muslim.uz

muslim.uz

mercredi, 06 septembre 2017 00:00

Ҳаромнинг юки оғир

Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн. Вассалату вассалам ала расулиҳи ва асҳабиҳий ажмаийн. Инсон деб аталмиш махлуқотни яратиб унга ўзининг каломи ила дунё ҳаётида яшашни ўргатиб, ҳалол ва ҳаромни англашга қалб кўзини ато этган Раббимизга чексиз ҳамду санолар бўлсин.

Юксак одоби ва тақвоси билан умматига ўрнак бўлиб, суннати ила таълим берган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.

Ҳар қандай жамиятда ҳаром ишлар тақиқланган. Чунки ҳаромнинг юки оғир! Ислом шариатида ҳар қандай зулм ҳаром саналади. Кишининг молига, обрўсига ва шаънига тажовуз қилиш асло мумкин эмас. Кимки шундай қилса, унинг ўзи қаттиқ зарар топади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфлис нималигини биласизми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизнингча, муфлис на дирҳами ва на матоси бўлмаган кимсадир”, дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат кунида рўза, намоз ва закоти билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бировни сўккан. Бас, у ўтиради, бундан унга, бунинг яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади.  Агар унинг зиммасидаги хатолари адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юклатилади, кейин эса жаҳаннамга отилади”, дедилар”.

Шундай инсонлар бўладики, ўзи аҳли илм. Ҳамма нарсани – оқу қорани билади. Аммо ўнга амал қилмагани ортидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни юз тубан судраб бориб, жаҳаннам ўчоғининг тубига улоқтиради. Ва яна мутакаббир олимни кибру ҳавоси учун шундай азоблайди. У ўзидан юқори мартабадаги кишиларни кўрса, қуллуқ қилиб пойига паёндоз ила пешвоз чиқади. Лекин мартабаси ўзидан паст бўлганларни кўрса мийиғида муомала қилиб, ўзига қуллуқ қилишидан умидвор бўлади. Бу ҳам ҳаром қилинган амаллар сарасига киради.

Бундай амал ўзи ва нафси учун қилинган иш бўлади, бундай ишни Аллоҳ таоло ёқтирмайди. Бунинг эвазига сен нима учун амал қилган бўлсанг ўшанинг розилигини топ ва ундан ёрдам сўра дейилади.

Аллоҳ таоло ана шундан, охирида шарманда бўлиб қолишга сабабчи бўладиган муомиладан барчамизни сақласин.

«Муфлис» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғавий маъноси «фулус» (чақа) сўзи, сариқ чақага ҳам зор бўлиб, муҳтожликдан қийналиб қолган киши маъносини англатади,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни зарбулмасал қилиб умматига улкан сабоқ бўлиши учун таълим берганлар.

Бировнинг ҳақи учун жавобгарлик шунчалар оғир. Шунинг учун ундан жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз керак.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисида ушбу воқеани ҳикоя қилиб берганлар:

Бир одам уй сотиб олиб, унда яшай бошлайди. Бир куни уйида ўра қазиётган эди кутилмаганда бир катта кўза чиқиб қолди. Очиб қараса, олтинга тўла экан. Нима қилишини билмай ҳайрон бўлди-да, кўп бош қотиргандан сўнг шундай қарор қилди:

 “Бу уйни менга сотган киши ерга шунча тилла кўмилганидан бехабар бўлган. Мен ундан тиллаларини эмас уйини сотиб олганман. Бу бойликни унга олиб бориб топширишим керак», деб идишни уй сотган кишининг олдига олиб борди. Бўлган воқеани айтиб: “Эй дўстим, бу идиш сизники. Мен сиздан фақат уйни сотиб олганман”, деди. Уйни сотган киши эса: “Мен уйдаги барча нарсани сотганман. Демак, бу олтинлар сенинг хаққинг”, деб хазинани олишдан бош тортди.

Иккови шундай тортишиб турганида олдидан бир киши ўтиб қолди. Унга воқеани тушунтириб, ўртадаги муаммони қандай ечишни ундан сўрадилар. Учинчи киши:

Фарзандларингиз борми? – деб сўради.

Бири:  – Ҳа, менинг ўғлим бор, – деди

Иккинчиси эса: – Менинг қизим бор, - деб жавоб берди.

Учинчи киши: – Унда қуда бўлинглар-да хазинани фарзандларингга харж қилинглар, – деди.

Бу фикр иккисига ҳам маъқул бўлди.

