muslim.uz
Уйқудан олдин ўқиладиган суралар
Уйқудан олдин Оятал Курсий, Ихлос сураси, Муаввизатайн, Бақара сурасининг охирини ўқиш мустаҳабдир. Бу эътибор қаратиш муҳим бўлган ва таъкидланган ишлардандир. Бу борада бир неча саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган.
Икки саҳиҳ тўпламда Абу Масъуд Бадрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимки кечқурун Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиса, унга кифоя қилади”. Бир жамоа уламолар “кифоя қилади” деган иборани “кечаси қоим бўлишга кифоя қилади” деб изоҳлайдилар. Бошқалар эса “кечаси етадиган ёмонликларга кифоя қилади” дейдилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча Ихлос сурасини ва Муаввизатайнни ўқирдилар.
Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни оятал курсийни ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”.
Али розияллоҳу анҳудан қилинган яна бошқа ривоятда шундай дейдилар: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни Бақара сурасининг охирги уч оятини ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”. (Бунинг исноди Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир.)
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмагин”, дедилар. (Шундан кейин) мен бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмадим”.
Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинади: “Улар (аввалгилар) ҳар кеча ана ўша уч сура (Ихлос сураси ва Муаввазатайн)ни ўқишликни мустаҳаб билардилар”.
Яна ушбу кишидан ривоят қилинади: “Улар ётоққа ётган вақт Муаввизатайнни ўқишни таълим берардилар”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зумар сураси ва Бани Исроил (Исро) сурасини ўқимагунларича ухламасдилар”. (Термизий ривоят қилган ва буни ҳасан ҳадис деган.)
Ҳар кеча уйқусидан уйғониб кетса Оли Имрон сурасини охири إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ оятидан охиригача ўқишлик мустаҳаб. Чунки, икки саҳиҳ тўпламда Оиша онамиздан қуйидаги ривоят мавжуд: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар уйғониб кетсалар, Оли Имрон сурасини охирини ўқир эдилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)
Жалолиддин Ҳамроқулов
"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби
Тошкент ислом институти кафедра мудири
Наманганда улуғ ой файзи
Мустақиллик йилларида исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун шарт-шароитлар яратилди.
Бир сўз билан айтганда улуғ аждодларимиз мероси бўлмиш бирор обида, бирорта китоб, уларнинг қабри, дахмаси эътибордан четда қолмаслиги учун ҳамма тадбирлар қилинди ва қилинмоқда. Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган бу улкан яратувчанликда наманганлик бўлган алломаю-фузалолар, олиму-шоирлар номи ҳам абадийликка муҳрланди.
Бугун ҳар бир ўзбекистонлик учун Ватан, Истиқлол ва миллий-диний қадриятлар сўзлари чинданда онадай азиз, отадай улуғворлик касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 июндаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-2538-сонли Қарори ҳар бир фуқаро қалбини тоғдек кўтарди. Ундаги белгиланган мақсад ва вазифаларни тўла бажариш қай бир соҳада бўлишлигидан қатъий назар, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Хақиқатда муборак Рамазон ойининг кириб келиши юртимиз аҳлига катта қувонч бахш этмоқда. Вилоятимиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан эшитмоқдалар. Қуръон хатмиларига қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз. Зеро, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”- деганлар.
Агар мулохаза қилсангиз мустақилликдан олдин улкан масжидларни тўлдириб, ёшу қари эмин-эркин ибодатларини адо этишлари қаёқда эди. Ваҳолангки ҳозирда юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Диний қадриятларимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.
Инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилишга қаратилган кенг кўламли савобли амалларни бажариш ҳам муқаддас ойнинг талабларидандир.
Одатда мўмин киши нима иш қилса, Аллоҳ таолонинг розилигини топишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиш ҳам Унинг розилигига эришиш ҳамда берилган неъматни зиёда бўлишига сабаб бўлувчи омилдир.
Айнан шу неъматларга ҳамоҳанг вилоятимиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан эшитмоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак Рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Мана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик билан адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари беғуборлик билан жаранглайди. Эл-юртимиз узра бахту-саодат тараннум этади.
А.ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили