muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

mercredi, 11 octobre 2023 00:00

"Ҳофизул Қуръон хулқи"

Қуръони Каримга нисбатан одоб сақлаш вожибдир.

Уламолар Қуръони Каримни улуғлаш, унга нисбатан ҳурмат сақлаш вожиб эканлигига бир овоздан иттифоқ қилганлар. Зеро, Қуръон Аллоҳнинг каломи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта мўжизалари ҳисобланади. Шундай экан, ким Қуръонни масхара қилса, Унинг ҳурматини тўкишга ҳаракат қилса, очиқ ойдин куфр ишни қилган бўлади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 ( قُلۡ أَبِٱللَّهِ وَءَايَٰتِهِۦ وَرَسُولِهِۦ كُنتُمۡ تَسۡتَهۡزِءُونَ

لا تَعۡتَذِرُواْ قَدۡ كَفَرۡتُم بَعۡدَ إِيمَٰنِكُمۡ)

 

"Қасамки, агар улардан: (нега масхара қиласиз, деб) сўрасангиз, албатта, улар: "Биз фақат (баҳсга) чўмиб, ҳазиллашяпмиз", - дейишади. Айтинг: "Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизми?!". "Узр айтмангиз! Иймонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз". ("Тавба" сураси, 65-66-оятлар)

Қуръони Каримни, унинг оятларини масхара қилиш, ҳурматини тўкиш куфр эканлигига ҳанафий олимларининг далиллари:

  1. "Фатовои Баззозия"да шундай жумлалар келади: "Қуръонни мазаҳ қилиш, ўйин-кулгу учун фойдаланиш куфрдир. Чунки бу ишлар Қуръонни енгил санаш, ерга уриш ҳисобланади". (Мазкур манба: 3/338)
  2. "Жавоҳирул фиҳқ"да шундай дейилади: "Бирор кишига: "Қуръонни кўпроқ тиловат қилмайсизми?", - дейилса ва у одам: "бу менга ёқмайди" ёки "бу ишдан тўйиб кетганман", деб жавоб берса, шунингдек, бирор оятини инкор эца ёки айбласа, бас, куфр амалини қилган бўлади".
  3. "Фатвои Зоҳийрийя" асарида қуйидагича масала баён этилган: "Ким Аллоҳнинг Каломини ҳазил ёки эрмак қилиб ўқиса - куфр келтирган бўлади". ("Фиқҳул Акбар шарҳи", Мулла Али Қорий, 254)

Аллоҳнинг каломини ерга урган, беписанд қараган, ўйин-кулгу учун сабаб қилиб олган кимсаларга Қуръони Каримнинг ўзида улкан азоб-у уқубатлар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

 

 (وَقِيلَ ٱلۡيَوۡمَ نَنسَىٰكُمۡ كَمَا نَسِيتُمۡ لِقَآءَ يَوۡمِكُمۡ هَٰذَا وَمَأۡوَىٰكُمُ ٱلنَّارُ وَمَا لَكُم مِّن نَّٰصِرِينَذَٰلِكُم بِأَنَّكُمُ  ٱتَّخَذۡتُمۡ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ هُزُوٗا وَغَرَّتۡكُمُ ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَاۚ فَٱلۡيَوۡمَ لَا يُخۡرَجُونَ مِنۡهَا وَلَا هُمۡ يُسۡتَعۡتَبُونَ)

 "Ва (уларга - масхара қилувчиларга) дейилди: "Худди сизлар мана шу бугунги кунингиздаги учрашувни унутганларингиздек, Биз ҳам бугун сизларни "унутурмиз". Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизлар учун дўзах азобидан қутқарувчи ёрдамчилар ҳам йўқдир. Бунга сабаб - сизлар Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олган эдингиз ва сизларни ҳаёти дунё алдаб қўйган эди. Бас, бугун улар (дўзахдан) чиқарилмаслар ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас". ("Жосия" сураси, 34-35-оятлар)

Қуръони Каримни беҳурмат қилиш бир неча кўринишларда бўлиши мумкин:

- Мусъҳафга суяниш ёки уни ёстиқ қилиб фойдаланиш;

- Қуръонга талофат етказиш ва йиртиш;

- Аёллар ҳайз ва нифос ҳолларида Қуръонни тиловат қилишлари;

