muslim.uz

muslim.uz

Кеча, 27 июнь куни АҚШ Давлат департаментининг Яқин Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиёдаги диний озчилик бўйича махсус маслаҳатчи Нокс Темза билан учрашувбўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ушбу мартабали меҳмонлар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда муфтий ҳазратлари диёримизда диний соҳадаги ислоҳотлар, қўшни мамлакатлар диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланаётгани ҳақида гапирдилар.

Нокс Темза жаноблари Ўзбекистондаги ислоҳотлар АҚШ давлатида жуда ҳам илиқ кутиб олиниб, қўллаб-қувватланаётганини билдириб ўтди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳуқуқий ислоҳот

 

Диний соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири Икромжон Мардонов мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Бугун ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий жабҳаларда содир бўлаётган ўзга­ришлар, хусусан, диний соҳа тараққиётига қаратилган тарихий, ҳуқуқий ҳуж­жатлар бизни хушнуд қилиш баробарида зимма­мизга янада масъулият юкламоқда. Муҳ­тарам Юртбошимиз 2017 йилнинг 15 июнь санасида “Ижтимоий барқарорликни таъ­минлаш, муқаддас динимизнинг софли­гини асраш – давр талаби” мавзусида нутқ сўзлагандилар. Ўтган қисқа вақт мобайнида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлаётганига ҳаммамиз шоҳидмиз. Анжуманда, жумладан, диний идора ва унинг тизимидаги муассасалар нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритишини инобатга олиб, улар томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўловнинг миқдорини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эдилар. 2018 йил 31 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 409-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Хўш, уни бундан йигирма йил аввалги (1998 йил 20 июнь) 263-сонли қарор билан қиёсласа қандай янгиланиш ва енгилликлар кўзга ташланади?

Аввало, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишда белгиланган давлат божлари тубдан кўриб чиқилгани эътиборни тортади. Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари (аввал юз баравари эди) миқдорида белгиланди. Масжидлар учун эса энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан ўн бараварига камайтирилиб, фаолият юритиб турган диний ташкилот қайта рўйхатдан ўтаётганда кўзда тутилган сумманинг яна 50 фоизи чегириб ташланади. Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтиш ариза берилган кундан эътиборан бир ой муддатда кўриб чиқилади. Илгари давлат рўйхатидан ўт­казилгани тўғрисидаги гувоҳнома йўқотиб қўйилса, гувоҳнома дубликати (нусхаси)­ни олиш учун рўйхатга олиш йиғимининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундириларди. Энди бундай ҳолларда энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширилиб, ҳужжатлар дубликатини олиш тўғрисидаги ариза ўн иш кунида кўриб чиқилади. Шунингдек, ҳар уч ойда топшириладиган ҳисоботлар энди йилда бир марта амалга оширилади.

Диний идора тизимидаги яна бир янгилик шуки, масжидлар ишини янада фаоллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги намунавий устав ишлаб чиқилди. Унда масжидлар учун қатор янги имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишилган ҳолда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш, корхоналар, бошқа тадбиркорлик тузилмалари ҳамда диний мазмундаги маҳсулотларни сотиш дўконлари юритиш, масжидлар бевосита ўзи ёки ҳамкорликда белгиланган тартибда ўқув курслари, Қуръони каримни ўргатиш дарсларини ташкил этиш, ўз кутубхонасига эга бўлиш, имом-хатибнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси вазифасини жорий этиш, масжид ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун масжид вакили сифатида маҳалла имомларини тайинлаш сингари кенг қамровли ўзгаришлар киритилган.

