muslim.uz
Ат-Тоҳира, Ал-Кубро деган номга сазовор онамиз
Вафотига қадар пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ягона ва биринчи аёлларидир. Пайғамбаримиз қолган аёлларига Хадийжа онамиздан кейин уйланганлар. Бадавлат бева аёл (бойлик уларга вафот қилган иккинчи эрлариидан қолган), баланд бўйли, ақлли, жуда гўзал ва қатъийятли. То пайғамбаримиз билан учрашгунларига қадар, ҳеч кимга ўзларининг бойлик ва тақдирини боғламоқликка йўл қўймаганлар. Хадийжа онамизнинг вафотларидан сўнг пайғамбаримизнинг ҳеч бир аёллари у зотнинг қалбларида Хадийжадек жой эгалламаганлар.
Дунё аёлларининг энг яхшиси ўз даврида Имрон қизи Марям эди, бу даврнинг энг яхши аёли эса Хадийжадир (Саҳиҳ ал-Бухорий). Пайғамбармизга турмушга чиққунларига қадар Хадийжа (р.а.) Бану Усайд қабиласидан бўлган Абу Хала ибн Маликнинг никоҳида эди. Ундан Ҳинд исмли ўғил ва Зайнаб исмли қиз фарзанд кўрганлар. Абу Халага қадар эса Усаййик ибн Абид билан турмуш қурган эдилар ва ундан ҳам Абдуллоҳ исмли ўғилари ва Жария исмли қизлари бор эди. Хадийжа онамиз ҳар доим ўз қариндошларига, камбағалларга, шунингдек, оила қуришга қийналганларга ёрдам қўлини чўзар эдилар. Хадийжа онамизга Араб ярим оролининг бой зодагонлари, обрўли кишилари совчи қўйганларида, рад жавобини берганлар. Ҳаётлик даврларида Хадийжа онамиз Қурайшликлар маликаси, Ат-Тоҳира, Ал-Кубро деган номга эга бўлганлар. Хадийжа онамиз савдогарларга маблағ бериб, савдолари учун мол олиб келтирар эдилар. Пайғамбаримизнинг тўғри сўз ва ишончли эканликлари ҳақида ҳабар топгач, уларга тижорат учун катта маблағни ишониб топшириб, Шомга жўнатдилар. Пайғамбаримиз Шомга Хадийжанинг қули Майсара билан жўнаб кетдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) қайтгач, Хадийжа (р.а) катта даромадга эга бўлдилар.
Бундан ҳам афзаллари Майсара кўрган мўжизалар бўлди (Айрим уламоларнинг айтишларича бу мўжиза икки фариштанинг қуёш нурларидан пайғамбаримизни тўсганликларидир). Хадийжа (р.а.) дугонаси Нафиса бинт Манияни пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг олдиларига улар билан турмуш қуриш истаклари борлигини билдириш учун юбордилар ва улар турмуш қурдилар. Бу вақтда Хадийжа (р.а.)нинг ёшлари ўттиз тўққиз пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёшлари эса йигирма бешда эди.
Хадийжа (р.а.) вафотларига қадар пайғамбаримиз (с.а.в.)ни қўллаб-қувватладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) одамларни исломга даъват қилганларида душманлар- дан ҳимоя қилдилар, энг қийин вазиятларда ёнларида бўлдилар. Исломни биринчи қабул қилган инсон бўлдилар, маблағларини ислом манфаати учун сарфладилар. Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан рашк қилмадим. Фақатгина Хадийжадан рашк қилдим. Мен уни кўрмадим ҳам. Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон қўй сўйсалар, Хадийжанинг дугоналарига юборинглар, дер эдилар. Бир куни у зотнинг ғазабларини чиқариб: «Хадийжа!»дедим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): «Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», дедилар». (Икки шайх ва Термизий ривояти). Хадийжа (р.а.) пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Иброҳим исмли ўғилларидан ташқари барча фарзандларининг онасидир ва пайғамбаримизга Қосим, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима, Абдуллоҳ исмли фарзандлар ҳадя қилганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўғил фарзандла– ри ёшлик чоғларида вафот этган. Қиз фарзандлари эса, пайғамбарлик даврларида исломни қабул қилиб, Маккадан Мадинага хижрат қилганлар. Фотима онамиздан бошқалари пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаётлик давриларида вафот этганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг амакилари Абу Толибнинг вафотларидан сўнг, Хадийжа (р.а.) ҳам вафот қилганлар. Аллоҳ таоло Хадийжа бинти Хувайлид (р.а.)дан рози бўлсин.