Ана ўша инсонлар ҳатто ер остидан топиб олинган молнинг ҳам юки оғирлигидан қаттиқ қўрққан ва тақвода мустаҳкам бўлган инсонлардан экани кўриниб турибди.

Барчамизни Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан чекинишимиз ва Ўзи буюрган амалларни қилишимизга муваффақ айласин.  

Интернет материаллари асосида Марҳамат тумани
бош имом-хатиби Мухторжон ШАРОФУДДИНОВ тайёрлади.

mercredi, 06 septembre 2017 00:00

Ислом – маърифат дини

Инсон ҳаётини илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маърифат – муслимнинг икки дунёсини ёритувчи нур. Исломий маърифат воситасида биз дунё ва охиратимиз гўзаллигига йўл топамиз. Шу маърифат орқали Яратганни, унинг қудратини, яратиқларини таниймиз, илоҳий Каломнинг ҳикматини англаймиз.

Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонга, қурт-қумурсқаларга, бир сўз билан айтганда бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсон табиатдаги биргина тошнинг ҳам ўз ўрни ва вазифаси борлигини англайди. Аллоҳ таоло ўз Каломидаги суралардан бирини “Намл” – чумоли деб аташи бежиз эмас.

Демак, бу маърифат бизга ҳатто чумоли билан ҳам қандай муомала қилишимизгача ўргатади. Аллоҳ таоло бутун борликни инсон учун яратди. Айни пайтда, бу борлиқ инсонга омонат ҳамдир. Омонатни омон сақлаш ҳам унинг вазифаси. Аслида мўъминлик ҳам шу. Мўъмин, иймон, омон сўзларининг ўзаги ҳам битта. Араблар ювош туяни “омун” дейишади. Бу дегани, у билан муомала қилаётган инсон тепиш, тишлаш каби туяга ҳос озорлардан омонда. Мўъмин ҳам мана шу фазилатга эга бўлиши керак. Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қўлидан, тилидан одамлар омонда бўлган инсон мўъминдир деган ҳадислари бунга далил. Ҳадисда “одамлар” деганда, динидан, ирқидан, миллатидан қатъи назар барча инсонлар англашилади. Уни, қайси динда эканига қарамасдан, ҳурматини жойига қўйишимиз лозим. Чунки биз у билан бир ота-она, яъни Одам ато ва момо Ҳавонинг авлодларимиз. Яратган Парвардигорнинг: وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ  яъни “Ҳақиқатан биз Одам болаларини мукаррам қилдик (Исро сураси, 70-оят), деган каломида мукаррамлик Одам болаларининг барчаси учун бир хилда  алоқадор экани маълум бўлмоқда. Демак, Одам боласи бўлгани учун ҳам у бизнинг қариндошимиз ҳисобланади. Зиммамизда унинг бир ҳаққи бор. Бу – инсонлик ҳаққи.

 “Аҳли китоб” деб Аллоҳ таоло юборган китобга амал қилувчиларга айтилади. Биз мусулмонлар насроний ва яҳудий билан китобийлик нуқтаи назаридан яқинмиз. Шунинг учун ҳам бизга зарари тегмаса, биз ҳам азият етказмаймиз ва гўзал муомалада бўламиз. Уларнинг бизда иккита ҳаққи бор: инсонийлик ва аҳли китоблик ҳаққи.

Мўмин-мусулмонлар диндош биродарларимиз. Улар билан китобимиз бир, бир пайғамбар умматимиз, қибламиз битта, биргина диний таълимот асосида ҳаёт кечирамиз. Шунинг учун ҳам мўминнинг мўминга ҳаққи учта дейилади. Улар: инсонийлик, аҳли китоблик ва мусулмонлик ҳақларидир.

Ислом динининг гўзал жиҳатларидан яна бири шуки, қўшни билан ҳам чиройли муомалада бўлишни таълим беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига икром қилсин, дея марҳамат қилганлар. Демак, ҳар бир мўъмин-мусулмон зиммасида қўшнилик ҳаққи ҳам бор экан.

