Фиқҳ

Имом Абу Ҳанифа мазҳабида фиқҳий далилларнинг ўрни

Мазҳабимизни ўрганамиз 

Якка тартибда ривоят қилган ҳадисларга фуруъий масалаларда амал қилиш борасида Имом Абу Ҳанифа ва асҳоблари ҳамда улардан кейинги ҳанафий олимлар Рай – фикр билдириш масаласида бошқа фақиҳлар (ислом ҳуқуқи олимлари) ва барча муҳаддислар қўйган шартларга амал қилишган. Бу ровийнинг адолати ва забти, яъни ҳадисни хотирасида мустаҳкам сақлашидир. Ҳанафий фақиҳлар “забт” маъносининг тафсирида бошқаларга қараганда қаттиқроқ бўлишди. Фахрул ислом Имом Баздавий ўзининг “Усул” китобида буни жуда дақиқ баён қилган. У шундай дейди: Забт – мукаммал билишдан мурод ровий ҳадисни жуда яхши эшитган бўлиши ва ундан ирода қилинган маънони яхши фаҳмлаши ҳамда эшитганини мукаммал ҳолда ёдида сақлаши ва эшитган ҳадисни батафсил ҳифзида сақлашида собит туриши, ҳадисни ривоят этгунга қадар ўзига талабчан бўлишида бардавом бўлишидир. Бу ҳолат икки хил бўлади:

биринчиси, ҳадис матни тартиби ва луғавий маъносини тўла билиши;

иккинчиси, бунга қўшимча равишда мазкур ҳадисни фиқҳ  ва шариат нуқтаи назаридан яхши билиши ҳам қўшилади. Бу мукаммаллик бўлиб ҳисобланади.

Мутлоқ яхши билиш ўз ичига камолотни олади. Шунинг учун ҳам ровийнинг хилқий ғафлати, яъни билмаслиги ёки билимсизлиги ровий забтида ҳадис таркиби ва маъносини мукаммал билиш мавжуд эмаслигига ҳужжат бўлади. Натижада қайси ҳадис кучлироқ ёки ундан мурод нима эканини билишда фиқҳни яхши билган ровийнинг ривояти фиқҳни яхши билмаган ровийнинг ривоятидан устун бўлади.

Юқоридаги мазмундан маълум бўладики, ҳанафий мазҳаб фуқаҳолари “забт” яъни яхши билиш ва англашни нозик қирраларини яхши билган ва ровийнинг фақиҳ бўлишида “забт” маъносини батафсил баён қилишган. Аммо улар ровийнинг ривоятини қабул қилишда уни олиш шарт эканига эътибор қилишмайди. Балки ровийнинг ҳадиси ишончлироқ бўлишини шарт қилишади. Агар икки ривоят бир-бирига зид бўлса: биринчи, фақиҳ, яъни билимдон ровий ривоят қилган бўлса, иккинчисини эса фақиҳ бўлмаган ровий ривоят қилган бўлса, ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари фақиҳ ривоятини афзал биладилар, зеро бу забтлироқдир, билишда кучли, динни кўпроқ билади ва англайди. Биз бу ҳолатни яъни ровийнинг фақиҳ бўлиши муҳим эканлигини Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Зоий раҳимаҳуллоҳ билан баён қилган мунозарасини ўзининг тилидан ривоят қиламиз.

“Суфиён ибн Уина ривоят қилиб, бундай деди: Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Маккада тикувчилар ҳовлисида Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлди. Имом Абу Зоий Имом Абу Ҳанифага деди: “Нима учун сизлар намозда рукуга борганда ва ундан кўтарилганда қўлларингизни кўтармайсизлар?” Имом Абу Ҳанифа айтди: “Шунинг учунки намозни бошлаш вақтидан ташқари руку ва ундан туришдан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтарганлари ҳақидаги ҳадислар саҳиҳ эмас”. Имом Авзоий: “Бу қандай? Менга Зуҳрий у Салимдан, у отасидар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ қўлларини кўтарганликларини баён қилинган-ку?” деди. Шунда Абу Ҳанифа айтди: Бизга Ҳаммод у Иброҳимдан, у Алқама ва Авсдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисдан Расулуллоҳ алайҳии васаллам намозни бошлашдан бошқа бирон бир ҳолатда қўлларини кўтармаганликлари ҳақида ривоят қилингани ҳақида баён этилган.

