muslim.uz

muslim.uz

Рамазон ойи қадимдан диёримизда халқимизга хос поклик, меҳр-мурувват, бағрикенглик ва сахийликни ўзида мужассам этган муборак ой сифатида  намоён бўлиб келган. Шунингдек, бу ой мусулмонларни янада эзгу амалларга чорлайдиган, хайру саховатли бўлишга, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатишга ундайдиган ойдир.

Муборак ойда Республикамиздаги барча масжидларда мўмин-мусулмонларимиз хатми Қуръон ва таровиҳ намозларини имон-ихлос, эмин-эркинлик ва осойишталик билан адо этадилар. Бир қанча масжидларда хатми Қуръон ўқилиб, юртимиз тинчлиги, эл-юртимиз фаровонлигини Аллоҳдан сўраб дуолар қилинади.

Ушбу фазилатли ой мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги масжидларнинг 1000 га яқинида хатми Қуръон тадбирлари ўтказилиб, унда 1400 дан зиёд қориларимиз Аллоҳнинг Каломини тиловат қилишади. Юртимиздаги барча масжидларда ободонлаштириш, тозалик ишлари юқори савияда ташкил этилиб, намозхонлар учун янада қулай шароитлар ҳозирланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Аллоҳ таоло бизларга рамазони шариф ойида рўза тўтишни фарз айлади.  Шу сабаб бизлар фарзни қандай шаклда адо этишни илмлари ва тақволари ила безалиб бутун дунёга дарс берган олимларимиздан ўргансак мақсадга муофиқ бўлади.

Парвардигор жамолини кўриш ва Раййон эшигидан кириб, абадий жаннатга мушарраф бўлиш ҳар бир банданинг орзусидир. Бунинг учун буюрилган нарсаларни бажариб, қайтарилган нарсаларни тарк қилмоғимиз керак.

Аллоҳ фарз қилган ҳар бир амалнинг вазифалари ва хусусиятлари бор. Унинг фазилатига етиш учун унга зарар етказадиган унинг фақат(рўза деган) исмини қолдирадиган амаллардан сақланишимиз керак бўлади. Бунинг учун биз Суннатга биноан рўза тутишимиз керак бўлади. Буни исмини эса олимларимиз “Суннат рўза” деб номлашган. Аллоҳ таоло ҳар бир амални Ўзи айтгандай қилмасангиз зинҳор қабул қилмаслигини қатъий айтган. Расулуллоҳ ўзлари ўрнак бўлиб қайси бир умматида Аллоҳ белгилаган амрлари бўзилса, тезлик билан у ҳақда ўзларининг муборак ҳадислари орқали қайтариқларини берганлар. Сиз рози бўлмаган амалга Аллоҳ таоло ҳам рози бўлмаслигини жуда яхши билиб олишимиз керак. Оддий илмсиз одам ҳам сиздаги қабиҳликларга рози бўлмаса, сиз яна қандай қилиб ўзингиз амалингизга буюк ажрлар олишни истайсиз?  Буюк ажрларни олиш учун Аллоҳ ва унинг Расули ва Набийси бўлган Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалий тарзда намуна бўлган рўзаларига эътибор билан, фикр доирангизни кенгайтириб ўта масъулиятли ишга ёндашгандай ўқиб, уни қалбга сингдириб, унинг амалини бутун вужудингизда сингдириб гўё Аллоҳ уни кўзатиб турганлигини ҳис қилиб, тутмоқликдир. Бу масала юзасидан қўйидаги маълумотларга кўз юритиб чиқсак фойдадан ҳоли бўлмайди, деган умидда ушбу муъжазгина маълумотларни келтирдек.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатдаги ҳадис “Ҳар бир амалнинг каффороти бор рўзадан ташқари. (яъни бошқа амаллар каффорот сабабли гуноҳлар ювилиб амали қабул бўлади, лекин рўзада Аллоҳ ва унинг севикли Расули қайтарган амалларни қилиб қўйса, унинг тутган рўзаси қабул қилинмайди). Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен ўзим бераман дейди Аллоҳ таоло”. Худди шунга ўхшаш ривоятни Абу Довуд Таёлисий ўз муснадларида келтириб ўтган.

    Шуъбадан, Шуъба эса Муҳаммад ибни Зайёддан ривоят қилади. “Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир амалнинг каффороти бор рўзадан ташқари”. Қосим ибн Асбиғ Шуъбадан бошқача йўл билан ривоят қилади: “Одам боласи қилган ҳар бир амал учун каффорот бордир, фақатгина рўза бундан мустаснодир.

  Хузайфа санади саҳиҳ ҳадисни ривоят қилади. “Кишининг ўз аҳли, моли ва болалари ичидаги фитналарнинг каффороти намоз, рўза, садақалардир”.

Ибн Аърабий баъзи зоҳидлардан нақл қилдики. Албатта рўза тўрт қисмга бўлинади:

  1. Авомларнинг рўзаси унда ейиш ва ичиш ва жимодан сақланишлигидир.
  2. Авомларнинг хосларининг рўзаси, харом қилинган амал ва харом қилинган сўзлардан сақланишликдир.
  3. Ва хосларнинг рўзаси у рўза Аллоҳнинг зикри ва ибодатидан ташқарига чиқмайди.
  4. Хосларнинг хосининг рўзаси у шундай рўзаки улар учун қиёмат кунигача рўза доимий бўлади.

