muslim.uz
“Мўминнинг тили қалби орқасидадир”
Инсон болалигидан тил воситасида атрофдаги оламга мурожаат қила бошлайди. Яхши-ёмонни ажрата бошлаган сари тили кўп нарсаларга сабаб бўлишини ҳам ҳис қилади. Гоҳида гапириш кераклигини, гоҳида гапириш ўзига офат келтиришини билади.
Халқимизда тил хусусида жуда кўплаб ҳикматлар, мақоллар айтилгани тил хусусида жуда эътиборли бўлиши лозимлигини билдиради. “Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, “Аввал ўйла, кейин сўйла” каби халқ мақоллари бежизга айтилмаган.
Динимизда ҳам тилга катта эътибор берилган. Ҳатто охират куни энг пушаймон бўладиганларнинг аксари тиллари сабабли қилган амаллари бўлиши оят ва ҳадисда келтирилган.
Ҳикматларда “Мўминнинг тили қалби орқасидадир” деб айтилади. Чунки мўмин инсон аввал ўйлаб кейин сўзлайди. Акс ҳолда ўз гарданига оғир гуноҳларни ортиб олишини, инсонлар орасидан оқибат, ишонч кўтарилишига сабабчи бўлиб қолишини билади.
Тилдан келадиган офатларнинг баъзилари қуйидагилардир:
Ёлғончилик. Одамлар ёлғончидан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилади. Унинг гапларига ишонмайди. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақомининг юксалишига сабаб бўлган сифатларидан бири – у зотнинг амин яъни ишончли шахс ўлароқ танилганлари эди. Шу боисдан динни етказа бошлаган вақтларида ҳатто душманлари ҳам у зотнинг айтларини ёлғонга чиқаришга ботина олмай сеҳргар мажнун деб туҳмат қилишди.
Қуръони Каримда: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқирлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар” (Наҳл 105), деб ҳақиқий ёлғончилар таърифланган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккиюзламачи мунофиқ кимсаларнинг биринчи сифати, улар гапирса ёлғон гапиради”, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедилар. “Мўмин бахил бўладими?” “Ҳа”, дедилар. “Мўмин ёлғончи бўладими?” “Йўқ”, дедилар
Уч ўринда ёлғон ишлатиш жоиз экан:
уруш вақтида ватанни асраб қолиш учун;
одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун;
Оилани ислоҳ қилиш учун. Эр-хотин ажрашиб фарзандлар ота-онасиз қолмасин деган ниятда.
Ғийбат. Киши биродарини ўзи эшитса хафа бўладиган хусусиятлар билан эслаб гапиришига ғийбат дейилади. Ғийбат шундай нарсаки, у одамларнинг айбини очиб қўяди. Одамлар орасига совуқчилик солади.
Қуръони каримда: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ёмон кўрдингизми?! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи меҳрибон Зотдир” (Ҳужурот 12), дейилади.
Барро деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай хитоб қилдиларки, ҳатто хутбаларини уйда ўтирган аёлларга ҳам эшиттирдилар. “Эй тилида ймон келтириб, қалбида иймон келтирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларни айбини очманглар кимки биродарини айбини очса, Аллоҳ унинг айбини очади. Аллоҳ кимнинг айбини очса, уйининг ичида уни шарманда қилади”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам“Ғийбат нима эканини биласизларми?” деганларида саҳобалар “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, дейишди. “Ёмон кўрадиган нарсаси билан биродарингни зикр қилмоғинг”, дедилар. Шунда “Айтган нарсам биродаримда бўлса-чи” дейилганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Айтаётган нарсанг биродарингда бўлса ғийбат қилибсан. Агар айттган нарсанг биродарингда бўлмаса бўҳтон қилибсан”, дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен осмонга кўтарилганмда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, юзлари ва кўкракларини тирнашар эди. Шунда мен биродарим Жаброил, анавилар кимлар деб сўрадим. У “Улар шундай одамларки, кишилар гўштини еб (ғийбат қилиб), уларнинг обрўларига бўҳтон қилишарди”, дедилар.
Ғийбат олти ўринда жоиз бўлар экан:
Қозига шикоят қилиб борганда жавобгарнинг зулми, ёмонлиги хақида гапириш;
бирор кишини ёмон ишдан қайтариш мақсадида унга гапи ўтадиган одамга унинг ёмон одатларини етказиш;
мусулмонларни жамоасини ёмонликдан асраш учун. Бунинг ўзи бир неча кўринишда бўлиши мумкин: оилада, никоҳ масаласи. сиздан дўстингиз, яқинингиз хақида сўралган унинг кимлигини аниқ таърифлаш чоғида камчиликларини айтганда; тижоратда, сафарда, омонат қўйиш каби ишларда маслаҳат сўраган одамга холис етказиш.
