Ҳадиси шариф

Имом ибн Можа

 

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий ал-Қазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири – Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари Робиа қабиласининг бошлиғи бўлиб, Можа исми билан танилган эдилар.

 

Имом Ибн Можа «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 та китобдан бирининг соҳиби бўлмиш имомлардан эдилар.

 

У зот вояга етганда ҳадис тўплаш учун Ироқ, Басра, Куфа, Шом, Миср, Рай каби ўлкаларга сафар қилдилар. Дамашқдаги Ҳишом ибн Аммор, Аббос ибн Валид, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир, Маҳмуд ибн Холид, Мисрдаги Ҳарламата ибн Яҳё, Абу Тоҳир ибн ас-Сирота, Муҳаммад ибн Рамҳ, Муҳаммад ибн Ҳорис, Юнус ибн Абдулаъло, Хумсдаги Муҳаммад ибн Мусаффо, Ҳашшом ибн Абдулмалик, Бағдоддаги Абу Бакр ибн Абу Шайба, Аҳмад ибн Абда, Исмоил ибн Мусо, Абу Ҳайсама Зоҳир ибн Харб каби уламолардан дарс олиб, ҳадислар тўпладилар.

 

Имом Ибн Можа 32 та китоб ёзганлар. Шулардан машҳурлари: «Сунани Ибн Можа» (ҳадис китоблари), «Тафсири Ибн Можа» (тафсир китоблари), «Тарихи Ибн Можа» (тарих китоблари).

 

У зотдан Муҳаммад Исо ал-Абҳарий, Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Маданий, Али ибн Иброҳим ал-Қаттон, Сулаймон ибн Язид ал-Фолий, Абу Тоййиб Аҳмад ибн Руҳ ал-Бағдодийлар дарс олишган ва ҳадис ривоят қилишган.

 

Ибн Можанинг ўзлари ва китоблари тўғрисида уламолар кўп мақтовли сўзларни айтишган. Абу Яъло ал-Ҳалимий айтадилар: «Ибн Можага одамлар ишониб, ҳадис илмида у кишига суянадилар». Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний ўзларининг «Рисолати ал-мустатрофа» китобларида шундай келтирадилар: «Уламолар Ибн Можанинг «Сунан» китобларини ишончли, кучли ва фиқҳ илмида катта фойда беришини кўриб, олтинчи саҳиҳ китоб, деб тан олишди».

 

Ибн Тоҳир айтадилар: «Кимки Ибн Можанинг ҳадис китобларига қараса, боблари кўплиги, бир ҳадис қайта такрорланмаслиги ва ҳадисларнинг чиройли тартибда ёзилганлигини кўриб, ҳақиқатда у зотни ҳадис жамлашда ва китоб ёзишда қандай яхши йўл тутганларини билади. Бу китоб жуда машҳур бўлмаса ҳам, ўзига яраша обрў-эътибори бордир».

 

Абу Ҳасан Али Иброҳим ибн Салама айтадилар: «Имомнинг «Сунан» китоби 32 жуз бўлиб, унда 1500 та боб бордир. Ва бу китоб 4341дан кўпроқ ҳадисни ўз ичига олгандир».

 

Имом Ибн  Можа ҳижратнинг 273 йили вафот этдилар.

 

 

 

 

Read 12429 times
Top