muslim.uz

muslim.uz

Диний ва миллий байрамларимиздан бири бўлган Қурбон ҳайити байрами тобора яқинлашиб келмоқда. Сиз азизларни ушбу Қурбон ҳайити байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло юртимизни тинч-осойишта, халқимизни фаровон айлаб келаётган Қурбон ҳайити баракати билан эл-юртимизни, хонадонларимизни, дехқончилик ва касбу корларимизни файзу баракатларга тўлдириб, ҳалқимизни меҳрли-оқибатли қилсин.

Муҳтарам азизлар! Қурбон ҳайити байрамини муносиб қаршилаш учун миллий, диний қадриятларимизга амал қилсак, кўча-кўйларимизни, хонадон ташқариси ва ичкариларини покизалаб, ободонлаштириш ишларини бошлаб юборсак, нур устига аъло нур бўлар эди.

Ҳайит байрами муносабати билан ҳар биримиз қабристон ва зиёратгоҳларга зиёрат учун борамиз. Ўтганларимиз руҳларига дуолар қилиб, ҳайру эхсонлар тарқатамиз.

Азизлар,  зиёратларимиз чиройли бўлиши учун байрам олдидан қабристонларимизни ёввойи ўтлардан тозалаб, байрам куни зиёратга борганимизда бемалол зиёрат қилиш учун тайёргарлик ишларини ҳозирдан бошласак, яхши иш бўлар эди. Зеро халқимизда “Ўтган-ларнинг руҳини шод этай десанг, масканини обод қил” – деган мақол бор.

Энди ҳайру эҳсонга келсак, байрам кунлари қабристонга нон ва ҳар- хил озиқ-овқатлар олиб бориш, жонлиқ сўйиб, қозон осиб, овқат пишириб қабристонда таом ейиш жоиз эмас. Хайру эҳсонларимиз қабул бўлсин, деган ҳар бир  мўмин-мусулмон эҳсонини ўз ўрнига, яъни бева-бечораларга тарқатса, савоб бўлади.

Қурбон хайити байрами муносабати билан ўзига тўқ, зарурий эҳтиёжларидан қиймати кумуш нисоби миқдорига етадиган ошиқча мулкга эга бўлган ҳар бир мусулмонга қурбонлик сўйиш вожиб ибодатлардан ҳисобланади. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда: “Одам боласи учун Қурбон ҳайити куни Аллоҳ таоло йўлида қурбонлик қилишдан ҳам севимли ва мақбулроқ амал йўқ. Шубҳасиз, у сўйилган жонлиқ қиёмат куни шохлари ва жунлари билан (гувоҳликка) келади. Ҳеч шубҳа йўқ, қурбонлик ҳайвониниг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади. (Бас шундай экан) қурбонлик қилиш билан кўнгилларингизни хушнуд этинглар” – дея марҳамат қилганлар.

Қурбонлик сўйишнинг вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилгандан бошлаб, ўн иккинчи кунининг қуёши ботишидан сал олдинроғидир. Бу ибодат фақир, мискин ва мусофирларга вожиб эмас.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар қўй, эчки, қорамол, туялар ҳисобланади. Қўй ва эчки бир ёшга, қорамол икки ёшга, туя беш ёшга тўлган бўлиши шарт. Қурбонликка танланган ҳайвонлар қусурсиз бўлиши керак. Агар ҳайвоннинг икки ёки бир кўзи кўр бўлса, ё ўта даражада ориқ бўлса, ёки сўйиладиган жойгача юриб бора олмайдиган даражада оқсоқ бўлса ва қулоғи, қуйруғи ёки тана аъзоларининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесилган бўлса, қурбонликка ярамайди.

Қўй билан эчки бир киши учун, қорамол ва туя бир кишидан етти кишигача қурбонликка сўйилади. Етти киши шерик бўлиб сўйилган қурбонлик гўшти еттига бўлиниши лозим. Акс ҳолда қурбонлиги ҳисобга ўтмайди. Ҳар бир одам ўзи сўйган қурбонлигининг гўштини учга тақсимлаб, бир қисмини хонадонига қолдириб, бир қисмини зиёфат қилиб қўни-қўшни, дўсту ёрларини чақирса, бир қисмини бева-бечороларга тарқатса, савоб бўлади.

Азизлар, яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити байрамини муносиб қаршилаб байрам кунларида хайру эҳсонлар билан бир-бирларимизни кўнгилларимизни шод этайлик. Ота-оналаримиз, қариндошларимиз ва дўсту ёрларимиз ҳолларидан хабар олиб, байрам совғалари улашайлик.

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

 

 

          Хайрулла Абдуллаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Хоразм вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

vendredi, 09 septembre 2016 00:00

Қурбонлик

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман.

Қурбонлик масаласини кишиларни қизиқтириш мақсадида Қуръон ва ҳадис маънолари билан суғорилган уламолар сўзлари билан қилишга ҳаракат қилинди. Буни каминадан оддий суҳбат ўрнида қабул қилгайсизлар. Зеро, Самарқандлик орифлар султони Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар:

Яхши киши суҳбати ортиқдир, яхши ишдан!

Ёмон киши суҳбати ёмонроқдир, ёмон ишдан!