Робия САИДҲАНБАЛОВА
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Гар ошиқ эрсанг...
Гар ошиқ эрсанг, меҳру вафо қилма ҳавас,
Дард истаю, дафъига даво қилма ҳавас,
Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,
Дилдорингдан ғайру ризо қилма ҳавас.
Алишер Навоий
- “Гар ошиқ эрсанг, меҳру вафо қилма ҳавас”.
Шоир айтмоқчики, Аллоҳнинг инояти билан қалбимизга ишқ чўғидан бир зарра тушган бўлса, унинг қадрига етайлик. Яъни, бир нарса эвазига Аллоҳдан кўп нарса талаб қилмайлик. Ошиқ қалб очкўзлик ва қўполлик, шошқалоқлик ва жазавакорликдан йироқ бўлиши шарт.
Мен Аллоҳни севаман дея лоф уриш ақли ноқис кишиларга хос. Бу ишлари ишқни хор тутиш кабидир.
Ошиқман деб Аллоҳдан бирон ҳақ ёки неъмат тамаъ қилиш ярамайди. Чунки Аллоҳдан шунча кўп неъмат ва меҳр олганмизки, ўлчов-ададларнинг чеки бор, аммо бу неъматларнинг адади ва чегараси йўқ. “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим, 34). Бу ишқни ожиз ҳис-туйғулар ила қориштириб юбориш нақадар ёмон.
- “Дард истаю, дафъига даво қилма ҳавас”.
Дард иста, бу дард туфайли дин ва охират муҳаббати туғилади. Унинг кўпроқ бўлиши, сени қамраб олиши қандай бахт. Зеро, фақат ишқ билан бандалик мақоми яхши тушунилади. Намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз арконлари шу ишқ билан баркамол, ният ҳам шу дард туфайли тўғри, муомалалар шу дард изтироби билан салоҳиятли ва беозор бўлади. Бу дардга бегона бўлсак, оламнинг ранглари йўқолиб, зерикамиз, Аллоҳ асрасин.
- “Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас”.
Ҳижрон ва висол муваққат бўлиб, бирининг мавжудлиги иккинчисини йўқ қилади. Яъни, бири иккинчисининг акси, зиддидир. Очликни овқат ейиш йўқ қилгани каби, тўқлик ҳам очликни эсдан чиқаргувчидир. Демак, булар жуфтликда бор бўлган нарсалардир. Қалб ошиғиман деб даъво қилаётган зот эса, бу каби ноқисликлардан, жуфтликлардан, инкор ва исботдан пок ва муназзаҳдир. Қалб бу ишқ заррасидан маст бўлса-да, ўзи ким, бу ишқнинг эгаси ҳам қандай Зот эканини асло унутмасин. Қуръони каримда: “Аниқки, инсонни биз яратганмиз, (демак) унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз”, (Қоф, 16) деб марҳамат этилган.
Бандаси ожиз, лекин қалби бунга эътимод қилиб қолмасин. Аллоҳ меҳрибонлиги ҳам, азамати-ю қудрати ҳам тенгсиз Зотдир. Бу оламларни ақл бовар қилмас дақиқликда яратиб, тарбия этиб, тебратиб турган, бордан йўқ, йўқдан бор қилаётган, нозик капалак қанотининг эпкинини ҳам ҳисобли-ўлчовли этиб ёйган Аллоҳ таоло энг буюк чевардир. Қалб ҳаддини билсин ва унда собит турсин.
- “Дилдорингдан ғайру ризо қилма ҳавас”.
Неъмат Эгасининг ризолигига У берган неъматларга шукрона қилиш билан етилса, зора. Банда Аллоҳ унга берган неъматлар ададига ета олмаганидек, унинг шукронасини адо этишга ҳам шунчалар ожиз. Аммо унинг доимо шукрда бўлмоғи гўзал ва матлуб. Бир нафас олишда икки шукр лозим. Кирган нафас чиқмаса ё чиқсаю, кирмаса, ўша лаҳза банда учун шукр қилиш бахтига, вақтига чек қўйилади. Азизларимиз: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишга улгурмай қолмайин деб, кўп ҳолларда “Аллоҳ, Аллоҳ” дея зикр этиб юришар экан.