Рўза банда ва Аллоҳнинг ўртасидаги сирдир уни Аллоҳ учун холис қилишлиги ва унинг буюрган амалларида унинг розилигини талаб қилиб амалда доимий бўлишликдир. Чунки Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини ўзи беришлигини ваъда қилди. Рўза ўз ичига нафсни синдиришликни, баданни эса нуқсонли нарсалардан сақлашликни, емоқ- ичмоқ аччиқлигига сабр қилишлик ва шаҳватни тарк қилишни ўз ичига олади.  Ва энг асосийси рўзадан тақволи бўлиб чиқишликни мақсад қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким ёлғончилигини ва ёлғон сўзга амал қилишни ташламаса, унинг таом ва ичимликдан ўзини тийишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас” (Имом Бухорий ривояти). Шарҳ: Ушбу ҳадис рўза ҳикматларидан бири ахлоқий иллатлардан халос бўлиш эканини билдиради. Рўза ёлғон, ғазаб, ғийбат, чақимчилик, гина сақлаш каби ёмонликлардан қутулиш учун муносиб фурсатдир. Инсон табиий муҳтож бўлган еб- ичишдан ўзини тийиш ила асло эҳтиёжи бўлмаган ёлғон сўз, ғазабланиш ва чақимчилик каби ишлар билан машғул бўлса, хато қилган бўлади. Чунки рўза нафснинг истагини синдириб, уни имон тақозосига бўйсундиришга ўргатади. Ҳадисда ёлғон сўз ва ёмонликда унга тенг бўлган ғийбат, чақимчилик, ҳасад, ҳиёнат ва зулм каби иллатлар тарк қилинмас экан, Аллоҳ таоло ундай кимсанинг оч, ташна бўлишига мухтож эмаслиги таъкидланган. Рамазон ойида савобли ишлар қилган ва гуноҳ ишлардан тийилган кишига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлади. Ибни Ҳажар Асқалоний айтади: “Киши ёлғон гапириш, ғазаб қилиш ва сўкиниш каби ёмон иллатларни тарк қилмас экан, унинг рўзасида савоб йўқ. Ёлғон сўз ва у каби иллатлардан сақланган кишигина мукофотга эришади”.

Ибн Муънир: “Таом ва ичимликдан тийилишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас” дегани ўшандай банданинг амаллари қабул бўлмаслигига ишорадир...”, дейди.

Рўза гўё бадандир. Унинг либоси солиҳ амаллардир. Шу боис рўзадор одам бутун вужудини рўзага қаратиши бошқалардан тазйиқ етганида ҳам “мен рўзадорман”, дея ғазабини жиловлай олиши керак.

Байзовий айтади: Рўзани Аллоҳ таоло шариъатга киритишдан мақсади нафсни еб – ичишдан тийиб қўйишмас. Балки, нафси чақирадиган ёмон иллатлардан шаҳватини синдириш ва нафси амморани нафси мутмаъиннага буйсиндиришдир. Агар сиз шу нарсани хосил қилмас экансиз, Аллоҳ таоло қилган амалингизга қабул назари билан қарамайди. Рўзадор киши ҳеч бўлмаса бир ой қилган амалларини қабулини ўйлаб катта ва кичик гуноҳларни куни бўйи қилишдан сақланиб юрса ва сабр қилса, унинг бу амалидан Аллоҳ рози бўлади. Ва ким шу ойда савоб амалларни қилиш ва гуноҳлардан сақланишни ўзига одат қилса, у киши кейинги рамазонгача яхши амалларни ўзига одат қилган ва гуноҳлардан сақланишни ўзига дастурил амал қилган бўлади.

   Рўза банда ва Аллоҳнинг ўртасидаги сир бўлиб, унинг мукофотини Ўзи беришини ваъда қилди. Емаслик, ичмаслик, ҳар нарсага сабр қилиш ва  шаҳватни тарк этиш билан нафсни синдириш рўзадаги тақво бўлади.

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ...Рўза қалқондир (Аби Заннад: жаҳаннамдан қалқондир деган). Энди сизлардан ким Рамазонда рўза тутса,

فلا يرفث  - Фаҳш сўзларни сўзламасин,  ولا يصخب – баланд авозда бақирмасин.

Агар уни бирор киши сўкса ёки у билан урушмоқчи бўлса, икки марта мен рўзадорман, деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  Ибн Ҳузайма розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллолоҳу алайҳи васаллам: “Агар сен рўзадор бўлсанг бирор кишини сўкма, агар сени бирор киши сўкса, мен рўзадорман, деб айт. Агар турган бўлсанг, ўтириб ол, ғазабинг кетади. Бошқа ривоятда ўтирганингда ҳам кетмаса таҳорат қил ва икки ракат намоз ўқи деганлар.

