muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар қилганимиздек, таниқли воиз ва уламоларнинг Тошкент вилоятига ташрифлари давом этмоқда. 7 октябрь жума куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов бошчилигидаги ўнлаб имом-хатиблар Оққўрғон тумани масжидларига ташриф буюрди.
Уламоларимиз жума ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.
"Нодирхон қори” масжидига йиғилган жамоатга жума намозида устоз Иброҳимжон домла Иномовнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи ҳамда бу ойда мавлид ўқишнинг фазилати ҳақида таъсирли мавъиза қилиб бердилар. Мазкур масжид намозхонлари хуфтон намозида ҳам ана шундай маърифий маърузадан баҳраманд бўлдилар. Унда Баҳодир домла Аҳмаджонов йиғилганларга айни кунда долзарб бўлиб турган мавзулар бўйича суҳбат қилдилар.
Бундай файзли мавъизалар "Жувонмард” масжидида Талъат домла Зоиров, "Имом Ал-Бухорий” масжидида Абдуллоҳ домла Ғуломов, Абдулҳамид домла Маликов, "Намозбой бобо” масжидида Қосимжон домла Каримов, Мирвоҳид домла Миржалилов, "Шохрухия” масжидида Зокиржон домла Шарипов, Зокир домла Зиятдиновлар иштирокида бўлиб ўтди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мусулмон оламининг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан фуқароларимизнинг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида ҳаж ва умра ишлари вазири давлатимиз раҳбарига Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Саудия делегациясининг ушбу ташрифи жорий йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширилган тарихий аҳамиятдаги давлат ташрифи давомида олий даражада эришилган келишувларнинг давоми экани алоҳида таъкидланди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибани жорий қилиш, саудиялик туристларнинг юртимизда бўлиши учун визасиз тартиб жорий қилинганини ҳисобга олган ҳолда уларнинг Ўзбекистонга сафарларини кўпайтириш, икки мамлакат етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Манба: https://president.uz

Мисрдаги ватандошлар иштирокида илмий суҳбат ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, шу йил 24-25 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси Вақф вазирлигининг Ислом олий кенгаши томонидан ўтказилган “Ижтиҳод – замон талаби” мавзусидаги халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Мазкур ташриф давомида Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили ва ушбу диёрдаги ватандошлар учрашуви ташкил этилди.

Маърифий суҳбат давомида Ғуломиддин домла Холбоев ватандошларга масҳабнинг аҳамияти, турли фирқалардан сақланиш, вақт қадри ҳақида илмий мавъиза қилиб берди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган турли саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Учрашув якунида ватандошлар манфаатли тадбир учун мутасаддиларга миннатдорлик билдириб, унинг давомий бўлиши ҳар томонлама манфаатли бўлишини таъкидлашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу кунларда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти сўнгги йилларда “Халқ сўзи” саҳифаларида ўз соҳаларининг энг етук фозиллари муаллифлигида чоп этилган долзарб мавзулардаги мақолаларни жамлаб, азиз муштарийларга тўплам ҳолида тортиқ этди.

“Халқнинг юрагига йўл” деб номланган ушбу тўпламда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тафсилотлари қиёсий ёритилган. Унда яқин йилларда эътибор қаратиш керак бўлган долзарб мақсад, вазифалар ҳамда стратегияларга бағишланган таҳлилий мақолалар ўрин олган. Бугунги дунёдаги таҳликали жараёнда эзгулик ва тинчликка даъват руҳидан янада сергак тортасиз.

Тўртта йирик бобдан иборат ушбу китоб орқали маърифий аҳамиятга эга адабий суҳбатлар ҳам жой олганки, улардан баҳраманд бўлиб, руҳий озиқ оласиз.
Жумладан, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари, Диний идора раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин жаноблари, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, олий муфтий Науризбай Утпенов ҳазратлари ва марҳум шайх Усмонхон Алимов Темирхон ўғлининг мақолалари ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммат Юсуф ҳазратлари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган материаллар ўрин олганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мазкур тўплам педагоглар, тадқиқотчилар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, раҳбар ходимлар ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз умри узун ва амали гўзал бўлганидир” деганлар.
Роббисининг розилиги ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйиш ва тирилтиришга ҳамда умматни фитналардан узоқ қилиб, уларни ислоҳ қилишга умрини бағшида қилган, шиори: “Осон қилинглар, қийинлаштирманглар. Башорат беринглар, нафратлантирманглар” бўлган буюк мужтаҳид олим Шайх Юсуф Қаразовий ҳам Суйганларининг ҳузурига кетди.
Ўзидан фойдали илмлар, ортидан дуолар ва қилган ишларини давом эттирадиган солиҳ фарзандлар ва то қиёмат савоби бориб турадиган садақаи жорияларни қолдириб, охират роҳатига жўнаб кетти.
У зот билганидек билмаганлар ва тушунганидек тушунмаганлар чиқарган фатволарию, хулосалари сабаб қанчалик тош отмасинлар, фитна қилмасинлар “агар улар мен билгандек билганларида эди”, дея кечириб, амалларининг мукофотини олгани кетди.
Камина устознинг бир қанча китобларини мутолаа қилар эканман, ҳақиқатда устоз Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси эканлигини англаб етганман.
Аллоҳ таоло каминага устоздан рухсат сўраб, “ТАВАККУЛ” номли асарларини таржима қилиб, юртимиздаги мўмин-мусулмонларга етказиш неъматини насиб қилди.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди. Чунки сиз “Сизларнинг энг яхшиларингиз умри узун ва амали гўзал бўлганидир” дейилган ҳадисдаги буюк неъматга эришдингиз.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди. Чунки Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган, у зотга нубувват келган, Маккадан Мадинага ҳижрат қилган, у зот Мадинага кирган, ҳажарул асвадни кўтарган, Қуръондаги охирги оят нозил бўлган ва Роббисининг ҳузурига риҳлат қилган муборак душанба кунида сизнинг руҳингиз Роббисига қовушмоқда.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди...
Аллоҳ таоло барча аҳли илмларга устознинг қолдирган асарларидан фойдаланишларини ва олган илмларини ўзгаларга етказиб, уларни ҳам ҳидоятига сабаб бўлишларини насиб қилсин. Биз фақир бандаларига эса сиз каби баракали умр ва манфаъатли илмларни ато қилсин.
Устоз Аллоҳ таоло жаннатда сиз билан кўришишни насиб қилсин.

 Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли,
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.

Page 31 sur 1862

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top