muslim.uz

muslim.uz

Рамазон ҳайити куни Берлин масжидларидан бирида немис мухбири Мартин Лежён Ислом динини қабул қилди. Бу видео лавҳа интернет тармоғида тарқалди ҳам.

У қавм олдида калимаи шаҳодатни араб ва немис тилларида келтирди.

 

Халқаро алоқалар бўлими

vendredi, 08 juillet 2016 00:00

ЎМИда футбол брифинги

Жорий йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги” муносабати билан ЎМИ тизимидаги муассасалар жамоалари ўртасида навбатдаги футбол мусобақасини бошлаш учун ёрдамчи ҳакамлар ва гуруҳ сардорлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда навбатдаги ўйинларни ташкиллаштириш ишлари муҳокама қилинди.

Мусобақанинг 1-тур ўйинлари жорий йил 15 июль куни соат 19:00 да шаҳримизнинг нуфузли спорт майдончаларининг бирида бўлиб ўтади.

Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти, Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти имомлари футбол жамоалари ўзаро беллашадилар.  

Қуръа натижаларига кўра 1-тур ўйинларида қуйидаги жамоалар ўзаро беллашади:

“Дўстлик”– “Минор”

“Ҳазрати Имом” – “Мовароуннаҳр”

“Имом Бухорий” – “Кўкалдош”

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги мусобақада Тошкент шаҳар вакиллиги мезбонлик қилади.

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Яратганга шукрки, Муборак рамазон ҳайити юртимизда ўзгача шукуҳ ва тароват билан ўтмоқда. Ушбу байрам муносабати билан Диний идора  раҳбариятини табриклаш ва қутлаш учун Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси бўлим бошлиғи Сергей Стаценко, Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич, Арман апостоллик черкови руҳонийси Аваннес (Арамаис Григорян), Яҳудийлар диний жамоаси раввини Борух Абрамчаев, Библия жамияти Бош котиби Холмат Ашировлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюришди.

 Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов, Халқаро алоқалар бўлими ходими Мақсуд Каримов кутиб олдилар. Меҳмонлар Диний идора раҳбариятини Рамазон ҳайити байрами билан қутлаб, самимий тилакларини билдиришди.

Ўз навбатида, муфтий ҳазрат меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирди.

Суҳбат давомида ноисломий конфессиялар вакилларининг Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келиб, ўз табрикларини изҳор этаётганлари ва насроний байрамларида мусулмон дин пешволари томонидан табрикланиши диний ва миллий бағрикенгликнинг юқори даражадаги ифодаси эканини маълум қилишди. Ўзбекистондаги бағрикенглик барча учун катта ибрат ва намуна бўла олиши алоҳида таъкидланди.

Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич муфтий ҳазратга Ватикан раҳбари Жан-Луи Кардинал Тораннинг Рамазон ҳайити муносабати билан мусулмонларга йўллаган табригини тақдим этди.

Суҳбат чоғида Муфтий ҳазратлари динлараро ҳамкорлик алоқаларининг ривожида барча дин вакилларининг беминнат қилаётган хизматларини юқори баҳолаб, ўзаро бағрикенглик, тинчлик йўлидаги олиб борилган кенг меҳнат, албатта, келгусида ўз ижобий самара беришига ишонч билдирди. Шунингдек, ҳозирги муқаддас кунларда дунёнинг турли минтақаларида қўпорувчиликларни барча дин қоралашини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Учрашув ўзбек миллий ананасига биноан, дастурхон атрофида дўстона ва самимий тарзда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Халқаро алоқалар бўлими

mercredi, 06 juillet 2016 00:00

Саодатбахш айём қувончи

Ҳайитингиз муборак!

 Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) икки куннинг – Фитр (Рамазон) куни ва Наҳр (Қурбон) куни рўзасидан қайтардилар” (Имом Муслим ривояти). Саъд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) менга: “Тур, ташриқ кунлари еб-ичиш кунлари экани ва уларда рўза тутиб бўлмаслигини айтиб одамлар ичида жар сол”, дедилар” (Имом Насоий).

      Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бу кунларда мўмин мусулмонлар фақат хурсандчилик қилишлари, дастурхонларга ширин таомлар қўйиб ўзларини ва бир-бирларини  сийлаши кераклигини таъкидлаганлари ҳадис мазмунидан равшан англашилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Рамазон ҳайити бандаларнинг бир ой давомида Аллоҳ розилиги, савобу мукофотларидан умидворлик билан очлик, чанқоқ ва бошқа табиий эҳтиёжларини чеклаш учун қилган сабр-тоқатларининг шукронаси, шодиёнасига ўхшайди.