Рамазон рўзасининг савобини олиш усули: Ўтган олимларимиз рўзанинг савобини олиш мақсадида бир нечта Расулуллоҳнинг тавсияларини бажаришган. Улардан бири Рўзанинг савоби баланд унинг мукофоти эса беҳисоб шу сабабдан рўзадан олдин Ражаб ва Шаъбон ойи рўзаларини Рамазонга тайёргарлик сифатида ўз умматига намуна сифатида бизларга кўрсатиб берганлар. Агар олдинги икки ойда рўза тутилса Рамазондаги тўлиқ савобни беками кўст олиб чиқилади. Чунки у икки ой мобайнида нафсини ибодат амали билан чиниқтирди. Шу сабаб унинг руҳи ва жасади ибодатга тайёр бўлди. У мартлар майдонига чиқиб бемалол рўзанинг савобини тўлиқ олиб чиқиб кетишга тайёр бўлади. Расулуллоҳдай зоти шариф ўзларининг нафсларини икки ой рўзага тайёрлаганда биз ҳам бу ойга тайргарлигимиз худди шундай бўлишини назорат қилишимиз керак. Чунки тилдаги 20 хил офатдан сақланиш Аллоҳнинг валийларининг қўлидан келади халос. Бу фурсат шундай фурсатки унда фойдаланган одам бир йилга етадиган гуноҳдан сақланиш заҳирасини қўлга киритади. Қаранг! Рамазон ўзидан олдинги барча гуноҳларни йўқ қилиши билан биргаликда келаси йилгача бирор бир гуноҳ қилмаслигингизга кафил бўлади. Рўза тутилганда инсон нафсига қаттиқ қийинчилик ва оғир машаққатлар синови юкланади. Шу пайтда инсоннинг тили ишга киришади. Тил эса барча савобларни вайрон қилиб ташлайди. Айниқса бу ҳолат кишининг қўл остидаги кишиларда очиқ намоён бўлади. Очлик пайтида фарзандига бақириши ва аёлига ҳар хил нарсаларни айтиши ва озор бериши кўзатилаяпди. Бу дегани самарасиз ҳаракат деганидир. Фазилат соҳиблари бўлмиш олимлар рўзанинг қабул бўлган бўлмаганлигини олдинги ва кейинги вақт оралиғи билан улчаб кўрганлар. Агар яхшилик тарафга қараб ўзгармаган бўлса у рўзадан қўриқ чиқибди. Яъни: рўзадан насибасини олиб чиқмабди деган эканлар. Рўзанинг ичида шундай савоблар жамлаб қўйилганки хатто ўтган Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам буни орзусида бўлганлар. Аллоҳ таоло ҳар бир кунига бир пайғамбарининг умри давомида топган савоб амалини ҳар бир рўза тўтган уммати Муҳаммадийага беришини ваъда қилган. Қаранг! 30 кунда 30 та улуғ пайғамбарларнинг савобларини бермоқда, бу эса Аллоҳдан бизга энг катта фазлдир. Рўзадан кўзланган бир неча мақсадлар бор. Улар қўйидагилардир:

  • Қалбингиз аскарларини бўйсиндиришни ўрганасиз;
  • Тақво малакангиз ошади;
  • Ибодатга қизиқишингиз ортади;
  • Данкасаликдан асар ҳам қолмайди;
  • Сабрингиз кўчаяди;
  • Меҳрингиз ошади;
  • Очларни тўйдиришга ошиқасиз;
  • Бутун вужудингиз яхшилик қилишга одатланади.
  • Тунда ибодат қилишга одатланасиз; тундаги ибодатни аслида хос кишилар бажаради. Сизни Аллоҳ хос бандалари қаторига қўшишни хоҳлаяпди. Шуни эсдан чиқармангки тунги нафл ибодатлар Аллоҳнинг назарида бўлади ва нима сўралса шак шубҳасиз қабул бўлади. Сулоймон алайҳиссалом 70 кун таҳажжуд намоз ўқиб кейин Аллоҳдан дунёда ҳеч бир кишига берилмаган мулкни сўрадилар. Аллоҳ улуғ пайғамбарига сўраган нарсасини берди. Шунга кўра бутун уламолар иттифоқ қилишган 70 кун мобайнида астойдил мақсадини сўраса, унга етади, деганлар. Бу тажрибада синалган амалдир.
  • Қуръон ўқишга одатланасиз; шуни билингки! Ўтган барча муҳаддислар ҳам хаттоки рамазон ойида ҳадис ёзишни тўхтатиб шу ойни фақат қуръон тиловатига бағишлаганлар. Хатто Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа ойларга қараганда бу ойда Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга икки марта ёддан топширар эканлар. Қарангда! Расулуллоҳнинг ўзлари бизларга бу ойда Қуръони карим масаласида чиройли ибрат бўлмоқда. Маънавий покланишда бирор бир амал Қуръони каримга етмайди. Уни иложи борича шу ойда тафаккур ила ўқиб унинг амалий тарзининг ўзимизнинг қабул бўладиган амалларимизда ишлатишликни насиб қилсин.
  • Эътикоф лаззатини тортасиз; Уламолар рамазоннинг охирги 10 куни эътикофда ўтирилса, лайлатул қодр кунидан бенасиб қолмайди деганлар. 10 кунлик эътикофда суннатга биноан ўтирилса у янаги шу кунгача бирор бир суннатга хилоф иш қилмаслик фазилатига эга бўлади. Рўза сизнинг жасадингизни тўзатса эътикоф сизнинг рўҳингизни тўзатади. Шайҳ Ашроф Али Таҳонавий ҳазратлари Жомиъул- илм мадрасасини тарк этиб Ҳонақайи имдодийада чилла ўтиришни лозим тўтган. Ва мингдан ортиқ китобни шу жойнинг ўзида ёзиб ташлаган. Абдулҳай Лакнавий Ҳазратлари ҳам 110 дан ортиқ китобни одатга кўра ёзганлар. Демак, бизлар ҳам бундай фазилатли амални қилишдан бенасиб бўлмайлик. Рамазондаги шу фазилат уларга шу баҳтийор амални қисқа вақт ичида амалга оширишга сабаб бўлган.
  • Кам таом истимол қилишга одатланасиз. Кўп истимол қилиш инсонга олтита офатни келтиради.

