muslim.uz

muslim.uz

"Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарифов: "Неъматнинг неъмат эканлигини билишни истаган киши ана шу неъматдан бебаҳра бўлган одамнинг ҳолини кўз олдига келтирсин"

Саудия арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий 2016 йилги Ҳаж мавсуми якунига қадар, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак зиёратларига 600 минг киши ташриф буюради. 

Шунингдек, вазирликнинг маълум қилишича, Мадина шаҳрига ташриф буюрувчи кўп сонли зиёратчиларни муносиб кутиб олиш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида Мадина халқаро аэропортида катта тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Жумладан, 14 та катта зал, 120 та назорат-текширув бўлимлари зиёратчилар хизматига тайёр ҳолга келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, Зул Қаъда ойининг биринчи куни яъни 4 август санасида, жорий Ҳаж мавсумининг Ҳиндистон, Бангладеш ва Жанубий Африкадан ташриф буюрган дастлабки зиёратчилари Макка ва Мадина шаҳарларидаги халқаро аэропортларга келиб қўнишган эди. Ўша куни ҳаж-терминаллари жами 60 та рейсни қабул қилган эди.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси

Жорий йилнинг 4 август куни Сирдарё вилояти ҳамда 6 август куни Сурхондарё вилоятида “Дунё уламолари мурожаати” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллари, имом-хатиб ва ноиб имомлар, отинойилар ҳамда жамоат ташкилот раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар иштирокчиларни, аввало, юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, “Дунё уламолари мурожаати” китобининг аҳамияти, бугунги дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳияти, дунё уламолари томонидан Ислом динининг мусаффолигини сақлаш, турли туҳматлардан, динимизга мутлақо алоқаси бўлмаган гап-сўзлардан ҳимоя қилиш мақсадида келтирилган маърузалар ўрин олганини таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек, истиқлол йилларида бошқа соҳаларда бўлгани каби диний соҳада эришилган ютуқлар, улкан имкониятлар, аввало, мустақиллик ва тинчлик боис эришилаётганини таъкидлаб, бугун дунёнинг кўплаб минтақаларида давом этаётган нотинчликлар бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётгани, бу манфур ишларнинг ортида турган кучларнинг фитнасидан ҳамюртларимизни доимо огоҳ этиш, уларнинг бузғунчи ғояларига муносиб раддиялар бериш, ёшларни уларнинг тузоқларига тушиб қолишининг олдини олиш имом-хатибларнинг бирламчи вазифаси ва бурчи эканлигига алоҳида тўхталиб, дунё уламоларининг билдирган фикр-мулоҳазаларидан мисоллар келтириб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари ушбу китобнинг нашр этилишига кенг жамоатчилик томонидан юксак баҳо берилганини эътироф этдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Август ойида улуғ муҳаддис, дунё имоми, муҳаддислар амири Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва машҳур асарларидан “Адабул-муфрад” (Одоблар хазинаси)  ҳақида суҳбатлашишни режалаган эдик.

     Мамлакат раҳбари ул зотга ҳаққоний таъриф бериб, «Имом Бухорий ҳазратлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахр-ифтихоридир. Бу табаррук зотнинг ҳаёти том маънодаги илмий ва инсоний жасорат, букилмас ирода, сўнмас эътиқод тимсолидир», деган эдилар.

Ўз навбатида Юртбошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-адаб ал- муфрад” (Одоблар хазинаси) асари ҳақида алоҳида таъкидлаб шундай тавсия бердилар: “Биринчи навбатда фарзандларимизни юксак билим ва маънавий фазилатларга эга қилиб тарбиялашимиз лозимлиги, уларга биз учун муқаддас бўлган Исломнинг моҳиятини, унинг тинчлик, яхшилик, меҳр-шафқат, ҳамжиҳатлик дини эканини тўғри тушунтириб беришимиз керак..."