       Бу йилги Рамазон юртимизда ҳар йилгидек файзли кечди. Бизга эмин-эркин тоат-ибодат қилиш, фарз амалларимизни бажариш учун Ватанимиз осмонини мусаффо, кунларимизни тинч-осуда этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, бундай кунларнинг бардавом бўлиши учун умрини тиккан, оқил раҳбарлик, ташкилотчиликни зиммасига олган азиз инсонларга Яратганнинг чексиз марҳаматлари бўлсин!

           Донолар айтганидек, файзли-фароғатли кунлар мисоли қушдек тез учиб ўтиб кетади. Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, ибодатларимиздан қалбларимиз, юртимиз нурлангандек, хонадонларимизга файзу баракот, сабр-қаноат ва ибодатлардан яна ҳам ёришган қалбларга беихтиёр шукроналар тўлади. Фазилатли, фасохатли ойда диёримиздаги масжидларда хатми Қуръон қилинди, таровеҳ намозлари адо этилди. Эзгу дуоларимиз кечасию кундузи кўкка нур бўлиб юксалди. Бу ойда биз руҳан покландик, нафсимиз тарбияланиб, зеҳнимиз ўткирлашди. Фитр садақаларимизни мамнуният билан адо этдик, муносабатларимиз бир оз узоқлашган инсонлар билан яна меҳр ришталарини боғлашга рағбат сездик, кўнгилларимиз ғиллу-ғаш, гина-кудуратлардан тозаланди. Бу кунлар шарофати, саховатидан равшан тортган дилларимиз фақат яхши ишларга шайланиб турибди. Буларнинг мукофоти – қутлуғ Рамазон ҳайитига етганимиз муборак бўлсин!

         Мустақиллик йилларининг илк даврлариданоқ икки улуғ кун – Рамазон ва Қурбон ҳайитлари Юртбошимиз томонидан умумхалқ байрами сифатида эълон қилингани халқимизнинг бу борадаги асрлик орзуларининг рўёби бўлди. Бу байрамни ўз мақоми, моҳиятига муносиб кутиб олиш, нишонлаш ҳам бурчимиздир.

       Ҳадиси шарифда айтилади: “Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрамимиздир. У кунлар еб-ичиш кунларидир, дедилар” (Сунан эгалари ривоят қилган).

        Ҳайит – ўз номи билан ҳайит. Уни хурсандчилик, бағрибутунлик, ўзаро ҳурмат-эътибор ва оқибатлилик руҳида ўтказиш кераклигини унутмаслигимиз керак. Бу қутлуғ айём нашидаси, неъматлари, эҳсонларидан барча эҳтиёжмандлар бирдек баҳраманд бўлиши лозим. Бу борада ота-боболаримиз амал қилиб келган чиройли анъаналарга амал қилиш савобларимизга савоблар қўшгай, иншоаллоҳ. Ҳайит намозини адо этгандан кейин одатда биринчи навбатда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғ ва ёру биродарларимизни, беморларни зиёрат қиламиз. Кўнгли ярим, меҳр-мурувватга ташна кишиларнинг ҳузурига кириб, уларни табриклаб, кўнгилларини кўтариб, илиқ сўзларимизни айтиб, имкониятимиз етганича хайитликлар улашиб, уларнинг дуоларини олайлик. Болалар қалбига бу саодатбахш айём қувончини, қадр-қимматини, сурурини чуқурроқ сингдириш учун фарзандларимизни меҳр-муҳаббатимиз, совғаю ширинликлар билан ҳар доимгидан ҳам кўпрок сийлайлик. Токи улар яна ҳайитлар келишини соғиниб, орзу-тилаклар, яхши ниятлар билан кутсинлар.

          Юртимизда қутлуғ анъаналар тикланиб боргани сайин ҳайитларни нишонлаш билан боғлиқ урф-одатлар ҳам турли нотўғри, ноўрин, кераксиз иллатлардан ҳоли бўлиб бормоқда. Ёшлик пайтимни – ўтган асрнинг 70-йилларини эслайман: Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ёши катталар эрталабдан кечгача  гуруҳ-гуруҳ бўлиб хонадонида ўлим бўлган қариндошлар, қўшниларникига кириб чиқишарди. Бунинг сабабини ўзимча англашга ҳаракат қиламан: балки, собиқ совет мафкураси байроқдорлари ҳайит кунлари одамлар фақатгина азадор хонадонлар мотамига шерик бўлишларига йўл қўйиб, муборак айёмларимизнинг қадр-қимматини пасайтириш учун бу кунларда хурсандчилик, байрам қилишга руҳсат беришмагандир?.. Алҳамдилуллиҳ, у хотиралар тарихимизнинг мустақилликкача бўлган саҳифаларида қолиб кетди. Аммо улардан тўғри хулоса чиқариб, зулматдан кейин нурни қадрлаган каби, бу  кунларни қадрлаш, лаҳзаю соатларни савобли ишлар билан саодатманд этиш хайрли фазилатдир.