Ана шундай ҳақлардан яна бирига қариндошлик ҳаққи дейилади. Қариндошлик ҳаққини адо этиш ва хеш-ақроболар билан алоқани мустаҳкамлаш ҳамда чиройли муомалада бўлиш бизга фарз қилинган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида ушбу фикрни таъкидлаб шундай дейди:  وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبً (1-оят). Номини ишлатиб,  бир-бировингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқингиз. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатувчи Зотдир”. Ояти каримадан маълум бўлаяптики, қариндошлик алоқалари устидан кузатиб турувчи Аллоҳнинг ўзи экан. Оятдаги Қўрқингиз” феъли икки калимага бориб боғланади, яъни Аллоҳдан”  ва “қариндошлик (алоқалари)дансўзларига. Демак, оятда, биринчидан, Аллоҳ буйруқларини бажармай қўйишдан, иккинчидан, қариндошлик алоқаларини узиб юборишдан  қўрқингиз, дейилмоқда. Аллоҳ таоло бу каломи билан қариндошлик алоқаларини узиш Ўзининг буйруқларини бажармаслик билан бир хил даражадаги гуноҳ эканини уқтириб ўтмоқда. Демак, биз Аллоҳнинг бу оятини теран англаган ҳолда қариндош-уруғ билан чиройли муомалада бўлмоғимиз лозим экан.

Оила Исломда муқаддас бир қўрғон саналади. Бу қўрғон бут бўлса, жамият аъзолари ҳар хил жисмоний, маънавий, ахлоқий ва руҳий тажовузлардан ҳимояланган бўлади. Айни пайтда, у ота-она, жуфти ҳалол, фарзандлар, ака-ука, опа-сингилларни ўз бағрига олган фароғат маскани ҳамдир. Энг чиройли муомала, ҳурмат-иззат ва меҳр-муҳаббат оилага қаратилиши лозим. Бу ҳам бизнинг бўйнимиздаги ҳақлардан. Бу ҳақларни адо этиш билан инсон фароғатда яшайди, авлодларининг хулқидан кўнгли тинч бўлади.

Ушбу ҳақларнинг барчаси динимизда баён қилинган. Биз уларни ўқиб-ўрганишимиз, ва зиммамиздаги ҳақларни адо этишимиз лозим. Зеро, маърифат йўли бандага икки дунё саодати кафолатланган мунаввар йўлдир. 

           

Қурбонали ЁДГОРОВ,

Зангиота тумани “Имом ал-Бухорий” жоме масжиди имом хатиби 

mercredi, 06 septembre 2017 00:00

ИЛОҲИЙ КАЛОМ ҚАДРИ

Олим  ОЛТИНБЕК

 «Ойна» журналининг 1913 йил 7-сонида шоир  Каримбек Камийнинг «Таҳ-рифи каломуллоҳ ҳақинда» сарлавҳли шеъри босилган. Шеърдан олдин  «Муҳарраф Қуръон» (Бузилган Қуръон) номли бир мақола бериладики, бу Камий шеърини тушунишда, унинг ёзилиш сабабларини аниқлашда алоҳида аҳамиятга эга. Мақолада айтилишича, қозонлик И.Н.Харитонов деган бир ношир Қуръони каримни атай бузиб, чоп эттиради. Китобда матбаасини кўрсатмасдан минглаб нусхада тарқатади, бундан-да кўпроқ мусулмонларнинг хато ўқишларига сабабчи бўлади. Воқеадан хабар топган Камий  дилида пайдо бўлган изтиробларни шундай баён қилган эди:

Эшитгач бўйла бир нохуш хабарни ҳушдин кеттим,

Келиб ҳушимга бу ғамдин яқо чок эттиму минг оҳ.

 

Шоир бу иши учун Харитоновга бўлган нафратини яшириб тура олмади. Уни «душмани мағрури жоҳил», «бадроҳ» (йўли бузуқ), «бадхоҳ» (ёмонликни истовчи) дея атади. Қилган ишларини гуноҳга йўйди, гуноҳки, улуғликда иккинчиси йўқ («сониси бўлмас»). Бу воқеа ўз даврида мусулмонлар орасида «жиддият ила баҳс бўлуб», катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Келинг, мақолага мурожаат қилайлик: «Яқинда Қозондан чиқувчи мўътабар «Қуёш»нинг муҳаррирларидан Фотиҳ Амирхон жаноблари Харитунуф бостирғон Каломи шарифға маънои Қуръонни бузгувчи ғалатлар, ҳатто, баъзи оятларни(нг) оз экани ва баъзи оятлари ортдурулғанини топиб, «Қуёш» воситаси-ла олами матбуотга кўрсатдики, «Қуёш» муҳаррирларини ушбу хидматига ташаккур айтмоқ вожибдур. Алон (ҳозирда) бу масала Тотористон мусулмонлари орасинда ва шимол турклари матбуотинда жиддият ила баҳс бўлуб, ишни бир тарафи Ўрунбург идораи руҳониясиға, дигар тарафи матбуот ва уламо мажлислариға марбутдур». Шунингдек, «Онг» журналининг 23-сонида чоп этилган «Қуръон бузув» деб номланган мақола ҳам шу мавзуда эди. Табиий, Туркистон зиёлилари ҳам бу воқеага бефарқ эмас эдилар. Айниқса, «Ойна» журнали «Туркистоннинг муҳтарам уламои қурро ва ҳуффозиға мурожаат қилиб, Қозонда босилган бу каломи шарифни диққат билан тасҳиҳ» (матнни тузатиш) этиб, «хатолигини, қайси таърихда, қайси матбаада босилганлигини ва ноширини ва ҳам ғалат пайдо бўлса, қайси оят ва саҳифадалигини баён қилиб, (...) «Ойна» мажалласининг идорасина юбормоқларини» илтимос қилди. Камий эса ўз шеърида миллат уламоси ва раҳнамоларига қарата шундай даъват қилади:

