Ҳадиси шариф

Инсонлар билан муомала қилиш одоблари

Инсон ота-онасига муомала қилишда бир қанча одобларга риоя қилиши лозим. 1. Ота-онага хизмат қилишни ва уларни ҳурмат қилишни инсон ўзига фарз деб билиш керак. 2. Молу дунёсини улардан дариғ тутмаслиги керак. 3. Ота-онага қилган хизматини миннат қилмаслик керак. 4. Ота-онанинг юзига тик боқмаслик керак, улар билан гаплашганда ҳам фарзанд бошини хам қилиб гапириши лозим. 5. Фарзанд ота-онасининг чақириғига тез жавоб бериши лозим. Фарзанд намоз ўқиётган вақтда ота-онаси чақирса, жавоб бериши мумкинми? Агар фарзанд нафл намоз ўқиётган бўлса, намозни бузиб, ота-онасининг чақириғига жавоб беради ва намозни қайтадан ўқиб олади. Аммо фарз ёки вожиб намоз ўқиётган бўлса, бузмайди. 

6. Фарзанд ота-онаси билан муоамала қилаётган чоғда юзини буриштирмасин. 7. Гуноҳ бўладиган ишлардан ташқари уларнинг барча буйруқларига итоат қилсин. 8. Фарзанд улар билан сўзлашганда, шунингдек, улар ҳузурида бошқаларга ҳам баланд овозда гапирмаслиги лозим. 9. Ота-онасининг ижозатисиз сафарга бормасин. 10. Доим уларни хурсанд қилиш пайида бўлсин. 11. Уларга қилган эҳсон ва яхшилигини иккинчи ибодат деб билсин. Зеро жаннат оналар оёғи остидадир. 

Қариндош уруғлар билан муоамала қилганда қуйидаги еттита одоб шартларига риоя этиш лозим бўлади. 1. Қариндош уруғлар билан дўстлик, алоқа ва тез-тез хабар олишни одат қилиш керак. Бу нарса инсон умрини зиёда қилади. 2. Молу дунёси билан қариндош уруғларга ёрдам бериб турсин. 3. Хурсандчилик ва ғам-ташвишларида уларга шерик бўлсин. 4. Ёрдам зарурати туғилганда қўлидан келганича ёрдамини аямасин. 5. Қариндош уруғлар қанча жафо қилсалар ҳам, жавобини вафо билан қайтарсин. 6. Уларнинг душманлари билан муроса қилмасин. 7. Уларнинг молига қасд ва тама қилмасин, акс ҳолда ўзи беномус ва қадрсиз бўлиб қолади. 

Қўшнилар билан муоамала қилиш одоблари ўн тўрттадир. 1. Қўшниларга доим илтифотли ва меҳрибон бўлиш. 2. Қўшнилардан насиҳат ва яхшиликни дариғ тумаслиги керак. 3. Агар қўшнисидан ёмонлик кўрса ҳам сабр қилиб, уни беобрў қилмасин. 4. Қўлдан келганича қўшнисига ёрдам ва ҳимоя қилсин. 5. Инсон оғирлигини қўшнисига ташламаслиги керак, балки унинг юкини кўтаришга ҳаракат қилсин. 6. Агар қўшнисининг бирор ҳожатини чиқарса, унга миннат қилмасин. 7. Агар қўшнидан бирор фойда етса, шукр қилсин. 8. Агар кишига қўшнисидан бирор нуқсон етса, шикоят қилмасин. 9. Қўшни агар камбағал бўлса, имконқадар ёрдам берсин. 10. Агар қўшни бирор нарса сўраса, очиқ юзлик билан берсин. 11. Сув, туз ва ўтин каби нарсаларни ундан дариғ тутмасин. 12. Қўшнининг ёш болаларини эркалатсин. 13. Таъзия кунларида таъзия билдирсин ва хурсандчилик кунларида қўшнисини муборакбод қилсин. 14. Агар қўшнининг томорқасига унинг уйи томонидан сув ўтадиган бўлса, сув йўлини доим очиб қўйсин. 

Қўшнилар уч турга бўлинади – қариндош қўшни, бегона қўшни ва ғайридин қўшни. Билингки, қариндош бўлган қўшнининг сизда учта ҳақи бор – қариндошлик ҳақи, мўминлик ҳақи ва қўшнилик ҳақи. Қариндош бўлмаган қўшнининг иккита ҳақи бор – мўминлик ва қўшничилик ҳақлари. Ғайридин қўшнининг битта ҳақи бор – қўшничилик ҳақи. Шунинг учун қўшни ғайридин бўлса ҳам, у билан яхши муоамалада бўлиш зарур. Ғайридин қўшниларга мана шундай гўзал муоамала қилинса, уларнинг мусулмон бўлиши ҳам ажаб эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғайридинлар билан гўзал муоамала қилар эдиларки, агар ёмон мақсад билан келган бўлса ҳам, иймон келтириб қайтар эди. 

Қариндош бўлмаган инсонлар билан қуйидаги олтита муоамала одобларига риоя этишлари лозим. 1. Ҳеч кимга ҳақорат назари билан боқмаслиги керак. 2. Уларнинг суҳбати ва сўзларига орасига кирмаслик керак. 3. Бошқаларнинг ножўя ишлари ва сўзларидан ўзингни ғофил тут, яъни сабр қилиб, ўзингни билмасликка сол. Агар бирор кишидан сенга, динингга ва ё миллатга нисбатан ноўрин ҳатти-ҳаракатни кўрсанг, насиҳат қил. Бу хусусда ҳадиси шарифда “Кимки бир номақбул ишни кўрса, бас уни қўли билан тўхтатсин ва агар қўли билан тўхтата олмаса, тили билан қайтарсин, агар қўли билан ҳам қайтара олмаса, бас дили билан ўша ишни ёмон кўрсин. Лекин қўли ва тили билан қайтара олмай, дили билан ёмон кўриши иймоннинг заифлигидан далолатдир”, дейилган. 5. Барча халққа нисбатан доимо меҳр-шафқатли бўлиш керак. 6. Улардан бирор кишини то ўзингга беғаразлигини билмасанг, суҳбатингга яқин тутма. 

         Соатмурод Примов

 

Read 14040 times
Top