www.muslimuz

www.muslimuz

jeudi, 12 novembre 2020 00:00

БАҚАРА СУРАСИ, 195 ОЯТ

وَأَنفِقُواْ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَلَا تُلۡقُواْ بِأَيۡدِيكُمۡ إِلَى ٱلتَّهۡلُكَةِ وَأَحۡسِنُوٓاْۚ إِنَّ ٱللَّهَ يُحِبُّ ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٩٥

195. Аллоҳ йўлида сарф қилинглар ва ўзларингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга отманглар. Яхшилик қилинглар, Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади.

Аллоҳ йўлидаги жанг учун ўз молидан сарф этмаслик ва бахиллик қилиш ўз-ўзини ҳалок қилиш билан баробардир. Шунинг учун Аллоҳ берган ризқ ва неъматларни Унинг ўзи буюрган йўлларга сарф қилиш лозим. Бир киши мол-давлат топсаю уни ҳаром-ҳариш ишларга, масалан, хамр ичиш, наша чекиш ёки зино қилиш кабиларга сарфласа, Парвардигорнинг неъматларига катта ношукрлик қилган бўлади, бу билан ўзини ҳалокатга отган саналади. Аллоҳ азза ва жалла барча инсонларни яхшилик қилишга, бир-бирларига эзгулик, хайрли, савобли ишлар йўлида кўмаклашишга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Эй умматларим, агар бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни тарк этсангиз, бошингизга шундай бало-офатлар келадики, у яхши-ёмонга баробар фожиа бўлади", деб огоҳлантирганлар. Ҳузайфа ибн Йамон розияллоҳу анҳу: "Бақара сурасининг 195-ояти нафақа тўғрисида нозил бўлган", деган (Бухорий ривояти).

“Нафақа” сўзи луғатда «яхшиликка маблағ ажратиш» маъносини билдиради. Шариатда эса ўз қарамоғидаги кишини етарли кийим-бош, таом, маскан (уй), тозалик ва рўзғор анжомлари-ашёлари билан таъминлаш «нафақа» дейилади. Нафақа эр-хотинлик ва қариндошлик йўли билан вожиб бўлади.

Шу йил 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Ресрубликаси Адлия вазирлиги Мўйноқ туманидаги “Ҳаким ата” жомесини рўйхатдан ўтказиб, унинг 59-сонли гувоҳномасини масжид ходимларига топширди.

Маълумот учун, ушбу жоме очилиши билан Республикамизда расмий фаолият юритаётган масжидлар сони 2078 тага, Қорақалпоғистон Ресрубликасида эса 51 тага етди.

Ушбу масжид Мўйноқ тумани “Дўстлик” овул фуқаролар йиғинида жойлашган бўлиб, унинг сиғими 100 кишига мўлжалланган.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни халқимиз ва масжид жамоатига муборак қилсин. Ана шундай хайрли ишга ҳисса қўшган инсонлардан Ҳақ таоло рози бўлсин, бундай яхшиликларни бардавом айласин!

***
Ҳаким ота ким бўлган?

Масжиднинг “Ҳаким ата” номи Сулаймон Боқирғоний ҳазратларининг таҳаллусидан олинган. У кишининг мақбараси ушбу жоме ҳудудида жойлашган. У 1978 йилда барпо қилинган.

Жўйборзода қаламига мансуб “Маноқиб” китобида ёзилишича, Ҳаким ота (Ҳазрат Сулаймон) Қуръони каримга ўзгача ҳурмат кўрсатиб, дарсга бораётиб Мусҳафни бошига кўтариб олар экан. Буни кўрган Аҳмад Яссавий ҳазратлари уни шогирдликка таклиф этади. Ҳаким ота у зотнинг қўлида таълим олиб, ўн беш ёшида муридликни қабул қилади.

“Ламаҳот мин нафаҳотил қудс” тазкирасида Ҳаким отанинг шариатга оид ўттиз минг, тариқатга оид ўттиз минг ва ҳақиқат борасида ҳам ўттиз минг ҳикмат айтганлари баён қилинган.

2002 йили Қорақалпоғистонда Сулаймон Боқирғоний – Ҳаким ота таваллудининг 880 йиллиги муносабати билан анжуман ўтказилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

وَأُمَّهَٰتُكُمُ ٱلَّٰتِيٓ أَرۡضَعۡنَكُمۡ وَأَخَوَٰتُكُم مِّنَ ٱلرَّضَٰعَةِ

«...эмизган “она”ларингиз, эмишган “опа-сингил”ларингиз..» (Нисо, 23).

Чақалоқ ўз онасидан бошқа аёлни эмиши билан бу аёл унинг “эмизган она”си ҳисобланади. Эмизган онанинг қизлари эса эмган гўдакка опа-сингил ҳисобида бўлади. Шунинг учун бу “эмизган она” ва “эмишган опа-сингил”лар ҳам абадий маҳрам бўлиб, “эмган бола”нинг уларга уйланиши шариатга зиддир. Аммо “эмган бола”­нинг туғишган ёки тутинган ака-укаларини мазкур аёлларга никоҳлаш мумкин.

Бу борада Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ҳадислари ривоят қилинган.

قال النبي صلى الله عليه وسلم: يَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ النَّسَبِ. (رواه مسلم)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Насаб жиҳатидан (никоҳи) тақиқлангани эмизиш жиҳатидан ҳам тақиқланади”,  дедилар (Имом Муслим ривояти).

Демак, насаб жиҳатидан никоҳи манъ этилган – она, қиз, сингил, хола, амма, аканинг қизи, опанинг қизи қариндошлар каби, эмизган томондаги – она, қиз, сингил, хола, амма, аканинг қизи, опанинг қизлари ҳам худди шундай қариндош ҳисобланиб, никоҳланиши манъ этилади.

Эркак маҳрам никоҳланиши таъқиқланган аёлнинг, яъни маҳрамининг кўп ҳолларда очиқ бўладиган аъзолари: бош, бўйин, кафт, оёқ кафти ва шунга ўхшаш жойларига қараши жоиз. Аммо кўпинча ёпиқ бўладиган аъзоларига қараши жоиз эмас. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай баён қилади:

وَلَا يُبۡدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنۡهَاۖ وَلۡيَضۡرِبۡنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَىٰ جُيُوبِهِنَّۖ وَلَا يُبۡدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوۡ ءَابَآئِهِنَّ أَوۡ ءَابَآءِ بُعُولَتِهِنَّ أَوۡ أَبۡنَآئِهِنَّ أَوۡ أَبۡنَآءِ بُعُولَتِهِنَّ أَوۡ إِخۡوَٰنِهِنَّ أَوۡ بَنِيٓ إِخۡوَٰنِهِنَّ أَوۡ بَنِيٓ أَخَوَٰتِهِنَّ

«...Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг оға-инилари, ё оға-иниларининг ўғиллари, ё опа-сингилларининг ўғиллари…дан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар» (Нур, 31).

