muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан олиб борилган манзилли изланишлар натижаси ўлароқ, Мисрнинг «Ал-Азҳар» диний мажмуаси архив ва кутубхона фондидан Ўзбекистон тарихига оид қўлёзма ва нодир нашрларнинг янги рақамли маълумотлар базаси олинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Ал-Азҳар» диний мажмуаси қошидаги Ислом тадқиқотлари академияси (ИТА) Бош котиби Назир Муҳаммад Айёд томонидан ушбу мажмуа кутубхоналарида сақланаётган жами 49 минг 361 қўлёзма адабиёт рўйхати келтирилган 28 китобдан иборат янгиланган жамланма ҳамда айнан шу ноёб нашрлар бўйича тафсилотларни ўз ичида олган 50 GB ҳажмидаги электрон файллар 8 та CD-дискда тегишли дастурий таъминот иловаси билан бирга тақдим этилди.
Ушбу дастурий таъминот иловасида Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан яратилган «Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри»дан ўрин олган ва ҳозирда «Ал-Азҳар» университети марказий кутубхонасида сақланаётган қуйидаги асарлар мавжуд:
-Алоуддин Усмандий Самарқандий, шарҳ “Уюн ал-Масаил”, инв. № (1980) 26819;
-Имом ал-Бухорий, “Ал-Адаб ал-Муфрад”, инв. № (466) 3778;
-Имом ал-Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”, инв. № 197;
-Имом ал-Бухорий, “Аз-Зуъафа ас-Сағир”, инв. № 446;
-Имом ал-Бухорий, “Ат-Тарих ал-Кабир”, инв. № 681;
-Имом ал-Бухорий, “Хайр ал-Калом фи ал-Қироат халф ал-Имом”, инв. № (2032) 22407;
-Имом ал-Бухорий, “Халқ афъал ал-Ибод”, инв. № (2895) 36424.
«Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестрини» янгилаш ва тўлиқ маълумотлар билан бойитиш мақсадида ушбу манбалар ичида ўзбек алломалари қаламига мансуб қўшимча қўлёзма асарларни аниқлаш, тўпланган материалларни расмий нашрларда чоп этиш ва илм аҳлига етказиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, Мисрда сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва аждодларимизга оид адабиётлар нусхаларини кўчириш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тиббиёт ходимлари ҳомиладор аёлларга ҳомила яхши ривожланиб, соғлом ҳолатда дунёга келиши учун ҳам кўпроқ ҳаракат қилишларини тавсия этадилар. Аёллар ҳомиладор ва боласини эмизадиган пайтларда авалгиданда кўпроқ эътиборга муҳтож. Чунки, бу вақтда оналарнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан тез толиқиб, саломатлиги олдинги ҳолатидан ўзгаради. Муқаддас динимизда ушбу ҳолатларда оналарнинг саломатликларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қуръони Каримда оналарнинг ҳомиладорлик пайтидаги машаққатлрини зикр қилиб шундай марҳамат қилинади:

                        ( وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ )

Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди[1].

       Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

                      (وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهًا )

Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир[2].

         Ушбу оятларда оналарнинг ҳомиладорлик пайтда қанчалик машаққатга тушишини зикр қилиняпти. Аёллар агар юқорида айтилганидек, ҳомиладор ёки эмизикли бўлса, динимизда уларнинг ва фарзандларининг саломатлигига зиён етмаслиги учун ибодатларда енгиллик қилинган.

قال النبي صلى الله عليه وسلم  إن الله تعالى وضع عن المسافر شطر الصلاة و عن المسافر و الحامل و المرضع الصوم أو الصيام

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло мусофирдан намознинг ярмини, мусофир, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўза ёки рўзаларни кечиктирди (орқага сурди)[3].      

Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳомиладор ва эмизикли аёлларга рўза тутадиган бўлса, ўзи ва фарзандига зарар етадиган бўлса, уларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида тутмай туриши жоиз эканини айтиб ўтмоқдалар.