Ало, эй вориси пайғамбарон, эй ҳодийи миллат,

Қилинг бир ғайрату, айланг бу ишни(нг) чорасин дилхоҳ.

Айнан шу ерда истибдоддан, миллий хорлаш ва диний таҳқирлашлардан зада шоир қалбининг нидосини пайқаш қийин эмас. Аслида, фожеа бундан-да улуғ, дард бундан-да буюк эди.  Келинг, Фозилбек Отабек ўғлининг сўзларига қулоқ тутайлик: «Тарихи мелодийнинг 1895инчи йилларида чор ҳукуматининг золим генераллари Туркистон ўлкасида қўюлғон «миссионер», яъни дин бузувчи остроумовларнинг таклифлари бўйича (...) Қуръоннинг «вал-мушрикин» деган жойларидан «мушрикин» иборатларини чиқармоқ каби беҳуда ишларни амр қилдилар. (...) Ҳатто мактаблардаги ёш болалар ўқийдирғон Эшон Сўфи (Сўфи Оллоёр – О. О.) «Чаҳор китоб» деган савод китобларидаги: «Азоби қабр кофирларғадур чин, Кўрар гўрнинг азобин баъзи мўъмин»дек бўлғон байтларни ва «кофир», «мушрик» деган иборатларни йўқотиб, янги босиладурғон китоб ва Қуръонлардан юқорида айтган калималарни чиқаришдек фармойишлар қилдилар». Маълум бўладики, Қуръоннинг «ғалат» босилиши ноширнинг шунчаки билиб-билмай қилган хатоси эмас. Унинг замирида Ислом аҳкомларини бузиш орқали миллатнинг диний эътиқодига путур етказиш ва шу асосда унинг миллат сифатидаги ғурурини синдириш, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлигини парчалашдек қабиҳона  сиёсат турибди. Бу ҳолатлар Камийга таниш эди. Ҳамонки, юқоридаги байтда “бу ишнинг чорасин” айлашга даъват қилинар экан,  бундай мақсад ушбу сиёсий жараёнга ва, айни пайтда, миллий ва диний таҳқирлашларга чек қўйиш назарда тутилади. Бу эса мустабид сиёсатга Камий ва унга замондош барча миллатпарвар зиёлиларнинг  муносабати эди.                                                                                                

 

Каримбек КАМИЙ

ТАҲРИФИ КАЛОМУЛЛОҲ ҲАҚИНДА 

Худодин қўрқмайин ҳам халқдин шарму ҳаё қилмай,

На деб қилдинг, аё табоъ, (ки) таҳрифи Каломуллоҳ?!

Ўзинг инсоф қилғил, бу нечук журъат, нечук зиллат,

Магар сан душмани мағруру жоҳилдурсен, эй бадроҳ.

На мақсад ўлди санга, ҳақ каломин айладинг ботил,

На қасдинг бор эди дини Муҳаммадда, аё бадхоҳ?!

Таажжуб, бир гуноҳе айладингким, сониси бўлмас,

Сани қилғон гуноҳинг Одам ўғли қилмади, биллоҳ.

Аё ҳазратлар, диндошлар, қардошлар, ортуқ

Мусулмонларға бу катта мусибат бўлди беашбоҳ.

Ало, эй вориси пайғамбарон, эй ҳодийи миллат,

Қилинглар ғайрату айланг бу ишни чорасин дилхоҳ.

Эшитгач бўйла бир нохуш хабарни ҳушдин кеттим,

Келиб ҳушимға бу ғамдин яқо чок эттиму, минг оҳ.