          Улуғ айём муборак, азизлар! Қалбларингиз, хонадонингиз шодиёнага, файзу баракотга тўлсин! Қаламкаш синглимиз Нилуфар Турсунова ёзганидек:

                              Қутлуғ рўза ойида танлар покланди,

                              Руҳлар ҳам бўлди равон, жонлар покланди.

                              Жумла жаҳон, Еру Осмон покланди,

                              Ҳайитингиз муборак, ҳайит муборак!

                              Ҳар бир қалбда меҳр чечак, ғунча очди,

                              Гинаю адоватлар чекинди, қочди,

                              Ўн саккиз минг олам дуога қўл очди,

                              Ҳайитингиз муборак, ҳайит муборак!

                                                                                                                                     Муҳтарама УЛУҒОВА,

                                                                                                                      Ўзбекистон Республикасида хизмат

                                                                                                                         кўрсатган маданият ходими 

 

mardi, 05 juillet 2016 00:00

Эртага ҳайит

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Эртага ҳайит! Ҳайитнинг маъноси нима? Ҳайит қандай бўлади?

Ҳайит буюк неъмат берувчи зотга шукр қилинадиган, чексиз фазлини эътироф қилиб, неъматларни изҳор қилинадиган кундир.

Ҳайит куни қуйидаги ишлар бажарилади:

-        ғусл қилиш;

-        мисвoк ишлатиш;

-        хушбўйлик суриш;

-        чиройли янги кийим кийиш (янгиси бўлмаса, ювилганини кийиш);

-        масжидга чиқишдан олдин фитр садақасини бериш;

-        масжидга чиқишдан олдин бирор нарса тановул қилиш;

-        масжидга бир йўлдан бориб, уйга бошқа йўлдан қайтиш;

-        масжидга кетишда жаҳрий такбир айтмаслик (яъни Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) қурбон ҳайитига кетишда, кўчада жаҳрий (овоз чиқариб) такбир айтилганидек, рўза ҳайитида айтилмайди, деб таъкидлайдилар);

-        ҳайит намозидан олдин масжидда нафл намоз ўқимаслик;

-        номоздан кейин ота-она, қариндош-уруғлар ва яқинларни зиёрат қилиш;

-        етимлар, мискинлар, фақирлар ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва меҳр кўрсатиш;

Ҳайит намози қуйидагича ўқилади

Имом домла ифтитоҳ (намозни очувчи) такбири – “Аллоҳу акбар”ни айтса, муқтадий (имомга эргашувчи намозхон): “Қиблага юзланган ҳолимда, ҳайит намозини холис Аллоҳ учун, ўқишни ният қилдим”, деб “Аллоҳу акбар” такбирни айтиб намозга қўшилади ва санони ўқийди. Сўнгра имом домла уч бор такбир айтади. Муқтадий ҳам қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Такбирлар орасида қўлни боғламасдан, ёнга туширилади. Кейин имом домла Фотиҳа сурасини ҳамда бир қўшимча сурани жаҳрий ўқийди ва руку учун такбир айтади. Муқтадий қироат вақтида жим туриб эшитади, қироатни ичида ҳам такрор қилмайди. Имом домла иккинчи ракатга туриб, Фoтиҳа ва бир сурани ўқийди ва уч марта такбир айтиб тўртинчисида рукуга боради. Муқтадий уч такбирда қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Tакбир ораларида қўллар ёнга туширилади. Шу билан қаъдага ўтирилиб ташаҳҳуд ҳамда салавот ва дуолар ўқилиб, намозни тугатилади.

   Инсонлар ҳайит намозини ўқиб уйга қайтарканлар, улар икки қисмга бўлинадилар. Рамазон ойини Аллоҳ таолога итоат қилиб, ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказганлар, ажру савобга эга бўлиб, шоду ҳуррам бўлиб қайтадилар. Аллоҳ таоло уларга “Сизларни гуноҳларингиз кечирилди, розилигимни сўрадиларингиз Mен рози бўлдим”, дейди, гўё. Рамазон ойини нафс хоҳиши йўлида ўтказганлар ўзига хос қўрқув, афсус-надомат ва пушаймонлик ила қайтадилар.

Аллоҳ таоло бизларга ҳайит намозидан шоду ҳуррам қайтишни насиб қилсин. Эй Аллоҳ, Сен барча нарсаларни билувчи, эшитувчи ва кўрувчи Зотсан, бизларни Рамазонда қилган ожизона ибодатлармизни қабул эт. Бизларни аввал тавба қилувчилардан қилиб, сўнгра тавбаларимизни қабул қилгин.     

Баҳриддин ПАРПИЕВ

 

 

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top