muslim.uz

muslim.uz

МУҲАРРАМ ОЙИ ҚАНДАЙ ОЙ? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло ҳурматли қилган муқаддас тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ЎНИНЧИ КУНи яъни, АШУРО КУНИ алоҳида фазилатларга эга.  

АШУРО ҚАНДАЙ КУН? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти) ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар”.

АШУРО КУНИ ҚАНДАЙ ФАЗИЛАТЛАРГА ЭГА? БУ КУН рўза тутиш бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлажак”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

БУ КУН аҳли оилага кенгчилик қилиш бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Мунташирдан, у киши отасидан ривоят қилиб айтадики: Бизга келган хабарга кўра, ким Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло унга йил давомида кенгчилик қилиб қўяди.

АШУРО КУНИНИ РАСУЛУЛЛОҲ (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ) ҚАНДАЙ ЎТКАЗАРДИЛАР? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун у кунни жиддият билан излаб, ҳисоб-китобини қилиб пойлардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

ЭСДА ТУТИНГ! МУҲАРРАМ ОЙИНИНГ ЁЛҒИЗ ЎНИНЧИ КУНИДА ЭМАС, ТЎҚҚИЗИНЧИСИДА ҲАМ РЎЗА ТУТИЛАДИ.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам шу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насоролар улуғлайдиган кун-ку! – дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа  келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”,  дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Динимизда аҳли илм, олимлар, устоз ва мураббийларга  шу қадар улуғ даража берилган-ки, уларга инсонларнинг энг аълоси ва фазилатлиси деб қаралган.  Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

 “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб,  шундай гувоҳлик берди: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир )Оли Имрон сураси, 18-оят(.

Имом Қуртубий (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бу оятда илмнинг фазлига, олимларнинг шарафига ва уларнинг фазилатига далил бор. Агар бошқа бирор  киши олимлардан ҳам шарафлироқ бўлганда эди, худди олимларнинг исмини боғлагани каби  Аллоҳ таоло уларнинг исмини ҳам оятда ўзининг ва фаришталарнинг исмига боғлар эди. Уламоларнинг инсонлар ичида энг шарафли эканини исботловчи  кучли далил Аллоҳ таолонинг улар ҳақида нозил қилган ушбу оятидир:

...إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ

“...Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир (Фотир сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолонинг бандалари орасида Ўзидан қўрқадиган аҳлидан қилгани ва буни Ўзи васф қилгани  уларнинг шарафли эканига кифоя қилади”.

Илм эгалари ўша илм билан жоҳил, билимсиз кишилардан фазилатли бўлади. Бунинг исботи эса ниҳоятда гўзал бўлиб у қуйидаги оятдир:

...قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

“...Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” ( Зумар сураси, 9-оят).

 Аллоҳ таоло нозил қилган шариат бўлмиш муқаддас динимиз исломни ҳам Ер юзида фақат илм эгаларигина бошқаларга етказади. Аллоҳнинг динини етказиш билан улар яна бир бор фазл эгасига айланадилар. Чунки фазилатли илмни ўргатиш ила яна фазл  топадилар:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...” ( Мужодала сураси, 11-оят).

Бу билан Аллоҳ таоло олимларнинг даражаларини кўтариб қўйди.

Бундай улуғ даража, буюк мартаба эгаларига фақат эргашиш ва иқтидо-итоат қилиш лозим. Зеро, жаҳолат пардалари кўзларини кўр қилган кимсалар йўлларини  уламоларнинг илм нуригина ёритади холос. Агар бу итоат “илоҳий амр” билан бўлса нақадар улуғ:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!...” ( Нисо сураси, 59-оят).

Бир гуруҳ муфассирлар иш эгаларидан мурод олимлардир, десалар, бошқа муфассирлар иш эгалари амирлар ва олимлардир, деб айтганлар.

Олимларнинг  даражалари юксак,  фазилати улуғ эканлиги борасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак  суннати шарифларида ҳам кўплаб ҳадислар  ворид бўлган.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитдим: “Кимда ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди ва фаришталар унинг қилаётган ишига рози бўлиб, қанотларини толиби илм учун ёзиб туради. Албатта у (илм толиби) учун осмон-у ердаги жонзотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади, Олимнинг обиддан фазли тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фазли кабидир.  Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта  пайғамбарлар динор ё дирҳамни мерос қолдирмади, балки  илмни мерос қолдирди. Кимики уни олса, тўлиқ (мўл-кўл) насиба олибди(Имом Термизий ривояти).

