Фиқҳ

Мазҳабимиз асослари

Мазҳабимиз мавзусида сўз юритар эканмиз, бунда унинг келиб чиқиш тарихи, хусусиятлари, бошқа мазҳаблардан фарқли жиҳатлари ва унинг дунё бўйича тарқалиш сабаблари ҳақида гапириш мақсадга мувофиқдир.

Мазҳаб сўзи луғатда йўл, йўналиш маъноларини англатса, истелоҳда шаръий далиллардан фатволар чиқаришда махсус усул ва қоидаларга таяниб иш кўрган мужтаҳиднинг йўлига айтилади. Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаблар мавжуд. Улар; Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Дарвоқе, бу мазҳаблар келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаблар мавжуд бўлиб, у мазҳаблар муайян бир шахс номи билан эмас балки, шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Ўз навбатида мазкур шаҳар ёки минтақа аҳолиси ўша ердаги уламоларнинг фатволарига амал қилишар эди. Айтайлик Мадина аҳли асосан саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар, тобеинлардан Саид ибн Мусаййаб ва Урва ибн Зубайр (р.а)ларнинг фатволарига амал қилишган. Макка аҳолиси Абдуллоҳ ибн Аббосга ва у кишининг шогирдлари Мужоҳид ибн Жубайр, Ато ибн Аби Робаҳ, Товус ибн Кийсонга, Куфа аҳолиси Абдуллоҳ ибн Масъудга ва у кишининг шогирдлари Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язийд, Масруқга, Басра аҳолиси Абу Мусо ал-Ашъарий, Анас ибн Молик, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрийнга, Шом диёри аҳолиси Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Абу Дардога ва уларнинг шогирдлари Абу Идрис Ал-Хавалоний, Макҳул ад-Димашқий, Умар ибн Абдулазизга, Миср аҳолиси эса Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осга эргашишар эди.

Табиийки, бир шаҳар аҳолиси мазҳаби билан бошқа шаҳар аҳолиси мазҳаби ўртасида жузъий фарқлар мавжуд эди. Бунинг сабаби, фатво берувчи саҳобийларнинг ҳаммаси ҳам Росулуллоҳдан ворид бўлган ҳадислардан бирдек хабардор эмас эдилар. Қолаверса, уларнинг илмий салоҳиятлари ҳам, ижтиҳодий йўналишлари ҳам бир хил эмас эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам: “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган муборак ҳадисни айтганлар ва бундан айнан мана шу хилдаги тафовутни назарда тутганлар. Имом Молик (р.а.) ҳам ўзларининг машҳур “Муватто” (оммабоп) китобларини ёзилиш тарихини зикр қилганларида шундай деган эдилар: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур билан ҳажда учрашиб қолдик, шунда у менга: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман. Сиз одамларга суннат ва фиқҳни баён қилувчи бир китоб ёзинг. Фақатгина, унда Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўллигини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг, уни оммабоп қилиб ёзинг” – деди. Китоб таълиф қилиниб Абу Жаъфар ал-Мансурга тақдим қилинганда, у Имом Моликга: “Мен бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатиб, ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” – деди. Шунда Имом Молик: “Йўқ, ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзи бўйлаб тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киргизган Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилишган. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар.

Кейинчалик, забардас уламолар томонидан саҳобий ва тобеинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Кўфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофеъий ва Боғдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди.

Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофеъийга устозлик қилган, Имом Шофеъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофеъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.

Ҳанафий мазҳаби соҳиби Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.)нинг ўзларига хос ижтиҳод йўллари мавжуд бўлиб, у киши буни қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо, тобеинларга келсак, масалан, Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирийн, Саид ибн Мусаййабларга келсак, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”. Бундан ташқари Абу Ҳанифа ҳадисни ишончли кишилар орасида машҳур бўлмоғини, ровий ўзи ривоят қилган ҳадисига хилоф амал қилмаган бўлишини шарт қиладилар.

Ишончли ривоятларга қараганда Абу Ҳанифа билан Ал-Авзоъий ҳажда учрашиб қоладилар. Ал-Авзоъий Абу Ҳанифага: Нима учун Ироқ аҳли намозда рукуъга боришда ва рукуъдан туришда икки қўлларини кўтармайдилар. Мен Аз-Зуҳрийдан эшитдим, у киши Солимдан, у киши Абдуллоҳ ибн Умардан эшитганларки: “Пайғамбар алайҳиссалом намозда рукуъга боришда ва рукуъдан туришда икки қўлларини кўтарар эдилар”, - деди. Абу Ҳанифа эса: Мен Ҳаммоддан эшитганман, у киши Иброҳимдан, у киши Алқамадан, у киши Абдуллоҳ ибн Масъуддан эшитганлар: “Пайғамбар алайҳиссалом намозда фақат такбиротул эҳромда икки қўлларини кўтарар ва буни бошқа такрорламас эдилар”, - деди. Шунда Ал-Авзоъий: Абу Ҳанифага ҳайронман, мен Аз-Зуҳрийдан, Солимдан, Ибн Умардан ривоят келтирсам, у менга Ҳаммоддан, Иброҳимдан, Алқамадан, Ибн Масъуддан ривоят келтиряпди?, - деб ўзи келтирган ҳадиснинг исноди “олий” эканлигига ишора қилди. Абу Ҳанифа эса, санаднинг олийлигига эмас, балки ундаги ровийларнинг фақиҳлигига эътибор берар эдилар. Шунинг учун ҳам Ал-Авзоъийга: “Ҳаммод Зуҳрийдан фақиҳроқ, Иброҳим Солимдан фақиҳроқ, агар Ибн Умарнинг саҳобий эканликларини эътиборга олмаганда Алқама у кишидан фақиҳроқ, Абдуллоҳга келсак, Абдуллоҳ бу – Абдуллоҳ”, - деб Ибн Масъуднинг даражаларини алоҳида таъкидладилар. Шундан сўнг Ал-Авзоъий жим бўлиб қолди.

