muslim.uz

muslim.uz

1.     Чорва молларининг эркагу урғочисидан нисобга етгач, закот берилади.

Лекин шарти ярим йилдан ортиқ далада, ўтлоқда боқилган бўлиши  ва мақсади сутидан фойдаланиш, наслини кўпайтириш, баҳосини ошириш бўлиши керак. Ҳайвонларни боқишдан мақсад уларда юк ташиш, миниш бўлса, закот вожиб бўлмайди.

 

2.     Чорва молларини сотиб фойдаланиш, яъни тижорат нияти билан боқаётган бўлса, уларнинг қийматини пулга ҳисоблаб, закот чиқаради, неча бош эканига қараб эмас. (“Фатовойи Оламгирия”)

 

3.     Чорва молларининг турига ва ададига қараб закот белгиланади. Масалан, ҳар бешта туяга бештадан қўй, 25 та туяга битта бир ёшдан иккинчи ёшга қадам қўйган бўталоқ, 36 та туяга икки ёшдан ўтиб, учинчи ёшга қадам қўйган бўталоқ берилади ва ҳоказо.

 

Қўй ва эчкининг 40 тасига бир ёшлик битта қўй, 120 тага етгач, иккита қўй ва ҳоказо. Сигир 30 тага етгач, бир ёшлик бузоқ, 40 тага етгач, икки ёшдан уч ёшга қадам қўйган ғунажин ва ҳоказо.

 

Ҳар бир урғочи отдан-биядан бир динор ёки нисобга етадиган қийматнинг 40 дан бир фоизи берилади. Отлар эркак-урғочи аралаш бўлса, улардан закот берилади. Аммо фақат эркак отлар бўлса, улардан закот берилмайди. Лекин тижорат учун боқаётган бўлса закот беради. (“Фатовойи Оламгирия”)

 

4.     Эшак, хачир, қоплон, ўргатилган итлардан тижорат учун сақланаётган бўлсагина закот берилади.

 

Туя, сигир, қўй ва эчкиларнинг бир ёшга тўлмаган болалари алоҳида боқилаётган бўлса, улардан закот берилмайди. Аммо уларга битта катта ёшлиси қўшилса ҳам барчаси  унга тобе бўлиб қолади ва нисоб учун ҳисобга олинади. Масалан, 3 та қўзи билан битта уч ёшга қадам қўйгани бўлса, бир қўй закотга ажратилади. (“Фатовойи Оламгирия”, “Сирожия”)

 

5.     Закот фарз бўлган одам уни адо этмай туриб вафот топса, закот соқит бўлади.

 

“Фатовойи Оламгирия”

 

Ўзбекистон мусулмонлари  идораси

фатво ҳайъати 

vendredi, 19 juin 2015 00:00

Рўзага оид масалалар-3

 1.                Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютиб юборса рўзаси очилмайди. Сўлакни оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). 

2.                Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини сўлагига қўшиб ичига ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун суюқлигини томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Муҳит”).

 

3.                Рўзадор тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ютса, улар нўхотдан катта бўлмаса, рўзаси очилмайди. Аммо тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, нўхотдан кичик бўлса ҳам рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш бўлмаслигида ихтилофли фатволар мавжуд. Вожиб бўлмаслигига фақиҳ Абу Лайс Самарқандийдан ривоят бор (“Фатовойи Оламгирия”).

 

4.                 Рўзадорнинг томоғига чанг, тутун, пашша, чивин каби нарсалар кирса, рўзаси очилмайди. Шунингдек, рўзадор кундузи эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Мухтасар”).

 

5.                Рўзадорнинг бир икки томчи кўз ёши ёки юзидан оққан тер оғзига кириб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилмайди. Аммо бу миқдордан зиёд бўлиб, оғзида кўпгина шўрликни сезса рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). \

 

6.                 Баданнинг табиий майда тешикчаларидан (икки махраждан бошқа) кирган сув каби нарсалар билан рўза очилмайди. Кўзига дори томизганда гарчи томоғида унинг таъми, мазаси билинса ҳам рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

 

7.                 Газлама тўқувчи рўзадор иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида кўкми, қизилми, сариқми ёки бошқа рангларми оғзига юқиб, сўлакларига аралашиб томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”).