- Хоҳ катта, хоҳ кичик бетаҳорацизлик билан Қуръони Каримни ушлаш (аммо тафсир ёки ичида оятлар зикр қилинган бошқа китобларни бетаҳорат ҳолда ушлаш жоиздир. Чунки шу каби китобларда муаллифнинг сўзи Қуръон оятларидан кўра кўпроқни ташкил этади);

- Мусъҳафни ноўрин жойларга (масалан, ҳаммом ёки таҳоратхоналар) олиб кириш;

- Маййитни қабрга дафн этаётганда Қуръон билан бирга кўмиб юбориш;

- Мусъҳафдан бирор оятни олиб, чайнаб ютиб юборишлик;

- Уйга, ишхонага ёки автоуловга Қуръони Каримни шунчаки қўйиб қўйиш ва тиловат қилмасдан чанг босиб ётишига сабаб бўлиш;

- Қуръони Каримга ифлос ва нажосат нарсаларни қасддан теккизиш;

- Қуръони Каримни оёқ билан босиш ёки инсон Қуръонни (баъзи ривоятларга кўра кўксидан) пастда тутиши ва ҳоказо ишлар.

Юқорида зикр қилиб ўтилган ишлардан бирортасини ҳам қилиш жоиз эмас. Мусулмон одам бу амалларни қилиб қўйишдан жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим. Зеро, ким бу ишлардан сақланмаса ёки енгил санайдиган бўлса, Қуръонни беҳурмат қилувчиларга аталган аламли азобга дучор бўлиб қолиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизни юқорида зикр этилган амалларни қилиб қўйишдан Ўзи муҳофаза қилсин! Омин!

Хотима.

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин!

"Ҳофизул Қуръон Хулқи" деб номланган мўжазгина китоб таржимасининг сўнгида Аллоҳдан сўраймизки, барчамизни Қуръон хулқи билан зийнатласин, Қуръондан билмаганларимизни билдирсин, унутганларимизни ёдимизга солсин, кеча-ю кундуз Қуръон тиловати билан машғул эцин! Қиёмат куни бўлганда бизларни Қуръон аҳлларининг ичида тирилтирсин! Зеро, ана ўшалар Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир!

Аллоҳ таолога ҳамд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловот ва саломлар бўлсин!

Китобнинг сўнги 3-боби таржимаси милодий 2022 йил, сентябрь ойининг 16-санаси муборак Жума куни шом намозидан сўнг Маккаи Мукаррамада, Байтуллоҳнинг Ҳажарул асвад қисми рўпарасида ўз ниҳоясига етди.

Аллоҳим, Ушбу китобни барчамизга манфаатли қил. Омин!!!

Тоҳиров Сайдулло

 

 

2023 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон зилзиладан жабр чеккан қўшни Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди. Айни вақтда Kun.uz мухбирининг хабар беришича, озиқ-овқат, палаткалар ва тиббий воситалардан иборат ёрдам энг катта юк самолёти – Boeing-747да етказиб берилди. Мезбонлар вакили Мавловий Шарофиддин Муслим синовли кунларда берилаётган бу ёрдамларни афғон халқи ҳеч қачон эсдан чиқармаслигини таъкидлади.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда баёнот берди.

Баёнотга кўра, Афғонистоннинг ғарбий вилоятларида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва кенг кўламли вайронагарчиликларга олиб келган зилзила ҳақидаги хабар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинди.

Зилзила қурбонларининг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз, афғон халқининг қайғусига шерикмиз ва жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз.

Ўзбекистон томони Афғонистон ва унинг халқи билан бугунги оғир дамларда биргадир.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон инсон мусулмондан фикридаги бироз ўзгачалик, эътиқодидаги арзимас фарқлилик туфайли нафратланмайди. Шу билан унинг обрўсини тўкиб, ҳурматини оёқости қилмайди. Адоват қилмайди. Тарк этмайди. Балки, унга соҳиб чиқади. Ҳикмат ва гўзал сўзлар билан ўзи тўғри деб билган нарсага чақиради. Ҳаққига дуолар қилади. 

Муғира ибн Миқсам Заббий айтади: "
«Бир одам бор эди. Динда яхши ҳолатда эди. Бир куни бидъатга аралашиб қолди ёхуд қайсидир гуноҳни содир этди. Шунда унинг дўстлари ва атрофидагилар уни ўзларидан узоқлаштириб, ундан воз кечиб юбордилар. Бу воқеа Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳнинг қулоғига етиб борган эди, унинг дўстларига: «Унга етишинг, насиҳат қилинг ва асло ўз ҳолига ташлаб қўйманг!», деди. («Ҳилятул авлиё» 4-жилд, 232-бет).

