muslim.uz

muslim.uz

Имом Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳи Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган.
Буюк бобокалонимиз, машҳур муҳаддис Абу Исо ат-Термизий 824 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида ўртаҳол оилада туғилган. Ат-Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлган. Илмга қизиқиши туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Ўз билимини ошириш борасида ат-Термизий кўпгина хорижий мамлакатларни зиёрат қилган.
ЎзА билдиришича, Абу Исо ат-Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Унинг “Ал Жомиъ ас-сахиҳ”, “Аш-шамоил ан-набавиййа” каби асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шавқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди. Бу ибратли панд насиҳатлар ва ўгитлар халқимизни, жамиятимиз аҳлини айниқса, ёш авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.
Имом ат-Термизий 892 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этган. Имом Абу Исо ат-Термизий дафн этилган жойда XI-XII асрларда мақбара бунёд этилади. Шеробод туманидаги ушбу мажмуа 1990 йили Имом ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан қайтадан таъмирланиб, зиёратгоҳга айлантирилди. Шунингдек, 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан мақбарада таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сағанаси ва ганчкори панжаралари қайта ўрнатилди. Ҳозирги кунда ёдгорлик бир-биридан равоқлар орқали ўтувчи 3 хона (бўлма)дан иборат яхлит бино кўринишида, хоналар тарҳи 4,3x4,5 метрни ташкил этади. Шимоли-шарқий тарзи айвон қурилиши муносабати билан кейинчалик тўсилган.
3 хонали бўлма мурабба тарҳли, улардан жанубий-шарқдагиси – гўрхона. Унда 3 поғонали мармар сағана бўлиб, муқарнас, нақш ва ёзувлар билан пардозланган. Сағана тоши, унинг матнлари, деворлар сувоғи, панжарасимон тўсиқлар ва меъморий нақшларнинг бошқа унсурлари 2000–2001 йиллардаги таъмирлаш ишлари натижасида амалга оширилган. Барча битиклар хивалик уста Соҳибназар Шомуродов томонидан амалга оширилган. 2001 йилда бу ерга навоийлик уста Ҳамдам Аҳрорхўжа ясаган мармар сағана ўрнатилди. Сағана шакли ва декорацияси кейинги темурийлар ва шайбонийлар даврларига ўхшаш сағаналарга тақлидан ясалган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2016-2017 йилларда Абу Исо ат-Термизий мажмуасида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, 450 ўринли масжид, таҳоратхона, ошхона, бешта шарқона айвонча ва учта шарқона дарвоза қурилди. Имом Термизий мақбараси қайта таъмирланиб, унинг ёнида қўшимча зиёратгоҳ қад ростлади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Шайх Салоҳ Aбулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Жорий йил 1 - 7 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг бир неча ҳудудларида Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Халқаро ҳафталик доирасида зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган кўргазмалар, семинарлар, илмий-амалий анжуманлар ва маданий-маърифий тадбирлар, шунингдек, тематик сувенир маҳсулотлари тарғиботи ўтказилади.
Тадбир доирасида “Ўзбекистоннинг ислом мероси” анжумани, миллий куй ва қўшиқлар фестивали, “Кўнгил оҳанглари” фестивали, “Мир Араб мадрасаси битирувчилари” форуми, “Замонавий ислом меъморчилиги” ва Бухоро шаҳридаги «Нақшбанд» ҳунармандчилик марказида “Ислом хаттотлиги ва декоратив дизайни” кўргазмалари, шунингдек Ичан қалъа марказида “Маҳмуд аз-Замахшарий илмий мероси”га бағишланган анжуман ва шу каби бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Сохта салафий (яъни, ваҳҳобийлар) ашъарий ва мотуридийларнинг имон масаласига оид эътиқодлари мукаммал эмас ва имон номи остига амални киргазиш керак деб даъво қиладилар. Уларнинг бу даъвоси асоссиз ва икки мазҳаб тарафдорларига бўҳтондир.

Масала шундаки, тўғри тафаккур қилиш орқали одатда ақл билан иймон ҳосил қилинади. Одатда дейилишдан мақсад Аллоҳ таоло иймонни инсон тўғри тафаккур юритганида яратишидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда: “Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), Ер юзида сайру саёҳат қилиб, илгари ўтганларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар!” деб айтади.
Имон бу тасдиқдир.

