Фиқҳ

Қушларни қафасда сақлаш мумкинми?

Савол: Кўриниши ва овозидан ҳузурланиш учун қушларни қафасда сақлаш жоизми? 

Жавоб: Баъзи қушларнинг кўриниши чиройли, овози ёқимли бўлади. Гўзалликни барча яхши кўради. Гўзаллик Аллоҳ таолонинг неъматларидандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“Айтинг: “Аллоҳнинг бандалари учун чиқарган зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?..” (Аъроф, 32). 

“У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди) (Наҳл, 8). 

Аллоҳ таоло ҳайвонот, ўсимликлар ва бошқа зийнатларни бандалари учун яратган. Улардан завқланиш, фойдаланиш мубоҳдир. Зийнат ҳисобланган балиқ ва қушларни динимиз амрларидан чиқмаслик шарти билан боқиш мумкин. Бу шартлар асосан қуйидагилардир: 

  1. Уларни боқиш билан фахр ва кибрга берилиб кетмаслик керак. 
  1. Уларни парвариш қилиш ва уларга эътибор бериш зиммасидаги ибодатлардан чалғитиб қўймаслиги керак. 
  1. Улар ўз вақтида озиқлантирилиши лозим. Зеро, мушук боқиб, унга овқат ва сув бермай қийнаган аёлни Аллоҳ таоло азоблагани ҳақидаги ҳадис машҳур. 

Икки “Саҳиҳ”да ворид бўлган ҳадисда Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Менинг эмикдош укам бўлиб, уни Умайр – “Умарча” деб чақиришар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг уйга келсалар: “Эй Абу Умайр, нуғайрни (тумшуғи қизил, чумчуқсимон қуш) нима қилдик”, дер эдилар. 

Аллома Абул Аббос Қуртубий айтадилар: “Уламоларнинг “қушларни қафасда ушлаб туриш” жоиз деган фатволаридан уларга азоб бериш мумкин, деган хулоса чиқмайди, чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳайвонларга азоб беришдан қайтарганлар”. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича: “Қиёмат куни қушлар, ўзларини қафасда сақлаб, оч қолдириб, қийнаган кишининг бўйнига осилишади ва: “Эй Раббим, мана бу мени дунёда азоблаган”, дейди”.

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 10295 times
Top