ёмон қилиқли одамнинг ёмонликларидан ён-атрофдаги одамларни огоҳликка чақириб унинг феълидаги ноқисликни айтиш;
таниб олиш учун. Бир одамни унинг лақаби ё нуқсони орқали таниш мумкин ҳолларда унинг нуқсонини, лақабини таниш учун айтиш. Нуқсонни кулиш учун айтиш ҳаром.
Туҳмат. Ўзаро муносабатларнинг ёмон томонга оғиб кетишга, бунинг орқасидан кўплаб уруш-жанжаллар, келишмовчиликлар чиқишига олиб борадиган яна бир тил офати бўҳтондир. Шариатда ҳам дунёвий қонунчиликда ҳам туҳмат қилган шахсга жазо жорий қилинганидан туҳматчининг икки дунёда оқибати ёмон бўлишини билиш мумкин. Туҳмат ғийбатдан фарқли ҳолда киши биродарида йўқ нарсани унга нисбат бериш билан бўлади. Йўқ нарсани нисбат берувчи кимсанинг қалбида инсонларга нисбатан раҳм-шафқат йўқлиги, ўзининг фойдаси учун ҳар қандай қабиҳликка тайёр шахс эканини билса бўлади. Бундай одамларнинг динимизда гувоҳлиги қабул қилинмаслиги туҳмат нақадар оғир иш эканини англатади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин” дедилар”.
Ушбу маънодаги ҳадислардан киши беҳуда гапни кўп гапирса виқорининг кетишига сабаб бўлиши аён бўлади.
Одамлар орасида тарқалган тил офатлари, айниқса, ёшлар орасида қандай ривожланганига эътибор бермоқ даркор. Уларни жамиятга, дину диёнатга фойда келтирадиган гапларни гапиришга ўргатиш керак.
Аллоҳ таоло барчамизни тил офатларидан сақлаб, жамиятда манфаатли кишилардан бўлишимизни насиб этсин!.
Раҳимжон МАРҲУМОВ,
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-хатиби
Аббос Инъом Хўжа Бухорий
Аббос Инъом Хўжа ҳижрий 1307 (1889) йили Қўқонда туғилган. 15 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. 16 ёшида Бухорога бориб “Мир Араб” мадрасасига ўқишга кирган. Мадрасада ҳанафий фиқҳи, тафсир, мантиқ, фалсафа ва бошқа бир неча фанларни пухта ўзлаштирган. Бухорода бир неча йил истиқомат қилган. Сўнг Самарқандга келиб “Хуртнақ” деган жойда яшаб Бухорода олган илмларини такрорлаган. Кейин Афғонистонга ўтиб Пешавор шаҳрига борган. Ўша вақтда 30 ёшда бўлган. Илмини янада ошириш мақсадида Ҳиндистонга сафар қилган. У ердаги мадрасаларнинг бирига ўқишга кириб ўқишни давом эттирган. У ерда ҳам 5 йил яшаганидан кейин Девбанддаги университетга ўқишга кириб икки йил таълим олган. Сўнг “Аҳмир” шаҳридаги бир масжидда имомлик қилиб, Қуръони каримдан уч йил дарс берган.
Иккинчи жаҳон уруши, бошланган кезларда Ҳиндистондан Бағдодга сафар қилган. У ерда олти ой давомида бир неча қироатлар бўйича таълим олган. Сўнг Шомга бориб у ерда 2 ҳафта туради ва ҳижрий 1360 (1941) йили Мадинаи Мунавварага бориб ўша ерда яшаб қолган.
Мадинада қурролар устоди Шайх Ҳасанга қироатлар бўйича таълим олиб, у кишидан бир неча қироатлар бўйича ижоза олган. Шунингдек, ҳижрий 1360 (1941) йилдан бошлаб “Мадрасатул Ўзбекия”да Қуръони карим, қироатлар ва бошқа бир неча илмлардан вафот этгунига қадар дарс берган.
Устозлари:
- Шайх Асвад Махдум, у киши Бухоронинг улуғ устозларидан.
- Шайх Ҳусайн Аҳмад Маданий.
- Шайх Иброҳим Милёвий
- Шайх Иъзоз Алий
- Шайх Абдус Самиъ. Ундан турли илмлардан таълим олган.
