Фиқҳ

7 саволга 7 жавоб: Бидъат амаллар

1-савол: Ҳозирда уйнинг тепасига барака келади деб тақа осиб қўйишади. Шу иш мумкинми? 

Жавоб: Йўқ, мазкур ниятда уйнинг тепасига тақа осиб қўйиш асло жоиз эмас. Бу иш хурофот ишлардан ҳисобланади. 

2-савол: Марҳумнинг ёки марҳуманинг вафотидан сўнг унинг фанзандлари қирқ кун шом маҳалигача уйда бўлишлари керак деган гап бор, шунга аниқлик киритсангиз. 

Жавоб: Бу гап бидъатчиларнинг ўйлаб топган гапи. 

3-савол: Инсон вафот этганидан сўнг у инсоннинг хонаси чироғини ёқиб қўйишади. Айримлар буни Исломда нур яхшилик деган маънони билдиргани учун амалга оширилишини айтишди. 

Жавоб: Бу ҳам халқимиз орасида тарқалиб қолган бидъат ишлардандир. Бундай ишлардан кўра, икки оят Қуръон ўқиб, ўтганларга бағишлаш минг марта афзал. Бу каби чироқ ёқишдан турли эътиқодлар қилинса, гуноҳи азим бўлади. 

4-савол: Биз томонларда аза бўлган хонадонда аёллар мато, сочиқ ва чой, хуллас шунга ўхшаш нарса улашадилар, мен уларга бундай нарсаларни улашиш мумкин эмас десам, қуда-қариндошникига борганда бизга беришган, уни қайтармасак бизга қарз бўлиб қолади дейишади. Бундай ҳолда вафот этган киши қарздор бўладими? Бундан ташқари, вафот этган одамга қўй сўйиб марака қилиш мумкинми?

Жавоб: Сиз айтган тарқатишлар шариатимизда йўқ нарсалардир. Вафот этган кишига эҳсон сифатда қўй сўйиб муҳтожларга зиёфат қилиб берса бўлади. Бундан вафот этган одамга савоб боради. Бироқ бу борада ҳам турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлиш зарур. 

5-савол: “Витр” намозида “Қунут” дуосини ўқилиши яхшими ёки “Ихлос” сурасини? “Қунут” дуоси бидъатга кирадими ёки йўқми? 

Жавоб: Витр намозида “Қунут” дуосини ўқиш вожибдир. Буни бидъат деб айтиш бу хатоликдан бошқа нарса эмас. 

6-савол: Уйимиздаги катта опамга бир аёл шундай дебди: “Дастурхонда дуо қилаётганингизда нон қолиб кетмасин. Агар қолиб кетса, қолган нон шайтоннинг насибаси бўлади, еб бўлмайди”, дебди, - “Дастурхонда пичоқ турмасин дуо қилинганда”, дебди. Бу бидъатми ёки бор нарсами? 

Жавоб: Мазкур аёл нотўғри айтибди. Бу ишлар айнан бидъат ишлардир. Бу гапларга асло ишонманглар. 

7-савол: Бизда таъзия бўлган хонадон эгалари сочини қирдириб олади, яъни шу хонадон эркаклари бу қандай амал жоизу нажоизлиги ҳақида маълумот берсангиз. 

Жавоб: Амалнинг шариатга алоқаси йўқ. Сизлардаги урф экан. Бунинг нима эътиқод ва ниятда қилиниши бизга қоронғу. Нима бўлганда ҳам бу бидъат амал бўлиб қолаверади. Чунки шариатда бунинг ҳеч бир асоси йўқ.

 

Савол-жавоблар savollar.muslim.uz сайтидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 11289 times
Top