Алломалардан бири ўз китобида уламолар ҳақида шундай деди: Олимлар ерда осмондаги юлдузларнинг ўрнидадир. Зулматда қолган кишилар улар билан ҳидоят топади. Инсонларнинг уларга бўлган ҳожати  овқатланиш ва ичиш каби ҳожатлардан кўра юксакроқдир”.

Ислом шариати мусулмонларни аҳли илм ва уламоларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради.

Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят  қилинади. “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Катталаримизни ҳурмат қилмаган,  кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас” – дедилар” (Байҳақий ривояти).

Илм ва олимларни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони  ва унинг шариатини улуғлаш демакдир.

Аҳли Сунна вал-Жамоанинг ақидаси – Аллоҳ таолога ишонмоқ,  Аллоҳнинг ҳидоятига бошлайдиган олимларни ғулувга кетмасдан ва уларни рад этмасдан ҳурмат қилиш ила уларга яқинлик ҳосил қилмоқдир.

Имом Таҳовий ўзининг машҳур ақида китобида шундай дейдилар:

“Аввал ўтган олимлар ва улардан кейинги тобеъинлар , аҳли хайр, аҳли асар, аҳли фиҳқ, аҳли назар фақатгина яхшилик билан эсланади. Кимики уларни ёмонлик билан эсласа у (аҳли суннат) йўлидан бошқа йўлдадир”.

Олимларни улуғлаш ва уларни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолонинг шиорларни ҳурмат қилиш ҳисобланади.

  • ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللَّهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ وَأُحِلَّتْ لَكُمُ الْأَنْعَامُ إِلَّا مَا يُتْلَى عَلَيْكُمْ فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْأَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ

  • حُنَفَاءَ لِلَّهِ غَيْرَ مُشْرِكِينَ بِهِ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَكَأَنَّمَا خَرَّ مِنَ السَّمَاءِ فَتَخْطَفُهُ الطَّيْرُ أَوْ تَهْوِي بِهِ الرِّيحُ فِي مَكَانٍ سَحِيقٍ

  • ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

  • (Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!
  • Аллоҳга чин ихлос қилиб, Унга ширк келтирмаган ҳолингизда (мазкурларни бажаринг)! Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойга учириб кетган (жонсиз нарса) кабидир.
  • (Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир ( Ҳаж сураси, 30-32- оятлар).

Уламолар айтганидек шиорлардан мурод – Аллоҳ таоло ўз фазли ила  рухсат берган ва улуғланишга буюрилган ҳар бир нарсадир. Уламолар ҳам  шак-шубҳасиз  шулар жумласидандир.

Шунга кўра уламоларга ёмонлик қилиш, уларга озор бериш Аллоҳ таолонинг шиорларидан бўлган бир шиорни улуғлашда камчиликка йўл қўйиш ва ундан юз ўгириш ҳисобланади. Баъзи уламолар айтади: “Уламолардан юз ўгириш жаҳаннам чуқурликларидан бир чуқурдир”.

Модомики, олимлар инсонларга ўз илмларини тарқатишда бардавом бўлар экан, уларни ҳурматини ўрнига қўйиш ҳам давомий бўлмоғи лозим. Зеро олимларни эҳтиром қилишлик улар эгаллаган илмни ҳурмат қилиш демакдир.

Шундан келиб чиқиб олимларнинг ҳақларига тўлалигича риоя  қилмоқ ва ҳурматларини сақламоқ барча  инсонларга вожиб бўлади. Акс ҳолда қадрига етилмаган  неъмат ва раҳмат  ҳисобланган уламолар ҳам йўқолиб бораверади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)шундай марҳамат қиладилар:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитдим: Аллоҳ таоло бандалари (ораси)дан илмни (ўзини) суғуриб олмайди. Балки, олимларни олиб қўйиш билан илмни тортиб олади. Ҳаттоки бирор олимни қолдирмайди. Инсонлар билимсиз кишиларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Ундан сўрайдилар у эса илмсиз фатво беради. Натижада ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштиради (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизга илм эгаларини, уламоларни, устоз ва мураббийларни ҳурмат қилишни, бизларнинг мана шу илмга, унинг эгаларига бўлган ҳурмат ва муҳаббатимиз сабабидан Юртимиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизийлар етишиб чиқишини насиб айласин.

