muslim.uz

muslim.uz

30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. 

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма етти йиллиги байрами арафасида халқимизга хос меҳр-шафқат, инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни янада юксак намоён этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Фармон билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 261 нафар фуқаро афв этилди. 

Фармонга мувофиқ, 215 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилади, шунингдек, 46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади. 

Афв этилганларнинг нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. 

Фармонга кўра, афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. 

 

 

ЎзА

31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан Шаҳидлар хотираси хиёбонида халқимиз озодлиги йўлида фидо бўлган инсонларни хотирлаш маросими ўтказилди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

Қуръон тиловат этилиб, қатағон қурбонлари руҳига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

Давлатимиз раҳбари диний уламолар, таълим соҳаси мутасаддилари билан суҳбатда ватанпарвар инсонларни эъзозлаш, ёшларни миллий ғурур руҳида тарбиялаш, уларда буюк боболаримиздек бўлишга интилишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Ўзбекистон Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази ва олий таълим муассасалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълим дастурларини такомиллаштириш кераклиги қайд этилди.

 

манба: president.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда хизмат қилаётган имом-хатиблар ва имом ноибларининг вазифа алмашинуви (ротация) ўтказилди

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида вазифа самарадорлигини ошириш ҳамда имом-хатибларнинг иш фаолиятини янада фаоллаштириш мақсадида идора тизимидаги масжидларда хизмат қилаётган бир қатор имом-хатиб ва имом ноиблар ўртасида вазифа алмашинуви (ротация) ўтказилди. Жумладан:

Муҳаммадиев Раббим “Ракат” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.  

Эргашев Аъзамжон “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Баланд” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.

Ҳакимов Ўткир “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Ракат” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.

Бегматов Исақжон Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мутахассислигидан “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.

Джуманов Абдулҳамид “Исломобод” жоме масжиди имом-хатиблигидан Хоразм вилояти Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртига ўқитувчи вазифасига ўтди.

Абдуқодиров Муҳаммадраҳим “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Исломобод” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.

Нуманжанов Мухиддин “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом ноиблигидан “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

jeudi, 30 août 2018 00:00

Рост гапирайлик!

Ислом динида мақталадиган, тарғиб этиладиган фазилатлардан бири ростгўйликдир. Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда ростгўйлик мадҳ этилган ва унинг зидди бўлган ёлғончилик қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда бандаларига ростгўйлар, самимий инсонлар билан бирга бўлишни, уларнинг ёнида юришни буюрмоқда. Инсоннинг ростгўй ёки ёлғончи бўлиши, аввало, унинг тақвосига, Аллоҳ таолодан қўрқиш даражасига, қолаверса, у яшаётган муҳитга ҳам боғлиқ бўлади. Ростгўйлар орасида яшаш, улар билан бирга юриш, суҳбатдош бўлиш кишининг ёлғондан узоқлашиб, ростгўйликни ўзлаштиришига катта ёрдам беради.

Аллоҳ таоло Қуръонда ёлғонни ва ёлғончиларни ёмонлаган.

وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ

“Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” (Мунофиқун сураси, 1-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ёлғончи бўлишларини баён қиляпти. Демак, ёлғончилик мунофиқларнинг сифати экан.

Ҳадиси шарифларда ҳам ёлғончилик қаттиқ қораланган ва мунофиқнинг сифати экани баён қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисни шарҳ қилган уламоларимиз айтадиларки, кимда ушбу сифатларнинг уччови ҳам бўлса, у ҳақиқий мунофиқнинг сифатлари унда жамлангандир. Кимда бу сифатлардан бири бўлса, унда мунофиқликнинг битта аломати бор бўлади. Мунофиқларга бериладиган жазо ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчини топа олмассан” (Нисо сураси, 145-оят).

Аллоҳ таоло ёлғонни кимлар тўқиши ҳақида баён қилиб: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир”, деган (Наҳл сураси, 105-оят).

Бу оятда ёлғон гапирувчилар ҳақида янада оғирроқ гап айтиляпти. Бу ояти каримада уқтирилишича, аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш сабабли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.

