muslim.uz

muslim.uz

Рамазон – бу Яратган билан янада кўпроқ мулоқот қилинадиган, қавм-қариндошларга меҳр-оқибат кўрсатадиган ва улар билан ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган ойдир. Бу ойда мусулмонлар миллати, ирқи ва келиб чиқишидан қатъи назар камбағаллар ва етим-есирларга ёрдам қўлини чўзадилар, оммавий ифторликлар ташкил қиладилар, савобли амаллар қилишга шошиладилар. Бу дамда Аллоҳ таоло илоҳий неъматларни нозил қилади, инсоният нафси жиловланади, ундан маънавий озуқа олиб, кўнгиллар таскин топади.
Сайёрамизда истиқомат қилаётган икки миллиард нафарга яқин мусулмон ушбу Рамазон ойини ўзгача кайфият билан қаршилайди. Ҳар бир мамлакатда уни ўтказишнинг минг йиллардан бери давом этиб келаётган ўзига хос хусусиятлари бор. Аксарият мусулмон давлатларида бунга олдиндан тайёргарлик кўрилиб, Рўза кириши тантанали равишда нишонланади. Турли халқларнинг айнан ана шу урф-одатлари Рамазонни янада қизиқарли ва файзли қилади. Бу йилги Рўза мавсуми ҳам ёз фаслининг жазирама иссиғига тўғри келди. Ер шарининг баъзи бурчагидаги мамлакат мусулмонлари учун рўза тутиш анча қийин, чунки улар бошқаларга қараганда узоқроқ муддат соим бўлишади. Жаҳонда энг узоқ муддат рўзани Исландия мусулмонлари тутишларига тўғри келади. Уларнинг оғизлари 22 соат ёпиқ ҳолатда бўлади. Қўшни Швецияда эса 21 соат. Австралияда эса бунинг акси, улар бор-йўғи 9 соат 56 дақиқа рўза тутадилар, холос. Ватанимиз мусулмонлари ўртача 17 соат рўзадор ҳолатда бўлишади. Мусулмонлар ҳижрий тақвим бўйича ой белгилашлари боис, милодий тақвимга нисбатан турли санага тўғри келади. Ой кўринишига қараб Рамазон баъзан 29 кун, баъзида эса 30 кунда тугатилиши мумкин.
Муборак ой неъмати бўлган нишолда истеъмол қилиш, қўни-қўшни билан таом алмашиш ва болалар Рамазон айтишлари ўзбекларга хос, лекин бошқа мамлакатларда ўтказиладиган тадбирлар ва тайёрлайдиган пишириқлари бизникидан фарқ қилади.
Бадавийлар рўзани соя-салқинда якка тартибда ўтказишни хуш кўрадилар. Лекин ифтор маросимини биргаликда ўтказадилар. Унда аёл-эркаклар учун алоҳида чодилар тортилади, дастурхонга гўшт билан гуруч, қатиқ ва турли хил салатлар инъом этилади. Ифтордан сўнг олов атрофида арабча кофени ширинликлар билан ичиб ўтирадилар. Таровиҳ намозидан сўнг шоирлар йиғилиб, арабларнинг турли лаҳжаларида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни мадҳ этувчи шеър ва қасидалар ўқишади. Бу анъана минг йилдан бери Шом, Иордания, Ироқ ва Ҳижоз бадавийларида давом этиб келмоқда.
Тунисда Рамазонга тайёргарлик Шаъбон ойининг охиридан бошланади. Аҳоли ёнғоқ, магиз, туршак ва бошқа ширинликлар ғамлаб қўйишади. Рўзада тун бўйи дўконлар ва ошхоналар ишлаб, кундуз куни дам олгани боис, бозорликни кечаси қилишади. Тунисда ифторлик сув ва енгил овқатланиш билан кифояланади. Аосий зиёфат эркаклар таровиҳ намозидан қайтишларига барча нози-неъматлар тайёрланади. Ифторни оила аъзолари даврасида ўтказиш урф бўлиб қолган. Ифтор шириндан-шакар каркаде ичимлигисиз ва машҳур фаттуш егулигисиз ўтмас. Фаттуш – кўкат, помидор, бодринг, редиска, лимон, зайтун ёғи ва қотган нон аралашмасидан иборат салатдир. Шунингдек, буғдойдан тайёрланадиган табулл ва кўк сомса ҳам кенг истеъмол қилинади. Канафа, катаиф ва бошқа ширинликлар таровиҳ намозидан сўнг тортилади.