         Айниқса рамазондан сўнг семириб чиқилса ундаги мақсад хосил бўлмаган бўлади. Уламолар икки нарса инсонни тез қаритади деганлар. Кўп таом истимол қилиш ва кўп аёли билан шаръий суҳбат қилиш деганлар. Бунга мисол Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг хуш сурат бўлганлари ҳаммамизга маълум. У саҳобаи шариф бир ҳафтада бир марта аёллари билан пайшанба куни шом билан ҳуфтон оралиғида қўшилишлари маълумотлари келтирилган. Суннатга биноан таомланишда тўймасдан тухтатиш керак. Яна кам ейишнинг фазилати тиббий тарафдан ҳам исботланган. Инсонда учрайдиган кўп касалликларнинг бошида кўп таом истемоли ётади, дейилади. Бир йилда бир ой рўза тутишдан мақсад ҳам ошқозон бечорага дам беришдир. У кўп таомни ҳазм қиламан деб чарчаб кетади. Шунинг натижасида бутун танада зуриқиш оқибатида турли ҳил бедаво касалликлар келиб чиқади. Айниқса, тўқ ҳолатда ётилганда бутун тана ва бош мия ишлагани боис чарчаган ҳолда тўрилади.

         Шуни айтиб ўтиш лозимки уламолар ижмосида инсон жасадини 3 кун давомида бирор бир яхшиликка қийинчиликка сабр қилган ҳолда қалбан одатлантирса, инсон жасади ҳеч қандай хато камчиликка йўл қўймасдан тўтинчи куни жасад  3 кунлик ишнинг амалининг реакцияси билан одатий равишда жасад ишга тушиб кетади. Гўё бу телефоннинг зарядига қиёс қилинади. Заряд олгандан сўнг бемалол ишлагани каби инсон жасади ҳам у тарзда ишлашда давом этади. Аслида бутун заряд оладиган мосламалар шакли инсон танаси сабабидан ўйлаб чиқилган. Демак, инсон мажбурий холатда Аллоҳнинг фарзларини Расулуллоҳнинг суннатларини ва уламолар тавсияларига 30 кунлик муддатда амал қилиб борса. Унинг маънавий заряди янаги йил шу рамазон кунигача етишини уламолар эътироф этишган. Рамазондан сўнг бу ҳолат кўзатилмаса. Демак, Аллоҳ таоло биздан истаган нарса амалга ошмаган бўлади. У эса бекорга рамазон ойида ўз нафсини қийнаб рўза тўтган киши мисоли бўлади. Олдинги забардаст олимлар Бургут мисоли илгир бўлишган. Қаерда катта ўлжа бўлса ўшани ахтариб юришган. Яъни: савоби паст амалга қарамаганлар ва унга назар ҳам қилишмаган. Аллоҳ таоло бизга шунча беҳисоб савобларни бераётган экан, биз ҳам у савобларни қандай қилиб қўлга киритишни ўйлашимиз ва амалий тарзда унга муносиблигимизни намоён қилишимиз керак бўлади.

Таом ортидан келадиган зарарлар:

Абу Сулаймон Дароний айтади, ҳар нарсанинг боши бор. Кўнгилнинг боши кўп емакдир. Ва ҳар ким кўп емак одат қилса беш нарсага мубтало бўлгай.

Биринчи, ибодат завқини топмагай;

Иккинчи, хотираси кесилади. Нима эшитса, дарҳол унутади;

Учинчи, шавқатсиз бўлади! Чунки, ўзи тўқдир, барча халқни тўқ деб билади;

Тўртинчи, тоат қилишга эринадиган бўлади;

Бешшинчи, шаҳвати ғолиб бўлади.

“Ҳар ким валийлар мартабасига восил бўлмоқ истаса, дунё ва охиратга рағбат қилмай, фақат Аллоҳ таолога қалбини бериб, ҳалол луқма есин”.

Абу Сулаймон Дароний айтади:

  • Очлик охират эшигини, тўқлик дунё эшигини очар.
  • Агар сенинг бирор ҳожатинг бўлса, ул ҳожатинг чиқмагунча ҳеч нарса емагин. Чунки, кўп емак ақлни ишлашдан тўсади. Шайтон васвасасига солади. Юкинг қанча енгил бўлса! Ўзоқ машаққатли манзилингга етиш шунча осон бўлади.
  • Рўза сенинг ўзингга очлик, нафсингга қаҳрдир, руҳингга озиқа бўлади.
  • Очлик кўнгилни мунаввар этар, тўқлик кўнгилни қорайтирар.
  • Аллоҳни топмас, то нафсини ўлдирмагунча ва дунёдан юз ўгирмагунча
  • Гуноҳларнинг боши дунёни севмоқдир ва тоат- ибодат кўрки очликдир.

Абу Сулаймон Дароний айтади, менинг кунлик одатим нонни туз билан ер эдим. Бир куни кўза ичида ёғ бор экан, унга қўшиб егандим. Бир йилча унинг таъсирининг зараридан тоат завқини топмадим. Энди мен ажабландимки, ҳамиша нафс орзуларини берурсан, сенинг ҳолинг қандай бўлади?