 

8.                 Рўзадорнинг тиши қонаб, у қонни ютиб юборса, каффоратсиз қазонинг ўзини тутади. Тиш милкидан чиққан қонни сўлак билан бирга қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю сўлак ортиқ бўлса, рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

 

9.                 Фитр садақаси вожиб бўлган киши уни ўз вақтида адо эта олмаса, зиммасидан соқит бўлмайди. Уни барибир адо этиши лозим бўлади (“Ҳидоя”).

 

Фатво ҳайъати

 

 

Закот, каффорат, фитр садақаси, ушр, назр каби тўловларда бериладиган нарса ёки ҳайвон ўрнига уларнинг қиймати миқдорида пул билан тўлаш ҳам мумкин. (Фатовойи Оламгирия”)

 

2. Туялардан закот берилганда эркагидан эмас, урғочисидан берилади. Қўйлардан берилганда эса, эркак-урғочисининг фарқи йўқ. (“Фатовойи Оламгирия”)

 

3. Бойдан закот пули (қирқдан бир) миқдорида қарзи бор камбағалга ўша пулни закот нияти билан ҳадя қилиб юборса, закотга ўтмайди. Қарзни ундириб олишнинг шаръий йўли қуйидагича: Унга закот нияти билан пул бериб, сўнгра қарзини ундириб олади. (“Сирожия”)

 

4. Қўлида ярим нисоб бойлиги бўлиб, одамларда ҳам ярим нисоб миқдорида қарзга берган пули бор одам зиммасига закот беришлик вожибдир.   (“Фатовойи Баззозия”)

 

5. Бир неча ҳовлиси, дўконлари ва кўп миқдорда ғалласи бўлса ҳам ўзи ва оиласининг бир йиллик харажатига етиб етмай турган бўлса, шундай одам ҳам закот олиши жоиз. Бу имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи сўзларидир.      (“Фатовойи Баззозия”)

 

6. Фиқҳ илми билан шуғулланадиган олимнинг уйидаги китоблари жуда катта маблағга тенг бўлса ҳам агар улардан фойдаланиб туришга муҳтож бўлса, бу китоблардан закот бериши вожиб эмас. Лекин зарур бўлмайдиган китобларнинг қиймати нисобга етса, улардан закот бериши вожибдир. (“Фатовойи Оламгирия”).

 

7. Қарздор узоқ жойга қочиб кетса, қаралади – агар қарз берган одам уни топиб келишга қодир бўла туриб, ҳаракат қилмаса, закот соқит бўлмайди. Топиб келишга имконияти бўлмаса, ундаги қарз пулдан закот бермайди.                    (“Фатовойи Оламгирия”).

 

8. Закотда йил ҳижрий-қамарий сана билан ўлчанади (354 кун). Йилнинг боши ва охирида закот нисоби мавжуд бўлиб, ўртасида нисобдан камайиб туриши закотнинг соқит қилмайди. (“Фатовойи Оламгирия”).

 

9. Йил давомида фойда ва қўшимча даромадлар нисобга етган бойлигига қўшилади. Нисобга етмаган бойлигига қўшиб ҳисобланмайди. Агар нисобга етмаган молига янги даромадни қўшганида нисобга етадиган бўлса, қўшиб шу кундан бошлаб йил ўтишини кутади. (“Фатовойи Оламгирия”).

 

10.    Бировга омонатга пул қўйгандан кейин ўша одам ким эканини унитиб қўйган бўлса, закот берадиган вақти ўтиб кетганидан кейин омонат сақловчи одамнинг кимлиги эсига келса ва у нотаниш одам бўлса, ўтган йил учун закот бермайди. Борди-ю, у одам эскидан ўзининг таниши бўла туриб, эсидан чиқарган бўлса, эсига тушгандан кейин ўтган йил учун закот беради. (“Фатовойи Баззозия”).

 

11. Бир неча ҳовлиси, дўконлари ва кўп миқдорда ғалласи бўлса ҳам ўзи ва оиласининг бир йиллик харажатига етиб-етмай турган бўлса, шундай одам ҳам закот олиши жоиз. Бу Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи сўзларидир. (Фатовойи Баззозия”).

 

12. Закотни қарздор кишига бериш уни фақир кишига бергандан кўра яхшироқдир. (“Фатовойи Баззозия”).