Ливанда масжидлар намозхонлар билан тўлади, мусулмонлар диний мазмундаги маърузалар ва мадҳиялардан маънавий озуқа олишади. Кўчаларга рўза тутиш, яхшилик ва ғамхўрликка тарғиб қилувчи ёзувлар осилади. Ҳар бир оила ўз хонадонини рангли чироқлар ва ёрқин безаклар билан ясатади. Саҳоватпеша инсонлар камтаъминланган ва муҳтожларни оммавий ифтор дастурхонига таклиф қилишади, уларга кийим ва турли хил совғалар улашишади. Бу халқ ифторликда кўпроқ ясмиқ шўрваси ва кибби танаввул қилади. Ифтордан сўнг кўпчилик бўлиб денгиз бўйига айланишга чиқишади. Сахарликка махсус бир одам: “Эй, одамлар, сахарликка туринглар, бу кунлар ғанимат” деб бақириб уйғотади, уни халқ тилида “Таббол” дейишади.
Миср Араб Республикасида Рамазон ойининг бетакрор шарқона расм-русумлари мавжуд. Одамлар сахарлик ва ифторликда бир-бирлариникига меҳмонга боришади. Болалар учун фақатгина шу ойда сотиладиган жилвадор фонарлар совға қилишади. Телевидение орқали турли оилавий сериаллар, комедиялар ва кўнгилочар кўрсатувлари намойиш этилади. Бомдод намозидан икки соат олдин дўмбурачилар кўчаларда куйини янгратиб сахарликка уйғотишади. Таровиҳ намозларида масжидлар тўлиб, намозхонлар кўчаларгача чиқиб кетишади. Ифторлик пайтида кўчалар жонланиб, автойўллар тирбанд бўлади. 1000 минора номини олган Қоҳира шаҳридаги Ал-Ҳусайн, Ас-Сибт Зайнаб, Ас-Саййид Нафиса, Ал-Азҳар, Хон Ал-Халилий масжидлари олдида катта ифтор зиёфатлари уюштирилади. Ёввойи кабутар, барра гўштидан қийма мисрликлар учун энг тансиқ таом бўлса, ичимлик борасида басбус ва катаифга етадигани йўқ.
Ҳиндистонда ҳам Рамазонга катта аҳамият берилади, жумладан, жомелар намозхонларга тўлади, Қуръони карим хатм қилинади, одамлар зикр айтиб юришади ва баъзилар иътикоф ўтиришади. Бу юртда аччиқ зироварлар аралаштирилган шўрва ва сут қоришмали буғдой крахмалини хуш кўришади. Овқатдан кейин эса манго мевасини ейиш урфга кирган. Ҳар йили камтаъминланганлар учун катта ифтор дастурхони солинади, бу рўзада ҳам “Жамаъ” масжиди ҳовлисига 5 минг нафар рўзадор учун зиёфат уюштирилди.
Мағрибда Рамазон киришидан икки ҳафта олдин ўзгача муҳит ҳис этилади. Кўчалар, дўконлар ва иморатлар ранг-баранг чироқлар ва қоғозли юлдузчалар билан безатилади. Уй бекалари хонадонларини тозалаб, пластик ва матолардан ажойиб сувинирлар билан ясатишади. Иш вақти қисқартирилади. Муборак ойнинг кириши карнай билан баралла эълон қилинади. Ҳамма марокашликларнинг миллий кийими, яъни қалпоқчали узун кўйлак кийилади. Одамлар бир-бирларини муборакбод этишади, Рамазон ҳақида қўшиқлар айтишади ва ноғора қоқишади. Айнан Рўза учун ҳарира, кус-кус ва тажин миллий таомлари тайёрланади. Яшаш масканлари олдида озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи расталар кўпайтирилади. Мағрибда Рамазон ойининг ярмида, яъни ўн бешинчи куни алоҳида нишонланиши урф. Бу кунда ҳамма бир-бирига совға улашади ва кунни оила даврасида ўтказишади. “Лайлатул-қадр” куни эса қабрларни зиёрат қилиш ва қадамжоларни тозалаш азалдан бор.
