muslim.uz

muslim.uz

Ҳаёт давом этар экан, муаммолар ҳам бўлиши табиий. Халқимиз якдил-ҳамфикр бўлса, муаммоларни биргаликда ҳал қилишга киришсак, ҳаётдан розилик, ишонч ва адолат тўла қарор топади.

Давлатимиз раҳбари ҳаётимизда янги даврга, тараққиётимизнинг янги босқичига асос солди. Президентимизнинг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган ҳаётбахш сўзлари бугун асосий тамойилга айланган.

Дарҳақиқат, инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир”, деганлар.

Бугун Тошкент шаҳридаги "Мирза Юсуф" жоме масжидининг имом-хатиби Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги "Саййид Ҳабибуллохон" жоме масжидига ташриф буюриб, юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилди. Ушбу ташрифдан масжид аҳлининг калби сурурга тўлиб мамнун бўлди.

Аллоҳнинг уйларидан бир уй бўлмиш масжидда юртимизда олиб борилаётган улкан ижобий ислоҳотлар янада равнақ топиши, эл-юртимиз тинчлиги, мамлакатимизнинг ободлиги, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилдилар. Мухлислар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Бугун, 29 июль куни Тошкент шаҳар "Убай ибн Каъб" жоме масжиди имом-хатиби устоз Абдулҳаким қори Матқулов Сурхондарё вилояти Денов туманидаги "Илонсой" жоме масжидига ташриф буюришди. Пешин намозидан сўнг Абдулҳаким қори масжид жамоасига юртимиздаги диний ва марфий ислоҳотлар мавзусида маърифий суҳбат қилиш билан бирга, намозхонларни ўйлантираётган, қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Таъсирли маърифий суҳбат ва савол-жавоблар масжид қавмига манзур бўлиб, намозхонлар қалбини юмшатиб, кўзларини нам қилди. Маъруза сўнгида жамоат устоз Абдулҳаким қорига миннатдорлик билдирди.

Ташриф давомида вилоятдаги жоме масжидлар, маҳалла гузарлари, олис ва чекка ҳудудларда кенг жамоатчилик билан маънавий-маърифий учрашувлар, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишлар кўзда тутилган.

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг сафарини баракотли ва манфаатли қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Уламоларимиз Сурхондарё вилоятига сафар давомида жоме масжидларга ташриф буюриб, мўмин-мусулмонлар билан маърифий суҳбат қурмоқдалар, эҳтиёжманд оилалар хонадонида бўлиб, уларнинг кўнглини чиройли насиҳат, илиқ сўз билан кўтариб, “Вақф” фондининг моддий ёрдам ва ҳадяларини улашмоқдалар.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Ҳайдарқул ҳожи бобо” жоме масжидига ташриф буюриб, аср намозини жамоат билан адо этдилар, сўнгра масжид жамоасига маъруза қилиб бердилар, унда мўмин-мусулмонларни сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бугунги кунда кузатилаётган муаммолар, ёшлар тарбияси ҳақида мавъиза қилдилар, тингловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Маърифий суҳбат якунида Аллоҳ таолодан халқимиз ва бутун дунёдаги мусулмонлар ҳақига, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб ва масжид қурилишига камарбаста бўлаётган ватандошларимиз ҳақига хайрли дуо қилдилар.

Шунингдек, Иброҳимжон домла Иномов Бойсун тумани маҳаллаларидаги кам таминланган оилалар ва Меҳр-2 операциясида юртимизга олиб келинган аёл-қизлар ҳолидан хабар олдилар, илиқ сўзлар ҳадялар билан уларнинг кўнглини кўтардилар.

Бугун, 29 июль куни Иброҳимжон домла Иномов Бойсун туманида янги қурилаётган марказий масжид биноси қурилиш ишларини кўздан кечириб, уста-мутахасислар билан масжид қуришнинг фазли, уларга қилинган шароитлар ҳақида суҳбат қурди, қурилиш жараёни бўйича зарур тавсиялар бериб, якунда хайрли дуолар қилдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Муносабат

Болалар уйи. Аслида Иккинчи жаҳон уруши йилларида диёримизда фашизм қирғинидан жабр кўрган ҳамда собиқ салтанатнинг турли бурчаклариданкелиб  юртимизда бошпана топган болалар учун ташкил этилган маскан. Уруш тугаганига етмиш олти йил бўлган бўлса-да, Меҳрибонлик уйи аталмиш бу масканлар фаолият кўрсатаётганининг  ўзи жуда таассуфли ҳолат.