Шунда Имом Авзоий  раҳимаҳуллоҳ деди: “Мен сизга Зуҳрийдан, у Салимдан, у отасидан ривоят қилган ҳадисни айтсам, сиз Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилган ҳадисни келтирдингиз-а?” деди. Имом Абу Ҳанифа деди: Ҳаммод Зуҳрийга қараганда фақиҳроқ, Иброҳим Салимга қараганда фақиҳроқ, Алқама ҳам Абдуллоҳ ибн Умардан кам эмас, агарчи Абдуллоҳ саҳоба бўлса ҳам Асваднинг фазилати кўп.

Бошқа бир ривоятда шундай келади. Иброҳим Салимга қараганда фақиҳроқ. Абдуллоҳ ибн Умар саҳобалик фазилати бўлмаганда Алқама Абдуллоҳ ибн Умардан кўра фақиҳроқ дердим. Абдуллоҳ эса ибн Масъуддир. Унинг даражасига эса зикр этилганларнинг биронтаси ҳам етолмайди.

Мазкур мунозара шунга далолат қиладики, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳадис устиворлигида ровийнинг фақиҳ билимдонлигини мулоҳаза этган. Шунинг учун ҳам фақиҳроқ билимдонроқ ровийнинг ривоятини юқори даражага қўйган. Бир сўз билан айтганда, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ,  ўз асрида ҳадисни бошқаларга қараганда яхшироқ билган ва тушунган. Ҳадис забтига доир шартларига риоя қилганлиги учун ҳам ҳадис ривоятлари кўп эмас.

Илмий  мунозарада номлари зикр этилган фақеҳларнинг мухтасар сийратлари:

  1. Шом аҳли, Мағриб ва Андалус имоми номи билан машҳур бўлган Абу Амр ибн Йуҳмад Авзоий  (раҳимаҳуллоҳ) 88 ҳижрий санада (707 милодий) Ливаннинг Баълабакка шаҳрида таваллуд топди. У умавийлар ва аббосийлар даврида яшади. Имом Авзоий яшаган замонда илму маърифат юксак даражага кўтарилган эди. Унинг нисбаси Яман қабилаларидан бири Авзоий қабиласига мансубдир. Унинг асрида Молик ибн Анас, Жаъфар Содиқ, Суфён Саврий, Ҳасан Басрий, Муҳаммад Сиррин, Абу Ҳанифа Нўъмон, Лайс ибн Саъд ва бошқалар ҳаёт бўлишган. Имом Авзоий 13 ёшидан бошлаб фиқҳ масалалари ҳақида фатво бера бошлаган, 17 ёшида эса ақидавий масалалар борасида фатво берган. У “Илм талабида сафар қилиш фарз” деган ислом қоидасига бор вужуди ва иймони билан ишонган ва амал қилган ҳолда Шом, Яман, Мадинаи мунаввара, Байтул мақдис ва бошқа  шаҳарларга илм талабида сафар қилди. Бир неча бор ҳаж қилди. Имом Авзоий яшаган замонда жамият ичида турли бидъат ва тортишувлар авжига чиққан вақтда Ислом дини ва Пайғамбар суннатларини у қаттиқ ҳимоя қилди. Имом Авзоий 157 ҳижрий санада (774 милодий) Байрутда вафот этди. Унинг жанозасида мусулмонлар, насоролар, яҳудийлар ва қибтийлар иштирок этишди. Ривоят қилинишича, Маккаи мукаррамада Имом Авзоий билан Суфён Саврий ўрталарида ҳам “намозда қўл кўтариш” ҳақидаги масала устида мунозара бўлиб ўтган.    
  2. Фақиҳ, Ҳофиз, Муҳаддис, Калом илми олими Абу Бакр Муҳаммад ибн Муслим ибн Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шиҳоб Зуҳрий 58 ҳижрий санада Мадинаи мунавварада таваллуд топди. Шу йили мўминларни онаси Оиша розияллоҳу анҳо вафот этгандилар. Имом Зуҳрийнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадислари 2200га етган. Ундан Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа ҳадис ривоят қилишган. Имом Зуҳрий 124 ҳижрий санада 66 ёшда вафот этди.

Имом Зуҳрий Қуръони карим илмлари, араблар насабини яхши билар эди. Унинг хотираси жуда ўткир ва мустаҳкам бўлган. Шунинг учун у хотирани заифлаштиради деб нордон олма емас, доим асалли шарбат ичарди. Унинг устоз ва шогирдлари зиёда кўп бўлган.