 

13. Ҳовлидаги мевали дарахтларнинг мевасидан ушр берилмайди, балки даласидаги – боғидаги дарахтларнинг мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан закот ёки ушр олинмайди. (“Фатовойи Баззозия”).

 

14. Бойлигини даладаги ерига яшириб кўмиб қўйиб, сўнгра бир неча йил топа олмай юргандан кейин топса, ўтган йиллар учун ундан закот берилмайди. Аммо уйининг бирор жойига яшириб қўйган бойлигини бир неча йил топа олмай юрган одам топгач, ўтган йиллар учун учун ундан закот беради.  (“Фатовойи Қозихон”).

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари  идораси

фатво ҳайъати

 

– Бу йил рўза тутаяпман. Аммо биринчи ўринда озиш учун рўза тутаман, дегандим. Яқинда дугонам бунақа ният билан тутилган рўза қабул бўлмайди, деди. Шу ростми?

 

Моҳидил, Наманган вилояти

 

– Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини имон келтириб, савоб умидида тутса, аввал қилган гуноҳи кечирилади», дедилар.

 

Ҳадиснинг маъноси: «Аллоҳнинг ваъда қилган савобига ишониб, риё ва бошқа мақсадда эмас, балки Аллоҳнинг мукофотидан умид қилиб тутсагина гуноҳи кечирилади», дейилади. («Фатҳул борий» китобидан).

 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида шундай дедилар: «Одам боласининг барча амалига (савоб) кўпайтириб берилади. Бир яхши амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бор. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза ундай эмас. Унинг мукофотини Ўзим бераман. Ахир бандам шаҳватини, таомини Мен учун тарк қиляпти», деб айтади. Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: бири ифтор вақтида, иккинчи хурсандчилик эса Роббисининг ҳузурига борганда. Шу сабабли сиз энг аввало рўзанинг савобидан умид қилиб рўза тутинг.

 

Баъзан киши рўзалигини унутиб, билмай овқат еб қўйиши ёки сув ичиб қўйиши мумкин. Бунда рўза бузиладими?

 

Муслима, Бухоро вилояти

 

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар қай бирингиз унутиб еб-ичиб қўйса, рўзасини камолига етказаверсин. Уни Аллоҳ едириб-ичирибди». Яъни, ким рўзалигини унутиб, ул-бул нарса еб ёки ичиб қўйса, кўнгли хижил бўлмасин ва рўзасини тутишда давом этсин. Демак, уни Аллоҳ таоло меҳмон қилибди.

 

 

 

– Баъзан саҳарликка ухлаб қоламан, аммо кечқурун эртага рўза тутаман, деб ният қилиб ётаман. Саҳарликка ухлаб қолганимда ҳам рўза ҳисобланаманми?

 

Мадина, Тошкент

 

– Рамазон ойида ниятни кечаси қилишни эсидан чиқариб қўйган бўлса, кундузи завол (қуёшнинг оғиши, куннинг иккинчи ярми)гача ният қилса бўлаверади (Ҳидоя).

 

Ният рўзанинг фарзларидан бири бўлиб, унинг аввали вақти саҳарликк ва охирги вақти заволгача ҳисобланади. Саҳарликдан олдин, ҳатто баъзи қавлларда (Фатҳ ул-Қадийр) ифторликдан кейин ҳам эртанги куннинг рўзаси учун ният қилса бўлаверади. Лекин завол вақтидан кейин ният қилиб бўлмайди (Мухтасар ал-Виқоя).

 

– Рамазон ойида бирон кишининг тоби қочиб қолса, унга укол қилиш мумкинми? Баъзилар укол рўзани очмас эмиш, дейдилар. Илтимос шу тўғрисида маълумот берсангиз.

 

Акмал, Тошкент

 

– Аллоҳ таоло бандаларини фойдасини кўзлаб, ҳар бир ибодатга енгиллик бериб қўйган. Жумладан, рўза тутувчига ҳам агар у сафарда ёки касал бўлса, бошқа кунлари рўза тутиб бериши айтилган. Рўза тутувчи киши соғлиғига жиддий хавф бўлмаса, укол вақтини ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олган маъқул. Лекин рўза тутганда соғлиғи ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасини қазосини Рамазон тугагандан кейин тутиб беради. Энг мақбул бўлган йўл шудир.

 

 

 

Фатво ҳайъати

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top