққига дуо қилишларини сўраймиз. Имом-хатиблар ҳар намоз, тасбеҳу зикрларда ҳосил бўлган савобу ажрларини бахшида этишларни тавсия этамиз.
Қолаверса, водий вилоятлари бошига келган ушбу мусибатга бошқа вилоятлар имом-хатиблари ҳам келиб, тасалли беришларини истардик. Қани эди, барча ишларда намуна бўлган пойтахтимиз имом-хатиблари бу ишда ҳам ибрат кўрсатсалар. Ҳамон эсимизда, бир неча йил аввал Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги сел оқибатида жабр кўрган оилаларга бутун мамлакатимиз имом-хатиблари ёрдам қўлини чўзишган эди. Мана шу анъанани давом эттиришни хоҳлардик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Қуръонни овозингиз билан безанг”
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг!” деб марҳамат қилдилар» (Абу Довуд ва Насаий ривояти).
Қуръони каримни чиройли овоз билан безаш масаласи олимлар ўртасида турли фикрларга сабаб бўлган. “Қуръоннинг чиройли овозга эҳтиёжи йўқ”, деган тушунчадагилар ҳадис аслида: “Овозингизни Қуръон билан безанг” маъносида бўлгани, бироқ ривоят асносида сўзлар ўрни алмашиб қолганини айтади. Уларга кўра, Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг абадий мўъжизалари бўлмиш Қуръон ҳеч кимнинг чиройли овозига муҳтож эмас. У ҳар жиҳатдан гўзал ва мукаммал, биз унинг қироати билан овозимизни гўзаллаштиришга муҳтожмиз.
Аммо кўпчилик уламолар бу фикрга қўшилмайди. Ибн Дайба таъкидлаганидек, ҳадисда келган “Қуръон” сўзидан мақсад унинг тиловатидир. Демак, ўткир хотира ва хушовоз ила Қуръони карим тиловатини гўзаллаштириш кераклигини англаш зарур. Зеро, гўзал сўз гўзал овоз билан янада ёқимли бўлади. Унинг хушовозда ўқилиши одамларда Қуръони каримни тинглашга бўлган мойилликни кучайтиради. Демак, ҳадисдан тиловатда имкон қадар овозни чиройли қилишга уриниш кераклиги тушунилади.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим, Қуръони каримни чиройли ўқийман деб уни тағаннийга (оҳангга солиш, қўшиққа ўхшатиш) айлантириш ҳам ярамайди. Уламолар тиловатда тажвид қоидаларидан четга чиқиб, тағаннийга йўл қўйишни макруҳ дейишган. Бундай тиловатни эшитганлар ҳам қарши чиқишлари, хатолигини тушунтиришлари лозим. Каломуллоҳ ҳар жиҳатдан ўзгача; унинг тиловатида ҳам бу ўзига хосликни асраш, турли қўшиқ ва байту ғазаллар оҳангига ўхшатмаслик керак. Мулла Али Қори “Мирқот” китобида қўшиқ каби оҳангга солиб тиловат қилиш ҳаромлиги, эшитганлар ҳам гуноҳкор бўлишига доир фатво берган. Унинг чек қўйилиши вожиб бўлган энг ёмон бидъатлардан эканини таъкидлаган.
Али Қори ушбу ҳадис шарҳида шу маънода ворид бўлган бошқа ҳадисларни ҳам келтиради: “Қуръонни овозингиз билан безанг. Зеро, хушовоз Қуръон чиройини орттиради” (Насаий ва Ҳоким); “Чиройли овоз Қуръон зийнатидир” (Табароний); “Ҳар нарсанинг безаги бор, Қуръоннинг безаги чиройли овоздир” (Абдурраззоқ).
Юқоридаги ривоятларни зикр қилгач, Али Қори айтади: “Бу ерда Қуръонни овоз билан гўзаллаштиришга амр бор. Қуръоннинг овоз билан гўзаллашиши тажрибада тасдиқланган ҳақиқат. Шундай экан, бу ҳол ҳадисда сўзлар ўрни алмашиб қолган, деган даъвони рад қилади”.
Али Қори фикрининг тасдиғи сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга айтган ушбу сўзларини келтиради: “Сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган. Кеча кечқурун сени тинглаётганимни бир кўрсайдинг. Ҳақиқатан, сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган”.
Хулоса, муҳими Қуръонни ўқиш. Тартил билан ўқиб, қироатни безаш мустаҳаб эканига бутун уламолар иттифоқ қилишган. Тағанний ва лаҳн билан ўқиш хусусида эса ихтилоф бор. Жумҳур уламо бунинг жоиз эмаслигини, чунки мазкур ҳолатда хушуъ йўқолишини айтганлар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Самарқанд вилоятининг Имом Аъзам масжидида ўтказилган мусобақа ғолиблари эълон қилинди.
Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақасининг саралаш блсқичида ғолиб бўлган иштирокчилар билан танишинг.
Тиловат йўналиши
18-25 ёш
1-ўрин. Нуриддинова Заҳрохон Муҳаммадризо қизи
2-ўриг. Файзуллаева Юлдуз Зайниддин қизи
3-ўрин. Ҳамдамова Шарифа Пўлат қизи
26-40 ёш
1-ўрин. Имомова Моҳигул Баҳодир қизи
2-ўрин. Пўлатова Амина Абдураҳим қизи
3-ўрин. Абдураҳмонова Робия Расулберди қизи
Ҳудудий босқич ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Бизни кузатишда давом этинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бухоролик ғолиб қорилар билан танишинг
Бухоро вилоятида бўлиб ўтган Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичи ғолиблари номи эълон қилинди.
Тиловат йўналиши:
18-25 ёш:
1-ўринга Шеров Шуҳрат;
2-ўринга Каримов Абдулазиз;
3-ўринга Валиев Ҳожиакбар муносиб деб топилди.
26-40 ёш:
1-ўринга Қўлдошев Умид;
2-ўринга Юсупов Ашраф;
3-ўринга Сафаров Фаёз муносиб деб топилди.
Ҳифз йўналиши:
26-40 ёш:
1-ўринга Сидиқов Комилжон;
2-ўринга Тўхтаев Санжар;
3-ўринга Олимов Музаффар муносиб деб топилди.
Ҳудудий босқичнинг ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан ташкил этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ўтказилган мусобақа ғолиблари эълон қилинди.
Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақасининг саралаш блсқичида ғолиб бўлган иштирокчилар билан танишинг.
Тиловат йўналиши
18-25 ёш
1-ўрин. Хушвақтова Сурайё
2-ўриг. Алимова Нодира
3-ўрин. Қутбиддинова Мубина
26-40 ёш
1-ўрин. Ахтамова Дилдора
2-ўрин. Қодирова Динора
3-ўрин. Отабекова Маҳаррам.
Ҳудудий босқич ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Бизни кузатишда давом этинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати