Рамазон

Алвидо Қуръон ойи - Рамазон

Яратган Роббимизга шукрларимиз бўлсинки, мана Қуръон ойи бўлган Рамозон ойи ўз поёнига етиб бормоқда. Бу муборак ойда қўлларимиздан келганича эзгу савоб ишларга интилдик ва Аллоҳ тақдир қилганича муяссар бўлдик. Ана шундай гўзал амаллардан бири  Қуръони карим тиловатидир. Ким Қуръони карим тиловатини кўпайтирган бўлса, улар учун қиёмат кунидаги  шафоат муборак бўлсин, барокатли бўлсин деймиз!!! Чунки улар рўза ва Қуръон орасини жамлаган бўладилар. Зотан Қуръон ва рўза қиёмат куни мўмин кишини шафоат қилишади. У кун камчилик ва нуқсонга йўл қўйган банда учун ҳасрат ва надомат кунидир. Жидди-жаҳд ва қўл шимарган кишилар учун эса саодат ва шафоат кунидир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُ الصِّيَامُ : أَيْ رَبِّ، مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ : مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ. قَالَ : فَيُشَفَّعَانِ). أخرجه أحمد بسند صحيح

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандани шафоат қилишади. Рўза айтади: Эй, Раббим! Мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тийдим, мени унга шафоатчи қилгин. Қуръон айтади: Мен уни кечаси уйқудан тийдим, мени унга шафоатчи қилгин. Шунда уларни шафотчи қилишади”, дедилар. (Бу ҳадисни имом Аҳмад (роҳматуллоҳи алайҳ) саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Яна бошқа ривоятда:

عن أبي أمامه - رضي الله عنه - قال: سمعت رسول الله - صلى الله عليه وسلم - يقول: (اقرؤوا القرآن فإنه يأتي يوم القيامة شفيعاً لأصحابه، اقرؤوا الزهراوين: البقرة وسورة آل عمران، فإنهما تأتيان يوم القيامة كأنهما غمامتان أو كأنهما غيايتان أو كأنهما فرقان من طير صواف تحاجان عن أصحابهما، اقرؤوا سورة البقرة فإن أخذها بركة، وتركها حسرة، ولا يستطيعها البطلة)، والبطلة هم الشياطين والسحرة. رواه مسلم.

 Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қуръонни қироат қилинглар, чунки у қиёмат кунида ўз соҳибини шафоат қилиш учун келади. Қуръондан Заҳровайн- (яъни) Бақара ва Оли Имрон сураларини қироат қилинглар, чунки улар қиёмат кунида худди иккита соя соладиган булут  ёки ўз соҳибини ҳимоя қиладиган бир тўп қушлар каби келадилар. Бақара сурасини қироат қилинглар, чунки уни олиш барака ва уни тарк этиш ҳасратдир. Унга батала – (яъни шайтонлар ва сеҳргарлар)нинг кучи етмайди”, деганларини эшитдим, деди (Имом Муслим ривояти).

Зеро, биз рўза ойида энг яхши фойда оладиган нарса Қуръон қироати ва у ҳақда тадаббур қилиш ҳисобланади. Шундай экан Қуръонга бепарво бўлмайлик! Зеро,  бошимизга Рамозон ойи келди, бу эса биз учун Аллоҳ таолонинг китобига қайтиш фурсатидир. Қандай қилиб шафоатга бепарво бўлган кишидан яхшилик умид қилиш мумкин.

Эй, рўзадор ва ибодатда қоим бўлувчи азизлар! Балки сизу биз ўтказаётган бу Рамозон ойи мусулмон уммати Аллоҳ таолонинг улуғ китобига ишончли қайтиш заруратини эслаётган кунлар бўлса не ажаб! Аллоҳ таоло бу ойни Қуръон нозил қилиш ила шарафи қилди. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-оятида:

 شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَان... البقرة-185.