- Шайҳ Абдул Қодир хатиб, Бағдоддаги “Абу Ҳанифа” масжидининг имоми, у кишидан етти қироатдан ижоза олган.
- Шайх Ҳасан, у кишидан ҳам бир неча қироатдан ижоза олган.
Шогирдлари:
- Шайх Муҳаммад Алий Санадий ундан “Манзуматуш шотибийя фил қироаатис сабъ”, “Манзуматуд дурратул музийя фил қироаатис саласил мутаммима лил аъшр”, “Алфияту ибни Молик”, “Талхисул мифтаҳ” ва бошқа бир неча китоблардан дарс олиб, 10 қироат бўйича ижоза олган.
- Шайх Саййид Абдул Карим ундан “Манзуматуш шотибийя фил қироаатис сабъ”, “Алфияту ибни Молик” ва ва бошқа бир неча китоблардан дарс олган ва у кишининг 22 йил хизматини қилган.
Ҳафс Осим ундан Қуръони карим бўйича дарс олган бир неча қорилар мавжуд деб, уларнинг баъзиларини қуйида келтирган:
- Ислом Аҳмад Ҳофиз
- Абдул Ҳафиз Покистоний
- Маданий Бухорий
- Абдур Раҳмон Бармовий
- Нурул Ислом Бармовий
- Муҳаммад Ҳасан Ямоний
- Муҳаммад Солим Ямоний
- Устоз Яҳё Абдул Ҳодий Ямоний
- Муҳаммад сойф Ямоний
- Жамил Ямоний
- Нозим Абдул Малик Ямоний
- Муҳаммад Ямоний Аббос Бухорийдан олти ойда Қуръонни ёд олиб ўтказади
- Абдул Мажид Аҳмад Балуший
- Абдуллоҳ Муҳаммад Балуший
- Билол Абдул Азиз Покистоний
- Назир Аҳмад Покистоний
- Айюб Абдул Ваҳид Бангладеший
- Маҳмуд Абдул Ваҳид Бангладеший
- Абдур Раҳмон Кувайтий
- Абдул Ҳамид Санадий
- Устоз Абдуллоҳ Давлат Бухорий
- Аҳмад Муҳаммад мулла Абдул Қодир
- Абдур Рауф Абдур Рашид Ҳиндистоний
- Мутиъуллоҳ Бухорий ва бошқалар.
Шайх Аббос Бухорий ҳижрий 1407 (1987) йилнинг 20 декабрида Мадинаи Мунавварада вафот этган. Жанозаси пайшанба куни бомдод намозидан сўнг Масжидун Набавийда ўқилиб Бақеъ қабристонига дафн қилинган.
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
Яхшилар юрти – бу
Меҳрли-оқибатли миллатмиз. Юртимиз одамлари азалдан бир-бирларига ёрдам бериб, бири иккинчисининг мушкулини осон қилиб, ана шу ишидан ўзлари беҳад мамнун бўлиб келган. Аммо одамларнинг кўмаги, хайрихоҳлиги, ёрдамининг ҳам даражалари бор. Бири сизга бир ишда ёрдам берса, унинг эвазига сиздан нимадир истайди. Унинг сиздан истагани унчалик малол келмагани боис ундан миннатдор бўласиз. Бошқа бири эса сизнинг мушкулингизни мутлақо беғараз ҳал қилмоққа ҳаракат қилади. Бу тоифа одамларни – жавонмардлар дейдилар.
Ойиша онамиз ўзларига келган ҳадяларга қўл ҳам теккизмасдан бир киши орқали муҳтожларга бериб юборар, дастёрдан ҳадяни олган одамнинг дуосини ёдлаб келишни тайинлар эканлар. Дастёр қайтиб келганидан сўнг ҳадяни олган кишининг дуоларини ундан сўраб олиб, ўша ҳожатманднинг ҳам ҳаққига айнан ўша дуони қилар эканлар ва ана энди эҳсонимиз беғараз бўлди, дея хотиржам тортар эканлар.