Оятдаги арабча “буъул”, яъни “жуфт” сўзи истисно қилинди, чунки эр-хотин бир-бирининг зийнатини кўриши жоиз. Бунинг батафсил баёнини кейин келтирамиз.

Абу Довуд ривоят қилади: Саҳла бинти Суҳайл: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз Солимни ёш бола сифатида кўрардик. У мен ва Абу Ҳузайфа билан бир уйда ётиб қоларди. У мени ҳижобсиз (беркитиш лозим бўлган жойларни беркитмаган) ҳолда кўрарди. Шу маънода оят нозил бўлди, бунга нима дейсиз?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни беш марта эмизгин”, дедилар.

Солим эмизилганидан сўнг ўз фарзанди ўрнига ўтди. Бу ҳадис Солимнинг кўп ҳолда очиқ бўладиган бош, бўйин ва кафтга қараши мумкинлигига далилдир.

Шариат никоҳи ман этилган кишиларнинг беркитилган аъзоларига назар қилишни жоиз ҳисобламайди. Чунки бу тоифадаги маҳрамларнинг беркитилган аъзоларига қарашга ҳеч бир эҳтиёж йўқ. Шунинг учун ҳам эркак одоби ва аёл иффати билан мувофиқ бўлмайдиган бундай ҳолатдан сақланиш лозим. Бу билан баъзи фитналарнинг олди олинади. Афсус, ҳаётда айрим оилаларда ушбу ўзаро маҳрамлик одоблари доирасидан четга чиқиш оқибатида хунук муносабатлар содир бўлмоқда.

Эркак киши ўз маҳрам аёлларини ҳаёсиз либосда кўриши ҳам мумкин эмас. Лекин авратдаги аъзолар яъни: ҳатто у ўғли, қизи, акаси, синглиси, отаси бўлса-да, назари тушиши жоиз эмас. Борди-ю, ота ёки ака-укасини ҳаммомда чўмилтиришга тўғри келганида ҳам, аврат ҳисобланган аъзолари ёпиқ ҳолда бўлиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда аниқ ҳукмни баён қилган:

تِلۡكَ حُدُودُ ٱللَّهِ فَلَا تَعۡتَدُوهَاۚ وَمَن يَتَعَدَّ حُدُودَ ٱللَّهِ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ٢٢٩

«...Бу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳудуд (чегара)ларидир. Улардан (ошиб) тажовуз қилмангиз! Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир» (Бақара, 229).

Назар солишга доир ушбу одобларни ҳамма билиши лозим.

Бироқ шундай оилалар ҳам борки, ўз отаси кўз ўнгида қизининг  кийинишию ўзини тутишини кўриб: “Наҳотки ота-бола бўлишса” деб, таажжубда қолмай иложингиз йўқ. Баъзи ҳолатларда балоғат ёшига етган қизларнинг алламбало кийимларда ҳеч тап тортмасдан отаси билан ажабтовур кўришишига нима дейиш мумкин? Бундай тоифа инсонлар ота ҳурмати, қизлар иффати, ота-бола ўртасидаги муомала меъёрларидан бехабардир. Бундай шармсиз тарбияни олиб вояга етган қиз бировнинг хонадонига боргач, ҳеч бир ҳижолатсиз бошқаларга ҳам айни муомалани қилмаслигига ким кафолат бера олади?

Хуллас, тарбияга эътиборсизлик, маҳрамлар ўртасидаги динимиз белгилаб қўйган ҳудудларни бузиш оқибатида ҳам кўп муаммолар келиб чиқади. Қизнинг аҳволини бирмунча тушунса бўлади, чунки унга ёшлигиданоқ бу тарбияни ота-онаси сингдириб бормаган. Аммо ўзини “мард”лардан ҳисоблаб юрадиган, “ота” деган масъулиятга эга бўлган кишидаги номус, орият, эркаклик ҳамияти қаерда қолди? Майли, у диний таълимотлардан узоқда дейлик, ота-боболаримиз амал қилиб келган миллий ғурур, халқимизнинг ўзига хос бўлган ор, андишаси қаерда қолди? Боболаримиз ўз қизларини, аёлларини юксак ор-номусли этиб тарбиялар эдиларки, ҳатто собиқ шўро тузуми чиркин ғояларини сингдирмоқчи бўлган бир пайтда, момоларимизнинг ҳаёларини топтамоқчи бўлганида, мустаҳкам имонлари ва иффатлари устун келиб, ўз номусларини сақлаганлар.

Мана шундай гўзал тарбияни бериб, қизларини шарму ҳаёли, ҳурмату эҳтиромли қилиб вояга етказган оталаргина юксак ҳурматга сазовордир.

Унаштирилаётганларнинг бир-бирига назар одоби. Ислом дини унаштирилаётган йигит ва қизнинг бир-бирига назар қилишини жоиз ҳисоблайди. Чунки ҳар иккиси ҳам ҳаётда умр йўлдоши танлашда ихтиёрга эгадир. Бу ҳақдаги муборак ҳадисларга мурожаат қиламиз:

قال النبي صلى الله عليه وسلم: انظر إليها فإنه أحرى أن يؤدم بينكما. (رواه الترمذي والنسائي)

Имом Термизий ва Насоий ривоят қилади: Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни кўргин, чунки кўриш ўртангиздаги (муҳаббат)нинг мустаҳкам бўлишига сабабчидир”,  дедилар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ كُنْتُ عِنْدَ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَأَخْبَرَهُ أَنَّهُ تَزَوَّجَ امْرَأَةً مِنَ الأَنْصَارِ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « أَنَظَرْتَ إِلَيْهَا ». قَالَ لاَ. قَالَ « فَاذْهَبْ فَانْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّ فِى أَعْيُنِ الأَنْصَارِ شَيْئًا ». (رواه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, ансорий аёллардан бирига уйланаётганини айтди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар:

– Уни кўрдингми?

– Йўқ.

– Уни кўргин, чунки ансорийларнинг кўзларида бир нарса бор”.