Шу сабабдан улуғлар сўзларига таянган ҳолда бу суҳбатни имкон қадар чиройли қилишга ҳаракат қиламиз. Абдураҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳи “Шарҳи мулла”да келтиради: Агар банда яхши ишга ўзини сарф айласа, Аллоҳ унинг ёрдамчиси бўламан, деган сўзни келтиради.

Аллоҳ севган бандасининг учта аломати бор:

Саховати дарёга;

Шафқати қуёшга;

Тавозеси ерга ўхшар!

Ҳожи кишилар уй тавоф этмоқ билан, муҳаббат аҳли эса кўнгил иморати билан дийдор истарлар, дейди Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳи. Ориф киши ҳеч бир амалига шод, хурсанд бўлмайди. Ҳеч нарсага ҳам рози бўлмайди. Аллоҳни таниган кишилар қанча амалларини пухта қилсалар ҳам уни кам санашади ва ҳеч у амалларига кўнгиллари тўлишмайди. Бизлар ҳам амал қилишда гўё улар каби бўлишимиз керак. Қиблагоҳимнинг айтишларича: Жарқўрғонда бир чўпон қурбонлик ҳақидаги суҳбатларни эшитгандан сўнг ҳар йили қишлоқ оралаб ҳой кишилар чиқинглар! Ким қурбонлик қилишга имкон қилмаган бўлса, бу қўйлардан олсин, деб тинмай айланиб юрарканлар. Эшитиб амал қилмаслик айнан аҳмоқнинг иши дер экан. Қаранг! Ва ибрат олинг! Қурбонлик куни ғарибларнинг қалбларига тўлиқ хурсандчиликни солган мард кишининг ишига. Шуни билинг! Бу дунё синов дунёси. Аллоҳ ҳар бир бандасини бойлик бериб синаб кўради. Шу синов муддатидан ўта олмасангиз Аллоҳнинг жазоси қаттиқ бўлади. Тезроқ ғафлат ўйқусидан уйғонинг ва олдинги қодир бўлган қазо қурбонликларни ҳам адо қилиб қўйишни эсдан чиқарманг. У ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мен бу саҳийликни гўё Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳийлигига ўхшатгим келди. Иброҳим алайҳиссаломнинг қўйлари беҳисоб бўлган. Қўйларини қўриқлайдиган итларининг сони 30 мингта бўлган. Уларнинг ҳар бирининг бўйнида тиллодан занжирлари бўлган. Туя ва қорамолларининг ҳам сони йўқ бўлган бой бир пайғамбар бўлган. Бир тасаввур қилинг! Қанча қўй бўлиши мумкин! Аллоҳ таоло у пайғамбарни кўп мақтайверганидан фаришталар эй Аллоҳ нимага сен Иброҳимни халилим – дўстим (“Ваттаҳазаллоҳу Иброҳийма холийла”) дейсан. Агар сен ундан бутун бойликларини олиб қўйсанг, у сенга ибодат қилмай қўяди, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: бўлмаса синаб кўринглар, дейди. Икки фаришта инсон суратида қўй боқаётган Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига келиб, эй Иброҳим бизларга молларингдан бермайсанми? – дейди. Бир мартагина тасбеҳ айтсаларингиз молларимнинг учдан бир қисмини бериб юбораман, дейди. Бу сўздан синовга келган фаришталар қилган ишларидан ҳижолат бўлган ҳолатда ажабланиб тасбеҳ айтишди. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзлари яна айтди: яна бир марта айтсанглар учдан икки қисми сизларники, деди. Улар тасбеҳ айтишди. Иброҳим алайҳиссалом агар яна бир марта тасбеҳ айтсаларингиз ҳамма молларим сизларники, деди. Улар тасбеҳ айтишди. Бунга бутун осмондаги фаришталар гувоҳ бўлишиб, хайратдан қойил қолишди. Кейин икки фаришта хижолат бўлишиб, биз синовга келган фаришталармиз бизга моллар керакмас, дейишди. Кейин Иброҳим алайҳиссалом мен сўзимдан қайтмайман, нима қилсаларингиз ўзларингиз ҳал қилинглар, деди. Аллоҳ у молларни вақфга айлантирди. Бутун дунёга у пайғамбарнинг моллари тарқаб кетди.

Биз шариатга амал қилишни саҳобайи киромлардан ўрганишимиз керак. Улар илоҳий амрга ўзларини тўлиқ фидо қилишга улгурган. Улар шариатнинг ҳар қандай қийин синовларини ҳам бажаришга тайёр бўлишган. Шунинг учун биз ҳам саҳобалардек амал қилсак, худди шундай савобга ва мақомга эришамиз.

Кимга қурбонлик вожиб бўлса, унинг зиммасига қурбонлик қилиш зарур ва қилиши ҳам керак. Моли ҳақиқий ёки ўлик нисобга етмаган кишиларга қурбонлик қилиш вожиб эмас. Аммо моли нисобга етмаса ҳам қурбонлик қилишга қурби етса ва у сабабли бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар зойил бўлмаса, бундай кишиларга ҳам қурбонлик қилиш муносибдир. Чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиз.Аллоҳ таоло айтади:

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ.

Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар 2 оят).

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ.

Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз. Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат беринг (Ҳаж сураси 36-37 оятлар).

Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоят неъматига қанча шукур айтса, шунча оздир. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Ундан ташқари жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса чексиз савобдир. Қурбонликдаги ихлос, хоссатан Аллоҳ таоло ва савоб олиш мақсади билан қилишдир.