Абу Ҳанифа (р.а)нинг ва умуман ҳанафий мужтаҳидларнинг ижтиҳоддаги ўзига хослиги шундаки, бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, улар қиёс ва истеҳсонни кенг қўллайдилар. Хусусан, “истеҳсон” тушунчаси остида урфга ҳам алоҳида эътибор қаратадилар.

Абу Ҳанифа (р.а.) биринчи бўлиб тақдирий (фаразий) масалаларда фатво беришни йўлга қўйдилар. Ҳали рўй бермаган масалаларнинг ечимини олдиндан айтиб ўтганлар. Натижада фиқҳ илмининг соҳаси янада кенгайди. Бу ҳақда Имом Шофеъий (р.а.): “Фиқҳ бобида барча Абу Ҳанифага қарамдир”, - деганлар. Ривоят қилинадики, бир куни Абу Ҳанифадан устозлари Ал-Аъмаш бир масаланинг ечими ҳақида сўрайдилар. Абу Ҳанифа унга жавоб берадилар. Ал-Аъмаш: Сен бу ҳукмни қаердан олдинг? – деб сўраганда, Абу Ҳанифа: “ўзингиз айтиб ёздирган ҳадисдан олдим”, - деб жавоб берадилар. Шунда, устозлари: Мен бу ҳадисни сени ота-онанг ҳали бир-бири билан топишмасдан олдин ёдлаган эдим, аммо унинг ҳақиқий маъносини мана энди тушундим, - дейдилар. Демак, Абу Ҳанифа фавқулотда ўткир фаҳм ва заковатга эга инсон бўлганлар. 

Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ масалалари уч қисмга бўлинади: 1) аслий масалалар, 2) нодир масалалар, 3) фатволар. Аслий масалалар – ривоятларнинг зоҳири деб номланган масалалардир. Булар Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдлари, масалан Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар ва бошқа кишилардан ривоят қилинган масалалардир. Лекин бу масалаларнинг аксари Абу Ҳанифа ва у кишининг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан ёки улардан бирининг гапларидан иборатдир. Муҳаммад ибн Ҳасан аслий масалаларни “Зоҳир ар-ривоя” деб номланмиш китобга жам қилганлар. Нодир масалалар эса, Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинган, аммо “зоҳир ар-ривоят” китобида келтирилмаган масалалардир. Фатволар – мутааххир Ҳанафий мужтаҳидларнинг Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалаларда мазҳаб усуллари орқали чиқарган фатволаридан иборат. Мазкур қисмга оид биринчи китоб Абу Лайс Самарқандийнинг “Китоб ан-навозил” китобидир.

Мазҳабларни дунё бўйича тарқалишининг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Тўртинчи ҳижрий асрга келиб уламолар ўзлари тақлид қилаётган мазҳабларини қўллаб қувватлаб, уни оммага ёйишга ҳаракат қилдилар. Мазҳаб бошлиғининг маноқибларини жамлаб китоб таълиф қилиш, мазҳаблар ўртасидаги ихтилофли масалаларга хослаб китоблар ёзиб, унда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз мазҳабининг имоми келтирган ҳужжатни қувватлашга уруниш, уламолар ўртасида мазҳаблараро муноқашалар олиб бориш ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Бундан ташқари мазҳабларнинг ривожланишида, уларнинг кенг тарқалишида сиёсий ва ижтимоий омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Масалан, Ҳанафий мазҳаби асосан Аббосийлар халифалиги даврида гуркираб ривожланди. Бунда ўша даврнинг қозиси, Абу Ҳанифанинг катта шогирди Имом Абу Юсуфнинг хизматлари катта. У киши халифалик ҳудудидаги қозилик лавозимларига фақат ҳанафий мазҳабидаги олимларни тайин қилдилар. Имом Молик Мадиналик бўлганлари учун Ҳижоз аҳолиси у кишининг мазҳабларини тутишди. Шунингдек, ҳаж зиёратига келган кишилар Имом Молик ва у кишининг мазҳабидаги олимлар билан музокаралар олиб бориши натижасида Африка қитъасидаги давлатларга Моликий мазҳаби кириб борди. Шофеъий мазҳабининг ёйилишида аҳли ҳадисларнинг таъсири катта бўлди. Чунки, Шофеъий ишончли суннатни Қуръондек маҳкам ушлаган, оҳод ҳадисларни ҳужжат қилишни қаттиқ туриб ҳимоя қилар эдилар. Бу эса, аҳли ҳадислар учун айни муддао эди. Ҳанбалий мазҳаби эса фақатгина XIX асрга келиб Саудия ҳукуматининг юзага келиши асносида ривож топди. 

Фатво бўлими мудири

Ҳ.Ишматбеков.

 

Read 10099 times
Top