muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муқаддас Ислом динимизнинг беш арконидан бири бўлмиш Рамазон рўзаси инсониятни баркамолликка етаклашда ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Инсон рўзадорлиги туфайли ҳам руҳий, ҳам жисмоний покликка эришади, сабр қаноати яна ҳам ортади ва тўрт буюк неъмат - моддий, сиҳҳий, маънавий ва ахлоқий неъматлар соҳибига айланади.

Бу қутлуғ ва баракотли ойда, иншоаллоҳ гуноҳлар ювилиб, тавбалар, ихлос билан қилинган дуолар мустажоб бўлғай. Ҳар бир рўзадор бу ойда руҳан покланиб эзгу ниятлар қилмоғи, ахлоқ одоби ила бошқаларга ибрат кўрсатмоғи, меҳр-мурувватли бўлмоғи даркор. Тоат ибодатлар, хайрли амаллар, тутилаётган рўзалар холис Аллоҳнинг розилиги учун бўлмоғи лозим. Шунда Парвардигор уларнинг эвазига улкан ажpy савоблар ато айлаши муқаррар, иншоаллоҳ.

Маълумки, ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари ва қонун-қоидалари мавжуд. Тонг саҳардан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичишдан сақланиш рўзанинг адо этилиши учун зарур бўлган фарзларидир. Лекин салафи солиҳинлар булардан ташқари яна олти шартни ҳам тайин қилганларки, булар рўзадорнинг рўзасини мукаммал, бенуқсон ва мақбул бўлиши шартларидир.

Биринчиси - кўзни шариат ман қилган нарсаларга қаратишдан сақламоқ. Хусусан, номаҳрамларга шаҳват билан қараш ҳам шулар жумласидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркак ва аёлларни ўзларига номаҳрам бўлган кимсаларга қарашдан қайтарган: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар...”, “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар...” (Нур сураси, 30-31оятлар). Айниқса, рўзадор киши бу нарсага катта аҳамият бериши зарур. Акс ҳолда рўзанинг савобини кетказиб, мукаммал бўлишига путур етказади. Шунингдек, ношаръий ўйин-кулгилар, беҳуда томошалар, айниқса, одоб-ахлоққа зид бўлган кўрсатув ва фильмларни кўришдан тийилиш лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Киёмат куни барча кўзлар йиғлаб туради. Аммо, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан юмилган кўз, Аллоҳ йўлида бедор бўлган кўз ва Аллоҳ таолодан қўрқиб, пашшанинг бошичалик ёш чиқарган кўз бундан мустаснодир”, - деб марҳамат қилганлар.

Иккинчиси - тилни беҳуда, ёлғон, гийбат ва гуноҳ саналмиш турли хилдаги гап сўзлардан тиймоқ. Демак, тилни шариат ман қилган сўзлар учун ишлатиш рўзанинг мукаммал бўлишига путур етказади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк этмаса, унинг фақат еб ичишини тарк қилишига Аллоҳ муҳтож эмас”, - деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ҳадисларда икки аёл киши бировларни ғийбат қилиб, охир-оқибат ҳолдан тойиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб оғиз очишга изн сўраганлари, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга бир коса бериб, унга қайт қилишни буюрганлари, шунда иккала аёл ҳам косани тўлдириб қон қусганлари ва бу бировларни ғийбат қилганликлари сабабли шундай бўлганлиги ҳақидаги ривоят ҳам маълумдир.

Учинчиси - қулоқни бефойда ва бемаъни гап сўзларни эшитишдан сақламоқ. Зеро, гапириш ҳаром қилинган сўзларни эшитиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда гапирувчи билан унга қулоқ солувчи баробар эканлигини баён қилиб: “Аллоҳ сизларга Китобда: “Аллоҳнинг оятлари инкор этилаётгани ва мазах қилинаётганини эшитсангиз, то бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан бирга ўтирмангиз!” – деб, (оят) нозил қилган эди. Албатта, сизлар унда (бирга ўтирганда), улар билан (гуноҳда) тенгсиз”, деган (Нисо сураси, 140-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат қилувчи билан унга қулоқ солиб ўтирувчи киши гуноҳда шерикдирлар”, - деб марҳамат қилганлар.

Тўртинчиси - бошқа барча аъзоларни ҳам гуноҳдан сақламоқ. Масалан, қўл билан бировга озор бериш, оёқ билан гуноҳ ишга бориш ва ҳоказо. Кундузи рўза тутиб, ифторда ҳаром нарсалар билан оғиз очиш, ҳалол таомни ҳам ҳаддан ортиқ кўп ейиш кабилар ҳам шулар жумласидандир.

Бешинчиси - ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик. Солиҳлар ушбуларни рўзага шарт қилишларида кўп ҳикмат бор. Зеро, Аллоҳ таоло рўзани инсонга очликни ҳис қилиб туриши учун машруъ қилгандир. Кундузи бир оз оч юриб, ифтордан кейин кўп овқат ейиш биринчидан, рўзанинг ҳикматига зид. Иккинчидан, ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин. Кундузни уйқу билан ўтказиш ҳам рўзанинг савобини кетказади. Чунки, кўп ухлаш ҳам киши умрини зое ўтказишига сабаб бўлади. Рамазон ойида савобли амаллар билан машғул бўлиш ўрнига, уни ғафлатда ўтказиш ҳам айни нодонликдир. Лекин, кечаларни бедор ўтказиш ниятида кундузи бир оз дам олса зарари йўқ.