عن الحسين بن علي رضي الله عنهماقال: "قال رسول اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ ضَحَّى طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ مُحْتَسِباً لأُضْحِيَّتِهِ كَانَتْ لَهُ حِجاباً مِنَ النَّارِ".

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у(қурбонлик)у учун дўзахдан парда бўлади” дедилар”(Табароний ривояти).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا عَمِلَ ابْنُ آدَمَ يَوْمَ النَّحْرِ عَمَلًا أَحَبَّ إلَى اللَّهِ مِنْ هِرَاقَةِ دَمٍ وَإِنَّهُ لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَظْلَافِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنْ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ بِمَكَانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ فَطِيبُوا بِهَا نَفْسًا» . رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالتِّرْمِذِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра бирор бир амал Аллоҳ таолога зиёда маҳбуб эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос мақомга эга бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар” дедилар”(Ибн Можа, Термизий ривояти).

عن زيد بن ارقم رضى الله عنه قال قلنا يا رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ما هذه الاضاحي قال سنة ابيكم ابراهيم قال قلنا فما لنا منها قال بكل شعرة حسنة قلنا يارسول الله فالصوف قال فكل شعرة من الصوف حسنة.

Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламданқурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати”дедилар.

Биз:

“Ундан бизга нима наф бор?” дедик.

У зот:

“Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана” дедилар.

Биз:

“Эй, Аллоҳнинг Расули юнгчи?” дедик.

У зот:

“Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана” дедилар”.

عن ابي سعيد الخدرى رضى الله عنه قال قال رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لفاطمة قومي إلى اضحيتك فاشهديها فان لك باول قطرة تقطر من دمها يغفر لك ما سلف من ذنوبك قالت يا رسول الله هذا لنا اهل البيت خاصة اولنا وللمسلمين عامة قال بل لنا وللمسلمين عامة.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:

“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Шунда у(Фотима онамиз):

“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз аҳли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.

Шунда у зот:

“Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар”.

Абул Қосим Асбаҳоний Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Унинг лафзи: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Фотима тур ва гувоҳ бўлгин қурбонлигингга. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси (томчиси) билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар. Қурбонлигинг гўшти ва қони қиёмат кунида тарозингга 70 марта зиёда қилиб тортилади, дедилар. Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат Муҳаммад оиласи учун хосми?”. Чунки улар яхшиликда хосланган оиладандир. Ёки барча мусулмонлар учунми?” дедилар. Шунда у зот:

“Муҳаммад оиласи учун ва барча мусулмонлар учун” дедилар.

Баъзи машойихларимиз Ҳазрати Алининг бу келтирган ҳадисларини яхши санашди. Яна ҳам тўғрисини Аллоҳ билади. Қаранг ва фикр қилинг! Бу фазилати илоҳийга бир арзимаган амалимиз ортидан хисоби йўқ ва фазилати чексиз бўлган Аллоҳнинг туҳфасини бизларга хабар бермоқда. Мисол тариқасида 35 кг қўй сўйсангиз сизга 2,450 кг қўйнинг вазнидаги оғирликни тарозингизга қиёмат даҳшати хавф солиб турганда қўймоқда. Энди биз буни яхшироқ тушунишимиз учун яна кенгроқ мисоллар келтирамиз:

40 кг қўй – 2,800кг вазнидаги оғирликни;

45 кг қўй – 3,150 кг вазнидаги оғирликни;

50 кг қўй – 3,500 кг вазнидаги оғирликни;

60 кг қўй – 4,200 кг вазнидаги оғирликни;

70 кг қўй – 4,900 кг вазнидаги оғирликни;

80 кг қўй – 5,600 кг вазнидаги оғирликни;

90 кг қўй – 6,300 кг вазнидаги оғирликни;

100 кг қўй – 7,000 кг вазнидаги оғирликни;

120 кг қўй – 8,400 кг вазнидаги оғирликни сизга зиёда қилиб беради. Биз қиладиган амалимизни шу тартибда ҳисоблаб кўрсак қурбонлик амалини қилишга янада рағбатимиз зиёда бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Зулҳижжанинг 10 куни, қурбонлик қилиш кунидир. Бу кунда ҳар ким қурбонлик қилса, Аллоҳ таоло қурбонлик қонининг ҳар қатраси баробарига унинг ва аҳли оиласининг гуноҳларини мағфират этади. Қурбонликнинг гўштидан таом тайёрлаб мусулмонларга берса ёки гўштини садақа қилса, унинг савоб тарозисини Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ қилади”, - деб марҳамат қилган эдилар (Мажолис). Бу ҳадиси шариф юқоридаги ҳадисдан ҳам кўпроқ савоб борлигини ҳабарини бермоқда. Биз кўпроқ савобли амалларни аҳтариб уни амал қилишимиз керак. Чунки гуноҳлар атрофингизда сочилиб ётибди. Ҳар қадам гуноҳ шу сабабдан гуноҳлардан савобларимизни сақлай билайлик. Чунки Боязид Бистомий  раҳматуллоҳи алайҳи – Гуноҳ 1 бўлгани билан 100 та тоатни емириб ташлайди. Кичгина ширк бўлган риёкорлик эса барча гуноҳлардан ҳам ёмонроқдир, деган.