Камийнинг бир дуоси шулдур, эй мўминлар, омин денг,

Илоҳи, кетмасун ҳеч кимса  каж туруб туз роҳ.                                                                                                                                                        

 

 

vendredi, 01 septembre 2017 00:00

ИСТИҚЛОЛИМ – САОДАТИМ

Ўзбекистон Республикаси мустақил деб эълон қилинган чоқда халқимизнинг қувончини таърифлаб бўлмас эди. Мана, бошимизга истиқлол қуёши чиққанига ҳам 26 йил тўлди. Бу муддат кўҳна тарих қошида қисқагина бўлса-да, халқимиз наздида асрларга татийдиган вақтдир. Ана шу давр ичида кўплаб соҳалар сингари диний қадриятлар ва диний таълимга алоҳида эътибор қаратилди.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Имом Мотуридий сингари Ислом оламида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимизнинг бебаҳо тарихий мерослари қайта тикланди. Шунингдек, янги масжидлар ва мақбаралар барпо этилди. Ҳазрати Имом мажмуаси ҳамда Минор масжидлари нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Юртимизда диний қадриятлар билан бирга диний таълимга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ёшларимизнинг диний билим олишлари учун кенг шароитлар  яратилган. Хусусан, айни вақтда юртимизда 9 та ислом билим юрти, Тошкент ислом институти ҳамда Марказий Осиёда ягона бўлган Тошкент ислом университети фаолият юритмоқда. Бу таълим даргоҳларида минглаб ўғил-қизларимиз эмин-эркинликда диний билимларни эгаллаб келмоқдалар. Ёшларимизнинг диний билимларни мукаммал эгаллашлари учун қатор шароитлар яратиб берилган. Жумладан, Тошкент ислом институти, Наманган шаҳридаги “Ҳидоя”, Қашқадарёдаги Хожа Бухорий, Хоразмдаги Фахриддин ар-Розий, Нукусдаги Муҳаммад ал-Беруний сингари ислом билим юртилари замонавий услубда қурилган, кенг ва шинам хоналарга эга бўлган янги биноларга кўчириб ўтказилди. Талабаларнинг мароқли дам олишлари учун замонавий юмшоқ мебелларга эга бўлган ётоқхоналар барпо этилди.

Ушбу ислом билим юртларида талабалар Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва калом илмлари билан бирга дунёвий фанларни ҳам пухта эгаллаб келмоқдалар. Юртимиздаги ҳар бир ислом билим юрти сўнгги русумдаги компьютерлар билан жиҳозланган информатика хоналарига эга бўлиб, ёшларимизнинг ахборот технологияларидан унумли фойдаланишни ўрганишлари учун муҳим омил бўлиб келмоқда. Шунингдек, кимё-биология ва физика сингари табиий фанларни ҳам яхши ўзлаштиришлари учун кимё ва физика лаборатория кабинетлари ташкил этилиб, керакли жиҳоз ҳамда ускуналар билан таъминланган. Кенг ва ёруғ ўқув хоналари алоҳида фанлар учун турли кўргазмали материаллар билан жиҳозланган.

Талабаларни чет тилларни ўрганиши учун замонавий техника воситалари  билан жиҳозланган лингафон хоналари мавжуд бўлиб, талабалар малакали устозлар ёрдамида хорижий тилларни мукаммал эгаллаб келмоқда. Бундан ташқари, талабларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун қўшимча тўгарак-машғулотлар билан бирга спорт секциялари ҳам фаолият юритиб келмоқда. Ҳар бир ислом билим юртида ёпиқ ҳамда очиқ спорт майдончалари мавжуд бўлиб, талабларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг шароитлар яратилган. Шинам ошхоналарда талабаларга ҳар куни 2 маҳал иссиқ овқат берилади. Маънавият хоналарида талабалар юртимиз ва дунёда бўлаётган янгиликлар билан ҳамнафас бўлиши учун  кўплаб нашрлар мавжуд.

Талабаларнинг мукаммал билим олиши, таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси доимий равишда билим юртларининг моддий техник базасини шакллантириб келмоқда. Хусусан, таълим бўлими тарафидан янги ўқув дастурлари, адабиётлар ва дарсликлар ишлаб чиқилиб, дарс самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.   

Хулоса қилиб айтганда, Мустақиллигимиз шарофати билан юртимизда ёшларимизнинг диний билимларни эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Шундай экан, 26 йиллиги нишонланаётган ҳур, озод ва обод она ватанимиз мустақиллигининг қадрига етиб яшашимиз лозим бўлади. Шу азиз Ватан барчамизники, бу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Катта ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиш билан бирга зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам унутмаслик даркор.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири                   

Page 74 sur 264

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top