  1. Муҳаддис Абу Умар Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мадиналик тобеинлардан бўлиб, Пайғамбаримиздан кўплаб ҳадис ривоят қилган ровийлардан бири. Ўз замонасида Мадинада муфтийлик қилган. Мадинадаги етти фақиҳлардан бири. У ҳазрати Усмон ибн Аффон замонасида таваллуд топиб, ҳижратнинг 106 санасида Мадинада вафот этган, Жаннати Бақиъ қабристонига дафн этилган.
  2. Имом, Ҳофиз, Фақиҳ, Қорий, Мужтаҳид Абу Шибл Алқама ибн Қайс ибн Абдуллоҳ ибн Молик ибн Салмон Наҳаий Кўфий Пайғамбаримиз замонида Мадинада таваллуд топган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган. Кейин Ироқдаги Кўфа шаҳрида яшаган. У Абдуллоҳ ибн Масъуддан таълим олди. У Ибн Масъудга жуда ҳам ўхшашга ҳаракат қиларди. Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Али ибн Абу Толиб вафот этганларидан кейин фатво беришни бошлаган, ҳатто баъзан саҳобалар ундан масалалар ҳақида сўрашарди.

У етук фақиҳ, муфассир, муҳаддис, олим сифатида ўзига ўхшаган етук илмли кўплаб Умар, Усмон, Али, Салмон, Абу Дардо, Холид, Хузайфа, Оиша, Саъд, Аммор раҳимаҳуллоҳ каби саҳобалардан ҳадис ривоят қилган.

Алқама ҳижрий 62 санада 90 ёшда вафот этган. Вафоти олдидан шундай васият қилган эди: “Вафотим яқинлашса олдимда менга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб турадиган кишини ҳозир қилинглар, вафот этсам мени дарҳол қабримга  дафн этинглар, зеро, вафотим хабари жоҳилият хабарига ўхшашидан қўрқаман.

  1. Фақиҳ имом Ҳаммод ибн Аби Сулаймон раҳимаҳуллоҳ куфалик фақиҳлардан бири, У Имом Абу Ҳанифа Нўъмон раҳимаҳуллоҳнинг устози. Абу Ҳанифа ундан ўн саккиз йилдан кўпроқ фиқҳ илмидан таълим олган. Имом Ҳаммод Куфадаги тобеин фақиҳлардан бўлиб, имом Иброҳим Наҳийдан фиқҳ илмини ўрганган эди. Имом Ҳаммод раҳимаҳуллоҳ 120 ҳижрий сана (737 милодий) вафот этган.
  2. Фақиҳ, имом Абу Имрон Иброҳим ибн Язид Нахаий раҳимаҳуллоҳ куфалик фақиҳ, қорий, муҳаддис бўлиб, ҳижрий сананинг 47 да Яманда таваллуд топиб, 96 ҳижрий йилда Куфада вафот этган. У ниҳоят даражада парҳезкор, зоҳид эди, кунора рўзадор эди. Фақиҳ Иброҳим раҳимаҳуллоҳ ўзининг амакиси Алқама ибн Қайс Нахаий ва тоғаси Асвад ибн Язид Нахий ва бошқа кўплаб ровийлардан ҳадис ривоят қилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал у ҳақда шундай деган: “Иброҳим закий, ҳофиз ва суннат соҳиби эди”. 

Манбалар

  1. Усул Фахрул Ислом. 2жуз, 717 бет.
  2. Ҳужжатуллоҳ ал болиға. Деҳлавий. 1 жуз. 231 бет.
  3. Кашф ул асрор, 2 жуз, 818 бет.
  4. Сияр аълом аннубало.
  5. Аттабақот ал кубро. Ибн Саъд.
  6. Тарих Дамашқ. Ибн Асокир.
  7. Албидоя ва анниҳоя. Ибн Касир.
  8. Жоми баён алилм ва фазлиҳи. Ибн Абд албар.
  9. Тазкира ал хуффоз. Хофиз Заҳабий.
  10. Алисоба фи тамйиз ас саҳоба. Ибн Хажар Асқалоний.

 

Абдулҳамид ТУРСУНОВ,

ЎМИ раиси маслаҳатчиси

 

Read 7673 times
Top