www.muslimuz

www.muslimuz

У оламлар Парвардигори яратган ибтидо ва мангулик мўжизасидир. Ўзи чексиз аммо, чекловлари бор, у мангу давом этади-ю умр кўринишидаги қисқа шаклга эга. Сенга унинг онларга бўлакланган ҳамда ўлчанган бир бўлагигина насиб этади. Ўзи бир ўлчамли-ю лекин ўлчови бисёр. Лаҳзани ўлчаш мезони нима? Гоҳида лаҳзалар йиллар залворига эга бўлади гоҳо, ғафлат тумани аро қолиб йиллар тўфонини сезмаймиз. Кунлар секин, йиллар тез ўтади.

Вақт умримиз мезбонидир келиб-кетгувчи, биз эса, мезбонимиз унинг чархпалагида, бир зум бўлсада меҳмон-у мезбонлик удуми бузилмагай. Бизнинг кутгулигимизга яраша тутқулик совғаси бўлади, ташвишу ғавғоси ҳам йўқ эмас. Биз унинг келишини интиқиб кутамиз, баъзан тез ўтиб кетишидан оғринамиз, баъзида секин бўлсада ўтишини хоҳламаймиз. Гоҳида бир зум қалбимизни лаҳзада кўкларга олиб чиқгувчи не-не дақиқалари ҳам борку деб ўзимизни овутамиз. Вақтдан нафратлансанг-да у қалбинг жароҳатини даволайди.

У ўзи юрар узлуксиз зинага ўхшайди, сакраб ўтолмайсан, лаҳзалар ўрнини алмашлаб болмас, ўз вақти-соати билан қадам-бақадам юришга мажбурсан, босилган из ўтмишга айланади. Зинадан кўтарилмоқлик ёки тушмоқликни англаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўтган кундан ибрат олиб, бугуннинг мазмунини яратиб ва эртанинг фароғатига эришиш маълум маънода ўзингга ҳам боғлиқ.

У ўткинчи давр-у даврон, ортига боқолмайди, қайтолмайди ҳам бироқ, такрорийлиги муқаррар, кунлар, ойлар, фасллар йиллар асрларга қўл тутади. Замоннинг бисотида ўтмиши, ҳозири, келажаги борлиги айни ҳақиқат демакки, ҳар борлиқнинг ўзига хос бисоти бор. Шамол ели сиртингдан сийпаб ўтса, вақт эса сенинг вужудинг, руҳинг, онгинг орқали сизиб ўтади ва албатта ўз нақшини қолдиради. У ўзи дарёдаги сув каби оқаётиб истасанг, истамасанг шаксиз сени домига тортади, кимдир пўртанага, кимдир довулга дуч келиши тайин. Бир умр ҳаёт оқимида суза олиш санъатини ўрганиб яшайсан. Ҳаётнинг ўзидан дарс оласан, бу дарснинг танаффуси ҳам, таътили ҳам йўқ, аммо қалбингда бонг ургувчи қўнғироғи борки, Ҳақ синовлари ҳақида огоҳлантириб туради. Бу қўнғироқ товушига кимдир умуман эътибор бермайди, хушёр тортмайди, хатолари гуноҳларга бурканиб улканлашаверади, оқибат бу юк уни тубанликка тортади. Комил инсон эса, бу оламда ҳаққа эришиш йўлида дуч келадиган аломатларни ўз муддатида инобатга олиб яшай олади. Вақт суратига, маромига мослашиш оқилона иш эканлигини тушиниш ҳам бир бахт.

Бурҳон Жўраев
“Абдулаҳадхон” жоме масжиди имом-хатиби

Жорий йилнинг 28 июнь куни Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани "Миям Қангли" жоме масжидининг янги биносига дастлабки ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов иштирок этди.

Тадбирда туман имом-хатиблари, масжид жамоати вакиллари ҳам иштирок этишган. Масжиднинг янги ва замонавий биносининг қурилиши хайрли бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркия қирғоқларида уч ёшли суриялик болакайнинг фожиали ҳалок бўлиши воқеаси кино санъати вакилларининг ижодий ишлари марказида бўлиб қолмоқда. Islam-today нашри бу ҳақда маълум қилди.

Болакай ҳалок бўлганида олинган фотосуратлар бутун дунё аҳолисининг жунбушга келтирган. Тасвирга олинаётган бадиий филм сюжети асосида ушбу фожиа тургани айтилган.

Филм Бодрум шаҳрида тасвирга олиниши бошланди. Филм намойишидан тушган фойда хайрия ишларига сарфланиши маълум қилинган. Актёрлар ҳам филмда гонорар олмасдан суратга тушишмоқда.

Айлан курди билан боғлиқ фожиа 2015 йилда содир бўлган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг илк битирувчиларига тантанали равишда диплом топширилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жорий ўқув йилида марказни тамомлаган 96 нафар битирувчига ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши бўйича бакалавр дипломи берилди.

Афғонистонлик ёшлар икки йил давомида марказда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олишди. Машуғотларни самарали ташкил этиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг малакали профессор-ўқитувчилари ҳам дарс жараёнига жалб қилинди.

Ҳозирда марказда 25 нафар афғонистонлик талаба темир йўл соҳаси йўналишида таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркиянинг Диёр бакир шаҳрида оммавий Қуръонни ўргатиш курслари бошланмоқда. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар беради.

Режага кўра, ёз фасли давомида 75 минг киши курсни тамомлаши кўзда тутилмоқда. Yeni Safak маълумотига кўра, бундай шарт-шароитлар Туркия Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилиб, ушбу курсларда таълим олувчиларнинг ёши чегараланмаган.

Бу ерда Қуръон мухлислари тажвид илмини ўрганишади ва дарслар нафақат масжидда балки тайёрлов ўқув марказларида ҳам бўлиб ўтади. Қўмитанинг мониторинги бўйича ҳозирги кунда 64 минг киши таълим олмоқда ва уларнинг сони 75 мингдан ортиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top