Жалолиддин Хамрокулов,
 ТИИ "тахфизул Курьон" кафедраси мудири

 

Маълумки, жорий йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” Давлат дастури доирасида Юртбошимиз ташаббуси билан маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Республика ишчи гуруҳи турли даражадаги ташкилотлар масъул ходимларидан ташкил этилиб, жумладан Диний идорамиз ходимларидан И.Марданов, А.Дўсматов, А.Рахматуллаев, А.Қодиров, Қ.Холбоев, Б.Абдуллаев, М.Камолов ва О.Хушвақовлар ҳам жалб этилди. Ушбу Республика ишчи гуруҳи Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ҳудудларга ташриф буюришидан аввал жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиб, давлат Раҳбарига аниқланган муаммолар ҳамда уларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар беради.

Ҳозирги кунда Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ишлари амалга оширилиб, қўйидаги ҳужжатлар тайёрланмоқда:

уч ойга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурлари ижроси ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир бўлган маҳаллаларни 2017 йил давомида комплекс ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси;

жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганишга қаратилган кунлик ишлар натижалари ҳақида маълумотнома;

маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганишда ва унинг натижалари бўйича аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда сусткашликка йўл қўяётган фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакилларининг фаолияти ҳақида;

ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар (жиноятчилик, нотинч оилалар, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш, оилавий ажримлар кабилар) сони 2016 йилнинг шу даврига нисбатан ошиб кетган маҳаллалар ҳақида маълумотнома ва статистик маълумотлар;

кам таъминланган оилалар ва уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлиги тўғрисида маълумотнома ва статистик маълумотлар;

туман (шаҳар)да ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳамда йўл қўйилаётган камчиликларга баҳо ҳақида маълумотнома.

Маълумотнома Республика ишчи гуруҳи аъзосининг ўзи томонидан ҳужжатларни (3 ойлик дастурлар, «Йўл хариталари» ва бошқа юқоридаги ҳужжатлар ижросини) ўрганишлар якунлари ҳамда туман (шаҳар)даги мутасаддилар – секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари, жамоат ташкилотлари ва масъул давлат идоралари раҳбарлари билан ўтказилган суҳбат натижалари бўйича тайёрланади.

Юртимизда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” Давлат дастури доирасида маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича Республикамизнинг барча ташкилотлари масъул ходимлари хизмат кўрсатишмоқда. 

Ушбу жараёнларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ҳамда Идорамизнинг жойлардаги вакиллари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Жумладан, 24 сентябр куни Идорамиз ходими Хушвақов Ойбек маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича фидокорона хизмати учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ташаккурномасига сазовор бўлди.

Отин-аёл-қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони, шунингдек аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Ҳатто «отин» сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб ҳам айтилган. Улар Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайган. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

Шу мақсадда отинойилар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида ўқув-семинарлари ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати.

Ана шундай ўқув-семинарларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 26 сентябрь куни Учтепа тумани «Аёллар маслаҳат маркази»да «Динимизнинг софлигини асрайлик» мавзусида ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар билимларини оширишди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Э.Рустамов юртимизда диний соҳада олиб борилаётган кенг ислоҳатлар ва бунда отинойиларнинг вазифалари тўғрисида гапириб, ҳозирги кунда иш тизимини йўлга қўйишдаги камчиликлар, аёлларга оид ижтимоий масалалар ечимини ҳал этишда отинойилар масъулиятининг кенгайиши, бунда уларнинг билим салоҳиятларини ривожлантиришда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Э.Рустамов буюк аждодимиз Абу Мансур ал Мотуридий фаолияти, бой илмий мероси: Калом илми, фиқҳ, ақида масалалари бўйича ёзган асарлари тўғрисида маъруза қилди.