Баъзи уламолар имон бу тасдиқ ва шаҳодат калимасини, яъни: “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу…”ниайтиш имоннинг бир бўлаги бўлиб, рукн ҳисобланади,  амал қилишлик эса комиллик шартидир. Лекин шаҳодат калимасини нутқ қилиш соқовлик ва мажбурлаш ҳолатларида соқит бўлишининг эҳтимоли бор. Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 106-оятида: “Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас),” дейди. Соқит бўлишнинг маъноси: шаҳодат калимасини узр мавжуд бўлгани сабабли айтмаслиги сабабидан Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлмаслигидир.

Бу аҳли сунна валжамоанинг икки йўналиши – мотуридий ва ашъарийларнинг гапидир. Икки ақидавий мазҳаб амал учун икки жиҳати бор, у ҳам бўлса, амал дегани Аллоҳ таоло ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариши. Бу жиҳатдан амал имон номи остига уламоларнинг иттифоқига кўра киради. Намознинг фарзлигига имон келтириш вожибдир, уни ёлғонга чиқариш эса куфрдир.

Аммо амалларнинг феъл билан адо этиш жиҳатидан эса бу имон номи остига кирмайди, чунки агар бундай қилинса, гуноҳкор осий одамни кофир деб ҳукм қилиш лозим бўлиб қолади, бу эса ботил гап. Шунинг учун ҳам зино қилган ва ўғрилик қилганларни кофирга чиқариш эмас, балки уларга  жазо ҳадд тайин қилинган.  Демак, бир киши намозни адо қилишга киришса, у  итоаткор мўъмин бўлади, аммо уни фарзлигини инкор қилмай, уни адо этишда дангасалик билан бош тортса, гуноҳкор мўъмин киши ҳисобланади.

Салафи солиҳларнинг: Имон бу сўз ва амал қилиш деган сўзининг маъноси, тасдиқ билиттифоқ рукн ҳисобланади, икки шаҳодат калимасини айтиш, бир ривоятга кўра, соқит бўлиши эҳтимоли бор рукн бўлса, бошқа ривоятга кўра, комиллик шарти бўлади, амал эса билиттифоқ комиллик шарти ҳисобланади.

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти                 

Р.Ахунджанов

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Бугун, 15 август куни марҳум муфтий Усмонхон домла Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этганларига роппа-роса бир йил бўлди.

Ислом дини инсон қадрини шу даража юқори кўтарганки, у ҳаётлиги даврида ҳам, оламдан ўтгандан кейин ҳам ҳурмати бирдек қадрланади. Албатта, биз марҳумларимизни ҳамиша ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажарамиз, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, руҳларига бағишлаймиз.

Раҳматли муфтий ҳазратларининг янги масжид ва мадрасаларни очиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш, Қуръони карим ўқитиш курсларини ташкил қилиш, диний адабиётларни чоп этиш, илмий-маърифий марказлар фаолиятини ривожлантириш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш каби хайрли ишларда хизматлари катта бўлди.

Мўмин инсон шундай бахтли инсонки у вафотидан кейин ҳам қилган хайрли ишларидан ажр-савобга эга бўлади, унинг гўзал хулқи ва ибратли амаллари то Қиёматга қадар ёдга олиниб, ҳаққига дуолар қилинади. Натижада унинг охиратдаги даража ва мақоми янада кўтарилаверади. Марҳум Усмонхон домла Алимов ҳам ана шундай ҳамиша одамларнинг ёдида намунали хулқи ва қилган солиҳ амаллари билан хотираланадиган инсонлардан эдилар.

Олижаноб инсоний фазилатлари билан халқимизнинг чексиз ҳурматига муносиб бўлган Усмонхон домла Темирхон ўғли нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида ҳам тан олинган олимлардан эди. Жумладан, ҳазрат 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайландилар. Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан доимий равишда муносиб ўрин эгаллаб келаётгандилар.

Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб Ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришдилар. Ислом дини маърифатини тарқатиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлари муносиб тақдирланди.

Ҳазрат ҳаётини динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний-маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади. У кишининг “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машҳур бўлди.

Бугунги кунда ҳам олимнинг қолдирган илмий-маънавий меросидан халқимиз кенг фойдаланмоқда. Хусусан, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари томонидан нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда таълиф этилган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби чоп этилиб, мадрасалар устозлари, талабалари, имом-домлалар, диний соҳа ходимларига хайрия тариқасида кенг тарқатилди.

Марҳум Усмонхон домла Алимовнинг Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш йўлидаги хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссаслари учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва бир қатор медаллар билан тақдирланган эди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳум Усмонхон домла Темирхон ўғли ҳазратларини дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё тарқатиш йўлидаги меҳнатларини ҳусни қабул айлаб, эзгу ишларининг ажрларини ўзларига ҳамроҳ қилсин, Ўз мағфирати билан сийласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Page 56 sur 1862

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top