Шубҳалик таомдан қўлни тортиш:

Авлиёлар саййиди, атқиёлар пешвоси Ҳорис Муҳосибий қачонки, бир шубҳалик таомга қўл узатадиган бўлса, қўлининг томирлари чиқар ва шундан билар эдиким, ул таом шубҳаликдир.     Этлари устихонга айланса-да, вужудини шижоат ва завқ-шавқ тарк этмаган кишиларга ҳавасланиб боқишимиз керакмасмикин? Бутун китоблари ва хикматлари билан бутун дунёни тўлдирган устозларнинг ҳаммалари шу сифатларни ўзларида жам айлаган. Ҳамма фазилат очлик ортидан рух озиқаси орқали келиб чиқади. Катта олимлар ҳам хатто биздан андоза олманглар, гоҳо ожиз банда билиб-билмай нафснинг алдовига кўнади, деб, нафснинг ёмонлигидан огоҳ қилиб кетганлар. Ҳолбуки, Сахл Тустарийдек буюк зот нафсини ҳамиша хумда қама-гандай сақлаган, лекин унинг ҳар хил рангда тусланувчи алдовига юрмаган, дод-фарёдига қулоқ солмаган эди.

Ҳазрати Сахл Тустарий бир ҳикматларида айтади:

 – Тавба муяссар бўлмас ул кишигаким, токи тилсиз бўлмагунича; тилсиз бўла олмас, токи хилватга кирмагунича, хилватга кира олмас, токи ҳалол емагунича; ҳалол емоқ ҳосил бўлмас, токи ҳақнинг ҳаққини адо этмагунча. У ҳам ҳосил бўлмас, то вужудини пок сақламагунича, у ҳам ҳосил бўлмагай, ҳақдан иноят етмагунича! – деб ёзган эканлар. Баданда нам ва озиқа қолмасдан туриб рухий озиқа ҳисобланган илм тингланса! Қалб кири бошдан тир бўлиб чиқиб кетади. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бойлар атрофида ўралашиб юрмасди. Фарзандлари унга “Сиздан улуғлар ҳам уларнинг ҳузурига боряпти, сиз ҳам қатордан қолманг” дейишди. Ул зот: “Эй фарзандларим! Қавм бир ўликни ўраб олган бўлса, унга мен ҳам борайми?! Аллоҳга қасамки, кучим етгунича улардан қочаман”, дедилар. Фарзандлари: “Эй отажон! Унда биз очликдан ўлиб кетамиз- ку?” – дейишди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу уларга шундай жавоб берди:

– Эй болаларим! Семиз мунофиқ ҳолда ўлишдан кўра, оч мўминлигимча рихлатга чекинишим мен учун суюклироқдир. Туфроқ, имонни эмас, гўшт ва ёғни ейишини унутдингларми!..

   Аллоҳим ўзинг бизлардан қандай тарзда рўза тўтмоқлигимизни эстаган бўлсанг, Ўзинг бизларга у амалларни Ўзинг эстагандай амалга оширишимизни насиб айлагин. Ва рамазондан сўнг гўноҳлардан гўдак мисоли пок чиқишлигимизни ва муттақий бўлиб, келаси йилгача яхши амалларни мусобақа қилувчи бўлишни насиб айлагин. Ва саллоллоҳу ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

“Фатҳул Борий”нинг шарҳи “Саҳиҳил Бухорий” асосида

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири

Урол Назар Мустофо тайёрлади.

Бугун Президентимиз Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мақбараси ва жомеъ масжидида бўлди.

Масжиднинг номи нега "Сузук ота?" У зотнинг асл исми ким? 

Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У зот 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси уни эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.

Шўро даврида қаровсиз қолган муқаддас қадамжо истиқлол йилларида қайта тикланиб, ободонлаштирилди. «Сузук ота» маҳалласида беш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик ривожланган.

Юртбошимиз зиёратга келганларида Қуръони каримдан тиловат қилинди. дуодан сўнг Президентимиз: «Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим», дедилар .

Президентимиз мутасаддиларга мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар бердилар.

Шаъбоннинг сўнгги кунларида турибмиз. Ҳадемай, Рамазон ҳам кириб келади. Ҳаш-паш дегунча эса... муборак ой ҳам якунига етади. Биздан лозими – табаррук ойни қандай ўтказишимиз, биз ният қилган мазмунли амалларимизга улгуриб қолишимиздир.

Айни пайтда Рамазон ойида амалга оширадиган ишларимизни режалаштириш вақтидамиз. Бироқ кўпинча бу ҳаракатимиз зое кетади, Рамазон охирига етганда “ойлик ҳисобот”лар билан танишганда пешонамиз тиришади, “ҳеч нарсага улгура олмабманку”, деймиз.

Келинг, шу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, айрим жиҳатларга эътиборингизни қаратамиз. Бу маслаҳатлар сизга оз бўлса-да ёрдам берса, бошимиз осмонга етади...