Биз инсонлар баъзиларнинг озгина моддий ёрдами деб, ўзимизни анча хор қиламиз. Аллоҳнинг чексиз савоби дейилса ўзимизни ғофил қиламиз. Аслидачи кимлигимизни жуда яхши билиб олайлик. “Унвонул баёнда” келтирилади: инсон юзининг суви оғирлиги дунёнинг барча бойлигини берса ҳам арзимаслигини айтади. Яъни, инсоннинг бир марта юзининг уятдан қизаришига дунёнинг барча матоҳлари арзимаскан. Тарозига қўйса оғир келаркан. Энди биз нимага Аллоҳ Қуръоннинг кўп жойларида ҳисобсиз савобларни айтса ҳам унга бепарво бўлишимиз керак. Шуни билинг! Инсонлардан сўрайдиган нарсаларингиз қанчалик қадрли бўлмасин у сизни қадрингизни туширади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَفَعَهُ : اسْتَفْرِهُوا ضَحَايَاكُمْ ، فَإِنَّهَا مَطَايَاكُمْ عَلَى الصِّرَاطِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:

Ёш, навқирон, бақувват жонворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар(қиёмат куни)сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул ҳабийр).

Яна бир ҳадисда: “Қурбонликни катта қилинг, чунки Сирот кўпригидан ўтаётганингизда у сизга уловлик вазифасини бажаради”.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ وَجَدَ سَعَةً لأَنْ يُضَحِّىَ فَلَمْ يُضَحِّ فَلاَ يَحْضُرْ مُصَلاَّنَا».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” дедилар”(Сунани кубро).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига эътибор беринг, у зот “Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин”деб ҳукм қилмоқдалар.

Қурбонлик қилмайдиган кишидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлсаю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

Ҳазрати Али  розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Кимки қурбонлик қилиш учун бозорга борса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини авф этади. Қурбонликни савдо қилаётган вақтида, унинг ҳар бир айтган сўзини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамга 700 юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фариштани яратади ва улар қиёматгача у банда учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзанларидан бир қулни озод қилгандек савобини беради”, дедилар.

Камбағал кишилар учун ҳам насиба бор. Камбағал киши учун қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардандир. Бу нарса Қуръон оятларидан маълум бўлади. Аллоҳ таоло:Инсонлар байтуллоҳга пиёда келишади”, дейди. Бу оятдан маълум бўладики пиёда келувчилар камбағал бўладилар.

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг маърузаларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар:

“Бир киши қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ўрнига уни қийматини бева-бечораларга садақа қилар эди. Бир кеча туш кўрди. Қарасаки, қиёмат қоим бўлибди. Сирот кўприги қоим қилинган. Нариги томони жаннат, жуда кўпчилик ўз уловларига миниб, сирот кўпригидан ўтиб жаннатга кирмоқдалар. У киши эса ҳайрон, қандай ўтишни ва нимага минишни чорасини топа олмас эди. Одамларга уловлар қаердан келаётганини тушунмай ҳайрон ҳолатда турганида ғоибдан овоз келиб, бу уловлар уларнинг дунёда тайёрлаб қўйган уловларидир. Уларнинг қилган қурбонликларидир. Сиз қурбонлик қилмаганлигингиз учун уловдан маҳрумсиз, деган овоз келди. Уйқудан ўйғонгач тавба қилди.

Ҳалол ҳайвонларнинг етти аъзосини ейиш жоиз бўлмайди. Улар:

  1. Оқувчи қон;
  2. Эркак ва урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
  3. Эркак ҳайвоннинг тухуми;
  4. Сийдик қопи;
  5. Орқа жинсий аъзоси;
  6. Ғудда (безлар);
  7. Ўт пуфак.

Одам алайҳиссаломдан то Исо алайҳиссаломгача қурбонлик гўштини ейиш жоиз бўлмаган. Улар даврида қурбонлик Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлса, бир олов келиб, уни куйдириб юборар эди. Уммати Муҳаммадияга келиб, Аллоҳ таоло қурбонлик қилувчига ўзини қурбонлиги гўштини ейишни ҳалол қилди.

Сизларга тақдим қилмоқчи бўлган маълумотларимиз шулардан иборат эди. Чиройли эътиборларингиз учун раҳмат! Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Аллоҳим барча мусулмонларни қурбонлик қилиш файзи баракоти билан сийлагин. Қиёмат даҳшати пайтида бизга бу амалларимизни парда қилгин ва кучини кўрсатгин.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳ.

Ўрол Назар МУСТАФО,

Тошкент ислом институти кабинет мудири

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Азиз юртдошлар! Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Шундай улуғ кунларга соғ-саломат етказгани учун меҳрибон Аллоҳга чексиз ҳамду санолар ва мақтовлар бўлсин! Ҳақ таолодан барча ибодатларимизни қабул айлаб, эзгу мақсадларимизнинг амалга ошишини илтижо қилиб сўраймиз. Қурбон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар айласин.

Қурбон ҳайити Иброҳим (а.с.) ҳамда ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган.

Иброҳим (а.с.) узоқ йиллар шавқ билан зўрға етишган фарзандини забҳ этишга, яъни қурбонлик қилишга амр этилди. У зот Аллоҳ таоло розилигини нафс хоҳишидан устун кўрди. Ўғли Исмоил (а.с.) ҳам бу хатарли имтиҳондан шараф билан ўтди. Унинг тилидан оталаридан ўтган, пайғамбарлик нури билан суғорилган қалб нидоси отилиб чиқди: «Эй ота! Буюрилган ишни бажаринг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан эканимга ишонасиз».

