Ҳадиси шариф

Бир ҳадис учун бир йил

Аллома Ибн Абдулбарр ўз санади билан Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳнинг бир воқеасини ҳикоя қилиб беради. Бундан уларнинг қанчалик илмга муҳаббатлик ва илм талабида кўплаб машаққат чеккани, сабр қилганини, қолаверса ҳар бир ҳадис ва масала нақадар қийинчилик билан бизгача етиб келганини билсак бўлади.   

Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳ пахта савдоси билан шуғулланар эди. Бир бор тажорат юзасидан Кўфага сафар қилди. Бу сафардан мақсад фақатгина тижорат эди. Лекин Кўфага етиб келганида у ердаги ҳадис уламоларини кўриб, ҳазина топгандек ҳурсанд бўлиб кетди ва дарҳол улардан ҳадис эшитиб, илм олишга киришди. Ўша пайтларда машҳур муҳаддис Сулаймон Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ ҳадисдан дарс айтар эди. Ғолиби Қаттон унинг дарсларига қатнай бошлади ва тез орада кўплаб ҳадисларни ёдлаб олди.

Тижорат ишлари ниҳоясига етгач, ўз юрти Басрага қайтиш олдидан устози Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ ҳузурига келди ва шу кеча устозникида қолиб, унинг тунги ибодатларини гувоҳи бўлмоқчи бўлди. Тун охирлаб қолганида Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ таҳажжудга турди. Намозида

شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

“Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир” оятини тиловат қилди.

Ғолиби Қаттон раҳматуллоҳи алайҳ устози бу оятни тиловат қилишидан, бу оят борасида бирор ҳадисни ҳам билса керак, деб ўйлаб қолди. Хайрлашиш чоғида: “Кечаси сиз мана бу оятни такрор-такрор тиловат қилдингиз, бу оят ҳақида бирор бир ҳадисни биласизми? Мен бир йил шу ерда турган бўлсам ҳам, сиздан бу ҳақида ҳадис эшитмадим”, деди. Унга жавобан Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ “Аллоҳга қасамки, бир йилгача бу ҳадисни сенга айтмайман”, деди.

Ғолиби Қаттон савдогар одам бўлиб, савдо ишлари билан Кўфага келган эди. Бир йил мобайнида тижоратини битириш асносида кўплаб ҳадисларни ёд олиб, илм ҳосил қилганди. Энди бир ҳадис, у ҳам бўлса оятнинг фазилати ҳақидагисини, ҳукмлар, яъни ҳалол ва ҳаромга тааллуқли бўлмаганини деб бир йил кутадими?... Лекин Ғолиби Қаттоннинг илмга бўлган иштиёқини қарангки, устозидан бу гапни эшитган заҳоти сафарини бекор қилди. Яна бир йил Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурида истиқомат қиладиган бўлди.

Ғолиби Қаттон бу ҳақда: “Мен у ерда қолдим ва имом Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ дарвозасига ўша кун санасини белгилаб қўйдим. Бир йил тўлгач, “Устоз, Абу Муҳаммад бир йил тўлди, энди ўша ҳадисни менга айтиб беринг”, дедим. Имом Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ:

حَدَّثَنِي أَبُو وَائِلٍ، عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:يُجَاءُ بِصَاحِبِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: عَبْدِي عَهِدَ إِلَيَّ، وَأَنَا أَحَقُّ مَنْ وَفَّى بِالْعَهْدِ، أَدْخِلُوا عَبْدِي الْجَنَّةَ

“Абу Воил менга Абдуллоҳдан ҳадис сўзлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни бўлганда

 شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

оятини ўқиб юрувчи кишини келтирилади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам Мен билан аҳдлашди ва Мен аҳдга вафо қилишга энг ҳақли Зотман. Бандамни жаннатга киргизинглар”, дейди”, дедилар”. (Ибн Абдулбарр "Жамиъу баянил-илми ва фазлиҳи" китобидан) Аллоҳ таолодан барчамизга ўз ҳузуридан комил илм ва ўрганганимизга амал қилишни, илм ва илм аҳлига муҳаббатли бўлишни сўраймиз.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Тошкет ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири, 

 

Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби

Read 9144 times
More in this category: Саҳиҳул Бухорий »
Top