  • Маслаҳатимиз ой бошидан режаларингизни бир варақ қоғозга қоралаб қўйинг, ҳаттоки соатларигача;
  • Аввало бу ойда ҳар томонлама покланишни ихтиёр этинг. Айниқса, нафсингиз тозалигига, руҳиятингиз поклигига эришишга интилинг;
  • Асосий ишларингизни куннинг биринчи ярмигача тугатишга ҳаракат қилинг. Ҳеч қачон тугалланмаган ишни эртагача қолдирманг, чунки эртанинг ҳам ўз юмушлари бўлади;
  • Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилишга интилинг, бу кимгадир кўмак бўладими, оғирини енгил қилиш бўладими, қўлдан келганча эзгуликка шошилинг. Бинобарин, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ушбу ойда қилинган ҳар бир саховат фарз амал даражасига, бир фарз амал фазилати эса бошқа ойларда қилинган фарзга нисбатан етмиш даражанинг кўпроғига тенг” эканлигини айтганлар. Шу боисдан ҳам, имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз керак;
  • Вақтингизни беҳуда ўтказманг. Биз вақт ҳақида кўп гапирамиз, бироқ Рамазоннинг баҳоси йўқ, имконларга бой, дуолари ижобат, яхшиликлар учун савоблар орттириб бериладиган лаҳзаларини қайтариш амримаҳол, топиш мушкул. Шундай экан, ҳар сониянгизни қадрланг, йўлда бўласизми, бирор нарса кутаяпсизми, бекор турманг. Фойдали китоб ўқишингиз мумкин, ёдламоқчи бўлганингизни такрорлаб юришингиз мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кунингиз учун режалар тузиб олишингиз ҳам мумкин;
  • Яқинларингизни йўқлаб туришни унутманг. Айниқса, ота-онангиз, оила аъзоларингиздан ҳол-аҳвол сўранг, лозим бўлса, кўмаклашинг, хизматларини қилиб, мамнун этинг. Қолаверса, қариндошлар ва дўсту танишлардан сим қоқиб бўлса-да гаплашиб, хабар олинг;
  • Бемор зиёратига ошиқинг. Қариндошларданми ёки маҳалладан кимдир бетоб бўлса, бориб кўришни канда қилманг;
  • Тилингизни фақат ва фақат яхши сўзларга ўргатинг. Муборак ой шарофати билан бирорта ножўя гап гапирмасликка ҳаракат қилинг;
  • Садақа қилишга шошилинг. Бу дегани фақатгина моддий ёрдам эмас. Балки, кимгадир яхшилик қилиб ёки ширин сўз билан, борингки табассум улашиб савобларга эришинг;
  • Юқоридаги эслатмаларга асосан, Рамазон ойини сермазмун ўтказсангиз, фазилатларингиз юзага чиқишига омил бўлади. Натижада эса йил давомида сизни яхшиликлар тарк этмайди, иншоаллоҳ.

Бу ойнинг фазилатларини санаб адоғига етиш мушкул. Бироқ, ҳар кимнинг ўз олий мақсад ва ниятлари мавжуд. Биз фақатгина оддий эслатмалар билан сизга ёрдам бермоқни ният қилдик холос.

Сўзимиз якунида оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Шаъбоннинг сўнгги кунида айтган муборак сўзларини келтирамиз.

Салмон Форсий (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Шаъбоннинг сўнгги куни бизга хитоб қилиб айтадиларки:

-Эй инсонлар, сизларни буюк бир ой бағрига олаётир. Унда минг ойдан ҳам хайрли бўлган қадр кесачи бор. Аллоҳ бу ойда рўза тутишни фарз қилган. Тун ибодатини эса нафл санаган. Ким бу ойда бир савоб иш қилса, у савоблигидан ташқари, бир фарзни адо этган кимса, сингари бўлар. Бу сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. Бу лутф ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи ортади. Ким бу ойда рўзадорларга ифтор қилиб берса, бир қулни озод қилганчалик савоб олади. Гуноҳлари афв этилади...

- Ким ишониб ва савобидан умид қилиб рўза тутса, Аллоҳ унинг ўтмишдаги ва келажакдаги гуноҳларини афв этади. Аллоҳ буюрадики: “Одамзотнинг ҳар амали ўзи учундир, лекин рўза мустасно. У Мен учундир. Бунинг мукофотини Мен ўзим бераман!”

Менинг умматимга аввалгиларга берилмаган беш хислат берилди:

  1. Аллоҳнинг наздида рўзадорнинг оғзидан чиқадиган хид мушкдан ҳам ширинроқ бўлади.
  2. Малаклар ифторгача рўзадор учун истиғфор айтадилар.
  3. Бу ойда шайтонлар жиловланади.
  4. Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаттиради ва “Солиҳ бандаларим қалбларидан ёмонликни йўқ қилиши учун шошилинч ҳаракат қилишяпти”, - дейди.
  5. Аллоҳ ойнинг сўнгги кечасида бандаларини афв этади.

Шарифа ҒАНИЕВА

“Зиё” студияси муҳаррири

vendredi, 26 mai 2017 00:00

Қози Шурайҳ

Шурайҳдан: “Қай йўл билан бундай илмга эриша олдингиз?” деб сўрадилар. Шурайҳ: “Уламолар билан суҳбат қилиш, улардан ўрганиб ва ўргатиш билан эришдим”, деб жавоб берди.

Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин)  бир аъробийдан от сотиб олиб, ўша ернинг ўзида отга миниб, йўлларига равона бўлдилар. Аммо, ҳали узоқ кетмаслариданоқ, отда унинг юришига халақит берадиган нуқсонни сезгандек бўлди. Умар розияллоҳу анҳу дарҳол ортга қайтиб, аъробийга бундай деди:

— Отингни қайтариб ол, унинг айби бор экан.