Хожа Аҳрор Валий (қуддиса сирруҳу) бу хусусда ёзадилар: “Тоат қанчалик камол топса, буюк ва ҳамиша барҳаёт Аллоҳ таоло шу бандани шунчалик Ўзига дўст тутади, сирларига ошно қилади… Дарҳақиқат, бундай севги Унинг суюк ҳабиби Расулуллоҳга (алайҳиссалом) оиддир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) васфларидан мақсад шуки, муҳаббат у зот туфайли вужуд топади”.
Таъбир жоиз бўлса, ошиқ дилини дорга – у муносиб бўлган ўринга илиб қўйсин, яъни Эгасига берсин. Дилдоридан эса ризолик истасин, холос. Исташ ҳам сал қўполдай… Ҳавас этсин!.. Ҳавас беозор ва беғубор туйғу. Бунда тама, очофатлик, қўполлик ва тезлик йўқ. Ҳавас қилиш Алишер Навоий (раҳматуллоҳи алайҳ) каби иймон эгаларининг одоб-ахлоқи, қалб мевасидир. Ризолик ҳавас этиб кечирилган умр баракотли умр бўлади. Аллоҳ ул зотдан ҳам, бизлардан ҳам рози бўлсин.
Агар бирор банда Аллоҳни севаман деб қолса, бу Аллоҳнинг бандаси қалбига қилган таважжуҳи, берган иймон неъматини зоҳир бўлишидир. Иймон албатта ақл эгаларига берилур. Ақл ила иймон неъматига эга бўлган мўмин киши ишқ саҳросида яна ақлидан адашур, бегона бўлур…
Мир Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ишқнинг уч турли бўлишини зикр этади:
“Биринчи ишқ банданинг ўз Яратувчисига, Холиқига бўлган ишқи. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, комил мўминлар ишқидур. Олий ишқдир. Ишқи куллдур. Куллдан жузълар дунёга келгани каби, ҳар бир ишқ ушбу олий ишқдан ҳосил бўлур.
Иккинчи ишқ солиҳ банданинг солиҳ бандага бўлган ишқи. Яъни Аллоҳ йўлидаги дўстлик. Бу қариндошлик, бойлик, шериклик эмас, балки Аллоҳ ризолиги йўлида юрган икки кишининг дўстлиги, муҳаббатидур. Аллоҳнинг Арши уларга соябондур. Улар бир-бирларига хиёнат қилмайдилар. Хиёнат қилишга Аллоҳдан ҳаё қиладилар.
Учинчи ишқ оммавий мубтало бўлинган ишқ. Яъни эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат. Бу ишқ ҳам жоиз ва эплаган киши учун Аллоҳ ризолигига етказадиган, солиҳ фарзандлар тарбия этиладиган, охиратга захира бўладиган аъмолдур”.
Ишқнинг мазкур уч бобига ҳам рубоийдаги даъват кўлланилса¸ дўстнинг ҳам¸ жуфти ҳалолнинг ҳам ризолигини кўзлаб яшалса¸ қандай гўзал. Мўминлик сифати шу эмасми? Зеро охир-оқибат бориладиган, қайтиладиган жой – бир жойдир. Муҳаббат эса эвазига ҳақ талаб қилинадиган нарса эмас. Ишқ Аллоҳ ризолиги йўлида бўлсагина, ҳақиқий ишқ саналади. Валлоҳу аьламу биссавоб.
Абдумутал АТАБАЕВ
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Араб тили курслари - Қуръон курслари...
Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг 2017 - йил, 13 - ноябрдаги буйруғига биноан мадрасаларимиз ва 2 та олий ўқув юртларимизда «Араб тили курс»лари ташкил этилди. Талабалар қабул қилиш жараёни якунланиб, ҳозирда 9 мадраса, 2 нафар аёл-қизлар мадрасаси ҳамда иккита олий Ислом ўқув юртларидаги кусларда жами 780 нафар талабалар араб тилидан таълим олмоқдалар.