Рўзадан киши чанқайди, оч қолади, толиқади. Ҳомиладор она турли қийинчиликлар билан тўққиз ой ҳомиласини кўтаради. Бу машаққатларни оғриниб эмас, она бўлаётганидан хурсанд бўлиб ўтказади. Ҳомиладор она туққандан кейинги эмизиш даврида ўзига хос қийинчиликни бошидан ўтказади. Рўза тутишда машаққат борлиги учун ўзига ёки гўдак боласига зарар етишидан қўрқади. Эмизувчи аёлнинг ҳам ўзига ёки боласига зарар етиши хавфи бўлади. Мана шу ўринда Ислом динининг енгиллик устига барпо қилинган дин экани намоён бўлади. Ислом рукни бўлган ибодатни адо этиш жараёнида ҳам она ва боланинг соғлигига эътибор қаратилади. Зарар етиши аниқ бўлмасада, эҳтимоли бўлгани туфайли, ўша зарарнинг олдини олиш чораларини кўради. 

Бу борада “Ҳидоя” китобида шундай келтирилади: “Ҳомиладор ва эмизувчи аёл ўзига ёки гўдагига зарар етишидан қўрқсалар рўзаларни  (харажни даф қилиш учун) очаверадилар ва қазосини тутадилар. Зиммаларига каффорат лозим бўлмайди. Чунки у узр туфайли очилди. Уларга фидя ҳам вожиб эмас”[4].

Ушбу ҳолатда рўзадаги рухсат исломда оналарнинг саломатлигига қанчалик юксак эътибор берилганининг бир кўринишидир.

  Аллоҳ таоло Қуръони Каримда оналарга фарзандларни эмизишга буюриб шундай марҳамат қилади:

                                   { وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلَادَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْن }

       Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар[5]...

  Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали чақалоқни икки ёшгача эмизиш болага ва онанинг саломатлигига нақадар фойдали эканига ишора қилиб, оналарга эмизиш таълимини ўргатмоқда.

 Оятнинг маъноси хабар, яъни, дарак гап маъносида бўлсада, аслида амр(буйруқ)ни ифода қилади. Чунки, эмизишлик гўдакнинг онадаги ҳаққидир[6].

  Аллоҳ таоло Ҳакимдир. У буюрган ишларнинг ҳар бирида кўплаб ҳикматлар ва бандаларининг дунёю-охиратлари учун манфаатлар бор. Ушбу оятда оналарни фарзандларини эмизишга бўлган буйруқда она саломатлиги учун кўплаб манфаатлар бор. Бу борада тиббиёт мутахасислари ҳам кўплаб илмий изланишлар олиб бориб, эмизишлик она ва бола саломатлигига қанчалик фойдали эканини эътироф этмоқдалар.

Халқимизнинг ўзига хос бир гўзал фазилати ва хусусияти – бор ҳеч бир она боласини сабабсиз, узрсиз эмизишдан бош тортмайди. Дарҳақиқат, зарурат бўлмаган тақдирда муддатидан олдин она сутидан бошқа сут ёки маҳсулот билан боқишга ўтиш боланинг соғлом, баркамол ўсишига салбий таъсир этишини замонавий тиббиёт таъкидлайди[7]

 Мутахасислар тадқиқотлар натижасида қуйидагиларни келтириб ўтадилар:

- она фарзандини эмизиши билан руҳий хотиржамликни ҳис қилади;

- эмизиш даврида она организми туғишдан олдинги ҳолатига ва табиий вазнига тезроқ ва осонроқ қайтади;

- эмизиш туфайли қандли диабет (сахар) ва кўплаб касалликлардан ҳимояланади;

- эмизиш туфайли она кўкрак бези саратонидан ҳимояланади; Иқтисодий ривожланган давлатларда  бу касаллик ўрта ёшли аёллар орасида асосий ўлим сабабларидан бири бўлиб келмоқда. МДҲ давлатларида ҳам аёллар орасида кўкрак бези саратони касаллиги онкологик касалликлар ичида ҳозирга қадар тарқалиш жиҳатдан биринчи ўринда туради[8].

Демак, ҳар бир киши ўзининг келажакда она бўлмиш қизалоғи, синглиси, жуфти ҳалолининг жисмоний саломатлиги борасида алоҳида қайғурмоғи лозим. Бу борада динимиз кўрсатмаларига мувофиқ улуғ зотлар, буюк аждодларимиз йўлларини тутмоқ керак.

 

Бобохон Бобохонов, ТИИ Модуль таълим шакли талабаси, Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди имом-хатиби

 

[1]  Қуръони Карим оятларининг маъно ва таржимаси қуйидаги манба бўйича берилади: Қуръони Карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. –Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт матбаа бирлашмаси, 2012.    Луқмон сураси. 14 оят. Барча ўринларда сура номи ва оят рақами қавс ичида келтирилади.

[2] Аҳқоф сураси. 15 оят.