Ушбу ҳадислар турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар бир-бирига назар қилиши жоиз эканига далил. Уламолар бу ҳолатнинг одобларини бундай баён қилганлар:

  1. Йигит қизга уйланишни қасд қилганидан кейин фақат унинг юзи ва кафтига қараши мумкин.
  2. Такрор кўриши жоиз, токи унинг кўриниши онгида ўрнашсин.
  3. Йигит қиз билан кўришаётган маҳал гувоҳлар иштирокида суҳбатлашиши мумкин.
  4. Никоҳ ақди бўлмасидан туриб, унаштирилганлар бошқа ножоиз ҳаракатларни қилиши мумкин эмас.

قالت عائشة رضي الله عنها: ما مست يد رسول الله صلى الله عليه وسلم يد امرأة قط غير أنه بايعهن بالكلام. (رواه البخاري)

Имом Бухорий ривоят қилади. «Ойша (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари байъат қилиш пайтида бирор аёлнинг қўлини ушлагани йўқ, аёлларнинг байъати сўз билан бўлар эди”, деди».

Никоҳ ўқилмагунча унаштирилган қиз ва йигит бир-бирларига маҳрам хисобланмайди. Демак, уларнинг унаштирилиши бошқа ножоиз ҳаракатлар қилишларига асло йўл бермайди.

  1. Унаштирилган қиз номаҳрам йигит билан хилватда қолиши мумкин эмас. Чунки динимиз бегона аёл ва эркак киши билан хилватда қолишни ҳаром қилган. Ушбу ҳадисга эътибор қаратамиз:

قال النبي صلى الله عليه وسلم: لا يخلون رجل بامرأة ولا تسافرن امرأة وإلا معها محرم. (متفق عليه)

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилади: Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг, эркак киши аёл билан хилватда қолмасин ва маҳрамсиз аёл сафарга чиқмасин”, дедилар.

Мазкур ҳадис билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борадаги ҳукмни қатъий баён этдилар. Ҳозирда халқимиз орасида тарқалган, ҳатто оммалашиб улгурган ёмон одатлардан бири унаштирилган қиз ва йигитнинг ўзаро хулқу одобларини яқиндан билиш мақсадида тез-тез кўришишларидир. Бундай ҳолатлар, кўп учрашишлар унаштирилган қизнинг шаънига бора-бора нолойиқ гап-сўзлар кўпайишига сабаб бўлади. Ўз ўрнида бу ҳол йигитнинг ҳам олижаноблиги ва ориятига тўғри келмайдиган номақбул ишдир. Агар ҳолат шу тарзда давом этадиган бўлса, қиз ёки йигит турли фитналар гирдобида қолиб, никоҳ ақди бўлмасдан туриб, унаштирув бекор бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Афсус, бундай кўнгилсизликлар ҳаётимизда учраб турибди. Бундай ҳолатларга ёшларни унаштириб қўйиб, узоқ вақт, ҳатто йиллар ўтиб ҳам, тўйларини қилмайдиган бепарво ота-она сабабчи бўлади. Натижада никоҳ ақди бўлиб, бир оз вақт ўтар-ўтмас, ажралишлар ҳам кузатилади.

Ана шундай беғам оталардан бири дардини бундай баён қилади: “Бундан уч йил аввал ўғлимнинг бир қизга кўнгли тушиб қолди. Қиз онаси билан яшайдиган ёлғиз фарзанд экан. Аёлим билан маслаҳатлашиб, совчиликка борадиган бўлдик. Ўғлим айтган манзил бўйича топиб бордик. Кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватидаги хонадон эшигини тақиллатдик. Ичкарида 45-50 ёшлар чамаси аёл кутиб олди. Икки хонадангина иборат уйда орасталик барқ уриб турарди. Йўлакдан тортиб хоналаргача озода қилиб йиғиштирилган, биз кирган хонадаги барча жиҳозлар ўта нозик дид билан жойлаштирилган эди. Бу саришталик ва уй соҳибасининг яхши муомаласию нурли чеҳраси кўнглимдаги алланечук хаёлларни узоқлаштирди. Бошида хушламайгина йўлга отланган хотинимнинг юзида ҳам мамнунлик пайдо бўлди. Чой устидаги бирор соатча суҳбатдан маълум бўлдики, бир неча йил, аниқроғи, ўн йил олдин эри вафот этган бу аёл бошқа турмуш қурмаган экан. Ёлғизгина қизини тарбиялаб вояга етказаман, деб кўп қийинчиликни бошидан ўтказгани аёлнинг юзларига барвақт тушган ажиндан ҳам шундоққина билиниб турарди.

Совчиларга хос одоб билан секингина муддаони баён қилдик. Аёл: “Қизим ҳали ўн олти ёшда, қиз қилиб оламан десангиз, майли, аммо ҳали келинликка эрта”,  деди. Бу аёл бошқа вилоятда хусусий фирмада ишлар, уйига кам келар экан. Қариндошлари анча олисда яшаши боис қизи кўпинча уйда ёлғиз қолар экан.

Хуллас, ўғлим ва онаси билан маслаҳатлашиб, қизни унаштириб уйимизга олиб келадиган, ҳозирча никоҳ қилиб, икки йилдан кейин эса тўй қиладиган бўлдик. Ўғлим билан эса, гарчи никоҳ қилинган бўлса-да, қизга нисбатан масофа сақлашини келишиб олдим. Қизнинг онаси ҳам ушбу шартлар билан рози бўлди. Ўғлим ақлли, хушли йигит бўлиб, тадбиркорлик билан шуғулланар эди. Қизни ҳам ишга жалб этиб, биргаликда ишлашди. Икки йил эмас, орадан уч йил ўтди. Бу орада қиз ўн тўққизга, ўғлим эса йигирма бешга тўлди. Бу муддатни ҳеч гап-сўзсиз, омонатга хиёнат қилмасдан ўтказдик. Тўй кунини ҳам белгилаб катта хурсандчиликлар билан тўй бўлди. Келин-куёвни алоҳида уйга кўчирдик. Назаримда, барчаси кўнгилдагидек эди. Аммо барча машмаша тўйдан кейин бошланди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас бир куни аёлим, улар қовуша олишмаётганини, бир-бирларига муносабатлари ҳам анча совуқлашиб қолганини айтди. Аввалига ўғлимга, сўнгра келинни чақириб, онаси иккаламиз панду насиҳатлар қилдик. Тавба, уч йилдан буён бинойигина юрган, бир-бирига меҳр қўйган ёшларга асло ўхшамас, тамоман ўзгариб қолишган эди. Мана, орадан бир неча ой ўтганига  қарамасдан, ҳали-ҳануз аҳвол ўзгаргани йўқ. Нима қиларимни билмасдан, бошим қотган”, дея сўзини тамомлади бечора ота.

Бугунги кунларда ҳаётимизда учраб турган бу каби воқеалардан  тўғри хулоса чиқаришимиз керак.

