Фиқҳ

Абу Ҳанифа ва Имом Молик

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳга қатъий жавоблари

Абу Ҳанифа: “Мен юзга яқин фақиҳлар билан мунозара қилганман, лекин ҳақиқатни тезроқ қабул қилишда имом Моликдек фақиҳни кўрмадим, Аллоҳга қасамки, уни яхши кўриб қолдим”, дедилар. Бу ерда имоми Аъзам бизга ишорат қилаяпдиларки етук олим ҳақиқатни жуда тез қабул қилади.

Замонасининг энг забардаст фақиҳини қийнаб қўйган унинг саволларига жуда ҳам зийраклик билан жавоб берган бизнинг мазҳаб бошимиз имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳга унинг мазҳабини тўғри деб билиб уни инкор қилишга шошилмасдан у зотнинг чиқарган масалаларини батафсил кўриб чиқиб, уни тасдиқ қилиб эргашган мужтаҳидларга Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Шуни билиш керакки! Аллоҳ таоло мужтаҳидларга Қуръон ва Ҳадиснинг ичидан замонасининг энг забардаст олимлари ҳам англай олмайдиган ва ақллари ҳам шошиб қоладиган даражадаги хислатларни берганига амин бўламиз. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ 80 мингта саволга жавоб берган бўлса! Билингки 80 минг марта ижтиҳод қилганлар. Бир масалага жавоб бериш учун сизга қанча илмлар керак бўлади. Оддийгина қилиб айтганда Қуръон, ҳадиси набавий, саҳобалар сўзлари ва ижтиҳодларини батафсил билиш ҳамда ёдда сақлаб бир ҳарфини ҳам зинҳор-зинҳор ёддан чиқармасдан уни маҳорат билан минг марта уйлаб кейин жавоб бериш. Шунга эътибор қилинг! Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ Қуръонни шунақа яхши билардиларки гўё ҳар бир оятнинг нима сабабдан нозил бўлганларига ва шу вақтда росулуллоҳ қандай йўл тутганларини зарра мисли ҳам ёддан чиқармаганлар. Ҳадисни билишга келадиган бўлсак: уни ўзлари ривоят қилган муҳаддислардан кўра яхши билган ва ундан ижтиҳод қилганлар. Ҳадиси расулда у кишининг йўллари гўё у зот ўша вақтда ўзлари ўша ҳадисга гувоҳ бўлган ва уни ёзиб олган саҳоба мислидек бир ҳарфига ҳам хиёнат қилмасдан уни бошқа ҳадисларнинг ичидан росулуллоҳ айтган гапларнинг ичидан жуда моҳирлик билан танлаб уни минг марта тарозига ўлчаб кейин масала чиқарган. Саҳобаларни билишга келадиган бўлсак: имоми Аъзам уларни ота-онасидан ҳам яхши таниган ва уларнинг ичидан энг пешқадам мужтаҳид даражасига етган саҳобалар сўзларини Қуръон ва ҳадисдан масалага жавоб топа олмагандан сўнг уларнинг сўзларини қабул қилган. Қуръон, ҳадис ва саҳобалар сўзларидан ҳам масалага жавоб топаолмагандан сўнг ўзларини ўнглаб учала манбага қиёслаб кейин ўзлари хукм чиқарганлар. Яъни, ижтиҳод қилиш усулини Аллоҳ таоло у кишига илҳом қилган бошқа мазҳаб аҳллари у кишидан ижтиҳод қилишни ўрганган. Имоми Шофеъий у кишининг невара шогирди яъни, шогирди ....нинг шогирди ҳисобланади..