Ҳожар онамиз ҳам ягона жигарбандини кимсасиз, ҳеч бир наботот ўсмаган саҳрода қолдириб улуғ синовдан матонат ила ўтди ва: «Агар Аллоҳ амр этган бўлса, У зот бизларни ноумид қилмайди», - деди. Аллоҳ таоло Исмоил (а.с.) зурриётидан Муҳаммадни (а.с.) элчи ва пайғамбар этиб юбориш учун Исмоилнинг ўрнига катта бир қўйни қурбонлик қилиб юборди ҳамда бу жойни инсонлар ва бутун олам учун муборак бўлишини ирода этиб, Байтуллоҳ билан обод қилди. Бинобарин, унга дунёнинг барча жойларидан минглаб қалблар интилади.

         Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан динларнинг охиргиси бўлган Ислом динини мукаммал ниҳоясига етказгани ва У бу динга рози бўлгани ва бандалари одамлар ичидаги энг олийжаноб уммат бўлишганини яна бир бор эсга оламиз. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг видолашув ҳажларида улуғ бир ҳукм нозил бўлди. Бу Ҳақ таолонинг қуйидаги каломидир:

...الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا  (سورة ﺍلمائدة/3

 «...Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлдим. Кимки, гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир».

Шунинг учун ҳам бу буюк кун ҳайит сифатида нишонлашга лойиқдир. Бу илоҳий ҳукм қувончи ва шодлиги Аллоҳга беадад шукр айтишни барчамизга вожиб этади. Зеро, шу куни бизларга Аллоҳнинг неъмати тўла-тўкис, мукаммал қилиб берилди. У зот бизларни зулмат қаъридан нурга олиб чиқди, динни бизларга ҳидоят йўли этиб, хавфу хатардан омонлик сари йўллади.

Ҳайит кунларида Аллоҳ таолога энг севимли иш қодир бўлган кишиларнинг Аллоҳ йўлида қурбонлик сўйишларидир. Қурбонлик қилиш вожиб амаллардандир. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилишдир.

Бу муборак кунлар, шунингдек, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни кучайтириш кунларидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлар ахлоқига мос ва хос бўлган ўзаро саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини ҳайит билан қутлаш, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатлар кўпроқ намоён бўлиши лозим.

Байрам кунларида ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб ёки ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш мусулмон кишининг бурчидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик киргизишдир» (Имом Бухори ривояти).

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган:

 

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ  صلى الله عليه وسلم :«إِنَّ لِرَبِّكُمْ فِي أَيَّامِ دَهْرِكُمْ نَفَحَاتٍ، فَتَعَرَّضُوا لَهُ، لَعَلَّهُ أَنْ يُصِيبَكُمْ نَفْحَةٌ مِنْهَا، فَلا تَشْقَوْنَ بَعْدَهَا أَبَدًا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангиз», дедилар (Табароний ривояти).

Бандаларга туҳфа қилинган кунлардан бири Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни, Қурбон ҳайити куни ҳисобланади. Ушбу фазилатли кунларда дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртимиздан ҳам минглаб ватандошларимиз Байтуллоҳда улуғ ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Аллоҳ таоло уларга ўз раҳматини ҳайит либоси қилиб кийдирди, уларга фазли-карами билан мағфират нишонини тақди. Юртимиздан ташриф буюрган ҳожилар Минода жам бўлиб, улуғ Раббиларининг туҳфаларидан шодланишмоқда. Ҳожилар бу Муборак жойда Аллоҳ таолодан ўзлари, оилалари ва юртларини ҳифзу ҳимоясида сақлашини сўраб, астойдил дуолар қилишмоқда. Байтуллоҳни тавоф этган вақтларида тазарруъ билан кўзларидан тўкилган ёшлар сабабидан Аллоҳ таоло уларга раҳмат ва баракотларини нозил қилгусидур, иншоаллоҳу таоло. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан ривоят қилинган ҳадисда: «Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклидир», дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Ҳайит байрами қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Шу билан бирга қайд этиш лозимки, 1991 йилда муҳтарам Президентимизнинг “Диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида”ги Фармонлари мазкур байрамга ўзгача тароват ва мазмун-моҳият касб этди ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашга қаратилган юксак эътибор намунаси бўлди. Йигирма беш йилдирки, мазкур Фармон асосида Қурбон ҳайитининг биринчи куни диний байрам – дам  олиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда.