Туркия Рамазон ойида тўй кўйлагини кийган келинчак каби тобланади. Масжидлар ва миноралар осмондаги юлдуз каби рангли чироқлар билан ёритилади. Мамлакатда фаолият юритаётган 78000 масжиддан сахаргача одам аримайди. Бу ойда намозхонлар имкон қадар ибодатни Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг муборак кийимлари сақланаётган “Ал-Фатиҳ” жоме масжидида адо этадилар. Ночорлар учун ресторан, кафе, ошхона, хонадонларда “Ифтор-таомнома” номли махсус егулик тарқатадилар. Турк ошхонаси таому-ширинликларга жуда бой. Айниқса, кабобларнинг бир неча тури, пахлава ва луқумларнинг саралари ана шу ерда. Махсус шу ой учун “Пиде” номли тухумли патир ёпилади. Ифторга яқин новвойхона атрофида турнадек навбатлар ҳосил бўлади. Рамазон мавсумида гўшт ва сут маҳсулотлар бошқа ойларга нисбатан кўпроқ харид қилинади.
Бирлашган Араб Амирликларида турли миллат вакиллари яшайди. Дунё бозори аталмиш Дубай шаҳрида Рамазон ҳам диний, ҳам маданий воқеадир. Айнан шу кунларда ажнабийларнинг маҳаллий маданияти билан яқинлашиш имконияти ортади. Рўза шукуҳи ҳамма маиший масканларда сезилиб туради. Бадиий галереяларда диний мавзуга бағишланган кўргазмалар намойиш этилади. Марказларда Ислом маданияти ва урф-одатлари ҳақида маърузалар эшиттирилади. Болалар учун кўнгилочди тадбирлар ўтказилади. Барча кўчалар ва бинолар турли рангга бўялади. Рўзада ҳар куни шом кириши билан мушаклар отилади. Йирик гипермаркетларда барча маҳсулотлар нархи кескин арзонлаштирилади.
Покистон Ислом Республикасида муборак Рамазон ойи кечалари хонадонларда чироқ ўчмайди. Кимдир намоз ўқиган, кимдир тиловат қилган ва яна кимдир таом тайёрлаган. Оғиз ёпишдан чамаси бир соат олдин масжид минораларидан “Тезроқ ҳаракатингизни қилинг” эслатма азони товушлари янграйди. Ёш болалар ухламасдан катталарга қизиқиб бирга сахарлик қилишади, уларнинг Рўзаси “Чумчуқ Рўзаси” деб аталади. Унда бола баҳоли қудрат чидагунча оч ва чанқоқ юради. Ифторгача сабр қилган болага илк комил Рўзасини эслатиб турувчи унутилмас совға беришади.
Яман Республикасида муборак Рамазон ойи кириши эрталабгача нишонланиб, миноралардан эркагу-аёлларнинг зикр ва тасбиҳлари таралиб туради. Ифтор яқинлашгач, кўчаларда автоулов ёки от аравада ҳаракатланувчи ширинликлар дўконлари пайдо бўлади. Яманликлар севиб истеъмол қиладиган сут, сариёғ ва нон аралашмасидан иборат миллий таоми сахарликнинг ажралмас неъматидир.
Афғонистон Ислом Республикаси мусулмонлари масжидларидаги таровиҳ намозлари ва Қуръони карим хатмлардан мусулмонлар бу ойда тўйиб, маънавий озуқа олишади. Ёшлар қарияларнинг ҳолидан хабар олишади ва қариндошлар ўртасида оқибат кучаяди. Камбағаллар, беморлар ва етим-есирларга ёрдам қўли чўзилади. Бу диёрда моҳи Рамазон мевали ширинликларсиз ўтмайди.
Малайзияда Рамазон киришидан 2-3 ҳафта олдин ҳар бир оила рўзғорини бутлаб, уйини тартибга келтиради. Эркаклар аёлларга чиройли матолар ва кўйлаклар ҳадя қилишади. Шомга яқин кўчаларда савдо шаҳобчалари ва чодирлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек ўсиб чиқади. Рамазоннинг охирги 10 кунлигида малай маданияти намоён бўлади. Ҳар бир хонадонда керосин лампалари ёқилади ва уйлар безатилади. Ҳовлиларда болалар бенгал оловлари ва фонарларни ёқишади.

Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.

mardi, 21 juin 2016 00:00

Зарарли лаззат

 Юртимиз тинч-осойишта ва халқимиз фаравон ҳаёт кечираётган бир даврда, баъзи қўштирноқ ичидаги кимсалар ўз жонига қасд қилиш билан бирга юртимиз келажаги бўлган ёшларни, иродаси суст кишиларни ҳатто аёл-қизларни ҳам йўлдан уриб, хавфли касаллик ОИТС (СПИД)ни тарқатувчи асосий омил бўлган гиёҳвандликни юқтирмоқдалар, тарқатмоқдалар.

Гиёвандлик илмий тилда накомания дейилиб, юнонча “нарке” – карахтлик, ҳаракатсизлик, “мания” – ақлдан озиш маъносини англатади. Соҳа мутахассислари: “Гиёҳни бир марта истеъмол қилган кимса, руҳий ҳолатини, яъни кайфиятини кўтариб, бош мияни ишдан чиқаради. Тез-тез истеъмол қилса, унга ўрганиб қолади ва гиёҳларсиз яшолмайдиган бўлиб қолади”, деб таъкидлайдилар.    

Гиёҳларни доимий истеъмол қилиб, касалликка чалинган беморларга гиёҳванд дейилади. Улар ҳаётнинг барча лаззатидан айрилади, инсоний қиёфасини йўқотади, эслаш қобилияти, руҳий ҳолати, фикрлаш системаси ва ақл-идроки пасайиб бутунлай издан чиқади. Уларда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳаё-уят ва хулқ-одоб каби инсоний хислатларнинг зарраси ҳам қолмайди. Улар ота-онаси, оиласи, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи ҳамда Она Ватани олдидаги вазифаси, бурч ва мажбуриятларини унутадилар. Қисқа қилиб айтганда, маънавий ҳаётдан узилиб, инсон сувратида қоладилар, холос.

Муқаддас динимиз инсонни ўз-ўзини ҳалок қилиш, жонига қасд қилиш, саломатлигига зарарли нарсаларни истеъмол қилиш каби ишлардан қайтаради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

“...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз)  билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара, 195).

Гиёҳвандлик нафақат инсоннинг жонига балки моли, оиласи, қариндошлари, яқинлари ва жамиятнинг барча аъзоларига зарар келтиради. Жамият тараққиётини маълум миқдорда орқага тортади. Жамият тинчлигига раҳна солади. Статистик маълумотларга қараганда қотилликларнинг, безориликларнинг катта қисми гиёвандлар томонидан амалга оширилар экан. Бир гиёҳванд бир йил мобайнида беш нафар соғлом ўсмир-ёшларни йўлдан уриб, гиёҳвандлик домига тортаркан.  

Бу ҳақида Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда зарар келтириш йўқ. Ким мусулмонга (моли, жони, матосига ноҳақдан) зарар келтирса, Аллоҳ таоло унинг ўзига зарар етказиб қўяди. Ким мусулмон билан зулм қилиб тортишса, Аллоҳ таоло уни машаққатга солиб қўяди” (Имом Ҳоким ривояти).

 Мутахассислар гиёҳвандликка сабаб қилиб, қуйидаги баъзи омилларни айтишади:

- оилавий келишмовчиликлар, зиддиятлар, етишмовчиликлар;

- барча нарсанинг таъмини билиш, синаб кўриш учун интилиш;

- зўриқишнинг олдини олиш ва бўшашиш мақсадида;

- ҳаёт қийинчиликлари ва зерикишлик;

- жоҳиллик, ақлсизлик оқибати;

- кайфичоғлик қилиш истаги;

- атрофдагиларга тақлид қилиш ва ҳоказо.

Гиёҳвандликнинг сабаблари жуда кўп. Тегишли муассасалар, ташкилотларнинг ўзи билангина уларнинг олдини олиш мушкул иш. Шунинг учун бу иллатга қарши жамиятнинг ҳар бир аъзоси бирдек курашса, натижага эришиш мумкин. Жамиятдаги ҳар бир шахс аввал ўзини, сўнгра қўл остидагиларни, оиласини, фарзандларини бу жирканч балодан сақлашга уринса, халқ бу иллатдан халос бўлади . Фарзандларга таълим-тарбия берилса, ҳунар ўргатилса, уларни меҳр-оқибатли, ҳурмат-иззатли, одобли қилиб тарбия қилинса, уларнинг бўш вақтларини фойдали ишлар билан банд қилинса, лўнда қилиб айтганда, юксак маънавият соҳиби қилиб етиштирилганда бу иллатдан қутулиш, фориғ бўлиш мумкин. Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги буюк неъматлигини ҳис этиб, ушбу зарарли иллат айни кўрнамаклик эканлигини англаб етсак, бу касалликдан халос бўламиз.

 

Баҳриддин ПАРПИЕВ

 

 

 

 

Таниқли дастурчи Томас Андерсон айрим европаликларнинг: “Илоҳий китоблар орасида, айнан, Қуръонда тажовузкорликни тарғиб қилувчи иборалар кўп”, деган фикрлари асоссиз эканини исботлади. У ўзининг Odintext номли янги ташхис дастури орқали Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонда келтирилган жумлаларни солиштириб чиқди.