Олтинчиси - ифтордан кейин рўзасининг қабул бўлган, бўлмаганлигини ўйлаб хавф (қўрқинч) ва ражо (умид)да бўлмоқ. Агар инсон қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан мақтанса савоби бўлмайди. Шунинг учун қилган ибодати ва тутган рўзасида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун истиғфор айтиб, Аллоҳ таолога ёлвориб, уни Ўз даргоҳида қабул айлашини сўраш лозим.

Юқорида санаб ўтилган шартларга риоя қилган ҳолда адо этилган рўза мукаммал рўзадир. Салафи солиҳларнинг рўзалари ана шундай комил ва гўзал рўза эди.

Муборак Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири – “итқун минaннийрон”, яъни “дўзахдан озод қилиш кунлари” деб аталади. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг раҳматига эришган кишининг гуноҳлари кечирилади, гуноҳдан покланган киши эса, дўзахдан қутилиб, жаннатга дохил бўлади. Қолаверса, Рамазон ойининг яна бир фазилати шундан иборатки, Аллоҳ таоло бу ойнинг ичига “Қадр кечаси”ни яширган.

Бу муборак кечанинг қадр деб номланишида икки хил маъно бор. Биринчиси, унинг қадри баланд, у муборак - минг ойдан афзал кечадир. Иккинчиси, бу кечада бандаларнинг келаси йил қадр кечасигача бўлган тақдирлари лавҳул маҳфуздан олиниб, фаришталарга ёздирилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Албатта, Биз уни (Қуръонни) муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. У (муборак кечада) барча ҳикматли ишлар ажрим қилинур” (Духон сураси, 3-4-оят). Шунинг учун бу кечада, ибодат ва дуо билан машғул бўлиш алоҳида фазилатга эга. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Ҳар ким Қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлиб, ибодат қилса, унинг қилган аввалги барча гуноҳлари кечирилади”, - деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).

Рамазони шариф Парвардигор бандаларига Ўз раҳмат ва баракотини нозил қиладиган ойдир. Бу ойнинг таърифи ва унда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб, жумладан: “Бу хайр-эҳсон улашиладиган ойдир. Рамазон ойида мўминларнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган ҳолда савоб берилади”, - деганлар. Шунда саҳобалар: Эй, Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку, - дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўксик кўнгилларини кўтариб: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки бир дона хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо, кимки рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло унга ҳавзу кавсаридан бир қултум сув ичирадики, у то жаннатга киргунча чанқоқ нималигини билмайди...” - деб марҳамат қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, Рамазон ойи мусулмонларни хайру саховатли бўлишга, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатишга ундайдиган ойдир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Тонгги сабо барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” (Муттафақун алайҳ).

Мўмин-мусулмонлар Рамазон ойида эзгу амалларни кўпроқ қилишга ошиқишлари лозим бўлади. Эзгу амаллар деганда аввало, чин ихлос эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни сабр тоқат ила адо этиш тушунилади. Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким Рамазон ойида бирор-бир нафл амални бажарса, у фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, етмишга фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, - деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир. Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу: “Намоз сенга жаннатнинг йўлини кўрсатса, рўза унинг эшигига олиб боради. Садақа эса сени ичкарига олиб киради”, деганлар.

Аллоҳ таоло рўзадор кишилар учун жаннатда махсус бир дарбозани яратиб қўйган бўлиб, бу ҳақда Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қиладилар: “Албатта, жаннатда бир дарбоза борки, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўза тутганларгина киради, бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўза тутганлар қаерда?” - дейилади. Шунда улар ўринларидан туриб ўша дарбозадан жаннатга кирадилар. Кириб бўлганларидан сўнг дарбоза ёпилади ва бошқа ҳеч ким киролмайди” (Муттафақун алайҳ).

Рамазон рўзасининг аҳамияти яна шундан иборатки, у туфайли биз ўз нафсимизни тарбия қиламиз, уни сабрга ўргатамиз, тоат-ибодатда чиниқтирамиз. Чунки рўзада учта хусусият мавжудки, ана шу хусусиятлар туфайли рўзадор мустаҳкам сабру қаноатга эга бўлади. Биринчидан, рўза ибодатдир. Тўлиқ бир ой рўза тутиш учун кишига катта сабр тоқат керак бўлади. Иккинчидан, рўзадор тутган рўзаси мукаммал бўлишини истаб катта-ю кичик гуноҳлардан ўзини тийишга тўғри келади. Албатта, гуноҳлардан тийилиш учун ҳам катта сабру қаноат талаб қилинади. Учинчидан, рўза ибодати очлик ва ташналик каби қийинчиликларга сабр қилишни талаб этади. Ушбу талабларни мукаммал бажарган нафс ёмонликлардан йироқ, яхшиликлар сари интилувчан бўлади, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатишга, Аллоҳ таолога итоат қилишга кўникма ҳосил қилади. Сабр ҳақида Ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: “Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қурони каримда: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилар”, - деб марҳамат қилган”, - деганлар.

Аллоҳ таоло улуғ фазилатларга эга бўлган, раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш Рамазон ойини барчаларимизга муборак қилиб, бу ойда қиладиган ибодатларимизни мукаммал адо этишга муяссар айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ

 

Top