Ўзбекларга хос бўлган ихлосли ватандошларимиз рўйхатга ёзилишга улгуриб қолай деб эрта тонг саҳардан ўқув юртларини эшиги олдига бориб турдилар. Уларнинг ичида ёшлар, ўрта ёш ҳамда ёши улуғ отахонлар ҳам бор. Ҳаммаси бир мақсадда - «Араб тилини ўрганаман!» деб келдилар.
Шу ўринда қизиқ бир савол туғилади: "Ёши улуғ отахонлар кексайган ёшида араб тилини ўрганиб нима қилади? Арабистонга борадими? Ёки сайёҳларга таржимонлик қиладими? Шундай мақсади бор бўлса ҳам уларга 3 ой муддат араб тилини бошдан оёқ ўрганиб олишга етадими?" Албатта, йўқ. Демак, уларнинг мақсади бир - «Мен Қуръон тили - араб тилини ўрганаман!...»
Ўзим ҳам курсга ёзилмоқчи бўлганларнинг бир нечтаси билан тўқнаш келиб, суҳбатлашиб қолдим. Уларнинг ҳаммаси: «Мен қандай ёзилсам бўлади, ахир 60 тагина одам ёзилар экан, менга ўрин етмай қолсачи?!» деган ташвишда эдилар. Тўғри, буни ҳеч ким инкор қилмайди, қалбул қилинувчилар сони озлиги ҳаммани бир маънода кўнглини хира қилади. Лекин узоққа эмас, бир неча ой олдинги кунларга назар солайлик, шу курсда 60 та эмас, 6 дона ўқувчи ўқиётганмиди? Бу курсларнинг ўзи мавжуд эдими? Ахир ҳозир борку, демак, Аллоҳга шукр келтирмаслик қанчалик тўғри бўлар экан? Ахир, Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида:
«Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз(ношукрлик қилсангиз), албатта, азобим шиддатлидир»(Иброҳим сураси 7 - оят) ояти каримасини унутиб қўйдикми?
Ёки ижтимоий тармоқларда баъзи бир инсонлар «Қуръон курсини ўрнига араб тили курси очилибди» деган сўзлари қай даражада ўринли бўлади?
«Ақл эгалари учун белгилар бор» (Оли Имрон сураси, 190 - оят).
...Бир ҳисоблаб кўрайлик, ҳозирги кунда жами 780 талаба тайёрлов курсда таълим олмоқдалар. Улар 3 ойдан сўнг битирсалар, яна янги талабалар қабул қилинади, демак, шу зайлда давом этса, Худо хоҳласа бир йилда 4 марта талабалар алмашади, бу дегани бир йилда жами 3120 битирувчилар бўлади. Бу дегани 3120 Қуръон ўқигувчилар дегани эмасми... Бу дегани ҳар бир вилоятда 240 нафарга яқин Қуръонни тиловат қила оладиган инсон бор бўлади, 240 нафарга яқин хонадонда Қуръон тиловати қилинади. 240 нафар маҳаллада кечаси Мулк сураси тиловат қилинганда бутун маҳаллага Мулк сурасининг фазилатидан баракот ёғилади. Бомдод намозидан сўнг Ясин сураси ўқилганида эса, Ясин сураси фазилатидан бутун қишлоқ устидан Аллоҳнинг раҳмат ва баракоти ёғилади. Шомдан сўнг Воқеа сураси ўқиладиган бўлса, камбағаллик кўрилмайди. Ҳамда бу йили Қуръон мусобақасида жами 5 мингдан зиёд қорилар қатнашган бўлса, келаси йили, иншааллоҳ 2880 нафар иштирокчи қўшилади дегани...
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, она заминимизда олиб борилаётган бундай гўзал ислоҳотларга нисбатан хайрихоҳ бўлишимиз, бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча бу хайрли ишларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Шу билан бирга шошилмасдан, сабр билан, Аллоҳ таолодан намозларимизда бу янгиликларни давомли, янада кенг доирада бўлишини дуо қилиб сўрашимиз керак. Ҳамда бу эзгу ишларнинг бошида турган юртбошимиз, барча раҳбарларимиз, муфтий ҳазратлари ва бошқа масъуллар ҳақига сиҳат-саломатлик, фаолиятларига ривож беришини чин қалбдан дуо қилишимиз - бизнинг бурчимиз. Муборак ҳадиси шарифда:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмонга ғоибона қилинган дуосидан тез ижобат бўладиган дуо йўқдир» - деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Бахтиёр НАЖМИДДИНОВ
Тошкент Ислом институтининг талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўқитувчини йиғлатган жавоб...