Чилонзор тумани «Бўта бува» жоме масжиди имом-хатиби Ш.Тошматов «Дин уламоларининг фазилатлари, ҳусни-хулқ ва бунда илмнинг зарурати» мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, Фуқароларнинг ўзини – ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгашининг диний-маърифий масалалари бўйича бош мутахассиси О.Арипова маҳалла диний – масалалари маслаҳатчиларининг отинойилар билан ҳамкорликда иш олиб боришдаги камчиликларни олдини олиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Уни масжидда учратдим. Ғамгин ва нурсиз кўзлар. Титроқ лаблар. Танаси худди сояга ўхшайди. Ҳадеб ўзини қўлга олмоқчи бўлади, лабларини қаттиқ тишлайди, кўзёшларини тиймоқчи бўлади. Шу ҳолида у менинг кўзимга қуриётган япроққа ўхшаб кўринди.  

– Ёрдам беринг... Зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг... Ортиқ чидай олмайман... Менинг кучим қолмади... Курашишга бошқа куч топа олмаяпман, келажакдан умидимни ҳам уздим...  Мен фақат менинг хатоларимни бошқа бирор киши қайтармаслигини истайман... Хато устига хато…ё Парвардигор!

Гўзаллик – даҳшатли қурол, у шуниси билан хатарлики, ҳеч керак бўлмаган пайтда портлайди – инсон ёшлигида гўзал бўлади, аммо кўп нарсадан хабари бўлмайди. унинг кўзига дунё беҳад гўзал кўринади, аммо соддалигига бориб биргина хато қилиб қўйса, кулгулари қонли кўз ёшига айланади, ҳаёти барбод бўлиш чегарасига келиб қолади... 