Набий алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида: «Ўтганларингизни қилган яхшиликлари билан хотирланг», - дея марҳамат қилганлар. Шунга биноан, марҳум Президентимизнинг ота-боболаримиздан қолган азалий миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, муқаддас ислом таълимотини ўрганиш, диний одат ва маросимларимизни эмин-эркин адо йўлида қилган яхшиликларини қанча гапирсак, қанча ёд этсак, шунча оз.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз Раҳбари ташаббуслари, фидойиликлари билан нафақат миллий-диний байрамларимиз, балки дину эътиқодимизга янгидан ҳаёт бахш этилди, муқаддас динимиз, урф-одатлармиз, улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Биз диний ходимлар, имом-хатиблар мустақилликнинг 25 йиллик тарихи давомида муҳтарам Юртбошимиз ғамхўрликларини ҳис қилган ҳолда фаолият юритганимизни зинҳор унутмаймиз. Президентимизнинг саъйи-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан жаннатмакон мамлакатимизда масжид ва мадрасалар қайта тикланди, қадимий тарихий обидалар янада чирой очди, аждодларимизнинг бой маънавий мероси чин ворисларига қайтариб берилди. «Ҳазрати Имом», «Имом Бухорий», «Баҳоуддин Нақшбанд», «Имом Мотуридий», «Ҳаким Термизий» каби бир вақтлар ҳаробага айлантирилган масканлар мустақиллик сабаб мўмин-мусулмонларимиз суйиб зиёрат қиладиган муқаддас қадамжоларга айланди. Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан бунёд этилган, азим Тошкент шаҳрининг қалбида марвариддек жило сочаётган «Минор» масжиди, бу ердаги қулай шароитларни кўриб, нафақат халқимиз, балки хорижлик зиёратчилар ҳам тасанно айтмоқда.

Айни пайтда, юртимиздаги маънавий тикланиш жараёни 1991 йилдан ҳам олдинроқ – Ислом Каримов Қашқадарё вилояти раҳбари бўлиб ишлаган даврда, яъни 1986-1989 йилларда бошланганини эслаб ўтиш керак. Ислом Каримов вилоятда иш бошлагач, бир гуруҳ тарихчи олимларни Қарши шаҳридаги ўлкашунослик музейига таклиф этади, Қашқадарёнинг, хусусан, Шаҳрисабз ва Нахшабнинг узоқ ўтмиши, бу заминда вояга етган улуғ сиймолар, уларнинг дунёвий тараққиётга қўшган тенгсиз ҳиссаси ҳақида гапириб, мана шу тарихий ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун зарур манбалар, ноёб қўлёзмаларни чуқур тадқиқ этиш вақти келганини таъкидлайди.

– Инсоннинг маънавий такомилида тарихнинг хизмати беқиёс, –дейди Ислом Каримов, – сизлардан илтимосим шуки, Қашқадарёнинг бой тарихини, ёшларимизга ибрат бўладиган ўлмас сиймоларини тиклаб берсангизлар.

Ҳолбуки, бу пайтда бутун республикада миллий қадриятлар қаттиқ таъқибга учраган, уларни ўрганиш, тарғиб этишга уринган олим ва зиёлиларга нисбатан ҳужумлар давом этаётган эди. Шундай мураккаб бир даврда вилоят раҳбари маҳаллий тарихчиларнинг юрагига ўт солган ва уларни ўзлари орзу қилиб юрган эзгу ишларга даъват этган эди.

Шундан кейин тез фурсат ичида вилоят бўйича етмиш саккизта тарихий обида ва зиёратгоҳ рўйхатга олинади. Уларнинг кўпчилиги ташландиқ, хароб аҳволда эди. Баъзи қадамжолар текисланиб, экин экилган. Шаҳрисабздаги мўътабар қабристон эса бузиб ташланиб, унинг ўрнида баҳайбат ресторан барпо этилган эди.

Қадимий ёдгорликлар рўйхатга олингач, уларни ўрганиш, асраб-авайлаш, таъмирлаш ишлари бошланади. Нафақат Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорус-саодат, Дорут-тиловат, Гумбази саййидон каби машҳур обидаларга, балки олис қишлоқлардаги ёдгорлик ва зиёратгоҳларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Мустақиллик йилларида дину диёнатимизга қаратилган эътибор ҳақида сўз борганда, Юртбошимиз билан содир бўлган бир воқеа беихтиёр ёдга тушади...

1991 йилнинг 4 сентябри эди. Ўзбекистонимиз мустақил деб эълон қилинганининг тўртинчи кунида, азим пойтахтимиз узра тун ўз пардасини ёйиб, ҳамма учун дам олиш соатлари бошланган бир пайтда Президентимиз ўз кабинетидан чиқиб, Алишер Навоий ҳазратларининг 550 йиллик юбилейига тайёргарлик ишлари қандай бораётгани билан танишиш учун буюк мутафаккир бобомиз номидаги Миллий боғ томон йўл олади.

Бу ерда улуғ аждодимизга ўрнатилаётган ҳайкални, боғда амалга оширилаётган қурилиш-ободончилик ишларини диққат билан кўздан кечиради. Мутасадди ва меъморлар, муҳандис ва қурувчилар билан яқиндан суҳбатлашади, тегишли кўрсатма ва маслаҳатлар беради.

Иш режалари ва ҳайкалнинг очилиш куни қатъий қилиб белгиланади, боғнинг тўққиз ерига тўққизта дошқозон ўрнатилиб, элга наҳор оши тортиладиган бўлади. Суҳбат охирида шундай таклиф тушади:

– Наҳор оши тортишдан олдин бир Қуръон тиловати қилиб юборилса...

Бу таклифдан даврадагиларнинг кўпчилиги бошидан совуқ сув қуйилгандек сесканиб, чўчиб тушади, ногаҳон орқага тисарилганлар ҳам бўлади. Орага бир зум сукут чўмади. Ҳамма Президентнинг жавобини кутади.