[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ал-Қазвиний, Ибн Можжа. Сунан. Дарул фикр. – Байрут: 2 китоб.   – Б. 279. 1353 ҳадис. 

[4] Бурҳониддин  Марғиноний. Ал ҳидояту фи шарҳи бидоятил мубтадий. – Байрут:  Дару иҳяит туросил арабий, 2004. 1-жуз. – Б. 124.

[5]  Бақара сураси 233-оят.

[6] А. Собуний. Роваиъул баён тафсиру аятил аҳками минал Қуръан. – Байрут:  Ал мактабатул асрийя, 2012. – Б. 330.

[7] Усмонхон Алимов. Оилада фарзанд тарбияси. ­­–Тошкент: Мовароуннаҳр, 2014. – Б. 40.

[8] Жалолиддин  Холмўминов. Соғлом бола озуқаси. Тошкент: Мовароуннаҳр, 2014. – Б. 38.

Жорий 2022- 2023 ўқув йили 27 сентябрь куни Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасига қабул қилинган 1- курс талабалари Ахборот Ресурс маркази фонди билан яқиндан танишдилар. Ахборот Ресурс маркази мудири Т. Музрабов талабаларга кутубхонадаги китоблар билан талабаларни яқиндан таништириб ҳамда китоблардан фойдаланиш одоблари, таълим муассасасидаги тарихий қўлёзма ва тошбосма китоблар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг аҳли илмларга мурожаати эълон қилинди. Мазкур мурожаат бугунги куннинг энг долзарб мавзуси – аҳли илмнинг одоби масалаларига бағишланди. Ҳеч кимга сир эмаски, юртимизга интернет тизими кириб келиши билан барча соҳа вакиллари қатори Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган илм аҳли ҳам ижтимоий тармоқларнинг имкониятларидан фойдалана бошладилар. Албатта, интернет тармоғи бу соҳа вакиллари учун ҳам жуда катта имкониятлар эшигини очди, лекин шу билан бир қаторда бу тизимдан фойдаланишнинг салбий томонлари ҳам кўзга ташлана бошлади. Шулардан бири муфтий ҳазратлари ўз мурожаатларида тўғри таъкидлаганларидек, ижтимоий тармоқларда аҳли илм орасида, “Кейинги пайтларда дилни хира қиладиган фойдасиз тортишувлар, низолар авж олди. Бу каби тортишувлар инсонни фойдали илм олишдан узоқлаштириб, умрни беҳуда ўтказишга сабаб бўлади. Энг ёмони ушбу тортишувлар диний мавзулар атрофида бўлаётганидир. Ижтимоий тармоқларда кўрсангиз, диний мавзудаги тортишувлар, мунозаралар кўпайиб кетди. Бу ўз навбатида инсонлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўляпти”

Муфтий ҳазратларининг бу гапларини тинглар эканмиз, беихтиёр Улуғ бобомиз Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарларидаги қуйидаги сатрлар эсга тушади: “Воиз керакки, «қолаллоҳ» (“Аллоҳ шундай деган” деб) сўз айтса ва «қола Расулуллоҳ» (“Расулуллоҳ шундай деганлар” деб) мухолафатидин (келишмовчиликдан) қайтса, Худо ва Расул йўлиға қадам урса. Ўзи киргондин сўнгра насиҳат била элни ҳам кивурса. Юрумагон йўлга элни бошқармоқ, мусофирни (сафар қилувчини) йўлдин чиқормоқдур ва биёбонға кетурмак ва бодияда (чўл-биёбонда) итурмакдур (адаштирмоқдир). Усрукки (мастки), элга буюрғай ҳушёрлиқ – уйқувчидекдурки (уйқуда ётган кишиким), элга буюрғай бедорлиқ. Уйқусида сўз деган жевлигон (алжираган) бўлур ва дегондек қилмоқ не дегон бўлур”.

Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда баъзида арзимаган мавзуларни кўтариб чиқиб, яна уни асоссиз кўпиртириб, ўзаро илм аҳлига хос одоб билан баҳс-мунозараларда ҳал этиш мумкин бўлган муаммони ҳам кўпчилик ҳукмига ҳавола этиш, энг ёмони бунда бир-бирини обрўсизлантирувчи хатти-ҳаракатлар ва гап-сўзлардан сақланмаслик ҳоллари кўзга ташланмоқдаки, бу ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, маст одам кишиларни ҳушёрликка чақириши ёки уйқудаги одам кишиларни бедорликка чақириши билан тенгдир.

