muslim.uz

muslim.uz

Сирдарё вилоятида ҳам муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилди.

– Сирдарё вилоятида бу йилги Рамазон ойида 72 та жомеъ масжидда таровеҳ намозлари ўқилади. Шундан 43 та масжидда мукаммал хатми Қуръон ўқилади, – дейди Сирдарё вилояти бош имом хатиби Ҳабибуллоҳ Зокиров. – Барча масжидларда Қуръони Карим хатми бир маромда бир хил ўқилади ва хатмнинг якуни Қадр кечасида бўлади. Айни пайтда вилоятнинг барча масжидларида намозхонлар учун зарур шароитлар яратилиб, масжидлар атрофида автотураргоҳлар ташкил этилган. Таҳоратхоналар тартибга келтирилиб, овоз кучайтиргичлар соз ҳолатга келтирилган. Бир сўз билан айтганда юртдошларимиз намозларини мукаммал адо этишлари учун масжидларимиз тайёр ҳолда. Бундан ташқари муборак Рамазон ойи давомида муҳтожлар учун саховат, меҳр-мурувват тадбирларини ўтказишни ҳам режалаштирганмиз.

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли билан бўлган суҳбатни эътиборингизга тақдим этамиз.

Аллоҳ таоло ушбу суҳбатни хайрли ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Сардоба сув омбори талофатидан зарар кўрган Мирзаобод туманидаги “Ҳазрати Усмон” жоме масжиди биноси ҳомийлар кўмагида қайтадан қурилиб битказилди.

Наврўз байрами куни мазкур жоме масжидининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров, туман ҳокими Жонибек Яриев ва сектор раҳбарлари иштирок этишди.

Масжид ички, ташқи қўшимча айвонлари билан 1000 нафардан ортиқ одамни сиғдира олади. Ташқи тарафдан масжидга 27 метрли минора ўзгача кўрк бағишлаб турибди.Таҳоратхона ва масжиднинг ички қисмлари ҳам  дид билан безатилган бўлиб бу ерда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.Муборак Рамазон ойи аввалида ушбу масжиднинг фойдаланишга топширилиши Мирзаобод аҳли учун унутилмас тарихий воқеа бўлди.

Ш. Суяров, ЎзА

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан рўзадорлар учун соғлом овқатланиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсияларга амал қилиб, ортиқча вазндан халос бўлиш, қон босими ва организмдаги холестерин миқдорини пасайтиришга эришиш мумкин.

Хусусан:

кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда салқин ва соя жойларда қолиш ҳамда қуёшда узоқ юрмаслик тавсия этилади;

ифторлик ва саҳарлик оралиғида кўп миқдорда сув ичиш мақсадга мувофиқ, чунки кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп тер ажралишига сабаб бўлади.

Шу боис кун давомида йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш эҳтиёжи юзага келади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.

Серсув маҳсулотлар тановул қилиш орқали ҳам бу меъёрни қисман қоплаш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин дессерт сифатида ҳўл мевалардан ейиш фойдали.

“Ачиқ-чучук” салати таркибидаги бодринг ва помидор ҳам серсув неъматлар ҳисобланади.

Шўрва ёки сабзавотли салатлар сингари сувга бой таомларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.

Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб турган маъқул. Чунки бу модда инсон организмида сув миқдори камайиши (дегидрация)га олиб келади.

Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқармаслик зарур.

Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келади. Қисқа муддатли сайр ёки чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Аммо кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Top