– Мумкин, –  дейди Юртбоши вазминлик билан. Кейин қатъий қилиб қўшиб қўяди: – Албатта, шундай қилиш керак. Халқимизда арвоҳ хотири деган азалий удум бор. Бу удумимизни қайта тиклашга, жорий қилишга вақт етди. Миллий турмуш тарзимиз шуни тақозо этади. Алишер Навоийнинг наҳор ошига Тошкентнинг энг кучли қориларидан таклиф қилинглар... Нимадан, кимдан чўчийсизлар, биродарлар! Энди мустақилмиз. Орқага қайтиш йўқ.

Бугунги кунда давлат миқёсида ўтказиладиган хотира тадбирларида – 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида, буюк азиз-авлиёларимиз, алломаларимизнинг таваллуд саналарида Қуръон тиловат қилиб, элга ош тортиш маросимларини кўрганда, 1991 йилнинг сентябрь ойида Президентимиз томонидан билдирилган қатъий муносабат бу эзгу анъаналаримизнинг ҳаётимиздан чуқур жой олиши учун ўзига хос дебоча бўлганини эсда тутишимиз, бу муқаддас удум ва анъаналар ўз-ўзидан жорий бўлиб қолмагани ҳақида эл-юртга, ёш авлодга ҳикоя қилиб беришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муқаддас ислом дини, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, бебаҳо тарихий меросимизнинг тикланиши ва ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Бугун Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганидан буён муҳтарам Президентимиз бошчилигида қўлга киритилган тарихий ютуқларни ифода этадиган кўплаб мисолларни келтириш мумкин. 1991 йилдан кейинги даврда мамлакатимизда оналар ва гўдаклар ўлими қарийб 3 баробар камайди, одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 7 йилга ошди, эркаклар орасида ушбу кўрсаткис 73 ёшни, аёллар ўртасида 75 ёшни ташкил этмоқда.

         Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда зикр этган:

(إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ   (سورة التّوبة/18

«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин», - ояти каримаси мазмунига мувофиқ мустақиллик йилларида Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид обод бўлди ва намунали фаолият кўрсатмоқда. Аллоҳ таолонинг:

(... وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا  (سورة ال عمران/97

«Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир»- ояти каримасига амал қилган ҳолда ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз исломнинг асосий арконларидан бўлмиш ҳаж ибодатини ҳамда Аллоҳ таолонинг:

(وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ ...  (سورة البقرة/196

яъни: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!..”- деган оятига мувофиқ минглаб ватандошларимиз умра зиёратини адо этишга муяссар бўлмоқдалар.

Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда, юртимиздаги масжидларнинг имом-хатиблари ўз касбий малакаларини  оширмоқдалар.

Ислом тамаддунига, жаҳон фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари эса нашр этилди. Ўтган ушбу давр мобайнида диний-маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадис тўпламлари бир неча марта чоп қилинди.

Тошкент Ислом маданияти пойтахти, яъни дунёдаги халқлар ўртасида ўз ота-боболарининг дини, меросию тарихи ва маданиятини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бобида бошқаларга ибрат ва намуна бўла оладиган халқнинг азим шаҳри сифатида дунё жамоатчилигининг юксак эътирофига сазовор бўлди.

Миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, аждодларимиздан қолган бой меросимизни янада мукаммал ўрганиш, қадимий обидаларни таъмирлаш каби хайрли ишлар, ёшларни меҳнатсеварлик, бунёдкорлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ниҳоятда катта аҳамият касб этди.   

Ўнлаб ислом ўқув юртларида азиз ўғил ва қизларимиз ислом таълимотларини чуқур эгалламоқдалар.

Ойлик «Ҳидоят» журнали ва «Ислом нури» газеталари халқимиз ҳукмига хавола этиб келинмоқда, Телевидение орқали «Ҳидоят сари» ва «Зиё» кўрсатувлари мунтазам эфирга узатилмоқда.

      Буларнинг ҳаммаси мустақиллик берган имкониятлар ва эркинликлардир.

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

"مَنْ لَمْ يَشكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ الله" (رواه أحمد والترمذي).

яъни: «Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди», - деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насибу рўзи айласин!

Азизлар, Аллоҳ таоло суйган бандасига турли синовлар, имтиҳонлар юбориб, унинг имонини, иродасини пўлатни ўтда тоблагандек тоблаб турар экан. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

 

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

Яъни: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг «(Эй Муҳаммад!) Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», - дейдилар». Улуғ муфассир Ибн Касир ушбу оятни шарҳлаб, Аллоҳ таоло бандаларни ўзлари яхши кўрадиган, яқин инсонларининг жонини олиш билан синаши, кимки бундай жудоликка сабр қилса ва бу иш Яратганнинг хоҳиш-иродаси эканига иқрор бўлса, улуғ ажру мукофотларга ноил бўлишини хабар қилади. Шундай экан, азизлар, сабрли бўлайлик.

Бундай мусибатли кунларда янада матонатли, мустаҳкам иродали бўлиб, жипслашиб, муҳтарам Юртбошимизнинг Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган буюк хизматларига муносиб эканимизни кўрсатишимиз барчамиз учун ҳам фарз ҳам қарз бўлиши керак. Зеро, Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб, шундай дейди:

( ...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ   (سورة ﺍلمائدة/2

яъни: «... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир».