Афсус ила эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунларда ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартлари бўйича сўраб-суриштирмай ёшларни никоҳлаш ҳолатлари учрамоқда. Шу боис юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идораси берган гувоҳнома бўлишини ҳам қонуний никоҳнинг муҳим шартларидан бири деб эътироф қилиш ўринлидир. Норасмий кишиларнинг Фуқаролик ҳолати бўйича далолатнома ёзиш идораси берган гувоҳномани суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, расмий имомларнинг бундай гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари жамиятда ёш оиланинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир.

Ўз жуфти ҳалолига назар одоби. Оила қуриб яшаётган эр-хотин бир-бирининг барча аъзоларини шаҳват билан ёки шаҳватсиз кўриши жоиз. Зеро, бир-бири билан қўшилишнинг жоизлиги уларнинг барча аъзоларига назар солишда ҳеч бир монеълик йўқлигини билдиради. Бироқ ҳар иккиси ҳам бир-бирининг авратларига тик боқмаслиги афзал. Чунки одоб-ҳаё ва динимиз таълимотлари юксак ахлоқни талаб этади. Ойша  онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ушбу ҳадис шунга ишора қилади:

قالت عائشة رضي الله عنها: وما رأيته من رسول الله صلى الله عليه وسلم ، ولا رآه مني. (رواه أبو الشيخ الأصبهاني)

Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мендан бирон нарсани кўрмадилар ва мен у кишидан бирор нарса кўрмай дунёдан ўтдилар”.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِفُرُوجِهِمۡ حَٰفِظُونَ٥ إِلَّا عَلَىٰٓ أَزۡوَٰجِهِمۡ أَوۡ مَا مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُهُمۡ فَإِنَّهُمۡ غَيۡرُ مَلُومِينَ٦

«Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар» (Мўминун, 5-6).

Бегона аёлга назар. Балоғат ёшига етган эркак кишининг бегона аёлга назар қилиши, у билан хилватда ҳоли қолиши, эркин суҳбатлашиши, гарчи аёлда эркак кишини ўзига тортадиган жиҳатлар бўлмаса-да ва шаҳватини ўйғотмаса-да, ножоиз. Бу тоифадагилар, яъни бегона аёл ким-у, бегона эркак кимлиги ҳақида қуйида баён қилинади.

Бегона эркак – аёлни никоҳига олиши мумкин бўлган ҳар қандай эркак киши. Яъни, юқорида зикр этилган маҳрамларидан бошқалар. Умуман нотаниш, бегона эркаклардан ташқари, амма, амаки, тоға ва холанинг ўғиллари ҳамда сингил, опа, хола ва амманинг эрлари, яъни поччалар ҳам шу тоифага киради.

Бегона эркак кишилар қаторига яхши-ёмонни ажрата оладиган, балоғат ёшига яқинлашган ўсмирлар ҳам киради.

Бегона аёл – эркак никоҳига олиши мумкин бўлган, яъни никоҳи дуруст бўлиб, маҳрамлардан бўлмаган аёл. Бутунлай бегона бўлган аёллардан ташқари амаки, амма, тоға ва  холанинг қизлари ҳамда ака-ука, амаки, тоғанинг хотинлари, шунингдек, хотинининг опа-сингиллари, аммалари ва холалари ҳам бегона аёллар сирасига киради.

Бу тоифадаги аёл ёки эркак киши, почча ёки қайнсингил, амаки ёки холанинг болалари каби қариндош ҳисобланса-да, бироқ маҳрам сирасига кирмайди. Шу боис, улар билан муомала одоб доирасида, бошқалар иштирокида, маълум масофа сақлаган ҳолда бўлиши лозим.

Ояти каримада айтилган:

قُل لِّلۡمُؤۡمِنِينَ يَغُضُّواْ مِنۡ أَبۡصَٰرِهِمۡ وَيَحۡفَظُواْ فُرُوجَهُمۡۚ ذَٰلِكَ أَزۡكَىٰ لَهُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ خَبِيرُۢ بِمَا يَصۡنَعُونَ٣٠ وَقُل لِّلۡمُؤۡمِنَٰتِ يَغۡضُضۡنَ مِنۡ أَبۡصَٰرِهِنَّ وَيَحۡفَظۡنَ فُرُوجَهُنَّ

«(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!..» (Нур, 30-31).

Бир неча ҳадислар келтирамиз:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «النظرة سهم من سهام إبليس مسمومة فمن تركها من خوف الله أثابه جل وعز إيمانا يجد حلاوته في قلبه». (رواه الحاكم والطبراني)

Имом Табароний ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “(Бегона аёлга) қараш иблиснинг ўқларидан бир ўқ, ким уни Аллоҳдан қўрқиб тарк қилса, унинг ўрни­га имонни қўяди, қалбида унинг ҳаловатини топади”.

عن أبى أمامة عن النبى -صلى الله عليه وسلم- قال « ما من مسلم ينظر إلى محاسن امرأة أول مرة ثم يغض بصره إلا أحدث الله له عبادة يجد حلاوتها ». (رواه أحمد)

Имом Аҳмад ва Имом Табароний Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Бегона) аёлнинг гўзаллигига қарашдан кўзини юмган мусулмонга Аллоҳ бир ибодат берур, унинг ҳаловатини қалбида топади”, дедилар.

Зеро, мўминнинг интиладиган орзуси, бутун хатти-ҳаракати, барча амаллари ҳам ушбу юксак неъмат – “имон ҳаловати”га қаратилган. Бу латиф, лазиз ва роҳатбахш имон ҳаловатини бир бора тотган киши асло уни йўқотгиси келмайди. Буни топиш учун эса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганларидек, нафсга мойдек ёқадиган, аммо оқибати ўта ёмон бўлган, бегона аёлларга назар ташлашдек ярамас ишни тарк этиш зарур. Агар бу ҳарис назардан сақланмаса, иблис ўқига нишон бўлиши баён этилмоқда. Бу жирканч ўққа нишон бўлган қалб соҳиби эса то қалбини поклаб олмагунича имон ҳаловатидек азиз неъматдан ва кўп эзгуликлардан мосуво бўлиб қолади. Ана шундай аҳволга тушиб қолган мўминнинг юзини мунаввар этиб турган нур ҳам йўқолади.

Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) замоналарида саҳоба Анас (розияллоҳу анҳу) Мадина кўчаларида кетаётганида бир аёлга кўзи тушиб, хаёли озгина чалғиди. Дар­ҳол ўзини ўнглаб, тўғри Ҳазрат Усмоннинг (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига келди: “Ассалому алайкум, ё амирал мўминин!” деди. Усмон (розиялло­ҳу анҳу) эса: “Ҳой Анас! Сенга нима бўлди, кўзингда зино изини кўряпман?” деди. “Саломга вожиб бўлган аликни олмай, мени зинода айблаяпсиз, нима, ваҳий туша бошладими?” дея Анас (розияллоҳу анҳу) жавоб берди. Шунда Усмон (розияллоҳу анҳу): “Йўқ, асло, Муҳаммад (алайҳиссалом) вафот этганларидан кейин ваҳий ҳам, пайғамбарлик ҳам тўхтаган. Лекин мўминнинг фаросатидан қўрққин, у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, деди.

Абу Саид (розияллоҳу анҳу) айтади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар. Чунки у ҳар бир нарсага Аллоҳнинг нури билан қарайди”, дедилар. Сўнг “Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир” (Ҳижр, 75) оятини ўқидилар» (Имом Термизий, Табароний ва Байҳақий ривояти). 

Шунингдек, ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган фазилатларга эга бўлиш афзалдир:

عن عبادة بن الصامت أن النبى -صلى الله عليه وسلم- قال « اضمنوا لى ستا من أنفسكم أضمن لكم الجنة اصدقوا إذا حدثتم وأوفوا إذا وعدتم وأدوا إذا ائتمنتم واحفظوا فروجكم وغضوا أبصاركم وكفوا أيديكم ». (رواه أحمد وابن حبان)

Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” китобларида Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ўз нафсингизда олти нарсанинг кафолатини беринглар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман. Сўзласанглар, тўғри сўзланглар, ваъда берсанглар, вафо қилинглар, омонат қўйилса, адо қилинглар, фаржларингни сақланглар, кўзларингни (ҳаромдан) тийинглар, қўлларингни (ҳаромдан) сақланглар”, дедилар.

عن أَبي هريرة - رضي الله عنه - : أنَّ النبيَّ - صلى الله عليه وسلم - ، قَالَ : (( كُتِبَ عَلَى ابْن آدَمَ نَصِيبُهُ مِنَ الزِّنَا مُدْرِكُ ذَلِكَ لا مَحَالَةَ : العَيْنَانِ زِنَاهُمَا النَّظَرُ ، وَالأُذُنَانِ زِنَاهُمَا الاسْتِمَاعُ ، وَاللِّسَانُ زِناهُ الكَلاَمُ ، وَاليَدُ زِنَاهَا البَطْشُ ، وَالرِّجْلُ زِنَاهَا الخُطَا ، والقَلْبُ يَهْوَى وَيَتَمَنَّى ، وَيُصَدِّقُ ذَلِكَ الفَرْجُ أَوْ يُكَذِّبُهُ )) . متفق عَلَيْهِ

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам боласига унинг зинодан бўлган насибаси ёзилган. Уни олмаслиги амримаҳол. Икки кўз зиноси – назар. Икки қулоқ зиноси – эшитиш. Тилнинг зиноси – сўзлаш. Қўлнинг зиноси – ушлаш. Оёқнинг зиноси – юриб бориш. Қалб уни иштаҳа ва орзу қилади. Фарж эса уни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради”, дедилар.

Дарҳақиқат, киши ножоиз жойга назар қилиши оқибатида, аввало, қалб бузилади. Чунки қалб заифлашгач, қулоқни эшитиш жоиз бўлмаган сўзларни эшитишга чорлайди. Тил кўпроқ турли лағв ва шармсиз сўзларни гапиришга одатланади. Қўл ушлаш жоиз бўлмаган нарсаларни ушлашга рағбат қилса, оёқ тинмасдан тақиқланган жойларга боришга ундайди. Бунинг барчаси бирлашиб, инсонни очкўз ва ҳарисманд ҳолга келтириб қўяди. Энди заҳарланган қалбнинг зинога бўлган иштиёқи кучаяди. Агар дарҳол тавба йўлига кирмаса, зино содир бўлишигача олиб боради. Айни ҳолга тушмаслик учун қалбни поклаш, васвасадан узоқлашиш учун Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ҳадисларига қатъий амал қилиш зарур:

عن جرير - رضي الله عنه - قَالَ : سألت رسول الله - صلى الله عليه وسلم - عن نَظَرِ الفَجْأَةِ فَقَالَ : (( اصْرِفْ بَصَرَكَ )) . رواه مسلم

Имом Муслим ва Имом Термизий Жарирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. У зот (алайҳиссалом): “Кўзингни бошқа томонга бур”, дедилар.

Албатта, ҳамма бало назардан бошланади. Биринчи назар тушганида, Худодан қўрқиб, ўзини тийган одам ютади. Лекин яна назар солса... Ҳар бир эркак-аёл ушбу сўзларни ёдидан чиқармаслиги ва номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашдан ўзини тийиб юрмоғи лозим.

عن أُم سَلَمَة رَضِيَ اللهُ عنها ، قالت : كنتُ عِنْدَ رسول الله - صلى الله عليه وسلم - ، وعندهُ مَيْمُونَة ، فَأقْبَلَ ابنُ أُمِّ مَكْتُومٍ ، وَذَلِكَ بَعْدَ أنْ أُمِرْنَا بِالحِجَابِ فَقَالَ النبيُّ - صلى الله عليه وسلم - : (( احْتَجِبَا مِنْهُ )) فَقُلْنَا : يَا رسولَ اللهِ ، ألَيْسَ هُوَ أعْمَى ! لاَ يُبْصِرُنَا ، وَلاَ يَعْرِفُنَا ؟ فَقَالَ النَّبيُّ - صلى الله عليه وسلم - : (( أفَعَمْيَاوَانِ أنتُما أَلَسْتُمَا تُبْصِرَانِهِ !؟ )) . رواه أَبُو داود والترمذي

Абу Довуд ва Имом Термизий Умму Саламадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида эдим. Маймуна ҳам у кишининг ҳузурларида эди. Тўсатдан Умму Мактумнинг ўғли кириб келди. Бу воқеа ҳижоб қилишга буюрилганидан кейин бўлди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундан икковинг ҳам ўзларингни беркитинглар”, дедилар. Биз: “Ё Расуллуллоҳ, у бизни кўрмайдиган ва танимайдиган кўр эмасми?” дедик. Шунда ул зот: “Икковингиз ҳам кўрмисиз? Икковингиз ҳам уни кўрмаяпсизми?” дедилар».

Ушбу ҳадис нафақат эркак киши бегона аёлга назар қилмаслиги, шунингдек, аёл киши ҳам бегона эркак кишига қараши жоиз эмаслигини таъкидламоқда.

