Рамазон

Ғанимат кунларда  ғафлатда қолманг

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Моҳи Рамазоннинг аввали ўн кунини раҳмат, ўртасини мағфират, охирини халос бўлиш даҳаси қилиб, ушбу кунларга биз бандаларини чексиз неъматлар билан етказган ва ўз раҳматидан муяссар қилган Роббимиз Аллоҳ субҳаноҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

Ушбу ҳар бир ўн кунликни ўзгача қадрлаган ва шу неъмат қадридан соф эътиқод ила фойдаланган ҳамда ушбу таълимини ўз умматларига ўргатган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Аввалиҳу роҳма - кунларининг бугун охирги ўнинчи кунига ҳам ўрталаб қолди. Во ажаб, кечагина рамазон келяпти деб қалбларда қувонч билан кутаётган рамазон ойимиз ниҳоясига етай деб қолди. 

Раҳмат кунларининг шукуҳи, қоронғу тун ичра субҳи содиқ вақти киргунча саҳарлик ва қизил шафақ тортиб ботаётган қуёшнинг сўнги вақтида ифторликнинг файзи, масжидларимизда таровеҳ намози ва хатмул Қуръон тароватидан сармаст бўлиб, ғаниматли кунларнинг ўтиб кетаётганини сезмай қолибмиз.

Ҳа, бу кунлар хақиқатан руҳий озиққа ташна қалбларга ғаниматдир. Бунинг қадрига етмаган ва ундан баҳра олиб қолишни унутиб ғафлатда қолган инсонларга таажжуб қиласиз.

Рамазон ойи келиб заминимизни файзу таровати билан безаб турса-да, уни беписанд ўтказиб юборса, бундай кишилар қандай буюк мукофотлардан бебаҳра қолаётганини билармикан...

Иш хонада, касса олдида кассирни кутиб ўтириб, у келганида кўзлари қувончга тўлиб кеттган ишчи-ходимларнинг нигоҳига назар солсангиз, ана шу дамда гўёки улардан бахтлироқ инсон йўқдек. Ойлик маошини олади-ю кассирга чексиз эхтиром ила миннатдорчилик билдиради, аммо осмондан боши узра ёғаётган раҳмат  ёмғирига парво қилмайди.  

“Биз ишдаги одамлар, кўчада юрамиз, очликка чидайман-у, иссиқда чанқоққа бардош беролмайман-да” дея узрхоҳлик қилаётганларни эшитиб ҳайрон бўласиз: ахир рамазон соя-салқинда ётиб олиб бекорчиликда қиладиган иш эмас-ку. Ифторликларга уялмай-нетмай чиқиб ястаниб ўтирган “кўзалар”нинг ҳоли  таажжубли.

Жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпиладиган ойда ўзларига жаннатнинг эшигини ёпиб олган инсонларга таажжуб қиласиз киши.

Уйи масжиднинг ёнида  бўла туриб, таровеҳ намозидан қолаётганларнинг ҳоли таажжубли. Наҳот, Қуръон оятлари ва тасбеҳ оҳанглари қалбларига етиб бормаса.

Мусо алайҳиссалом даврида осмондан Аллоҳнинг неъмати ёғилиб, уларни қавми еб-ичиб, бунинг шукронасига ибодат қилинглар дейилганида, уларнинг биз бундай нарсаларни эмас, бошқа нарсаларни хоҳлардик деб саркашлик қилганини биламиз, бугун эса ўша ҳодиса олдида юқорида санаб ўтган таажжубларимиз ҳеч нарса эмас. 

Нима ҳам дердик, Аллоҳнинг имтиҳони бу...

Барчамизга Рамазон муборак бўлсин.

 М.ШОЖАЛИЛОВ, 

Tasbeh.uz сайти администратори

Read 106396 times
Top