Масжиднинг умумий йиғилиши заруратга қараб, аммо бир йилда камида бир маротаба ўтказилади. Умумий йиғилишга масжид имом-хатиби ёки имом ноиби раислик қилади ва йиғилиш баённомаларини им­золайди. Масжидлар тафтиш комиссиялари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Амалдаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳолларда масжид муаз­зини, мутаваллиси, ҳайъат аъзо­лари, тафтиш комиссияси аъзолари жамоатчилик асосида ишлаши мумкин. Улар билан меҳ­нат шартномаси тузилмайди, бироқ жамоатчилик асосида ишловчилар умумий йиғилиш қарорида кўрсатилади. Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Маърифатли”, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб”, Сурхондарё вилоятидаги “Оқ масжид”, “Қадимий Дарбанд”, “Имом Термизий” каби жоме-масжидлар янги таҳрирдаги низом асосида фаолият олиб боришаётир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йил 16 апрелда эълон қилинган “Диний-маъри­фий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса жамиятимизда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш, ислом ва жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой илмий-маданий меросини чуқур ўрганиш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривож­лантириш асосида ёш авлод таълим-тар­бияси сифатини янада оширишда муҳим ва тарихий қадам бўлди. Ўз навбатида, биз­нинг иш фаолиятимизда янги залворли саҳифа очди. Бу ҳақда ҳали алоҳида тўхталамиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда диний ташкилотлар давлат ва жамоат тузилмалари билан ижтимоий шерикчилик асосида жамиятимизнинг маънавий ҳаёти янада юксалишига муносиб ҳисса қўшаётир. Айни пайтда, диний-маърифий соҳа фаолияти ҳам қонун ҳужжатлари асосида такомиллаштириб борилмоқда. Ўйлайманки, бундай изчил ислоҳотлар соҳа ходимларини бундан-да шижоат билан, ташаббус кўрсатиб ишлашга даъват этади.

"Ҳидоят" журналидан

Америка-Вьетнам уруши ниҳоясига етаёзиб қолган кезларда бир аскар уйига қўнғироқ қилди. Неча ойлардир фарзандидан хабар кутган ота ўғлининг овозини эшитиб жуда ҳам севинади. Ота-ўғил анча вақт гаплашди. Узоқ вақт ҳасратлашганларидан кейин ўғли отасига бир илтимоси борлигини  айтди. Урушда бирга бўлган ва оғир ярадор сафдошининг бир муддат уйида меҳмон қилиш истаги борлигини айтиб отасидан изн сўради. Отаси: “Албатта, меҳмон қиламиз”, деди ва шу гапининг ортидан нима дарди борлигини сўради. Ўғли қуролдошининг бир жангда оғир жароҳат олиб, бир оёғи ва бир қўлидан айрилганини айтди. Буни эшитган ота дарҳол бурнини жийириб, кундалик турмуш тарзини ўша ногироннинг вазиятига қараб шакллантира олмаслигини айтди. Ўғли дўстининг кимсасизлиги боис борадиган бошқа жойи йўқлигини, ўзига муносиб бир иш топгунча уйида яшаб туришини сўраб отасига ёлворди.  

Отаси унинг тушунтиришларига қарамасдан уни узоқ вақт меҳмон қила олмасликларини ўғлига англатишга уринди. Йигитнинг жаҳли чиқиб телефонни ўчириб қўйди ва отасига бошқа қўнғироқ қилмади. Оиласи аскарни ва ўртоғини ҳамма жойдан қидирди, аммо уларнинг изини ҳам топа олмади. Ота бир куни янги газеталарни саҳифалаб ўтирар экан, мудҳиш бир хабарга кўзи тушиб қолди. Урушдан кейинги депрессияга чидай олмаган ўғли уйларининг шундоққина биқинида жонига қасд қилган экан.

...Майитни олиш учун борган ота – ўғлининг бир қўли ва бир оёғи йўқлигини кўрди...

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Интернет саҳифаларидан олинди

Покистон Ислом Республикасининг дин ишлари ва эътиқодлараро бағрикенглик вазирлиги берган маълумотларга кўра, Ҳаж-2018 мавсумида хусусий ташкилотчилар орқали Ҳаж зиёратини амалга оширишни истовчилар биометрик текширувдан ўтишлари шарт қилиб қўйилади.

Вазирлик бу ҳақда зиёратчиларни телефон қўнғироғи ва СМС хабарлари орқали хабардор қилишни режалаштирган. 2018 йилги Ҳаж сиёсатига кўра 179 210 нафар покистонлик Ҳаж зиёратини амалга ошириши кўзда тутилган. Шундан 59 737 нафари хусусий ташкилотчилар кўмагида зиёратни адо этади.

