www.muslimuz

www.muslimuz

Тараққиётимизнинг янги даврида миллий ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш борасида жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, диний ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларва ушбу соҳа билан боғлиқ бўлган мутахассисларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ана шундай устувор вазифаларнинг ижроси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари” номли тўплам чоп этилди.

Ушбу янги нашрда Ўзбекистон Республикаси кодекслари, қонунлари, қарорлари, фармонлари ва фармойишлари билан бирга диний-маърифий соҳани тартибга солишга оид низомлар, йўриқномалар, намуналар, кўчирмалар ва бошқа зарур меъёрий ҳужжатлар ўрин олган.

Айниқса, виждон эркинлигини таъминлашга оид миллий ва халқаро қонун ҳужжатларидан намуналар келтирилгани соҳа ходимлари фаолиятида жуда қўл келади. Шунингдек, тўпламда диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамлангани диний ташкилотларнинг иш юритишида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Биз қанчалик мукаммал қонунларни яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онгги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади”, деб ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида жуда тўғри фиркни илгари сурган эдилар.

Айтиш керакки, диний ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳозирги даврнинг муҳим талаби бўлмоқда. Ўз навбатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассисларига ҳам мана шундай ихтисослашган ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами жуда ҳам фойдалидир.

Ҳуқуқий саводхонликка эришиш, мустаҳкам ҳуқуқий билимга эга ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий нормаларни кундалик ҳаётда қўллай оладиган соҳа ходимларини етиштиришда ушбу тўплам дастурил амал бўлади. Шунингдек, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам мазкур қўлланма орқали хабардор бўлиш мумкин.

Қайд этиш лозимки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассисларининг иш амалиётида ҳам ушбу китоб яқин ёрдамчи вазифасини бажаради, деган умиддамиз.

Яна бир жиҳат, Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари педагоглари ва талабалари ҳуқуқий фанларни яхши ўзлаштириши ва мустаҳкамлашида ҳамда бакалавр ва магистратура йўналишларида таълим олаётган ҳамда илмий-тадқиқотлар олиб бораётганларга ҳам ушбу тўплам ёрдамчи қўлланма вазифасини бажаради.

“Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари”номли тўпламнинг 9 та бобида 83 та қонун ҳужжатлари жамланган бўлиб, унинг мундарижаси қуйидаги боблардан ибодатдир:

Биринчи боб – Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси конституциялари;

Иккинчи боб – Ўзбекистон Республикаси кодекслари;

Учинчи боб – Ўзбекистон Республикаси қонунлари;

Тўртинчи боб – Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва фармонлари;

Бешинчи боб – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари;

Олтинчи боб – виждон эркинлигини таъминлашга оид халқаро ҳужжатлар;

Еттинчи боб – диний-маърифий соҳани тартибга солишга оид низомлар;

Саккизинчи боб – давлат дастурлари;

Тўққизинчи боб – диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказувчи органларга тақдим этадиган ҳисобот шакллари ўрин олган.

Демакки, тўпламда 83 дан ортиқ қонун ҳужжати бир жойга жамлангани фойдаланувчига катта қулайлик бўлиб, бир неча адабиётларни варақлашдан вақтини тежайди. Ўз навбатида диний-маърифий соҳани тартибга солишга оид барча қонун нормалари йиғилгани эса диний ташкилотлар ходимлари ва иш юритувчилари учун асосий кўмакчи бўлади. 

Таъкидлаш керакки, Давлатимиз Раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” бандларида фуқаро, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини янада юксалтириш, давлат органлари ходимлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш самарадорлигини таъминловчи механизмларни такомиллаштириш вазифаси алоҳида қайд этилган. Шу маънода ҳам мазкур қўлланма соҳалардаги ҳуқуқий билим ва онгни оширишга муносиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси, қонунларга бўлган ҳурмати, ҳуқуқий нормаларни ижро этиш салоҳияти, ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмаси, қонунларга итоаткорлик ҳолати, ҳуқуқий фаолликни оширишда мазкур асар муносиб хизмат қилади, деб ишонч билдирамиз. Зеро, соҳа ходимларининг юксак ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини таъминлаш соҳа ривожида энг муҳим омилдир.

Тўплам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутахассислари, жамоат ва диний ташкилотлар ходимлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари профессор ўқитувчилари ва талабаларига ҳамда мавзуга қизиқувчи барча китобхонлар учун мўлжаллангандир.

Мазкур тўплам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 28 мартдаги 5983-сонли тавсияси асосида нашр этилган.