Афсуски, ҳозирги вақтда ёлғон гапириш жуда кенг авж олди. Кўпчилик ўйламай-нетмай ёлғон гапирадиган бўлиб кетди. Одамларни алдаш ишига бепарволарча қарайдиган бўлиб қолинди.

Фарзандларимиз бизни алдаса, “Нега болам ёлғон гапиряпти?” дея ҳайрон бўляпмиз. Аммо уларга ёлғонни ўзимиз ўргатганимиз эсимизга келмайди. Дарвозамига биров бизни сўраб келса, “Дадам уйда йўқлар” дегин” дея боламизни чиқарамиз. Бундай вазифаларни олиб тарбия топган бола эртага ёлғон гапирса, айбни кимдан қидириш керак?

“Муроса учун” деб ҳамма бир-бирига ёлғона гапиряпти. Уламолар таъбири билан айтганда, ҳозир одамлар ёлғон гап топилмай қолгандагина рост гапирадиган бўлиб қолди.

Ота-она фарзандларини алдаса, фарзандлар ота-онани алдаса, ака укасини, ука акасини, опа-сингиллар бир-бирини алдаса, охири нима бўлади?!

Ёлғон кенг тарқалган жамиятда барака бўлмайди. Ёлғон кенг тарқалган жамиятда одамлар ўртасида ўзаро ишонч йўқолади. Ёлғон кенг тарқалган, мунофиқлик иллатини тап тормай қиладиган кишилар кўп яшайдиган оилада, маҳаллада, туманда, юртда барака бўлармиди?!

Эрталабдан кечгача меҳнат қиляпмиз. Юртимга, оиламга фойдам тегсин деяпмиз. Аммо тилимиздан ёлғон тушмаяпти. Шунча қилган меҳнатимизнинг натижаси, самараси, баракаси нима бўлади?!

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар банда ёлғон гапирса, унинг сассиқ амалидан фаришта ундан бир чақирим нарига узоқлашади”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Ҳадисда ёлғоннинг сассиқ ҳиди борлиги, ёлғон гапирган одамнинг ёнидан фаришталар қочиб кетиши айтилмоқда. Демак, ёлғончининг фариштаси бўлмас экан. Шунинг учун ҳам ёлғондан бутунлай сақланишимиз керак.

Биров билан кўришишга келишган бўлсак, борадиган жойимизга кеч қолсак, бизни кутаётган одам қўнғироқ қилиб, “Қаердасиз? Қанчада келасиз?” деса, ярим соатлик масофа узоқликда бўлсак ҳам “Фалон жойдаман, беш дақиқада бораман” деб, турган жойимизни ҳам, борадиган вақтимизни ҳам нотўғри қилиб айтамиз.

Одамлардан қўрқиб ёки обрўйимиз тушиб қолишидан хавфсираб ёлғон гапирамиз. Аммо Аллоҳ таоло бизни кўриб-билиб турганини, охиратда ҳар бир гапимиз учун жавоб беришимизни ўйламаймиз.

Азизлар, Аллоҳдан қўрқайлик ва ёлғон гапирмайлик!

Топадиган пулларимиздан, ризқимиздан, оиламиз, маҳалламиз, жамиятимиздан барака кетишига олиб борадиган ёлғонни бутунлай тарк этайлик!

Халқимизда “Бошингга қилич келса ҳам, рост сўзла!” деган мақол бор. Бу гап бежизшга айтилмаган.

Ҳадиси шарифларда банда рост гапириб юрса, охири Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” деб ёзилиши, агар ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” деб ёзилиши таъкидланган.

Шунинг учун ёлғондан ҳазар қилайлик! Тилимизни ва фарзандимиз тилини ростгўйликка ўргатайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни сиддиқлардан қилсин ва жамиятимизни ёлғондан, ёлғончиликдан покласин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади.

 

 

Жорий йилнинг 27 август куни Доғистон Республикасидан Саудия Арабистонига Ҳаж ибодатини адо этиш учун кетган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳини кутиб олиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда "islam.ru" нашри хабар берди.

Махачкала халқаро аэропортида 303 нафар ҳожиларни кутиб олиш маросими ташкил этилди. Барча зиёратчиларнинг рўйхати 21 кун давомида тиббий назоратга олиниши учун улар яшайдиган ҳудуддаги тиббиёт муассасасига юборилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top