Фиқҳ

Акса уриш ва унинг ҳукмлари

Фақиҳ Абул Лайс Самарқандий “Бустонул  орифин” асарида айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида икки киши акса урди. У зот уларнинг бирига “Ярҳамука Роббука (Роббинг сенга раҳм қилсун)” дедилар ва иккинчисига ҳеч нарса демадилар. Саҳобалар “Нима учун бирига жавоб бермадингиз?” деб сўрашди. У зот: “Бири акса урганда Аллоҳ таолога ҳам айтди, иккинчиси ҳам айтмади”, дедилар”.

Аксани паст уриш мустаҳабдир. Акса урганда ҳамдни баланд овозда айтсин, токи ҳозир бўлганлар эшитиб, унга жавоб берадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам паст овозда акса уриб, бошларини қуйи қилардилар.

Акса урувчининг ёнидаги одам ҳам ҳамд айтса яхши бўлади. Ҳадиси шарифда келишича агар киши акса урувчидан илгари ҳамд айтса уч касалликдан омонда бўлади:

  1. Тиш оғриғи;
  2. Жигар оғриғи;
  3. Қорин оғриғи.

“Шарҳи аврод” китобида зикр қилинишича, “Агар киши намоздан ташқарида акса урса, “Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳолин (Аллоҳга барча ҳолатда ҳамд бўлсин), деб айтсин, бошқа сўз айтмасин. У ерда ҳозир бўлганлар “Ярҳамука Роббука (Роббинг сенга раҳм қилсун)” ёки “Яғфиру лано ва лакум (Аллоҳ сизни ва бизни мағфират қилсин)” десин ёки “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум (Аллоҳ сизни ҳидоят қилсин ва қалбингизни ўнгласин)” деб айтсин”.

“Солату Масъудий” китобида айтилишича, акса урувчи “Афоллоҳу лано ва лакум (Аллоҳ бизни ва сизни авф қилсин)” деб айтсин. Агар пайдар-пай уч марта акса урса ва уч марта ҳамд айтса, ёнидагилар уч марта жавоб берсинлар. Уч мартадан зиёда ҳамд айтса, ёнидагилар ҳам жавоб беришда ихтиёрли бўладилар.

“Иҳё улумид дин” асарида зикр қилинишича, акса урмоқ Раҳмондандир, эснаш шайтондандир. Агар эснаш келса, оғзини ёпсин. Ҳар киши акса урганда “Оҳ” деса, Шайтон уни ичида кулади.

Агар бир киши эснамоқчи бўлганида “Пайғамбар алайҳиссалом ҳаргиз эснамаганлар”, деган фикрни кўнглидан ўтказса, эснаш бартараф бўлади. Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу нарсани кўплаб марта  синадик, ўша заҳотиёқ эснаш инсондан кетади”. Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ўзим тажриба қилдим, яъни эснаш келганида Пайғамбар алайҳиссалом ҳаргиз эснамаганлар” деган фикрни кўнглимдан ўтказганимда эснаш мендан йўқолди”.

 

С.Примов

Read 12495 times
Top