Зино барча халқлар тушунчасида бегона эркак ва аёлнинг никоҳсиз жинсий алоқада бўлишидир. Бу барча динлар, халқлар ва таълимотларда қабиҳ ва разолат ҳисобланган. Чунки инсоннинг соф қалби табиатан бу қабиҳ ишни қоралайди. Халқимиз зинони улкан гуноҳ, кечирилмас айб деб билади. Аллоҳ таоло хитоб қилиб: “Зинога яқинлашманглар, албатта у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”, деган (Исро, 32).

Чунки зино наслу насабнинг бузилиши, оилаларнинг парчаланиши, инсоний муносабатларнинг ёмонлашуви, турли касалликларнинг тарқалиши, ахлоқнинг емирилиши ва бошқа кўп бало-офатлар сабабидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): “Қайси қавмда зино тарқалса, Аллоҳ таоло уларни ота-боболари билмаган касалликка мубтало қилади”, деганлар. Боболаримиз зинони хаёлларига ҳам келтирмаган. Чунки улар маҳбуб Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зинокор зино қилганида мўминлигида қолмайди”, деганларини билишган. Мўминлик – имон боболаримиз учун ҳамма нарсадан устун бўлган. Улар охират азобидан қўрқишган, шу боис бошқа гуноҳлар қатори зинога ҳам яқинлашмаганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Фарзандни эрта жинсий қизиқишлардан сақлаш;

Оила назорати;

Атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш;

Ахлоқсиз фильмлар ва томошалар зарари;

Ҳаёсиз либослар зарари;

قال النبي صلى الله عليه وسلم: آية ما بيننا وبين المنافقين شهود العشاء والصبح لا يستطيعونهما

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Мунофиқлар ва бизнинг орамиздаги фарқ хуфтон ва бомдодга келишдир, улар буни бажара олмайдилар".

Яъни, намоз ўқишда дангасалик қилишади, ўз вақтида адо этишмайди. Хуфтон вақтида дам олишади, бомдодда эса "ширин" уйқуда бўлишади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Агар намоз ўқисалар дангасалик билан ўқийдилар".

Аввал ўқиган намозидан кейингиси қийин туюлаверади. Баъзилар намозни ибодат қилиш учун эмас, балки шунчаки одат учун ўқийдилар.

Баъзи орифлар айтишича, бомдод намозини масжидда ўқишлик, дунёнинг қийин ишларини осон кечишига, аср ва хуфтонни жамоат билан ўқиш эса тақво ва зуҳдни, нафсни шаҳватлардан тўсишга сабабчи бўлади.

Ушбу ҳадисни Саид ибн Мансур Саид ибн Мусайябдан ривоят қилган.

 

Ҳуршид ШАРИПОВ,

Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги

"Ғоиб ота" жоме масжиди имом-хатиби.

 

Маккага киришда қилинадиган амаллар

  1. Ҳожи Маккага келгач, хушуь билан, талбия айтган ҳолда Масжидул Ҳарамга киради.
  2. Каъбани кўргач, уч бор такбир ва таҳдил айтади.

3-4. Аввал такбир ва таҳлил айтган ҳолда, Ҳажарул Асвадга юзланиб, намоздаги каби қўлларини қўтаради ва қўлларини тушириб икки қўлини тошнинг устига қўйиб, кўллари орасидан тошни ўпади, бунинг иложи бўлмаса, тошга бирор нарсани теккизиб, уни ўпади, бунинг ҳам иложи бўлмаса, икки қўл кафтларини кўтариб у томонга қаратиб, такбир, таҳлил, ҳамд ва салавот айтади, сўнг кафтларини ўпади.