— Қайтариб олмайман, эй мўминлар амири, чунки мен уни сизга сотганимда у соппа-соғ эди.

— Ундай бўлса ўртамизда ажрим қиладиган бир кишини танла.

— Ўртамизда Шурайҳ ибн Ҳорис ҳакам бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳу рози бўлдилар ва муаммони ҳал қилиш учун Шурайҳнинг олдига йўл олдилар. Шурайҳ аъробийнинг сўзини эшитгач, Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб деди:

— Отни олганингизда у соппа-соғ эдими, эй мўминлар амири?

— Ҳа.

— Ундай бўлса, отни ўзингизда олиб қолинг ёки қандай ҳолда сотиб олган бўлсангиз шундай ҳолича эгасига қайтаринг.

Бундай одилона ҳукмдан қойил қолган Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳга қараб:

— Мана буни ҳукм деса бўлади. Сиз Кўфага боринг, мен сизни у ерга қози этиб тайинлайман, деди.

Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳ ибн Ҳорисни қози этиб тайинлашларидан аввал ҳам у киши жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, улуғ саҳобалар ва тобеинлар ичидаги илм ва фикр соҳиблари орасида ўзига яраша обрў-эътиборга сазовор кишилардан эди. Фозил ва етук инсонлар Шурайҳдаги ўткир фаросат ва ўта ноёб заковатни, олий хулқ ва бой ҳаётий тажрибани қадрлар эдилар.

Шурайҳ ибн Ҳорис асли яманлик, Кинда қабиласидан бўлиб, оғир кечган ҳаётининг ярмини жоҳилиятда ўтказган эди. Арабистон ярим ороли ҳидоят нури билан мунаввар бўлиб, Ислом нури Яман ерларига ҳам етиб боргач, Шурайҳ Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирган, ҳидоят ва ҳақ чақириқни лаб­бай деб қабул қилган илк мусулмонлардан бўлди.

 Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) гарчи ўша пайтда Ислом осмони ҳали-ҳануз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидек ёрқин юлдузлар билан порлаб турган бўлса-да, тобеинлардан бўлган кишини қозилик каби масъулиятли мансабга тайинлаб, хато қилмаган эдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг фаросати ва тадбирларининг нақадар тўғри экани кунлар ўтиши билан ўз исботини топди. Қози Шурайҳ мусулмонлар ўртасида олтмиш йил қозилик қилди. Уни бу мансабда қолишини, кетма-кет келган халифаларнинг барчалари — Умар, Усмон, Али ва Муовия розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейинги Уммавий халифалар ҳам маъқул топдилар.

Исломда қозилик тарихи Шурайҳнинг қозилик соҳасида бошдан кечирган ажойиб ва ҳайратомуз ҳолат-ҳодисалар билан безатилиб, каттаю-кичик мусулмонларнинг Шурайҳ амалда кўрсатиб берган Аллоҳнинг шариатига гўзал тарзда бўйсунишлари ила порлаб турибди. Ана шундай ибратга тўла воқеалардан бири, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзи учун қадрли бўлган совутини йўқотиб қўйгани хусусидаги воқеадир. Совутини йўқотиб қўйган Али розияллоҳу анҳу кўп ўтмай худди шу совутни Кўфа бозорида бир зиммийнинг қўлида кўриб қолади. Зиммий совутни сотувга қўйган эди. Али розияллоҳу анҳу совутга кўзи тушиши билан уни танийди ва зиммийга қарата бундай дейди:

— Бу совут меники эди, фалон кечада, фалон жойда туямнинг устидан тушиб қолибди.

— Йўқ, бу менинг совутим, мана қўлимда турибди!

— Ахир бу менинг совутим, уни бировга сотган ҳам эмасман, ҳадя ҳам қилмаганман-ки, сеники бўлиб қолса?!

— Ундай бўлса ўртамизда қози бу муаммонинг ечимини топсин.

— Инсоф қилдинг, қани юр бўлмаса.

Икковлари Шурайҳ қозининг ҳузурига бордилар.

Қози Шурайҳнинг ҳузурига киришгач, Шурайҳ Али ибн Абу Толиб  розияллоҳу анҳудан сўради:

— Қандай даъвоингиз бор?

— Мана бу совут менинг совутим эди, уни фалон кечада, фалон ерда йўқотиб қўйган эдим. Баногоҳ, уни мана бу кишининг қўлида кўриб қолдим. Унга бу совут олди-сотди йўли ёки ҳадя орқали келмаган.

Шурайҳ зиммийга қараб деди:

— Сен нима дейсан?

— Совут меники, мана қўлимда турибди. Мўминлар амирини ёлғон гапиришда айбламайман, деди зиммий.

Шурайҳ Али розияллоҳу анҳуга деди:

— Эй мўминлар амири, сиз гапираётган гапингизда содиқ эканингиз ва бу совут сизники эканида менинг қалбимда заррача ҳам шак-шубҳа йўқ. Лекин, қилаётган бу даъвоингизнинг рост эканига икки гувоҳ олиб келишингиз шарт.

— Ҳа, албатта, хизматкорим Қанбар ва ўғлим Ҳасан мен учун гувоҳлик беради.

— Ўғилнинг ота учун гувоҳи ўтмайди, эй мўминлар амири, деди қози Шурайҳ.

— Субҳаналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги ўтмайдими?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидидирлар”, деганларини эшитмаганмисиз?

— Эшитганман, эй мўминлар амири, лекин мен фарзанднинг ота учун берган гувоҳлигини қабул қилмайман.

Шунда Али розияллоҳу анҳу зиммийга қараб деди:

— Совут сенга бўлақолсин, менинг бу иккаласидан бош­қа гувоҳим йўқ.

— Эй мўминлар амири, чиндан ҳам совут сизники, — деди Али розияллоҳу анҳунинг гапидан ҳайратга тушган зиммий, — Ё Аллоҳ! Мўминлар амири менингдек бир зиммий билан қозига бориб даъволашса-ю, қози эса менинг фойдамга, унинг зарарига ҳукм чиқарса-я! Мана шундай одилликка буюрувчи дин ҳақ эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. Эй қози жаноблари, ҳақиқатда бу совут мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга (Шом вилоятидаги жойнинг номи) йўл олган лашкарнинг кетидан кетаётиб, унинг кул ранг туясидан тушиб қолган совутини олган эдим.

— Модомики мусулмон бўлдинг, бундан буён бизга дўстсан. Мана шу совут ва унга қўшимча мана бу от ҳам мендан сенга ҳадя, — деди Али розияллоҳу анҳу.

Шурайҳнинг ўғли маҳкамага тортилган бир кишига кафил бўлиб ўртага тушди. Шундан сўнг у киши маҳкамадан қочиб кетади. Шурайҳ кафил бўлиб ўртага тушган ўғлини, қочиб кетган кишининг ўрнига қамоқга ташлайди ва ўзи ҳар куни ўғлининг олдига қамоққа овқат олиб бориб туради.

Баъзан қозихонага даъволашиб келганларнинг гувоҳларидан Шурайҳнинг кўнгли тўлмас, аксинча, қалбида уларга нисбатан шубҳалар пайдо бўларди. Аммо, гувоҳлар гувоҳликка ярайдиган ва рад қилиш мумкин бўлмагани учун, уларни қабул қилишдан ўзга чора топмас эди. Лекин улар гувоҳликка ўтишларидан аввал, уларга насиҳат қилиб бундай дер эди: “Менга қулоқ солинглар! Аллоҳ сизни ҳидоятда қилсин. Сиз бу кишига гувоҳлик беришингиз билан унга ҳукм қилган бўласиз. Мен қиёматда сизларни рўкач қилиб дўзахдан сақланаман, аслида дўзахдан сақланадиган ишни қилиш сизларга лозимдир. Гувоҳлигингиз чин бўлмаса, ҳозир гувоҳликка ўтмаслик имконингиз бор”. Агар шундан кейин ҳам улар гувоҳликка ўтишда қаттиқ туриб олсалар, унда бу гувоҳларни олиб келган кишига қарата: “Билиб қўйгин, мен буларнинг гувоҳлиги билан сенга ҳукм чиқараман, аммо билиб турибманки, ҳақ сен тарафда эмас, лекин мен гумон билан эмас, балки гувоҳларнинг гувоҳлиги билан ҳукм қиламан. Мен чиқарган ҳукм сенга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб бермайди”, дер эди.

Қози Шурайҳ ўзига шиор қилиб олган ва қозихонада тез-тез айтиб турадиган сўзлардан бири қуйидаги сўзлар эди:

“Эртага қиёматда золим киши аслида ким ютқизганини билиб олади. Золимлар азобни кутсалар, мазлумлар адолатни кутадилар. Қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ учун бирон нарсани тарк этган киши, уни қўлдан бой бергани учун асло пушаймон қилган эмас”.

Шурайҳ фақатгина Аллоҳ, Унинг Китоби ва Расулига тааллуқли бурчини адо қилибгина қолмай, балки мусулмонларнинг олим ва амирлари ҳамда омма халққа ҳам қўлидан келган эзгуликни улашар, уларга нисбатан зиммасидаги вазифасини садоқат билан бажарар эди. Бунга қуйидаги воқеа далил бўлади.

Шурайҳ бир кишининг бошқа бир кишидан нимадир сўраётганини кўриб: “Эй биродар, ким ўзига ўхшаган одамдан ҳожатини ўташини сўраса, ўзини қулликка топширган бўлади. Агар сўралгувчи унга бирон нарса берса, шу нарса билан сўровчини ўзига тобе қилади. Мабодо бермаса, иккови ҳам хор бўлади. Бирига бахиллик хорлиги, яна бирига эса рад қилиниш хорлиги бордир. Шунинг учун сўрасанг Аллоҳдан сўра. Ёрдам сўрасанг ҳам Аллоҳдан сўра. Ёрдамни ҳам Аллоҳ беради. Билгинки, Аллоҳ таолодан ўзга куч-қудрат эгаси ва ёрдам бергувчи йўқдир”, деб насиҳат қилди.

Шу тариқа қози Шурайҳ олтмиш йил мобайнида одамлар орасида адолатни мустаҳкам қилди. Бирон кимсага жабр-зулм қилмади, ҳақдан бурилмади, шоҳу гадога баравар муомала қилди. Шунинг учун ҳам Ислом уммати у кишини яхшилик билан хотирлайди. Аллоҳ  У кишини Ўз раҳматига олсин. 

Илёсхон АҲМЕДОВ

Халқаро алоқалар бўлими  ходими

тайёрлади.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top