Мустақиллик йилларида Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳур диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият даражасига кўтарилди. Аслида, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорликлардан кўзланган мақсад, биринчи галда, одамлар турмуш шароитини яхшилаш, ҳуқуқ-манфаатларини таъминлашга қаратилгани тарғиб қилинди. «Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон» деган ғоят теран маъноли сўзлар билан аввало инсонни, унинг манфаатларини қадрлаб, ҳурмат қилиб яшашга даъват қилинди.

Азиз намозхонлар! Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва, умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим.

Раббимиз! Ватанимизнинг истиқлоли, халқимизнинг тинчлиги, фаровон ҳаёти учун қайғуриб, шу йўлда умрини бахшида этган Президентимизни мағфиратингга олгин, раҳматингга буркагин, борадиган манзилини, ётадиган маконини тинч-осойишта айлагин! Умри давомида қилган барча солиҳ амалларини, саъй-ҳаракатларини садақаи жория ўлароқ ўзига ҳамроҳ айлаб, бу савоб ишлар учун ваъда қилган ажру мукофотларинг билан сийлагин! Ортда қолган аҳли-оиласи, фарзандлари, яқинларига ва бутун Ўзбекистон халқига сабру жамил ато этгин!

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин!

Мустақиллигимизни мустаҳкам қилсин!

Юртимизни тинчлик, офиятини бардавом қилсин!

Фарзандларимизни илмлик, имонлик қилсин!

Бу тинчлик, осойишталик йўлида саъю ҳаракат қилаётган барчани Аллоҳ таоло эзгу мақсадларидан афзалига муваффақ қилсин!

Хонадонларимизга, маҳаллалармизга, Ватанимизга, барча мусулмонларга Яратган файзу баракотини ёғдирсин!

Халқимизни, диёримизни Аллоҳнинг ўзи паноҳида асрасин! Ўзи мададкор бўлсин!

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг дини Исломга қувват, мусулмон бандаларига муваффақият берсин!

Бу ҳайит намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этиб, даражаларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин! Омин!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга мансуб меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи эканини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида”ги 1991 йил 20 июндаги ПФ-221-сон Фармонига мувофиқ:

1.Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 12 сентябрь душанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2016 йил 12 сентябрь мамлакатимизда дам олиш куни деб белгилансин ва байрам сифатида кенг нишонлансин.

2.Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.

3.Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри, 2016 йил 9 сентябрь

 

Жорий йилнинг 8 август куни Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида Тошкент ислом институтининг катта ўқитувчиси Уйғун Ғофуров 2-курс талабаларига “Маънавият асослари” фанидан “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан” мавзусида очиқ дарс ўтди. Дарсда Дин ишлари бўйича қўмита Таълим ва кадр тайёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари И.Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадр тайёрлаш бўлими бошлиғи А.Дўсматов, Тошкент Ислом институти маънавий ва ахлоқий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухарбоев, “Диний фанлар” кафедра мудири С.Примов, “Тиллар” кафедра мудири Ф.Маманасиров қатнашди.

Уйғун Ғофуров халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган Мустақилликнинг бебаҳо неъматлари қадр-қимматини ёш авлоднинг теран идрок этиши, ўтган давр мобайнида босиб ўтган мураккаб ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини, Биз кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлганимизни қуйидаги мисоллар билан тушунтириб берди:

Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очди   

Ўзбекистон собиқ мустабид тузумнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан, бирёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан, “шок терапияси” каби номаъқул моделлардан бутунлай воз кечиб, машҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олди ва дунёда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ушбу ривожланиш стратегиясининг реал натижалар берди.

Юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга обод ва гўзал бўлиб бормоқда, жумладан, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича жорий этилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамияти каттадир.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб халқимиз, биринчи навбатда кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш қатор қарорлар қабул қилинди. Улар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, янги авлодни тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган ишларнинг салмоғи беқиёс. Фақат сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан зиёд сузиш ҳавзаси қурилган ва реконструкция қилинган. Бугунги кунда 2 миллион нафар фарзандимиз, жумладан, 840 мингдан ортиқ қизларимиз спорт билан мунтазам шуғулланаётир.

Диний таълим соҳасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 9 та ўрта махсус ислом билим юрти ва 1 та Тошкент ислом институти фаолият кўрсатаётир, мазкур  билим юртларининг дарсхоналари давр талаби асосида замонавий қилиб жиҳозланган. Ўқитувчилар ушбу билим юртларида замонавий техник воситалар ва кўргазмали ўқув материалларидан фойдаланиб, янги педагогик технологиялар асосида дарс ўтаётир, билим юртларини тугатганлар кенг ва ҳар томонлама пухта билим эгаси бўлаётир.

Юртимизда тинч ва осойишта ҳаёт ҳукм сурмоқда. Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, узоқ ва яқин атрофимиздаги давлатлар билан дўстона муносабат ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда кейинги 3 йилда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллади

Мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорлик таъминланиб, Ватанимиз мустақиллиги, тинч, осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам ва ишончли кафолати таъминланган

Бундай юксак натижаларнинг асосий омили ва мезони биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, фуқаролик позицияси тобора кучайиб бораётганидандир.

Жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити тобора мустаҳкамланиб, бу борада фуқаролик жамияти институтлари, ўзини ўзи бошқариш идоралари, жумладан, маҳалланинг роли ва таъсири ортди.

Халқимиз ўзининг қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари сабабидан деб билади.

Ислом Каримов раҳбарлигида Истиқлол ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилди, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

 Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top