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”, дея марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг азиз китобини инсоният эргашиши ва уни мустаҳкам тутиши учун нозил қилган. Чунки у қувват ва азизлик манбаи, хотиржамлик ва мартаба асосидир. Унда ҳидоят ва нур бўлиб, ким унга ҳақиқий иймон келтирса, ишонса ва тўғри ихлос қилса, Аллоҳ таоло уни ҳидоятга бошлайди, унга Ўз фазлидан ато қилади ва унга барча яхшиликларда кўмак беради. Ким халқлар орасида мартаба, шараф ва эсланишни истаса, ўзига Қуръонни лозим тутсин! Бу борада Аллоҳ таоло Зухруф сурасининг 44-оятида:

 وَإِنَّهُ لَذِكْرٌ لَكَ وَلِقَوْمِكَ وَسَوْفَ تُسْأَلُونَ

Албатта, у (Қуръон) Сиз учун ҳам, қавмингиз (умматингиз) учун ҳам шарафдир ва яқинда (қиёматда ҳаммангиз) сўралурсиз”, деб марҳамат қилади.

Шунингдек, У зот Анбиё сурасининг 10-оятида:

 نْزَلْنَا إِلَيْكُمْ كِتَابًا فِيهِ ذِكْرُكُمْ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

Дарҳақиқат, сизларга Китоб (Қуръон) нозил қилдик. Унда сизларнинг зикрингиз бордир. (Буни) англамайсизми?!, деган. Яъни унда ким ер юзида халифа (Аллоҳ таолонинг ердаги ўринбосари) бўлиш, хотиржам яшаш ва душманларга ғолиб бўлишни хоҳласа, ўзига Қуръонни лозим тутади, уни тиловат қилади, тадаббур қилади ва унга қўлидан келганча амал қилади. Чунки унинг ҳукмлари дунё ва охиратда мартабадир. Бу қандай улуғ икромдир!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам ва ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Қуръонни қийналиб ўқиган киши учун икки ажр бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Иймоннинг нури тоатлар билан зиёда бўлганидек, гуноҳлар сабаб камаяди. Иймон нурининг зиёда бўлишида энг афзал сабаб Қуръон карим тиловатидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 2-оятида:

 إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آَيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган”, деган.

Шу билан биргаликда, Қуръон қалб касалликларининг энг самарали давосидир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло Юнус сурасининг 57-оятида:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

“Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”, деб марҳамат қилган.   

Албатта, Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан берилган мавъизадир. Дунёда Қуръон оятларидан ҳам балоғатлироқ ваъз борми, ўзи? Қуръонда Аллоҳ таоло томон юриш йўл-йўриқлари очиқ-ойдин кўрсатиб берилган. Кимда-ким, Аллоҳ таоло томон ишончли ва тўғри йўлдан юришни истаса, ўзига Қуръонни лозим тутади. Бу борада Аллоҳ таоло Таквир сурасининг 27-28-оятларида:

 “ لِمَنْ شَاءَ مِنْكُمْ أَنْ يَسْتَقِيمَ,إِنْ هُوَ إِلَّا ذِكْرٌ لِلْعَالَمِينَ

 У (Қуръон), ҳақиқатан, бутун олам (халқи) учун эслатмадир. Орангиздаги тўғри йўлда бўлишни хоҳлаган кишилар учун (албатта)”, деган.

Қуръони карим унинг йўлидан юрувчилар учун шак-зулумат йўлларидан ҳақ-ҳидоят йўлини ажратиб берувчи, нурафшон йўлдир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло Моида сурасининг 15-16-оятларида:

يَا أَهْلَ الْكِتَابِ قَدْ جَاءَكُمْ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمْ كَثِيرًا مِمَّا كُنْتُمْ تُخْفُونَ مِنَ الْكِتَابِ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ قَدْ جَاءَكُمْ مِنَ اللَّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُبِينٌ 

Эй, аҳли китоблар! Сизларга расулимиз (Муҳаммад) келиб, Китобдаги кўпгина сиз яширган (оятлар)ни сизларга баён қилмоқда ва (хатоларингизнинг) аксариятини афв этмоқда. Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики,

 يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур, деб марҳамат қилган.