Яқинда Тошкентга келаётиб, Самарқанд вилоятидан чиқаётган чоғда, овлоқ ерда машинамиз бузилиб қолди. Нима қилишни билмай ўйланиб турган эдик. Бир машина тўхтаб ундан тўлароқ бир одам тушиб келди-да, нега турганимизни сўради. Биз машинамиз бузилиб қолганини айтдик. “Бундан беш-олти километр нарироқда бир устахона бор. Ҳозир ўша ёққа бир иш билан кетяпман, сизнинг машинангизни тортиб кета қоламиз ”, деди у. Шу гап билан машинани тортиб устахонага йўл олдик. Тажангроқ одам эканми, бора-боргунча йўл юзидаги одамларнинг кўнглига ўтирмаганларини сўкиб борди. Боргандан сўнг кўнгилдан чиқариб берган пулимизни “Бу кам яна қўшинглар”, деди. Айтганидек қилиб бердик. Бир оздан кейин чунонам шамол бўлиб жала қўйдики, бу ҳолни кўриб у одамдан жуда ҳам миннатдор бўлдик.
Ўша куни байрам эди. Шу боис кўп дўконлар ишламади. Машинамизнинг бузилган эҳтиёт қисмини Жиззахдан қидириб кунни кеч қилдик. Шунда устахонадагилардан бири: “Узоқроқ қишлоқда бир уста бор. Ўшанга борсанглар шу матоҳнинг ўзини бир амаллаб Тошкентга боргунча ишлайдиган қилиб беради”, деб қолди. Бузилган матоҳни ечиб олдик-да бир такси ёллаб, у айтган қишлоққа бордик. Уста уч соатлар чамаси уриниб уни аранг тузатгандек бўлди. Қайтиб келиб уни машинага ўрнатиб олгунимизча тун яримдан оғди.
Машинамиз ўт олганидан хурсанд бўлиб, устахонадагилар билан ҳисоб-китоб қилдик-да, йўлимизда давом этдик. Аммо довонга чиқаверишда машина ўчиб қолди – тузаттириб келган матоҳимиз яна бузилди.
Ярим тун. Довонга кўтарилишда турибмиз. Бундай ноқулай жойда кундуз куни ҳам бирорта машина тўхташи даргумон. Чиқмаган жондан умид дея ўтган-кетган машиналарга қўл кўтара бошладик. Бир машина тўхтаган эди, битта жойи бор экан ёш болали шеригимизни чиқариб юбордик. Яна бир-икки машина тўхтаб ҳол-аҳвол сўраб кетди. Кейин Самарқанднинг давлат рақамини таққан бир “нексия” тўхтади. Ундан офтобда қорайган, баланд бўйли, зуваласи пишиқ, кулар юзли бир йигит тушиб келиб биз билан ҳол-аҳвол сўрашди. Вазиятни ўрганганидан сўнг “Машинамда жой йўқ эди ака, – деб хижолат бўлди-да, сўнг бирдан юзи ёришиб, – машинингизни бирорта яқинида устахона бор ошхонагача тортиб борсам-чи, ошхонада у-бу нарса еб тонггача дам оласиз-да, эрталаб усталарга машинани кўрсатасиз”, деди.
Бу фикр бизга ҳам маъқул бўлди. Ўн беш-йигирма чаыиримча йўлга машинамизни тортиб кетди. Манзилга етиб пул узатиб шунча ялинсак ҳам олмади. Унинг самимият билан жилмайиб турган чеҳрасига қараб туриб Шеърозийнинг “Гулистон”идаги бир ҳикоя ёдимга тушди. “Саъдийнинг ниҳоятда ночор аҳволда яшаётганига раҳми келган бир киши унга: “Фалон маҳаллада бир бадавлат одам яшайди. Унга бориб аҳволингизни маълум қилсангиз, шоядки, сизга ёрдам бир кўрсатса”, дебди. Ўша одам айтган манзилга борган шайх қараса, бир бадбуруш одам қовоғини солиб ўтирган эмиш. Индамай орқасига қайтибди. “Шунча йўл босиб келиб нега ҳеч нарса сўрамасдан қайтяпсиз”, дебди уни эргаштириб келган киши Саъдийнинг ҳолига таажжубланиб. Шайх унга: “Эҳсонини ўзининг турқига бағишладим”, дея жавоб берибди”.
Очиқ юзли кишидан ёрдам исташ лозимлиги буюрилган ҳадиси шариф ҳақиқатига ушбу ҳикоят ҳамда ана шу воқеа сабаб яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Пайғамбар алайҳиссалом яна бир ҳадисда: “Банда диндош биродарига ёрдам бергани заҳоти Аллоҳ таоло унга ёрдам этади” (Имом Муслим, Имом Абуд Довуд, Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилганлар. Шунга мувофиқ биз ўша исмини ҳам сўраш хаёлимизга келмаган дўстимизнинг мушкулларини осон қилсин деб дуо қилиб қолдик.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
98 ёшли Габдураҳим ота ва полковник Узоқвой Ахроев
Юртимизда ҳар йили 9 май куни хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида жойларда турли тадбирлар ўтказилади. Мамлакатимиз бўйлаб дам олиш куни сифатида кенг нишонланади, айниқса улуғ ватан уришида ҳалок бўлганлар ҳақига дуолар қилинади.