Имоми Аъзам ҳар бир масалани 40 та мужтаҳидлик даражаси етган шогирдларининг ўртасига ҳавола қилганлар. Агар улардан соғ чиқса, у имоми Аъзам масаласига киритилган. Гўё бу қобилият бу шогирдларида ҳам ўз аксини топган эди. Лекин шунга қарамасдан улар бу билан у масаладаги моҳирликни кўриб ақллари шошиб бу истеъдодни ўзларига кўчирма сифатида қабул қилардилар. У зот айтган эканлар: агар мен келтирган масала Қуръон, ҳадис ва саҳобалар сўзларига тескари келса! шундай деворга ўрингларки у чиқарган масалам парча-парча бўлиб кетсин деганлар. Бир ўзлари 80 мингта масалага жавоб бериб қўйганлар. Агар билсак бундай сўзларни фақат Аллоҳнинг мард бандалари айта олади, холос. Имоми Молик роҳматуллоҳи алайҳ ўзлари тушунмаган нарсаларни имоми Аъзамдан сўраб олганларида, у киши шунақа услубда жавоб бердиларки Имоми Молик терлаб кетдилар. Имоми Моликнинг олдида бирор киши гапиришга ҳадди сиғмасдилар. Шундай бўлишига қарамасдан у зот эшитилган ҳар хил гапларга барҳам бериш учун имоми Аъзамнинг олдига мунозарага келдилар:

Имом Молик (роҳматуллоҳи алайҳ) имом Абу Ҳанифа (роҳматуллоҳи алайҳ) билан учрашгандан кейин имом Моликдан сўрашибди. Сизда Абу Ҳанифа ҳақида қандай таассурот уйғонди? Имом Молик чўнтагидан рўмолчани чиқариб, терларини артиб: “Абу Ҳанифа мени терлатди”, дедилар. Сўзларида давом этиб: “Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа ҳақиқатда фақиҳ экан. Яна қасамки, мен бу олимдек мунозара қиладиган фақиҳни кўрмадим. Агар сизларга мана бу темирдан бўлган тўсинни тилладан деса, тўсин тилладан эканига сизларни далили билан ишонтиради!” Кейин Абу Ҳанифадан имом Молик ҳақларида сўрашганда, Абу Ҳанифа: “Мен юзга яқин фақиҳлар билан мунозара қилганман, лекин ҳақиқатни тезроқ қабул қилишликда имом Моликдек фақиҳни кўрмадим, Аллоҳга қасамки, уни яхши кўриб қолдим”, дедилар. Ривоят қилинадики, бир киши имом Моликни олдиларига келиб, шундай савол берибди: “Айтингчи, бир куни йўлда кетаётиб, йўл четида ётган тухум босиб ётган товуқни кўриб қолдим. Кейин унинг тухумини чиқариб олдим. Тухум қўлимдан тушиб кетиб, ундан жўжа чиқиб қолди. Энди у жўжани сўйиб есам бўладими?”, деди. Имом Молик: “Сен Ироқданмисан”, дедилар. У киши: “Ҳа” деб жавоб берди. Имом Молик “бу Абу Ҳанифанинг иши, сизлар ҳаётда бўладиган нарсалар ҳақида савол беринглар. Бўлмайдиган, фойдасиз нарсалар ҳақида сўраманглар”, дедилар. Яна бир киши имом Моликдан сўрабди: “Айтингчи, бир киши бошқа бир кишини “эшак” деб сўкса, унга нима жазо кўрилади”, деди. Имом Молик: “Одобга чақириш учун дарра урилади”, дедилар. Киши: “Агар уни “хачир” деб сўксачи” деганида, имом Молик, “сени одобга чақириш учун дарра уриш керак, чунки сен Ироқликсан”, деб жавоб бердилар.