 Шунингдек, банданинг Аллоҳ таоло томон йўл топиши Аъроф сурасининг 203-оятида:

هَذَا بَصَائِرُ مِنْ رَبِّكُمْ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُون

َ “Бу (Қуръон) иймон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир”, деб баён этилган.

Кимда-ким, Қуръон йўлидан юрса, сироти мустақимни лозим топган бўлади, бу борада Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 174-оятида:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمْ بُرْهَانٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكُمْ نُورًا مُبِينًا  

“Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди. Сизларга яна равшан нур (Қуръон)ни ҳам нозил этдик”, деб марҳамат қилган.

Албатта, Қуръон улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 51-оятида:

 أَوَلَمْ يَكْفِهِمْ أَنَّا أَنْزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ يُتْلَى عَلَيْهِمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَرَحْمَةً وَذِكْرَى لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ 

 “Ахир, уларга тиловат қилинаётган (шу) Китобни Биз Сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта, бу (Китоб)да имон келтирадиган қавм учун раҳмат (мўъжиза) ва эслатма бордир”, деган.

Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу айтади: “Ким имкони борича, Аллоҳ таолога яқинлашмоқчи бўлса, албатта, У зотга ҳаргиз Ўз каломичалик бошқа бирор нарса билан яқинлаштира олмайди”.

Қуръон карим энг афзал ваъз ва энг буюк эслатмадир. Бу нарсалар ким учун ўзи? Аллоҳ таоло Аъло сурасининг 10-оятида:

سَيَذَّكَّرُ مَنْ يَخْشَى 

 “(Аллоҳдан) қўрқадиган киши эслатма олар”, деган. Яна, Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 103-оятида:

 إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِمَنْ خَافَ عَذَابَ الْآَخِرَةِ ذَلِكَ يَوْمٌ مَجْمُوعٌ لَهُ النَّاسُ وَذَلِكَ يَوْمٌ مَشْهُودٌ 

  “Албатта, бунда охират азобидан кўрққанлар учун ибрат бордир. Бу кун одамлар тўпланадиган ва ҳозир бўлинадиган кундир”, деган. Қўрқадиганлар Қуръондан манфааат олиб, у сабаб хавф ва қўрқинчи зиёда бўладиган кишилардир.

 Аллоҳ таолонинг Қуръон учун хос танлаб олган, уни чуқур биладиган ва унинг ҳукм ва кўрсатмаларига тўлиқ амал қиладиган Қуръон аҳли бўлган бандалари бор. Аллоҳ таоло сиз-бизни ўшандай зотлардан қилсин!

Аллоҳ таоло шоҳидки, унга Қуръон карим муҳаббати кирмаган бирор банданинг қалби йўқки, унинг ортидан уни ҳаётга татбиқ қилиш жараёни кечмаган бўлса. Агар инсон қалбига унинг муҳаббати кирар экан, у бу билан қаттиқ таъсирланади. Инсоннинг саодатли ва ҳақиқий иймонли эканининг аломати ҳам Қуръонни севиш, уни эшитиш, тиловат қилишни ёқтириш, у билан ҳаёт кечириш ва яшаш демакдир. Қуръон билан салафи-солиҳларимиз бахтли бўлишган, зафар қучишган ва мукаррамликка эришишган.  Аллоҳ таоло уларга иймон ҳаловатини шундай татитган эдики, натижада улар Қуръондан зикр, шукр, тўғри сўз, асосли иш каби жараёнларда фойдаланиб, пок, ёқимли ва розий ҳаёт кечиришган. Буларнинг ҳаммаси улар Қуръон билан  бирга бўлишганида рўёбга чиққан.