Ушбу тўпламга қизиқувчилар қуйидаги боғланиш рақамлари орқали топишлари мумкин: Иш: 71-227-34-30, Уяли: 90-934-04-20, «Шамсуддинхон Бобохонов» НМИУ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Масжид – мўмин-мусулмонлар учун қадрли жой. Фақат ибодат маскани сифатида эмас, балки руҳий озуқа оладиган ва ўзаро биродарлик ришталарини боғлайдиган макон сифатида табаррук маскандир. Шунга кўра, янги масжид очиш, жомеларни бунёд этиш ва мавжудларини гўзал ҳолатга келтириш савоби улуғ амал ҳисобланади. Охирги вақтларда диёримиздаги масжидларда етарли шарт-шароитлар ҳозирлаш, ибодат қилиш учун қулайликлар қилиб бериш ва ваъз-насиҳатлар тинглаш учун кенг имкониятлар муҳайё этилмоқда.

Афсуски, шундай неъматларни қалбдан ҳис этмаган айрим муаллифлар томонидан шу кунларда баъзи сайтларда гўёки масжидлар сони кам экани ва янги масжид очишга тўсиқлар борлиги ҳақидаги “Мамлакат намозхонлари учун масжидлар етарлими?” номли мақола эълон қилинди. Ундаги фикрлар тўла асосга эга эмаслигини охирги йилларда ва хусусан жорий йилда мўмин-мусулмонларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда янги жомеларни очиш борасида қилинган ишларни мухтасар баён этамиз.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда 40 тага яқин жоме масжид очилди, шу билан масжидлар сони 2077 тага етди. Жумладан, Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи”, “Абу Талҳа”, “Лаби заҳ”, Сурхондарё вилоятида “Имом Термизий”, “Ҳаким Термизий”, “Шайх Шамсиддин”, “Қадимий Дарбанд”, “Толли ота”, “Саййид Муҳиддинхон”, “Абдураҳмон ибн Авф”, “Мулла Абдукарим Охунд”, “Ислом ота”, “Хидиршо ота”, “Аҳатхон”, “Аҳмад Яссавий”, “Имом Низомиддин Сангардакий”, Наманган вилоятида “Муҳаммад ал-Амин”, Фарғона вилоятида “Чилигижийда”, Навоий вилоятида “Абу Бакр Сиддиқ”, “Томди”, “Хашман”, Тошкент вилоятида “Абу Ҳурайра”, “Фирдавс”, “Дўстлик”, Сирдарё вилоятида “Аҳмад ибн Малик” ва Бухоро вилоятида “Умар ибн Ҳаттоб” каби янги жоме масжидлар иш бошлагани мўмин-мусулмонларни бағоят хурсанд этмоқда.

Жорий йилнинг 10 ойида Бухоро вилоятида “Абдуллоҳ ибн Муборак”, Сурхондарё вилоятида “Дўстмуҳаммад бобо”, “Домла Шоҳқосим”, “Имом Раббоний”, “Варроқ Термизий”, Наманган вилоятида “Усмон Зуннурайн”, Бухоро вилоятида “Усмон ибн Аффон”, Тошкент вилоятида “Ҳилол”, “Муоз ибн Жабал” ва Самарқанд вилоятида “Янгиобод” каби 12 та жоме масжид очилгани бу борадаги ишлар жуда жадаллик ила кетаётганини англатади.

Ўтган ҳафта жума куни ҳам жуда катта хурсандчилик бўлди – Cурхондарё вилоятининг олис Музработ туманида “Саййид Ҳабибуллохон” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, мўмин-мусулмонларга туҳфа этилди. 

Шу ўринда айтиш лозимки, мана шундай кетма-кет жоме масжидлар очилаётганини кўрмаслик ёки англамаслик ёхуд эътироф этиб, шукрона келтирмаслик чин мўминлик сифати эмас. Албатта, Ҳақ таолонинг бундай неъматларига шукр қилиш орқали янада зиёдасига эришилади.

Баён этилганлардан тушуниш мумкинки, муаллиф ўз мақоласида 2018 йил 31 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 409-сон қарори ва 2018 йил 27 сентябрь куни Адлия вазирлигида 3071-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисида” Низом каби ҳужжатлар ишламаяпти, деган даъвони қилиши ҳам асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Аслида масжидлар борасидаги яхши хабарлар бисёр, ўлкамизнинг қайси гўшасига ташриф буюрманг, жоме масжидларда ободонлаштириш ва  бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганига гувоҳ бўласиз. Жумладан, охирги йилларда республикамиз бўйлаб 300 дан зиёд жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилиб, 300 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди. Жорий йилда эса 281 та жоме масжид қайта қурилмоқда. Ўтган ҳафтада ҳам пойтахтдаги 4 та жоме масжид қайта қурилаётгани тўғрисида хабар эълон қилинди. Мамлакатимизда янги масжидлар очилиши, қайта бунёд этилиши ва таъмирланишига оид янгиликлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими томонидан Интернет сайтлари, “Фейсбук” саҳифалари ва “Телеграм” каналлари орқали узвий равишда эълон қилиб борилмоқда.