     Бугун ана шу одоб китобига киритилган силаи раҳм, яъни қариндошлик алоқалари ҳақида сўз юритамиз. Имом Бухорий машҳур «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида «Китобул адаб» деган қисм очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифлардан уч юздан ортиғини бир юз йигирма саккиз бобда келтирганлар. Лекин у киши фақат бу билан кифояланмай, «Жомеъус-саҳиҳ»га ўзларига етиб келган бошқа ҳадисларни ҳам қўшиб, «Ал-адаб ал-муфрад» номли китоб тасниф қилганлар. У киши бу мавзуни ўта муҳим ҳисоблаганларидан унга алоҳида китоб бағишлашни лозим кўрган бўлсалар керак. Имом Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» китоби ҳам жуда мўътабар ҳисобланади. Унда имом Бухорий фақат адабга оид 1322 та ҳадиси шарифни келтирганлар ва ўз одатларига биноан, уларни 644 та бобга бўлганлар. Қуйида ана шу ҳадислардан силаи раҳмга оидларини ўрганиб чиқамиз.

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الأَنْصَارِيِّ أَنَّ أَعْرَابِيًّا عَرَضَ عَلَى النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ في مَسِيرَةٍ فَقَالَ: أَخْبِرْنِي مَا يُقَرِّبُنِي مِنَ الْجَنَّةِ وَيُبَاعِدُنِي مِنَ النَّارِ قَالَ: تَعْبُدُ اللهَ وَلاَ تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا وَتُقِيمُ الصَّلاَةَ وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ وَتَصِلُ الرَّحِمَ

яъни: Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб: «Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деди. «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан», дедилар».

Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш – қариндошлик алоқаларини яхшилаш имон, намоз ва закот каби Ислом рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда. Бу амал кишини жаннатга киритадиган ва дўзахдан қутқарадиган амаллар рўйхатига киритилмоқда. Шундан ҳам силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини тушуниб олсак бўлаверади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: أَتَى رَجُلٌ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ  فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ لِي قَرَابَةٌ أَصِلُهُمْ وَيَقْطَعُونِي وَأُحْسِنُ إِلَيْهِمْ وَيُسِيئُونَ إِلَيَّ وَأَحْلُمُ عَنْهُمْ وَيَجْهَلُونَ عَلَيَّ قَالَ: لَئِنْ كَانَ كَمَا تَقُولُ كَأَنَّمَا تُسِفُّهُمْ الْمَلَّ وَلاَ يَزَالُ مَعَكَ مِنَ اللهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ مَا دُمْتَ عَلَى ذَلِكَ

яъни: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен улар билан қариндошчилик  қиламан, улар эса мендан алоқаларини узаяптилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга меҳрибонлик қиламан. Улар менга мулоҳазасизлик қиладилар (ёмон гапларни гапирадилар)», деди. «Агар ҳолат сен айтгандек бўлса, уларга қизиган кул бўлади. Уларга яхшилик қилаверсанг, уларнинг зиддига Аллоҳдан сенга бир ёрдамчи доим бирга бўлади, дедилар.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ   يَقُولُ: قال عَزَّ وَجَلَّ: قَالَ أَنَا الرَّحْمَنُ وَأَنَا خَلَقْتُ الرَّحْمَنَ وَاشْتَقَقْتُ لَهَا مِنِ اسْمِي فَمَنْ وَصَلَهَا وَصَلْتُهُ وَمَنْ قَطَعَهَا بَتَتُّهُ

яъни:  Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитган экан: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен Раҳмонман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман», деган».

Силаи раҳм ана шундай фазилатли нарса бўлгани учун ҳар бир мўмин-мусулмон ана шу фазлдан умидвор бўлиб, бу ишда бардавом бўлиши керак.

Бу ҳам аввалги ҳадисларни таъкидлаб келган лафзлари бироз бошқача ҳадисдир. Бу ривоятлар қариндошлик алоқалари мўмин-мусулмон одам учун қанчалар аҳамиятли эканини равшан кўрсатиб турибди.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ  قَالَ: مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ

яъни: Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ризқининг кенг бўлишини ва умрини узоқ бўлишини яхши кўрса, силаи раҳм қилсин», дедилар».