Кунларнинг бирида, устоз биринчи синф ўқувчиларига савол берди: “Айтингларчи келажакда ким бўлишни хоҳлайсизлар?”.
Ўқувчилар устозларининг саволига турли жавобларни беришди. Улардан бири учувчи, бошқаси шифокор, яна бири ўқитувчи бўлиш истаги борлигини айтди.
Бироқ, бир ўқувчининг жавоби, устознинг эътиборини тортди. Ҳақиқатдан ҳам, унинг жавоби ўртоқлариникига ўхшамаган эди.
Биринчи синф ўқувчиси:“Мен саҳоба бўлишни хоҳлайман”, деди. Устоз унинг жавобидан ажабланиб: “Нима учун саҳоба бўлишни хоҳлайсан?” деб сўради.
“Онам менга ҳар куни ухлашимдан олдин саҳобаларнинг ҳаётидан ҳикояларни айтиб берадилар. Аллоҳ уларни яхши кўради. Улар Аллоҳнинг розилиги йўлида барча хайрли ишларни бажарадилар, одамларнинг оғирини енгил қиладилар, жамият ривожига катта ҳисса қўшадилар, деб жавоб берди болакай.
Кутилмаганда берилган жавобдан устоз гапира олмай қолди. Бу таъсирли жавобни эшитиб, беихтиёр кўзидаги ёшларни артишга уринаркан, билдики, бу боланинг ортида буюк она бор...
Шунинг учун бу мурғак боланинг истаги ҳам буюк эди.
Авазхўжа БАҲРОМОВ
Тошкент тумани
“Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби
Тақлидчилик оқибати оғир иллат
Эрталаб боласини боғчага ёки мактабга кузатаётган онага эътибор қилганмисиз? У тонгда фарзандини ўпиб-эркалаб уйғотади, ҳатто боламнинг қўли совуқ сувга тегмасин деган хавотирда жўмракнинг сувини бир оз оқизиб, ундан боласи очгани заҳоти илиқ сув келадиган қилиб қўяди. Кейин нонушта чоғида уни роса тўйдириб едиради. Ундан сўнг эса қалин кийимларини кийдириб, оғзига шарфларни ўраб, қўлига қўлқопларини кийгизиб, кўнгли мутлақо хотиржам бўлганидан сўнг кўчага чиқаради.
Боласининг ўзи неварали бўлган оналар ҳам ҳар доим фарзандларини ўйлаб, уларнинг ғамида юради. Эрталаб ўғли ёки қизи ишга йўл олаверади – она дуога қўл очаверади. Уларга бош кийимларини кийишини тайинлайди. Тонгда бошланган дуо улар кечқурун ишдан қайтгунларига қадар давом этади. Чунки она уларни соғу саломат кўрганидан кейин хотиржам тортиб. енгил нафас олади.
Ўзи ухламай, боласини аллалаб чиққан; ўзи емай боласининг оғзига тутган; ўзи киймай боласини кийинтирган, фарзандини ўз жонининг бир парчаси деб билан она фарзандини ҳеч қачон кўчага ташлаб кетмаслиги барчага аён ҳақиқат.
Жангларнинг бирида уруш тугагач, бир аёл йўқотиб қўйган боласини қидира бошлади. Фарзанди ўлганми ёки тирик қолганми – билмасдан гирён эди. Бирданига унинг кўзи мурғак гўдагига тушиб қолади ва у томонга югуриб бориб боласини бағрига маҳкам босиб йиғлай бошлайди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шу аёл ўз фарзандини ўтга-оловга ташлайдими, нима деб ўйлайсизлар?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ, ташламайди, ё Аллоҳнинг Расули”, деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандаларига ана шу онадан-да меҳрибонроқ ва раҳмлироқдир”, дедилар.
Эътибор қилинг-а, Аллоҳ таолонинг биз бандаларига қанчалик меҳрибон эканини кўрсатишда онанинг меҳрига қиёсан айтилмоқда. Демак, ер юзида энг меҳрибон зот она экан.
Оналарнинг ана шундай меҳрибонлиги туфайли авлодлар улғаймоқда, ҳаёт давом этмоқда.