Имом Молик Абу Ҳанифага эътироз билдириб: “Сиз инсонларни ўзаро тортишувига сабаб бўляпсиз” деди. Унга Абу Ҳанифа: “Эй Молик! Ироқдаги вазият Мадинадагидек эмас. Ироқ ҳозирда халифалик шаҳри ҳисобланади. Ҳар куни янги воқеалар, янги ҳукмни тақазо қилувчи масалалар пайдо бўлади. Ҳозирги кунда Ироқда мамлакатларни фатҳ қилиш авжига чиққан. Буларни барчасига биз фиқҳий тарафдан тайёр туришимиз керак. Ҳаттоки, янги бир масала пайдо бўлса, инсонлар у масалани ечимини билишсин” деб жавоб бердилар. Шунда имом Молик Абу Ҳанифага: “Менга бу янги масалалардан мисол келтирингчи”, деди. Абу Ҳанифа мисолни шундай бошладилар. Бир аёлни эри сафарга кетиб, анча вақт ғойиб бўлди. Ҳалиги аёл эрини ўлди деб ўйлаб, бошқа бир кишига эрга тегди. Шунда аёлни аввалги эри келиб қолса, қандай ҳукм чиқарган бўлардинг эй Молик!”, дедилар. Имом Молик: “Мендан бўлмаган воқеаларнинг масаласини сўраманг”, деди. Абу Ҳанифа: “Эй Молик! бизда (Ироқда) инсонлар ҳар куни ғазот қилиш учун чиқиб, ўз оилаларидан анча вақт ғойиб бўладилар. Шунинг учун мен бундай масалаларга тайёр туришим керак”, дедилар. Кейин унга “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига келиб, бир неча саволларни берган киши ҳақидаги ҳадисни ўзингиз ривоят қилгансизку деди. Ҳадисдаги киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Агар бир киши келиб, мол-мулкимни тортиб олса, нима қиламан”, деб сўради. Росулуллоҳ “бермайсан”- дедилар. Агар мен билан уришсачи? “у билан уришасан” дедилар. Агар мени ўлдирсачи? “сен шаҳид бўласан”- дедилар. Саволини давом эттириб: “агар мен уни ўлдирсамчи?”- деди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “у дўзахда” деб жавоб бердилар. Бунга нима дейсиз эй Молик! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали бўлмаган тўртта воқеага жавоб бердилар. Имом Молик эса: “бу масалаларнинг фойдаси бўлгани учун жавоб бердилар”, деди. Абу Ҳанифа имом Моликка Ироқдаги “масалаларда ҳам фойда бўлгани учун янги масалаларга янги ҳукмлар чиқаришга масъулман” дедилар.

Иккинчи масала:

Агар бир нарсанинг ечими яъни ҳалоллиги ёки ҳаромлиги Қуръони Каримдан, суннати набавийдан топилмаса. Унинг ечими мусулмонларни ижмоси билан бўлади. Шу масалада икки имом ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Имом Молик: “Мадина аҳлини қилган ижмосини олиш керак”, дейдилар. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) динни саҳобаларга қолдирдилар. Дин Мадинада мукаммал бўлди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг вафотларидан кейин улуғ саҳобаларни Мадинада қолдилар. Бундан ташқари ўзларидан кейин қилган амалларини одамларга сўзлаб берадиган тўққизта аёлларини ҳам Мадинада қолдириб кетдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан яшаган ўн мингта саҳобалар Мадинада қолган эди. Шунинг учун Мадина аҳлининг ижмоси ижмо ҳисобланади. Ахир бир ёки иккита саҳоба яшаб ўтган шаҳар, ўн мингта саҳоба яшаган шаҳарга тенг бўладими!?”- дедилар. Ривоят қилинади. Бир киши имом Моликни олдига келиб: “Ихтилоф бўлган масалаларда нима қилай”,-деди. Имом Молик: “Мадина аҳлининг ҳукмини ахтаргин. Агар Мадина аҳлини ҳукмини топсанг уни ҳақ деб билгин”, дедилар. Бошқа бир киши келиб имом Моликдан “Илмни қаердан топаман”, деганда: “Илмни Мадинадан топасан. Ахир Қуръон Фуротда нозил бўлмаганку”,- деб жавоб бердилар. Имом Моликнинг сўзлари тугагач, Абу Ҳанифа ўз сўзларини бошлади. Абу Ҳанифа имом Моликдан ўн уч йил катта бўлганлар. Абу Ҳанифа имом Моликка қараб: “Эй Молик! Умар (розияллоҳу анҳу) нинг даврларида ғазотлар сабабли саҳобалар ҳар хил шаҳарларга тарқалиб кетганлар. Сен эса “Мадинада ўн мингта саҳоба бор” дейсан. Ўзи аслида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни охирги ғазотларида бир юз йигирма минг атрофида бўлганку. Эй Молик! Қолган саҳобалар қаерда?”, - сўрадилар. Имом Молик “Бошқа шаҳарларда”- деб жавоб берди. Абу Ҳанифа: “Эй Молик! Умар (розияллоҳу анҳу) хос саҳобаларни динни ўргатиш мақсадида турли шаҳарларга юборганларини инкор қиласанми ёки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг “Умматимни ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчироғи, Муоз ибн Жабал” - деганларини ва уни Яманга жўнатганларини инкор қиласанми. Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) : “Ким Қуръони каримдан таълим олмоқчи бўлса, Ибн Масъуддан олсин”, деганлариничи? Кейин Умар (розияллоҳу анҳу) Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ни Ироққа жўнатганлар. Буларнинг барчасини инкор қиласанми? Эй Молик!”,- дедиларда кейин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни: “Улардан илм ўрганинглар”, деб васият қилган саҳобаларнинг  исмларини санаб ўтдилар. Улар: Ибн Масъуд ва Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳумо) лар Ироққа борганлар. Яманга Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) , Мисрга Зубайр ибн Авом  ва Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳумо) лар борганлар. Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ, Абу Дардо ва Билол (розияллоҳу анҳум) лар эса Шомга бориб Ислом динини етказганлар. Эй Молик! Буларни инкор қилолмасанг керак. Ёки бу саҳобаларни илми бўлмаганмиди? Нотўғри ҳисобланмайдими? Умар (розияллоҳу анҳу) бошқа шаҳарларга битта ёки иккита саҳобани жўнатиб, Мадинада бошқаларини олиб қолишлиги. Абу Ҳанифа сўзини бошқа ҳадисларни айтиш билан давом эттирди. Жумладан: Умматимнинг умматимга энг меҳрибони Абу Бакрдир. Умматимни ҳалол ва ҳаромда илмлироғи Муоз ибн Жабал. Фароиз илмини билувчироғи Зайд ибн Собит, Қуръонни билувчироғи Ибн Масъуддир. Бу умматни Амини Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ”, деганлар. Бу саҳобаларни бошқа-бошқа шаҳарларга тарқалиш сабаби уммат илмларини янада кўпайтириш бўлган.