 Четдан қараганда, силаи раҳм қилинса, қариндошига ёрдам берса, моли ёки пули камайиб қолгандек кўринади. Лекин Аллоҳ таоло бунинг эвазига унинг молини кўпайтириб берар экан ҳамда у банданинг яхшилик билан эсланиб юришини таъминлар экан.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى يَقُولُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ  قَالَ: إِنَّ الرَّحْمَةَ لاَ تَنْزِلُ عَلَى قَوْمٍ فِيهِمْ قَاطِعُ رَحِمٍ

яъни: Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қариндошлик алоқасини узувчи қавмга раҳмат тушмайди», дедилар».

 Бир одамнинг сабабидан бошқалар ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин экан. Масалан, беш-олтита ака-ука, опа-сингиллардан фақат биттаси, нима баҳона ёки сабаб бўлишидан қатъи назар, силаи раҳмни узиб юрган бўлса, қолган барчалари ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Аслида, силаи раҳмни узишга ҳеч қандай сабаб баҳона бўла олмайди. Кимдир мерос талашиб ёки бошқа сабаб билан акасининг ёки укасининг ёҳуд опаси ва синглисининг ҳаққига хиёнат қилган бўлса, кўнглига оғир ботадиган гап айтган бўлса ёки ҳатто жоҳиллик қилиб яқинлари билан муштлашган бўлса ҳам охиратда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобини ўзи беради. Агар у бу дунёда қилган гуноҳлари учун тавба қилиб, уларни такрорламаса, солиҳ амаллар қилиб, истиғфор айтиб юрса ва асосийси, силаи раҳм қилишда давом этса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ҳар қанча умид қилса, ҳақли бўлади. Чунки, Аллоҳ таолонинг Ўзи «Ким уни боғласа, боғлайман» деб силаи раҳм қилувчи бандасини Ўзига яқин олишини айтган ва унга кўп яхшиликлар ваъда қилган.

Аммо, юқорида айтилган сабаблар билан бўлса ҳам, силаи раҳмни узиб юрган кимса охиратда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида жуда оғир аҳволга тушиб қолади. Чунки унинг биронта ҳам яхши амали қабул бўлмайди. Барча қилган яхшиликлари, ҳатто ҳаж ва умра қилган бўлса, уларнинг ҳам савоби бекор бўлади. Энг оғири, энг фожиалиси шуки, бундай банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан буткул бенасиб бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло «Ким уни кесса, кесаман» деб аниқ қилиб айтиб қўйган.

Лекин энг ёмон тарафи шундаки, бундай кимсанинг касри уриб, унинг барча яқинлари, қавми, қариндошлари ва маҳалладошлари ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Шунинг учун, ҳар биримиз доим бир-бирларимиздан хабардор бўлиб, ичимизда шунақалар пайдо бўлиб қолмасин, ҳаммамиз унинг сабабидан балога қолмайлик, деб ўзаро силаи раҳмга чақиришимиз керак. Қариндошлик алоқаларини узмасликка маҳкам туриб, тарғиб қилиб, ундай қилма, бу иш яхши эмас, сен сабаб бўлиб биз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қоламиз, деб насиҳат қилиш билан бирга қаттиқ туриб талаб ҳам қилишлари лозим.

عَنْ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ أَنَّ جُبَيْرَ بْنَ مُطْعِمٍ أَخْبَرَهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ    يَقُولُ: لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَاطِعُ رَحِمٍ

яъни:  Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади: «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганларини эшитган эди».

 Силаи раҳмни узиш ана шундай катта гуноҳдир. Инсоннинг жаннатга кирмай қолишига сабаб бўладиган гуноҳ ишлардандир. Аллоҳ таоло бундан Ўз паноҳида асрасин!

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ : مَا مِنْ ذَنْبٍ أَحْرَى أَنْ يُعَجِّلَ اللهُ لِصَاحِبِهِ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يُدَّخَرُ لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ قَطِيعَةِ الرَّحِمِ وَالْبَغْيِ

яъни:  Абу Бакрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло уқубатини бу дунёда тезлатиб ва охиратга ҳам олиб қўядиган гуноҳларнинг энг лойиғи – қариндошлик алоқасини узиш, иккинчиси боғий», дедилар».