Аммо онасининг меҳри соясида улғайган, фарзанд неъматининг қадрини билмайдиган қайси кўрнамак янги туғилган чақалоғини Сергелида кўчада қолдириб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 27 январь куни соат 14:00 ларда Лутфикор 4-тор кўчасида яшовчи фуқаро уйининг олдидан спорт сумкасига солинган чақалоқни топиб олиб ИИБга хабар берган. Гўдакнинг жинси ўғил экан. Чақалоқ касалхонага ётқизилган. Унинг онасини аниқлаш чоралари кўрилган.
27 январь шанба куни эди. Ўша кун қанчалик совуқ бўлгани эсингиздами? Уни онасими, ким бўлса ҳам ана шу совуқда кўчага ташалб кетган. Яъни унинг мақсади боладан қутулиш бўлган – бола совуққа тиришиб ўлиб қолса ҳам унга фарқи йўқ.
Бу ҳолатдан тахмин қилиш мумкинки, чақалоқнинг отаси ҳам, онаси ҳам инсоний фазилатлар билан чиройли оила қуриб Одам алайҳиссалом авлодлари наслини, Пайғамбар алайҳиссалом умматлари сонини кўпайтиришни ният қилмаган. Улар бутунлай ҳайвоний истаклар измида шаҳватига қул бўлиб яшаган. Ундай десангиз, ҳайвонлар ҳам боласини ташлаб кетмайди, керак бўлса, боласи учун жонини фидо қилади. Демак, уларнинг бу иши ҳайвонликдан ҳам тубанликдир.
Хўп, бундай иллат жамиятимизда қачон, кимларнинг таъсирида пайдо бўлди?
Бундай разилликларнинг асосий манбаси оломон маданиятидир. Агар ёшлар машҳурлик касалига чалинмаса, энг ифлос йўллар билан эса-да, машҳурлик шоҳсупасига чиқиб олган бетарбия, беҳая шармандаларга тақлид қилмаса, улар ичган ичимликдан ичишни, улар кийган кийимларни кийишни, улар юрган йўллардан юришни... орзу этмаса бундай ишлар келиб чиқмайди.
Биз тан оламизми, йўқми, бугунги ёшларимиз бир жинсли никоҳни қонунлаштирган, никоҳсиз фарзанд кўриш одатий ҳодиса саналган давлатлардан андаза олишга интилмоқда. Уларнинг тилини ўрганади, қўшиқларини тинглайди, кийимларини кияди, киноларини, концертларини кўради. Ўзимизникилардан гапирсангиз бурнини жийиради. Ва ниҳоят улардек, бола туғиб кўчага ташлаб кетаверади. Жамият уларни топиб олиб тарбиялайверади.
Имом Ғаззолий ҳазратлари “Иҳёу улумиддин” асарида шу мавзуга оид бир қатор ҳадиси шариф ва ривоятларни нақл қилади.
Бир саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай сўради:
– Ё Расулуллоҳ, кимларга яхшилик қилайин?
Аллоҳнинг Расули:
– Онангга ва отангга, – дедилар.
Саҳоба:
– Онам ва отам йўқ, деб айтди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Фарзандларингга яхшилик қилгин. Ота-онанинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-оналари устида ҳақлари бор, – деб буюрдилар.
Ушбу ҳадисдан фарзанднинг ота-онада ҳаққи борлиги айтилмоқда. Демак, ана шу ҳақни адо этмаганларга қиёматда фарзандлар даъвогар бўлади.
Бандаларга Охир-замон жуда узоқдек туйилса-да, аммо унутмайликки, ҳар банданинг ўзининг “қиёмати” бор. Масалан, мана шу чақалоқнинг ўлимини тилаб совуққа қўйиб кетган кимса ниятига қараб гўдакни ўлдирган ҳукмида бўлди. Аммо чақалоқни меҳрибон инсонлар топиб олди ва унинг ҳаётини сақлаб қолди. Лекин уни шу ерга қўйиб кетган кимсанинг ўзини, айтайлик, машина туртиб кетмадимикан ёки ичкиликдан заҳарланмадимикан, буни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади ва вақти келганда бу сирни очади.
Чақалоқ эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси, унинг таълим-тарбияси жамиятимиз зиммасидадир.
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ матбуот хизмати