Шунингдек, Андерсон инсониятнинг умумий психологиясига оид 8 та ҳис-туйғуни ўрганиб чиқди. Натижа шуни кўрсатдики, аввалги муқаддас китобларга нисбатан Қуръони каримда кўпроқ Яратгандан қўрқиш, меҳр оқибат ва иймон мавзулари ёритилган экан. Жумладан, Мусҳафи шарифда фазл ва марҳамат тушунчалари умумий оятларнинг 6,3 фоизини ташкил қилади.

Дастурчи муқаддас китоблар билан яқиндан танишмасдан туриб, улар борасида кўр-кўрона хулоса чиқармасликка чақирди. Ҳамда ўз дастурида уларнинг иддаоларига раддия сифатида аниқ далилларни келтириб ўтди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

 

mardi, 21 juin 2016 00:00

Саховат ойи

Фарғона вилояти Риштон тумани имом-хатиблари туман бош имоми бошчилигида муборак Рамазон ойида меҳр-мурувват кўрсатишда намуна бўлган ҳолда Риштон тумани Зоҳидон макҳалла фуқаролар йиғини Мевазор маҳалласида яшовчи ногирон, кам таъминланган беш фарзанднинг отаси Жўраев Тожибойга бир бош қорамол ҳадя килдилар. Оила аъзолари ва маҳалла аҳли қувонч билан чин қалбларидан дуолар қилдилар.

   М.Орипов, ЎМИнинг Фарғона вилоятидаги мухтасиби                                                  

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Баъзилар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон, ёки аксинча бўлади. Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир.  Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида : “... У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”, деб марҳамат қилади.

Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, дейилади. Яна бир бошқа ҳадисда: “Ҳар ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, дейилган.

Баъзи инсонларнинг “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?”, деган саволларига айтамизки, бу ҳам бўлса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўъжизаларидан бири бўлиб, у зот ўзларидан кейинги инсонларнинг молига, жонига ва ҳатто наслига ҳам зарар келтирувчи иллатларнинг умумий хусусиятини бир сўз билан ифода қилиб: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром”, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, гиёҳванд моддалар нима деб аталишидан қатъи назар, уларда маст қилишлик ва баданни бўшаштиришлик сифати топилади.

Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликларига, шунингдек, ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир-оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилишлик билан ўз жонига қасд қилган бўлади. Ҳадиси шарифда “Ҳар ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша билан азоб берилади”, дейилади. Гиёвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бирга, у исрофгарчиликка киради. Бу моддаларни истеъмол қилишлик мол-дунё ва бойликни исроф бўлишига олиб келади.

Исроф эса Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан ҳаром қилинган бўлиб, у инсонни хор-зорликка элтади.

Саломатликка етказадиган зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин. Гиёҳванд моддаларни зарарларини замонамиздаги илмий тараққиётлар ҳам исботламоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар аста-секин оғир касалликларга йўлиқишлари ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлиши шулар жумласидандир. Гиёҳванд моддалар киши меъдаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, у инсон асабига ва шу орқали инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.

Жамиятга етказадиган зарарлари эса беҳад кўп бўлиб, гиёҳванд кимса аввало ўзига, сўнг оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан қизиқиш , аҳамият ва парво ҳислари қолмайди. Айниқса, ишлаб чиқаришда тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёшларнинг гиёҳвандликнинг биринчи навбатдаги қурбони бўлиши жуда ҳам аянчли холдир.

Гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, буни бугунги ҳаётимизда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Гиёҳвандлик кишилар қавму қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар туғилаётгани ҳаётда учраб турган ҳақиқатдир.

Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳаром ҳисобланади.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Парвардигор! Мени кексайиб қолган чоғимда ризқу рўзимни кенгроқ қилгайсан”, деб дуо қилганлар. Киши ёшлигиданоқ қарилик ғамини ейиши, ўзини ичкилик ва гиёҳвандликдан асрашлиги, қариганда хор-зор бўлиб қолишдан сақланиши жуда ҳам лозим эканлиги ушбу ҳадис мазмунидан англаш қийин эмас.

Гиёҳвандлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шунингдек, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

 

 М. Тўрақулов,

Андижон вилояти “Олтинкўл”

жоме  масжиди имом-хатиби                

 

 

 

 

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top