 «Боғий»ни уламоларимиз икки хил тушунтирадилар: биринчиси – зулм, иккинчиси – мусулмон раҳбарга қарши бош кўтариш. Баъзи гуноҳларнинг уқубати бу дунёда кўрилса, ювилиб кетиб, у дунёга қолмайди. Лекин қариндошлик алоқасини узганнинг гуноҳлари уқубати бу дунёда ҳам тезда етар экан ва охиратга ҳам албатта қолар экан. Бу эса, ушбу гуноҳнинг жуда катталиги аломатидир.

عَنِ الأَعْمَشِ وَالْحَسَنِ بْنِ عَمْرٍو وَفِطْرٍ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ قَالَ: لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنِ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قُطِعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا

яъни: Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитрдан ривоят қилинган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қилганига яраша қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас, балки силаи раҳм қилувчи – қариндошлари алоқани кесганда боғловчи бўлганидир», дедилар».

 Яъни, бошқалар ундан қариндошлик алоқасини узса ҳам, у силаи раҳм қилаверади. «Сиздан угина, биздан бугина» деган ниятда бўлса, «У қилса, мен ҳам қиламан» деса, мукофот учун қилган бўларди. Бундай одам силаи раҳм қилган ҳисобланмайди. Қариндоши ёмонлик қилса ҳам силаи раҳм қилаверган одам ҳақийқий силаи раҳм қилувчи бўлади. Бу ерда жуда катта гап бор. Ҳозирги кунда қариндошлик алоқаларининг бузилишига кўпинча ана шу омил, яъни «У қилса, мен ҳам қиламан, у қилмаса, мен ҳам қилмайман», деган тушунча сабаб бўлмоқда.

Лекин ушбу ҳадиси шарифга амал қилинса, майли, бошқалар қилмаса, қилмасин, лекин бу менинг бурчим, қилавераман, деб силаи раҳм қилаверса, бир-икки марталик ҳаракатдан кейин нариги тараф ҳам «Бу қиляпти, мен ҳам қилмасам, уят бўлади» деб, алоқалар икки томондан ҳам йўлга қўйилади. Мусулмонлик бурчини англаб етган кимса бу ишни аввалроқ қилишга уринади. Натижада қариндошлик, дўстлик, биродарлик алоқалари ҳеч қачон узилмайди.

Бошқа масалалар қатори бу масалада ҳам дунё ва охират ёнма-ён қўйилган. Қариндошлик алоқасини жойига қўйган банда бу дунё ва охират саодатига мушарраф бўлади. Аксинча, қариндошлик алоқаларида нуқсонга йўл қўйган одам бу дунё ва охират бахтсизлигига йўлиқади. Ислом маданиятининг дурдоналаридан бўлган қариндош-уруғлик алоқаларини мустаҳкамлайлик. Динимиз бизга берган имтиёздан унумли фойдаланайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни қариндошлик алоқаларига риоя қилувчи, ўзаро силайи-раҳмга аҳамият берувчи ва барча инсонлар билан яхши муносабатда бўлувчи солиҳ инсонлар жумласидан қилсин. Бу савобли ишларни амалга ошишда Ўзи ёру мададкор бўлсин. Омин.

Жорий йилнинг 8 август куни Самарқанд вилояти вакиллиги биносида “Ҳаж-2016” мавсумида Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари зиёратчиларига хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари учун йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари М.Йўлдошев, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мудири М-А.Шакиров ва гуруҳ раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда гуруҳ раҳбарлари томонидан риоя этиладиган қонун-қоидалар, уларнинг бурч ва масъулиятлари, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишларнинг гуруҳ раҳбарларига тааллуқли бўлган жиҳатлари атрофлича ёритилди.
Шунингдек, сафарга доир ҳужжат ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ва гуруҳдаги зиёратчилар билан ишлаш давомида уларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатларини юритиш қоидалари борасида ҳам гуруҳ раҳбарларига маълумот берилди.
Тадбир якунида мутасаддилар гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.
Йиғилиш 9 август куни ҳам давом этади.


Халқаро алоқалар бўлими

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top