Ўз навбатида айтиш мумкинки, муаллиф ўз мақоласида айрим мамлакатларда масжидлар сони нисбатан кўп эканини изоҳлаган. Лекин, айрим давлатларда кўп қаватли уйнинг бир хонадони, катта иншоотнинг бир қисми ёки айрим фойдаланилмаётган иморатлардан ҳам вақтинча масжид сифатида фойдаланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бундай жойлар аввал бошқа мақсадда фойдаланилган бўлса, келгусида эса яна турли йўналишларда ишлатилиши мумкин. Ушбу ўлкаларда мана шундай жойлар ҳам масжидлар сонига киритилади. Бизда эса, диёримизда янги масжидлар очиш ва қуриш масаласида Ислом шариатида жоме масжидларга қўйилган талаблар, намозхонлар ҳузур-ҳаловат ила ибодат қилиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар, мўмин-мусулмонлар хавфсизлиги ва икки масжид орасидаги масофа, хуллас жаҳон андозаси ва динимиздаги барча талаблар инобатга олинади. Ҳатто юртимиздаги масжидларда фуқароларга хизмат кўрсатиш хоналари, таҳоратхоналар, хавфсизлик ва санитар талабларга юксак дид билан эътибор қилинади.

Қайд этганимиздек, сўнгги йилларда 40 тага яқин жоме масжид айни фуқароларимиз талаб ва истаклари асосида очилди. Нафақат пойтахтимизда, балки олис Қорақалпоғистон Республикаси, узоқ Сурхондарё вилояти ёки Бухоро ва Навоий вилоятларининг чекка туманларида ё водий вилоятларининг чегара олди ҳудудларида ҳам янги жоме масжидлар очилмоқда.

Айни кунларда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси саъй-ҳаракати билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида эҳтиёждан келиб чиқиб, янги жоме масжидларни давлат рўйхатидан ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Яқин кунларда ушбу жомелар очилишини ҳам матбуотда эълон қиламиз.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, маърифат ва руҳий тарбия маскани бўлмиш Аллоҳнинг уйларини обод этиш ва янгисини очиш каби хайрли ишлар юртимизда бардавом бўлмоқда ва бундай хушхабарлар ортиб бормоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

lundi, 19 octobre 2020 00:00

УММАТ БЎЛСАК…

Мавлид ойи кирса чирой очар осмон,

Салавотга тўлиб-тошар бутун жаҳон.

 

Расулуллоҳ туғилмишлар ушбу ойда,

Ер куррасин қоқ маркази – улуғ жойда.

 

Ўшал куни бутлар ерга қулаб тушган,

Ҳидоятга ошуфта қалб кўкда учган.

 

Қирқ ёшида бўлди ул зот Расулуллоҳ,

Барчасига шоҳид эрур Каломуллоҳ.

 

Баён этиб яхши-ёмон, ўнгу сўлин,

Кўрсатганлар бизлар учун жаннат йўлин.

 

Умр бўйи ёлғон-яшиқ билмаганлар,

Итоатдан ўзга амал қилмаганлар.

 

Отамиздан, онамиздан ўта ғамхўр

Бўлганлари учун деймиз, минг ташаккур.

 

Қурайшликлар тинч ҳаётга солгач зулмат,

Эллик учда Мадинага қилган ҳижрат.

 

Олтмиш учда бу дунёни тарк этганлар,

Мавлосининг дийдорига тез етганлар.

 

Ўзларидан қолдирганлар гўзал ибрат,

Ҳам насиҳат, ҳам мурувват ҳамда ҳикмат.

 

Уммат бўлсак, суннатларин ушлаш керак,

Бидъатларни узил-кесил ташлаш керак.

 

Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ

Аллоҳга шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда.

Шу йил 14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги “Ракат” жоме масжидини қайтадан бунёд этиш жараёнларини кўздан кечирдилар. Ташриф давомида муфтий ҳазратлари масжид қавми, ходимлари, уста-муҳандислар билан суҳбат қуриб, масжиднинг янги биносида намозхонларга қилинаётган имконият ва шароитлар бўйича муҳим тавсия ва таклифларини бериб, бу улкан савобли ишга ҳисса қўшаётган кишилар ҳақига хайрли дуолар қиладилар.

Азим пойтахтимиздаги “Ракат” жоме масжидининг янгидан бунёд этилаётган биноси таркибида йирик хонақоҳ, 2 дона минора, 1 та катта гумбаз, 7 та кичик гумбаз ва кенг ер тўладан иборат бўлмоқда. Жоме масжидни ўзига хос мана шундай меъморий услубда барпо этилаётгани келгусида зиёрат туризми йўналишида келадиган зиёратчиларни ҳам ўзига ром этади.