Бугун табаррук ёшга етган уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, Давлатимиз томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилади. Бу йил ҳам айни шу кунларда юртимизнинг қишлоқ ва шаҳарларида, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 - май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлашмоқда. Ушбу сана сабабидан қалбларда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, қадр-оқибат, хайр-саховат янада кучаяди. Чунки ёши кексаларнинг дуоларини олиш, урушнинг даҳшатли асоратларини уларнинг ўз оғизларидан эшитишнинг инсон қалбига таъсири кучли бўлади. Ана шундай улуғ ёшдаги иккинчи жаҳон уруши қатнашчисидан икки нафари ва бир нафар фронт ортида хизмат қилган кекса ота Яшнобод тумани “Пул емас ота” жоме масжиди ҳудудида истиқомат қилади:
Исҳоқов Габдураҳим Муҳаммадгатович 1919 йил 10 феврал куни туғилган (манзил: Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани Зангори кўча 2 тор кўча 3 уй). Ҳозирда салкам юз билан юзлашиб қолган отахон 1941 в 1945 йилларда фронт ортида самарали меҳнат қилган.
Полковник Ахроев Узоқвой Бақулович 1925 йил 10 феврал куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ҳозирда 94 ёшни қаршиламоқда. 1942 йил Сталингарад, Украина, Полша, Гоҳмин ва Берлин каби шаҳарларнинг босқинчилардан озод этилишида жасорат кўрсатган. Сўнг Японияда жанг қилиб 1950 йили она юртига қайтади. Ўзбекистон темир йўллари институтини тамомлаган Узоқвой ота урушдан қайтгач, 40 йил мобайнида Авиационний заводда снобженист лавозимида ишлади.
Сапаров Тоғойвой ота 1925 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирда Алимкент кўчаси 7 уйда истиқомат қилаётган бу отахон ҳам умрининг энг жўшқин даврларини урушда ўтказган, шу она Ватан учун борига шукр қилиб, йўғида сабр билан бугунги доруломон кунларда фарзанду набираларига насиҳатгўйдир. Айни байрам кунларида “Пул емас ота” жоме масжиди имом хатиби Тоғаев Хайрулло (Авғон уруши қатнашчиси) ва ноиби Ўрозов Абдувоҳид бошчилигида жамоа аъзолари билан биргаликда мазкур улуғ ватан уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олишди. Отахонларга арзимас бўлсада, совғалар улашиб, насиҳатлар эшитиб, табаррук дуоларига мушарраф бўлишди.
“Пул емас ота” жоме масжиди матбуот хизмати
ҒАФЛАТДА ҚОЛМАНГ! Бу кеча тақдирлар, воқеа-ҳодисалар, қисматлар белгиланади
#ЭСЛАТМА
Бароат кечаси Шаъбон ойининг ўн бешинчи яъни 2017 йилнинг 11 майдан 12 майга ўтар кечасига тўғри келади.
“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси (2017 йилнинг 11 майдан 12 майга ўтар кечаси)га тўғри келади.
- Бу қандай кеча?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй Ойша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” дедилар.
Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим.
“Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар.
- Бу кечада нималар содир бўлади?
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бу кечада (яъни шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?” дедилар.
Ойша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.
У зот: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар.
- Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади”.
***
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади”.
***
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи”, дедилар.
- Бу кеча дуолар қабул бўлади.
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан)бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар).
***
Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Бизга шу гап етдики, беш кечада дуолар қабул қилинар экан: жума кечаси, ийдул азҳо кечаси, ийдул фитр кечаси, ражаб ойининг аввалги кечаси ва шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси”.
- Бу кеча одамлар дўзахдан озод қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар:
“Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан)тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”.
- Бу кеча қандай амалларни бажариш лозим?
- Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг;
- Тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилинг;
- Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг;
- Тоқатингиз етганича зикрлар, нафллар, Қуръон тиловати қилинг;
- Имкон топсангиз шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича:
“Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди) дедилар (Ибн Можа ривояти).
- Бу кечани бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бешта кечани ким тирилтирса (бедор ўтказса), жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
MUSLIM.UZ