Муфтий ҳазратлари мурожаатларида давримиз айрим илм аҳли орасида авж олган яна бир оғриқли ҳолат – ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган мунозараларда “фиқҳул воқеъ” – воқеълик фиқҳи талабларига амал қилмасликдир. Маълумки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида турли ёш, турли билим, турли қараш, турли дин, турли тушунчага эга кишилар бўлади. Шунинг учун ҳам айрим масалаларни ижтимоий тармоқларга олиб чиқиш, бу борада ўзаро ҳурмат доирасидан ташқарига чиққан ҳолда бахс-мунозараларни уюштириш ўзини аҳли илм санаган кишига ярашадиган иш эмас. Зеро, “фиқҳул воқеъ” асосида уюштирилган мунозара одоби, муфтий ҳазратлари таъкидлаганларидек, ният холис бўлиши, мунозарада ўта эҳтиёткор бўлиш, мунозаранинг хилватда бўлиши, мунозара учун етарли билимга эга бўлиш, мунозара чоғида сабрли бўлиш, ўзи билан мунозара қилувчининг ким эканлигини яхши билиш кабиларни ўз ичига олади. Ана шундагина кишилар, айниқса, илм аҳли орасидаги мунозарадан ҳар икки тараф ҳам, халқ ҳам манфаатдор бўлади. Бундай мунозара, шубҳасиз, илм ривожига улкан ҳисса қўшади. Шу ўринда яна ҳазрат Алишер Навоийнинг бу борадаги ўгитлари ёдга тушади: “Ваъз бир муршид ва огоҳ ишидур ва анинг насиҳатин қабул этган мақбул кишидур. Аввал бир йўлни бормоқ керак, андин сўнгра элни бошқармоқ керак. Йўлни юрмай кирган итар ва ғайри мақсуд ерга етар”, – деб ёзади у зот “Маҳбуб ул-қулуб” асарида.

Муфтий ҳазратларини ташвишга солган ҳолатлардан яна бири ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган тортишувларда айрим илм аҳлининг дин номидан гапира туриб, насиҳат қила туриб, ўта қўпол, дағал, ҳатто ҳақоратомуз сўзлардан фойдаланишларидир. Муфтий ҳазратлари ҳазратлари бу ҳақда фикр билдирар эканлар: “Насиҳат юмшоқлик ва мулойимлик билан олиб борилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўпол, дағал гапирувчи, ҳақорат қилувчи Зот бўлмаганлар. Минг афсуски, Аллоҳ номидан гапириб, ҳақорат қилиб юборишлик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан гапириб, фаҳш сўзларни ишлатиб даъват қилишликларни ҳам эшитиб қоляпмиз. Аллоҳ Ўзи кечирсин. Динимиз шундай гўзал, шундай маданият устига қурилганки, оғзимиздан бирорта фаҳш сўз чиқмаслиги керак”, – дея таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, бугун масжидлар минбаридан, бошқа жойдан туриб халққа ваъз айтаётган, насиҳат қилаётган ҳар бир аҳли илм бу ҳолатга йўл қўймаслиги, ҳар қандай вазиятда ҳам ўта босиқлик, мулойимлик, ширинсўзлик, билимдонлик билан насиҳат қилиши керак.

Сўзимизга якун ясар эканмиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг аҳли илмларга мурожаати айни вақтида қилинганлигини, унда айтилган ҳар бир фикр барчани ўйлашга, хулоса чиқаришга ундаши, бугун бу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир аҳли илм бу фикрларни чуқур ўрганиб, уларга амал қилиши лозимлигини таъкидлашни зарур деб топдик. Зеро, аҳли илмларнинг ҳар бир сўзи халқимиз томонидан энг тўғри сўз сифатида қабул қилинади. Бас, шундай экан, ҳар биримиз оқибатни ўйлаб, айтадиган ҳар бир сўзимизни ақл тарозисида ўлчаб, кейин баён этишга киришсак, фақат ўзимизнинг эмас, бошқаларнинг фикрини ҳам эшитишни, мулоҳаза қилиб кўришни ўргансак, бу мурожаатда билдирилган салбий ҳолатларнинг олди олинган бўлар эди.

Фарғона вилояти бош имом хатиби ўринбосари

Алишер домла Наимов

"Саййид Муҳйиддин махдум " ўрта махсус ислом билим юрти

Top