Маълумки, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг эски биноси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари бошчилигида барпо этилган эди. Ўша даврларда “Ракат” маҳалласида яшовчи Миржалил ота ўзига тегишли бўлган боғидан саккиз сотих ер ажратиб, бу жойга масжид қуриш учун берган. Шундан сўнг 1954 йил масжид тикланган ва ўз фаолиятини шу кунга қадар давом эттириб келмоқда.

Мухлисахон Зиёвуддинхон қори қизлари мазкур масжиднинг эски биносига биринчи ғишт қўйишни шундай хотирлайди:

– Қори амаким (Зиёвуддин қори ака) бир куни оқ рўмолга ўралган нарса олиб келдилар-у, бизларга бермай тўғри бобомиз олдиларига кириб кетдилар. Нима олиб келдиларкин, деб қизиқиб мен ҳам кетларидан кириб бордим.

Бобомиз Эшон Бобохон ҳазратлари ўшанда 98 ёшда эдилар. Уйда кроватда, орқаларига 2-3 та ёстиқ қўйилган ҳолда, ўтирардилар. Саломатхон катта ойимиз уларга қараб турардилар. Қори амаким улар билан саломлашиб, хол-аҳвол сўраганларидан сўнг: — Отамиз, Тошкентда “Ракат” маҳалласида янги масжид (Совет даврида) қурилишига Москвадан рухсат олинди. Шунга бир оқ фотиҳа бериб, мана шу биринчи ғиштига муборак қўлингизни қўйиб берсангиз, — деб оқ рўмолни очиб, ичидан ғиштни олиб, бобомиз қўллари олдига олиб бордилар.

Бобомиз: — Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдалиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ— шу кунларга еткказганига шукур! - деб чуқур нафас олдилар-да, ўнг қўлларини “Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим — деб ғишт устига қўйиб, —Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин! - деб, юзларига фотиҳа тортдилар.

Мана шундай мустажоб дуолар сабаб бугунги кунда диёримизда масжидлар сони ортиб бормоқда, қайта бунёд этилаётганларининг эса саноғи йўқ.

Ўтган давр мобайнида ушбу масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Шу куни муфтий ҳазратлари ушбу жоме масжидларга ташрифлари чоғида мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам қилиш, хонақоҳларни кенг ва ёруғ бўлиши, атрофларини обод ва кўркам этиш, қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш борасидаги муҳим тавсияларни бердилар.

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг янги қурилаётган биносини кўздан кечиришга йиғилган муфтий ҳазратлари бошчилигидаги уламолар ва мўйсафид отахонлар масжид кўп йиллар хизмат қилишини ният қилиб, хайрли дуолар қилдилар.

Ушбу масжидни мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан сўраймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Имом Ҳасан” жоме масжидининг янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этдилар.

Ташриф давомида муфтий ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар, имом-домлалар ва нуроний отахонлар “Имом Ҳасан” жоме масжиди биносининг биринчи ғиштини табаррукона қўйиб бердилар. Ушбу улуғ инсонлар масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилдилар.

Муфтий ҳазратлари масжид лойиҳаси билан танишиш асносида Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани ҳақида сўзлаб бердилар. Дарҳақиқат, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимиз масжидлар биносини янгидан барпо этиш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.

Жоме масжидларга ташриф давомида муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Шайх Зиёвуддинхон” ва Олмазор туманида жойлашган "Искандархўжа" жоме масжидларини қайтадан қуриш режаларини муҳокама этдилар. Ушбу жоме масжидлар ҳам тез кунларда қайтадан бунёд этилиб, халқимизга туҳфа этилишини Ҳақ таолодан сўраб дуо қилдилар.

Муфтий ҳазратлари ушбу жоме масжидларга ташрифлари чоғида мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам қилиш, хонақоҳларни кенг ва ёруғ бўлиши, атрофларини обод ва кўркам этиш, қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш ҳамда катта йўл бўйидаги жомеларда аёллар намоз ўқишлари учун шарт-шароитлар ҳозирлашга алоҳида урғу қаратиш борасидаги муҳим тавсияларни бердилар.

Тамал тоши қўйиб берилган "Имом Ҳасан" жоме масжиди барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшаётган инсонлар, қурувчи-муҳандислар, саховатпеша кишилар ва ўз ерларидан масжид қуриш учун жой ажратиб берган мурувватли инсонларнинг ҳаққиларига ва уларнинг ўтган марҳумларининг руҳи покига Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонларидан кўпдан-кўп дуолар қилинди.

Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top