  1. Сўнгра агар ҳожи маккалик бўлмаса, Ҳатим (Каъба ёнидаги ярим доира шаклдаги девор) орқасидан Каъба атрофида ўнг елкасини очган ҳолда, ридони ўнг қўлтиғидан ўтказиб, учини чап елкасига ташлаб, етти марта қудум тавофини қилади.
  2. Ушбу етти давралик тавофнинг илк учтасида ҳожи елкаларини ҳаракат қилдирган ҳолда тез-тез юради (рамл).
  3. Қолган тўрт тавофда эса виқор билан секин-аста юради.
  4. Ҳар гал Ҳажарул Асвад ёнидан ўтаётганида 3-4-бандда баён этилган амалларни қилади. Ҳар тавофда рукнул Яманийни имкони бўлса, икки қўл кафти билан сийпайди. Имкон тополмаса, қолдиради.
  5. Тавофни 3-4-бандда баён этилган амалларни қилиш билан тамомлайди.
  6. Тавофни тамомлагач, ҳазрат Иброҳим, алайҳиссалом, мақомида, бунинг иложи бўлмаса, масжиднинг хоҳлаган жойида икки ракат намоз ўқийди, сўнг Байтуллоҳнинг Ҳажарул Асвад ва эшик оралиғига бориб, икки қўлини қўйиб ўнг юзини босади ва замзам сувидан ичади.
  7. Сўнг Сафо ва Марва оралиғида саъй қилишни истаса 3-4-бандда айтилган амалларни қайта бажаради ва Сафога кўтарилади. Унинг устида Байтуллоҳга қараб уч бор такбир ва таҳлил, Пайғамбаримизга салавот айтади ва қўлларини кўтариб истаганча дуо қилади. Сўнг Марва томон юради. Йўлдаги икки яшил чироғи оралиғида тез юради. Марвага чиқиб, Сафода қилган амалларини такрорлайди.
  8. Шу тариқа етти марта юради, Сафодан бошлаб Марвада битиради.
  9. Сўнгра эса эҳром кийган ҳолда Маккада қолади ва хоҳлаганича Каъбани рамл қилмай нафл тавоф қилади. Кейин Зулҳижжанинг 8 саккизинчи куни тонгда Маккадан Минога йўл олади ва Арафа куни бомдод намозини ўқигунча Минода туради.
  10. Зулҳижжанинг тўққизинчи куни Минода бомдод намозини ўқигач, Арафотга чиқади ва Раҳмат тоғига яқин жойда завол (пешин) вақтидан ҳайит куни тонг отгунича бўлган вақт ичида бир лаҳза бўлса ҳам вуқуф қилади. Қуёш заволидан сўнг имом жума намозининг хутбаси каби иккита хутба ўқийди. Хутбадан сўнг бир азон, икки такбир билан пешин ва аср намозларини бир вақтда ўқийди. Пешиннинг икки ракат суннати ўқилмайди. Қуёш ботгач, барча ҳожилар Муздалифага боришади ва шом ва хуфтон намозларини бир азон ва такбир билан ўқийдилар ва ўша ерда тунни ўтказадилар.
  11. Зулҳижжанинг ўнинчи куни (Қурбон ҳайити куни) бомдод намозини эрта вақтда ўқигач, Муздалифада бир лаҳза бўлса ҳам вуқуф қилиб, такбир, таҳлил ва Пайғамбаримизга салавот айтади ва дуо қилади. Тонг жуда ёришгач, Минога йўл олади ва жамратул ақабага етти дона тошчаларни бош ва кўрсаткич бармоқлари билан тутиб, такбир айтган ҳолда бир-бир отади. Биринчи тошчани отиши билан талбия айтишни тўхтатади. Бундан сўнг, муфрид хоҳласа, қурбонлик сўяди ва сочларини қисқартиради ёки тўлиқ олади. Сочларни тўлиқ олдириш афзаддир. Юқорида санаб ўтилган амалларни бажаргач, аёли билан жинсий алоқадан ташқари, эҳромда тақиқланган барча ҳаракатлар ҳалол бўлади.
  12. Сўнг ҳожи шу куни ёки эртасига ёхуд учинчи куни Маккага бориб, Байтуллоҳни етти марта тавофи зиёрат қилади. Аммо Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмайди. Зиёрат тавофини Курбон ҳайитининг учинчи кунидан кейинга қолдириш таҳриман макруҳдир. Зиёрат тавофининг тамоми ёки аксарият қисми бажарилгач, сочини қисқартган ё олдирган бўлса, аёлига яқинлашиш ҳам мумкин бўлади.
  13. Зиёрат тавофидан сўнг Минога қайтади ва тунни ўша жойда ўтказади.
  14. Зулҳижжанинг ўн биринчи куни завол (пешин) вақтидан сўнг, дастлаб Хейф масжиди ёнидага тош отиш жойидан (жамратус-суғро) бошлаб навбати билан ўрта (жамратул-вусто) ва (жамратул-ақоба)га етги донадан майда тош отади. Ҳар бир топши «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар» деб отади. Биринчи ва ўртадаги тош отиш жойларида тош отиб бўлгач, такбир, таҳлил ва саловот айтиб бир соат миқдорича туради, тош отиб бўлгач, дуо қилади.
  15. Зулҳижжанинг 12-куни ҳам 11-кун амалларини айнан такрорлайди. Шундай қилиб, ҳаж ибодати якунланади.
  16. Эртасига Маккага келишда, Муҳассаб деган жойда қисқа муддатга бўлса ҳам, қўниб ўтади. Маккага боргач, етти бор Вадо тавофи қилади. Ушбу тавоф маккалик бўлмаганлар учун вожибдир.
  17. Сўнгра Замзам булоғига келиб, қониб ичади.
  18. Сўнгра Каъба остонасига келиб, эшигини ўпади.
  19. Сўнг эшик билан Ҳажарул Асвад орасидаги "Мултазам" деб номланган жойга келиб, кўкрагани ва ўнг юзини Каъбага суради, Каъбапўшни ушлаган ҳолда дуо қилиб, йиғлайди. Ниҳоят, Байтуллоҳдан юз ўгирмаган ҳолда, орти билан юриб Ҳарами Шарифдан чиқади.
  20. Аёллар ҳам худди эркаклардек ҳаж қиладилар. Аммо аёллар бошларини очмасдан, фақатгана юзларини очадилар, талбияда овозларини чиқармайдилар. Тавофда елкаларини қимирлатиб, тез юрмайдилар ва Сафо ва Марва орасида ҳам оҳиста юрадилар. Сочларини олдирмайдилар, фақат бироз қисқартирадилар. Эҳромда ҳам тикилган кийимларни кийишлари мумкин.
  21. Аёллар тиқилинч бўлганида Ҳажарул Асвадга яқинлашмайдилар. Узоқдан ишора билан саломлайдилар. Аёл эҳромга кираёттанида ҳайзли бўлса, намоз ўқиши эмас, балки эҳром кийиши учун ювинади ва сўнг эҳром кияди. Фақат бундай ҳолатда аёллар ҳажнинг барча амалларини бажарса-да, Каъбани тавоф қилмайдилар.
  22. Агар аёл Арафотда вуқуф қилиб ва зиёрат тавофини бажаргач, ҳайз қўрса, унинг ҳаж арконлари тамомланган ҳисобланади ва уйига қайтади, видо тавофи қилолмагани учун унга ҳеч нарса лозим бўлмайди.

Умра

«Умра» сўзининг луғавий маъноси зиёрат қилиш демакдир. Шаръий истилоҳда эса, Ҳарами Шарифни белгиланган тартибда зиёрат қилиш деган маънони англатади.

Умра суннати муаккададир.

Умранинг вақти ва мийқотлари

Худди ҳажда бўлганидек, умранинг ҳам маълум мийқоти мавжуд. Умрани йил давомида бажариш мумкин. Арафа куни, Қурбон ҳайитининг биринчи куни ва ташриқ (Зулҳижжанинг 11, 12, 13) кунларидан ташқари, йилнинг борор кунларида умра учун эҳромга кириш кароҳатсиз саҳиҳдир. Бу санаб ўтилган кунларда умра учун эҳромга кириш таҳриман макруҳдир.

Ҳажнинг мийқотлари умранинг ҳам мийқотларидир. Фақат Маккада истиқомат қилаётганлар бундан мустасно, чунки уларнинг мийқоти Ҳиллдир.

Рукни

Байтуллоҳнинг атрофида етга марта ёки ундан кўпроқ тавоф қилишдир.

Умранинг шарти эҳромдир.

Вожиблари

Сафо билан Марва орасида саъй қилиш, соч олдириш ёки қисқартириш.

Бажариш тартиби

Ҳаж бўлимида баён қилинган тарзда ювиниб, покланиб, икки ракат намоз ўқигач, талбия айтади. Сўнг: «Аллоҳумма инний уридул умрата фа яссирҳа лий ва тақоббалҳа минний» деб ният қилиш лозим. Маъноси: «Аллоҳим, умра ибодатини адо этмоқчиман, мени бунга муваффақ қилгин ва бу ибодатни даргоҳингда қабул айла».

Шунда умра учун эҳромга кирган ҳисобланади. Эҳромга киргач, Байтуллоҳни етти марта тавоф қилади Сафо ва Марва орасида саъй қилади. Шундан сўнг соч олдиради ёки қисқартиради. Шу билан киши умрани тамомлаган ҳисобланади.

Кичик ҳаж ҳисобланган умра фақат қуйидаги хусусларда ҳаждан фарқ қилади.

1) Ҳаж фарз амал бўлса, умра суннати муаккададир.