Суҳбатдошим гапида давом этди: “12 ёшимда мен фақат синфда эмас, мактаб бўйича энг чиройли қиз эдим... Шу боисдан атрофимда гиргиттон бўладиганлар жуда эрта пайдо бўлди. Мени ўз тенгдошларим қизиқтирмас эди. Юқори синфлардаги куёвболалар билан суҳбатлашишни ёқтирардим. Дастлабки кезларда озгина эътибор, мулойим муомала, ғамхўрлик, совғалар, гуллар... кифоя эди. Уларни кўриб мен ўзимни гўзаллик маликасидек ҳис қилар эдим. Кейин эса бошни айлантирадиган учрашувларнинг аччиқ меваларини ҳам татиб кўра бошладим. Айтадилар-ку, қаерда кириш бўлса, ўша ерда чиқиш ҳам бўлади, деб. Ўн беш ёшга тўлгунимча бир неча бор абортларни бошдан кечиришга улгурдим… Киприк қоқишга улгурмасимдан навбатдаги ҳомиладан қутулиш учун гинекология бўлимида турган бўлар эдим. Ҳатто абортларнинг сони нечта бўлганини ҳам эслай олмайман...  18 ёшимда шуларнинг барчасини маст бўлсам унутарман деб ароқ ича бошладим ва укол олишни ҳам канда қилмадим, аммо бўлмади... Даҳшатли тушлар, абортда майдалаб ташланган болалар мени ақлдан оздираёзди...  Гиёҳвандликка ўрганганимдан сўнг бу дардларим иккинчи ўринга ўтиб қолди, энди янада даҳшатли кўргуликларим бошланди: навбатдаги дозани қандай топаман... Кунлар жуда тез ўтиб борар, баъзида фақат заҳри қотил топилгунча вақт тўхтаб қолгандек бўлар эди… Энг қўрқинчлиси бир ой бурун юз берди… Маст ҳолимда рулга ўтирдим, машинам билан бир механизмга айланиб кетишни истар эдим. Жуда катта тезликда деярли пастлаб учиб бораётган эдим… Кўзимда ёш, қалбимда олов, юрагим куяди, азоб, бўм-бўшлик...  Ўтмишимни абадий ортимда қолдириб кетмоқчи эдим... Мен раҳмдиллик, самимийлик ҳукмдорлик қиладиган, поклик қадрланадиган, атрофингни гуллар ўраб олган, ҳамма жой оппоқ, чароғон, қалблар пок, инсоннинг амаллари, ҳайратлари самимий бўлган ёруғ келажакка чиқиб олишни истар эдим… Қўққисдан… Билмадим, қандай бўлди бу, қаердандир, ердан чиқдими, осмондан тушдими, йўл устида уч-тўрт ёшдаги бола пайдо бўлиб қолди… Дафъатан ҳаммаси кўз ўнгимда содир бўлди, ҳаммаси айланиб кетди, Гўёки дунёга келмасдан нобуд бўлган болаларим атрофимни ўраб олиб худди мана шу кўзлардек, ёшга тўлган кўзлар билан тикилиб туриб “тўхтанг... тўхтанг, онажон... бошқа ўлимнинг кераги йўқ...” деб шивирлаётгандек бўлди. Мен қалтирай бошладим, қўл-оёғим мавжудлигини сезмай қолдим.  Машинани қандай тормозлаганимни, машина қайси тарафга қараб оғиб кетганини, қандай қилиб ён ойнадан отилиб чиқиб кетганимни ва ўша қизчанинг оёғининг остига йиқилганимни эслай олмайман...  Кўзлари... Унинг кўзларини эслаб қолдим... Оч-кўк, шу қадар соф ва покиза кўзлар… Бир неча дақиқа олдин яксон қилиб ўтиб кетишимга салгина қолган қизгинанинг гаплари хотирамдан ўлгунимча ўчмаса керак. “...хола... холажон... ҳеч жойингиз лат емадими? Қаерингиз оғрияпти?..” Кейин ўша покиза кўзлар ғойиб бўлди... Зулмат... Зимистон... Қаҳратон... Жуда қаттиқ совуқ қотдим... Аммо ҳеч нарсани кўрмаётган, бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмаётган эдим. Хаёлимга шундай ўй келди: “Бўлди... ҳаммаси тугади... ўлим ана шундай қилиб келса керак...”  Тўсатдан зулмат ортидан чақмоқ чаққандек қоронғулик бағридан ОВОЗ тарқалди... Даҳшатли, қўрқинчли ОВОЗ... “Имонсизларга раҳми келган диндорлар азоб-уқубатни енгиллатишни сўради, Ҳеч ким Аллоҳ таоло тайин қилган жазони тўхтата олмайди, Чунки у оламларнинг Раббисидир...” Ҳушимга келиб кўзимни очганимда оппоқ шифтни, оппоқ деворларни, оппоқ чойшабларни ва деразадан тушиб турган чароғон қуёш нурини кўрдим...  Мен шифохонада ётган эдим... Бўғзимга бир нарса тиқилиб, кўз ёшларим юзимни юва  бошлади... Ниҳоят мен носоғлом ҳаёт кечирганимга, жоҳилликда яшаганимга қалбан иқрор бўлганимни англаб етдим. Дунёда энг ёмон нарса жоҳиллик, гуноҳлар зулматида ҳаёт кечирмоқ ва ёвузликдир... Мен ўзгаришни истайман... Мен ислом динига кириб Буюк Яратувчидан Унинг ўзи яратган шариат йўлидан оғишмасдан яшашимга яна бир бор имкон беришини сўрамоқчиман. Ёрдам беринг... Менинг зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг...”

Унинг кўз ёшлари жала бўлди... Уввос солиб, наъра тортди...

Аёнки, инсон тўғри жавобни жуда кам ҳолда биринчи ҳаракатидаёқ  топади, чунки тўғри жавоб – танланган, донишманд кишиларга хос бўлиб билиш жараёни ҳар доим синовлар ва хатолар билан кечади. Ёдда тутайлик: бу дунёда омонатмиз, вақти етиб ҳамма йиққан-терганларимизни қолдириб кетамиз. Лекин ана шу олиб кета олмаган нарсаларимизнинг, ўтказган кунларимизнинг, қилган яхши-ёмон ишларимизнинг бирма-бир ҳисобини берамиз. Фақат Аллоҳнинг ҳузурига эзгу амалларимизни олиб борамиз. Шундай экан, ҳаракатларимизни самимий ихлос ила Ҳақ йўлида қилайлик, ўзингизни эҳтиёт қилинг! Барчамизни Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асрасин!

Гулноз СОБИТОВА

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.



 

Page 55 sur 264

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top