Кимда-ким Қуръон билан бирга бўлса, Аллоҳ таоло ўша банда билан бирга бўлади. Кимда-ким Қуръон билан бирга яшаса, Аллоҳ таоло унинг қалбини Қуръон билан тирилтириб қўяди. Инсон қалбини Қуръони каримчалик бошқа бирор нарса жонлантира олмайди. Инсон қалбини Роҳманнинг каломидан бошқа бирор нарса нурофшон ва чароғон қила олмайди. Агар қалблар Қуръон билан бахтни  ҳис қилмаса, ундан ўзга яна нима билан роҳатланиши мумкин?! Агар қалблар Қуръон билан ҳидоятланмаса, ундан бошқа яна нималар билан ҳидоятланиши мумкин?! Бу борада Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 185-оятида;

فَبِأَيِّ حَدِيثٍ بَعْدَهُ يُؤْمِنُونَ

“Ундан (Қуръон инкоридан) кейин (яна) қайси гапга ишонар ҳам эдилар?!”, деб марҳамат қилган.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Жасия сурасининг 6-оятида:

 فَبِأَيِّ حَدِيثٍ بَعْدَ اللَّه وَآَيَاتِهِ يُؤْمِنُونَ  

“Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга иймон келтирмоқдалар ўзи?!”, деган.

Бу ўзи  “қайси сўз”?, бу улуғ оят бўлган, етук ҳидоят бўлган ва Аллоҳ таоло томонидан улуғ мукофот сифатида берилган ҳидоят асоси бўлган Қуръони каримдир.

Бу ўзи  “қандай ҳидоят”?, бу-ким у билан бирга яшаса, саодат лаззатини топадиган, барокотли, ёқимли ҳаёт кечирадиган ва уни ҳаётда татбиқ этилган ва тиловатини ёдда сақлаб келинган Қуръони каримдир.

Қуръон ўқувчи киши қалб қоралиги нималигини билмайди. Кечаларни Қуръон қироати билан қойим қилиш қалбни мулойим қилади. Аввалида қалбда озгина қоралик бўлиши  мумкин, лекин озгина фурсатдан кейин эса инсон қалби юмшайди. Қуръон бор қалбда қоралик қолмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 23-оятида;

 اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُتَشَابِهًا مَثَانِيَ تَقْشَعِرُّ مِنْهُ جُلُودُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمْ وَقُلُوبُهُمْ إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ ذَلِكَ هُدَى اللَّهِ يَهْدِي بِهِ مَنْ يَشَاءُ

“Аллоҳ гўзал Сўзни (оятлари балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ҳукмлари) такрор-такрор келувчи бир Китоб (Қуръон) қилиб нозил қилдики, ундан (ўқилганда) Парвардигоридан қўрқадиган зотларнинг терилари (баданлари) титраб кетар, сўнгра терилари ва диллари Аллоҳнинг зикрига юмшар (мойил бўлур)”, деб марҳамат қилган. Агар сиз Қуръон билан яшасангиз ва ҳаёт ўтказсангиз, ёқимли ҳаётни қўлга киритасиз!

Аллоҳим бизни Қуръонни ҳақиқий улуғлайдиган, муташобиҳларига иймон келтирадиган, ҳукмларига амал қиладиган, у ҳалол деганини ҳалол, ҳаром деганини ҳаром дейдиган  аҳли Қуръонлардан қилсин!

Аллоҳ таоло Исро сурасининг 9-оятида;

إِنَّ هَذَا الْقُرْآَنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا

   “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур”, деб марҳамат қилган.

Хулоса ўринида бизнинг табаррук Юртимиз аҳли Аллоҳнинг каломига жуда муҳаббатли халқ ҳисобланади. Мана бир ой мобайнида тунлари бедор бўлиб таровеҳ намозларида Қуръони каримни тилавотларини тингладик, ҳузур қилдик. Бу олган малакамиз келаси Рамазонгача қувват ва дарс бўлишида Аллоҳ ҳимматларимизни баланд қилсин. Эшитган ва ўқиган Қуръонларимиз ўтганларимизга нур, ҳаётларимизга сурур ва Ватанимизга барака бўлишини ҳам насиб этсин. Яратган барчаларимизни келаси Рамазон ойига соғу саломат етказсин. Бундай муборак кунларни кўпига шоҳид қилсин!

      

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

Read 100843 times
Top