Покистон вазирлиги маълумотига кўра, Ҳукумат Ҳаж тизими орқали зиёратга борувчилар жорий йилнинг 16 июль санасидан бошлаб Саудия Арабистонига юборилиши бошланади.



ЎМИ Матбуот хизмати

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин, яхшилик ва ёмонлик тушунчаларига инсонлар турлича таъриф берадилар. Баъзи инсонлар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон ёки аксинча бўлади. Ислом дини таълимоти шуки, исломда ниманики яхши деб буюрилган бўлса у яхши, ниманики ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир.  Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда ҳаётига зарар етказишликка сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан инсонларни қайтарган, қайтарибгина қолмасдан балки, ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-оятида: “… У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”, деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром, дейилади. Яна бир ҳадисда Ҳар ким ўзини ўзи заҳар билан ўлдирса қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади , дейилган.

Баъзи инсонларнинг “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?”, деган саволларига айтамизки, бу ҳам бўлса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири бўлиб у зот ўзларидан кейинги инсонларнинг молига, жонига ва ҳатто наслига ҳам ўта зарар келтирувчи бўлган иллатларнинг умумий хусусиятини бир сўз билан ифода қилиб: Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, гиёҳванд моддалар нима деб аталишидан қатъи назар улар маст қилади ва баданни бўшаштиради.

У инсонни ўта ялқов, кам ғайрат, атрофида бўлаётган ходисаларга эътиборсиз бўлишига сабаб бўлади. Кўзни хиралаштириб, тишларини сарғайтиради ва вақтидан олдин тўкилиб кетишига олиб келади. Барчага маълумки, инсоннинг   бахт-саодати унинг ақл-идрокига боғлиқдир.  Инсон ақли билан ўзига зарарли ва фойдали нарсаларни ажратади. Гиёҳванд моддалар эса инсон жавҳари бўлмиш ақлдан мосуво қилади. Аллоҳ таоло инсонни ақли сабабаидан бошқа махлуқлардан афзал қилиб яратди. Шунинг учун ақлига путур етказувчи ҳамма нарсаларни ҳаром қилди, ман этди.

Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликларига, шунингдек,ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилишлик билан ўз жонига қасд қилган бўлади. Ҳадиси шарифда Ҳар ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша билан азоб берилади, дейилади. Гиёвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бирга у исрофгарчиликка киради.бу моддаларни истеъмол қилишлик мол-дунё ва бойликни исроф бўлишига олиб келади.

Исроф эса Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан ҳаром қилинган бўлиб, у инсонни хор-зорликка элтади. Саломатликка етказадиган зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин. Гиёҳванд моддаларни зарарларини замонамиздаги илмий тараққиётлар ҳам исботламоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар аста-секин оғир касалликларга йўлиқишлари ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлиши шулар жумласидандир. Гиёҳванд моддалар киши меъдаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, у инсон асабига ва шу орқали инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қатиқ-юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.

Жамиятга етказадиган зарарлари эса беҳад кўп бўлиб гиёҳванд кимса аввало ўзига, сўнг оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан қизиқиш , аҳамият ва парво ҳислари қолмайди. Айниқса, ишлаб чиқаришда тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёшларнинг гиёҳвандликнинг биринчи навбатдаги қурбони бўлиши жуда ҳам аянчли холдир. Гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, буни бугунги ҳаётимизда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Гиёҳвандлик кишилар қавму-қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар холларда майиб – мажруҳ фарзандлар туғилаётгани ҳаётда кўринаётган ҳақиқатдир. Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳаром ҳисобланади.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Парвардигоро! Мени кексайиб қолган чоғимда ризқу-рўзимни кенгроқ қилгайсан” , деб дуо қилганлар. Киши ёшлигиданоқ қарилик ғамини ейиши, ўзини ичкилик ва гиёҳвандликдан асрашлиги, қариганда хор-зор бўлиб қолишдан сақланиши жуда ҳам лозим эканлиги ушбу ҳадис мазмунидан англаш қийин эмас.

Гиёҳвандлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шунингдек, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top