Ўз пайтида турли миллат ва элат вакилларининг ота-она меҳридан бебаҳра қолган фарзандлари бу маскандан ростмана меҳр, эътибор, ғамхўрлик топгани рост. Орадан қанча йиллар ўтди. Ушбу маскан кимлар учундир оилавий муҳит ўрнини босувчи гўшага айланди. Яна кимдир бу ердан етарли эътибор топдими, йўқми, бунисига аниқ жавоб бериш мушкул. Сабаби, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг таълим олиши, жамиятга интеграциялашуви, уй-жой, ҳаётда зарур бўладиган касб-кор билан таъминланишида кўплаб муаммолар имкон қадар ҳал этилса-да, тўпланиб қолган масалалар ҳам ўзига яраша  эди. Бу жиҳатлар Меҳрибонлик уйида тарбия топган ўқувчиларни келгусида тайинли уй-жой билан таъминлашда, улар саломатлигини асрашда, таълимнинг келгуси босқичлари билан қамраб олишда, меҳнат бозорида эҳтиёж катта бўлган мутахассисликлар бўйича ўқитиш ҳамда иш билан таъминлашда, энг асосийси, бу масканлар ўғил-қизларга ҳақиқий меҳр кўрсатишда  ўзининг оғриқли изларини қолдиргани рост.

Мамлакатимизда болалар учун ташкил этиладиган ҳар қандай тадбирлар, ижодий лойиҳаларда Меҳрибонлик уйларининг  ҳам тарбияланувчилари фаол қатнашади. Бироқ тадбиру байрамлар ҳар қанча завқли, қувноқ, юксак савияда ташкил этилмасин, бу масканнинг болалари юз-кўзида ҳамиша ғамгин қиёфа зоҳир. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг нигоҳига муҳрланиб қолган мунг, назаримда, ота-она эътиборидан бенасиблик, катта ҳаёт олдидаги ноаниқликлар, мавҳумликлар,  қийинчиликларни аввалдан ҳис эта олишдек жиҳатлар билан бевосита боғлиқ, десак муболаға бўлмайди.

Инсоф билан айтганда, Меҳрибонлик уйларининг аҳволи буткул ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди, десак тўғри бўлмас. Қилган саховатини элга жар солишни ўзига эп кўрмайдиган ҳимматли ҳамюртларимиз, масъул ташкилотлар бир чеккада қараб тургани йўқ.  Бироқ бу соҳага эътибор бугунги шиддатли давр, тобора янгиланиб бораётган ҳаётимиздаги ўзгаришлар шиддатига жавоб бермаслигини замоннинг ўзи кўрсатди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилгани, айниқса, кейинги беш йиллар давомида бу соҳада кенг қамровли ўзгаришлар юз бераётгани нуфузли анжуманларда, хорижий нашрларда жаҳон олимлари, экспертлари, мутахасислар, халқаро ташкилотлар, қолаверса, давлат раҳбарлари томонидан доимий эътироф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ҳеч ким кутмаган тарзда  ихтисослаштирилган тиббиёт масканлари, жамият кўзидан нари бўлган касалхоналар, қаровсиз қолган нуронийлар учун мўлжалланган масканлар ва бошқа фаолияти эътиборталаб бўлган ижтимоий объектларга ташрифи аҳолининг турли қатламларига оид муаммоларни илдизидан ўрганиш, таҳлил этиш,  уларни кенг жамоатчилик, мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола этиш, камчиликларга амалий ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.  

Бугунги мураккаб ва оғир пандемия шароитида кўпчилик  ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолган бир пайтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзининг қатор таклифлари асосида Тошкентдаги Меҳрибонлик уйларига ташрифи, бу масканларнинг мамлакатимиздаги етакчи тузилмалар, вазирлик ва идораларга оталиққа берилиши, тарбияланувчиларнинг таълим олиши, умуман, келгусидаги ҳаёти билан боғлиқ савобли ташаббуслар, хайрли режалар юртимиздаги халқпарвар сиёсатнинг яна бир кўринишидир.


Назокат Усмонова, ЎзА

Бугунги Янги Ўзбекистонда бошқа соҳалар каби диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар салмоқ жиҳатидан етакчи ўринларни эгалламоқда. Бу эса мазкур ислоҳотлар моҳиятини кенг тарғиб этиш, аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, уларнинг турмушдан рози бўлиб, шукроналик ҳисси билан яшаши, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш масъулиятини юклайди.

Уламоларимиз томонидан ташкил этилган ушбу тарғибот ташрифлари ҳам айнан шу мақсадга қаратилган бўлиб, бундан халқимиз хурсандчилиги бениҳоядир.
Уламоларимиз намозхонларнинг маърифатини, маънавиятини янада юксалтириб, уларга кўтаринки руҳ бағишлаши эса фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Узун туманидаги “Алоуддин Аттор” жоме масжидида пешин намозидан сўнг, Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” жоме масжидига масжид аҳли билан аср намозини адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга амри маъруф қилиб бердилар.

Маъруза давомида шукроналик, юртимизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, бемазҳабсизликдан эҳтиёт бўлиш ва бошқа мавзуларда қилинган мавъизалар намозхонларга манзур бўлди.

Суҳбат якунида масжид аҳлининг саволларига жавоб берилиб, Ватанимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилинди.

Шунингдек, уламоларимиз Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар қилиш баробарида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан ҳам хабар олмоқдалар.

Ташриф давомида Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчилигидаги имом-хатблар Узун тумани “Меҳнат” маҳаласидаги меҳр-мурувватга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top