2) Умра учун маълум вақт белгиланмаган.

3) Умрада Арафотда вуқуф қилинмайди.

4) Умрада Муздалифада туриш йўқ.

5) Умрада шайтонга тош отиш йўқ.

6) Умрада икки вақт намозини жамъ қилиш йўқ.

7) Умрада қудум (ташриф) тавофи қилинмайди.

8) Умрада видо тавофи ҳам йўқ.

Қирон ҳажи

«Қирон» сўзи луғатда икки нарсани бирлаштириш деган маънони англатади. Шариат истилоҳида эса, ҳақиқатан ёки ҳукман бир эҳром билан ҳаж ва умрани биргаликда адо қилиш маъносини билдиради.

Киши икки ракат эҳром учун ўқиган (нафл) намозидан сўнг ҳаж ва умрага бирданига ният қилса, унинг ҳажи қирон бўлади.

Ҳукми

Қирон ҳажи ифрод ва таматгуъ ҳажларидан ҳам фазилатлироқдир.

Қирон ҳажининг шартлари

Қирон ҳажининг еттита шарти бор:

  1. Умра тавофининг барчасини ёки аксар қисмини адо қилмасдан аввал ҳаж эҳромига кириш.
  2. Дастлаб умра эҳромига кирган (кишининг) уни бузмасдан ҳаж учун эҳромга кириши.
  3. Ҳаж учун Арафотда вуқуф қилмасдан аввал умра тавофининг барчасини ёки аксариятини қилган бўлиши.
  4. Умра тавофининг барчасини ёки аксариятини ҳаж мавсумида қилиш.
  5. Умра ва ҳажни бузишдан сақланиш.
  6. Қирон ҳажи қиладиган кишининг маккалик бўлмаслиги. Маккада истиқомат қилаётган кишига қирон ҳажи қилмоқчи бўлса, ҳаж мавсумидан аввал бошқа жойга кетиши ва ўша ердан ҳажга келиши лозим.
  7. Ҳажнинг вақтини ўтказиб юбормаслик.

Адо қилиш шакли

Қирон ҳаж қиладиган киши Маккага киргач, ҳажни аввал умра тавофидан бошлайди. Аввалш уч тавоф елкаларини қимирлатган ҳолда, тез-тез юриб етти давра тавоф қилади. Сўнг икки ракат тавоф номози ўқийди. Сўнгра Сафо билан Марва орасида етти марта саъй қилади. Сочларини олдирмайди ва қисқартирмайди. Шу билан умра ниҳоясига етади. Бундан сўнг айни эҳром билан ҳаж ибодатини бошлайди ва қудум тавофини адо этиб, Сафо билан Марва орасида саъй қилади. Ҳажнинг қолган амалларини баён қилиб ўтилган тарзда бажаради.

Аллоҳга шукур

Қирон ҳаж қилаётган киши ҳайитнинг биринчи куни жамратул ақаба (шайтонга тош отиш жойи)да тош отгач, бир сафарда икки ибодатни (ҳаж ва умра)ни адо этшига муваффақ қилгани учун Аллоҳ таолога шукрона ниятида битта қўй ёки катта ҳайвонни бир ўзи ёхуд етта киши биргалашиб сўяди ва гўштидан ейди, ундан фақирларга садақа қилиши мустаҳабдир. Агар бунга ожиз бўлса, уч кун курбон ҳайитдан аввал ва ҳаж амаллари тугагач, етга кун рўза тутиб беради. Ҳаммаси бўлиб 10 кун рўза тутади. Рўзани орада баъзи кунларни ўтказиб тутиш ҳам жоиздир.

Таматтуъ ҳажи

«Таматтуь» сўзи луғатда фойдаланиш маъносидадир. Шариат истилоҳида ҳаж ойларида умра учун эҳромга кириш ва уни адо этгач, ҳаж учун яна қайта эҳромга кириш маъносини беради.

Ҳукми ва саҳиҳ бўлиш шартлари

Савоби бўйича умрадан устун, фақат Қирон ҳажидан кейинги ўриндадир.

  1. Умра тавофини тўлиқ (ёки кўпроқ қисмини) ҳаж ойларида қилиш.
  2. Умра эҳромига ҳаж эҳромидан олдин кириш.
  3. Умрадан сўнг қилинадиган ҳаж ибодатини бузмаслик.
  4. Умрани адо қилгач ватанига бориб келмаслик.
  5. Умра ва ҳажни бир йилда адо қилиш.
  6. Маккалик ва у ерда яшовчилардан бўлмаслик.
  7. Агар ҳаж ойларидан олдин умрани адо этиб, Маккада қолган бўлса, ҳаж ойлари киргач, умрани қайта бажариши лозим.

Таматтуъ ҳажининг қоидалари

Дастлаб умра учун мийқотда эҳромга киради ва икки ракат намоздан кейин «Аллоҳумма инни уридул ъумрата фаяссирҳа лий ва тақоббалҳа минни» (маъноси: Аллоҳим мен умра қилмоқчиман. Уни менга осон қил ва қабул айлагин), деб ният қилади ва талбия айтади.

Маккага борганида умра учун Каъбани тавоф қилади, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилади, соч олдиради ёки қисқартиради. Шундан сўнг умра эҳромидан чиқади. Зулҳижжанинг саккизинчи (тарвия) куни Ҳарами Шарифда ҳаж учун эҳромга киради ва ҳаж амалларини айтиб ўтилган тартибда адо қилади.

Аллоҳга шукр

Ҳожи Курбон ҳайити куни шайтонгаа тош отганидан сўнг, икки ибодатни (ҳаж ва умра)ни бажаришга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукр нияти билан битта қўй ёки катта бир ҳайвон ёхуд катта бир ҳайвоннинг еттидан бир қисмини сўяди. Ундан ўзи ейди ва фақирларга тарқатади.

Бунга қурби етмаса, ҳайитдан олдин уч кун ва ҳаж амалларидан сўнг етти кун, жами ўн кун рўза тутади.

Маккаликлар, Макка ва мийқот орасидаги ҳудудда яшовчи кишилар Қирон, Таматтуъ ҳаж қилмайдилар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Жиноятлар

Қурбонлик сўйишни вожиб қиладиган жиноятлар

Фитр садақаси миқдорича садақа беришни вожиб қиладиган жиноятлар

Зарарнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлашни лозим қиладиган жиноятлар

Қурбонлик (ҳадй)

Қурбонликни сўйиш вақти

Қурбонлик сўйиладиган жой

Пайғамбаримизни, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, зиёрат қилиш

Қурбонлик ва назр

Қурбонликка оид ҳукмлар

Top