Учинчи масала:

Илм мадрасалари икки хил бўлади. Ҳадис мадрасаси. Рай (илмга суянган фикрга рай дейилади) мадрасаси. Абу Ҳанифани илмда ўз қарашлари бор. У киши бир ҳадисдан юзга яқин фойдаларни чиқариб олардилар. Имом Молик эса, буни ошиқча муболаға ҳисоблаб, ҳадисни ўз маъносини қўйиб, бошқа маънони келтириб чиқаришини ҳам маъқул кўрмаганлар. Энди бундай қилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни айтмаган сўзларини таъвил қилиш ҳисобланади”,- дедилар. Абу Ҳанифа имом Моликнинг бу сўзларига раддия қилиб,: “Эй Молик! Сен биз Ироқ аҳлига яхшироқ эътибор бер. Ҳозирги пайтда бизга Юнон, Рим ва Форс фалсафалари кириб бўлган. Бу инсонларни чалғитиб қўймаслиги учун, мен уларни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни тузиб кетган усул услуб манҳажларида собит туришларини истайман. Шунинг учун фалсафачиларга раддия бўладиган жавобларни ҳадислардан ахтаришга ва у ҳадислар борасидада чуқур тафаккур, баҳс қилишга мажбурман. Лекин сен Мадинада саҳоба-тобеинларни ичидасан. Шунинг учун ортиқча кенгчиликка хожатинг йўқ. Аммо Ироқда эса, бизга қарши ҳар қандай ҳужумларни тўсиш лозим. Шунга кўра илмни кенгроқ ўрганмасак бўлмайди” деб жавоб бердилар.

Аллоҳим бизларга уларнинг асарларини тўғри тушуниб ўзларимизни ислоҳ қилишни насиб айлагин. Мазҳабсизликка барҳам бергин. Бутун минглаб китобларни ёзиб ҳам мазҳабдан чиқмаган олимлар йўлини давомчиси бўлишни насиб айлагин.

Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.

Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар”

кафедраси кабинет мудири

Урол Назар Мустофо тайёрлади

Read 11939 times
Tagged under
Top