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: 
«Мўмин сатр қилади, ваъз ва насиҳат қилади. Фожир эса фош қилади, шарманда ва овоза қилади» («Ҳилятул авлиё» 8-жилд, 95-бет).

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ дедилар:
«Яхшиликка юмшоқлик билан буюр. Агар қабул қилса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтасан. Бордию қабул қилмаса, яна ўзинг билан машғул бўласан. Зеро, ўз нафсинг борасида қиладиган ишларинг етарлидир» («Ал-жарҳ ват-таъдил» 1-жилд, 124-бет).


Алишер Султонходжаев

 

lundi, 09 octobre 2023 00:00

Сув сийлар ё чўктирар

«Мусонинг онасига: “(Унга ёмонлик етишидан) қўрқсанг, уни дарёга ташла” деб буюрдик» (Қасос сураси, 7-оят). «Биз уни ва унинг аскарларини тутиб, денгизга отдик» (Қасос сураси, 40-оят).

Иккови ҳам сувга ташланди, лекин ҳолат ва хотима турлича бўлди. Мусо алайҳиссалом ғоятда заифҳол бўлишларига қарамай, сув у зотга зарар бера олмади. Фиръавн иззат ва салтанат чўққисида бўлишига қарамай, сув уни ғарқ қилди. Хулоса: Аллоҳнинг амрида бўлсанг, заифлигинг зарар бермайди. Аллоҳга итоатсиз, осийликда бўлсанг, қувватинг фойда бермайди.

ҒИЙБАТНИНГ ТУРЛАРИ

Ҳасан Басрий бундай деган: «Ғийбат уч хил бўлади: ғийбат, ифк ва бўҳтон. Уларнинг ҳар бири Аллоҳнинг китобида зикр қилинган: Ғийбат – биродарингда бор (салбий) нарсани гапиришинг. Ифк – биродаринг ҳақида сенга етиб келган гапни гапиришинг. Бўҳтон – биродарингда йўқ нарсани гапиришинг.

Имом Қуртубий

ҒИЙБАТ КАФФОРАТИ

Ҳузайфа: «Ғийбат қилган кишинг ҳаққига истиғфор айтасан»; Имом Мужоҳид: «Уни ғийбатдан поклаб, ҳаққига дуо қиласан»; Ибн Муборак: «Ғийбат қилган кишинг ҳаққига истиғфор айтасан” дедилар ва яна қўшиб қўйдилар: “Унга бунинг хабарини бермайсан».

* * *

Ким Аллоҳ таолодан бирор ҳожатини сўраса, аввало, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтиб, сўнгра ҳожатини сўрасин. Кейин яна салавот айтиб, дуосига якун ясасин. Чунки Аллоҳ таоло икки салавот орасидаги сўралган ҳожатни қабулсиз ташлаб қўйишдан юксак Зотдир.

Абу Сулаймон Дороний

* * *

Машҳур адиб Жоҳиздан «Оқил инсон ким?» деб сўрашди. Жоҳиз бундай деди: «Қачон гапиришни, қандай гапиришни ва ким билан гаплашишни биладиган киши чинакам оқилдир».

“Виқор” тақвимидан олинди.

Киши ўз ортида қолдирган нарса луғатда “тарика” дейилади. Фароиз илми уламолари истилоҳида эса тарика, вафот этган кишидан қолган мол-мулк ва шаръий ҳуқуқлардир.

Яъни марҳумга тегишли барча турдаги кўчар ва кўчмас мулклар ҳамда ҳаётлигида бошлаган ва ўлимидан сўнг фойдага кирган ишлардан келган мол-мулклар.

Марҳумнинг мол-мулкига боғлиқ ҳуқуқлари ҳам тарикага киради. Ушбу ҳуқуқлар вафот этган инсон қолдирган мол-мулкнинг айни ўзига боғлиқ бўлади. Масалан, маййит бирор нарсани гаровга олиш орқали қарз берган бўлса, қарздор қарзини узмагунича гаров меросхўрлар қўлида туради.

Марҳумнинг ўлими сабаб хун вожиб бўлса, хун учун олинадиган мол ҳам тарика ҳисобланади.

Тарика маййитнинг дафн харажатларига, маййитнинг қарзларини узишга, маййитнинг васиятларини амалга оширишга сарифлангач, қолгани ворисларга Қуръон ва суннатга мувофиқ тақсимланади.

МАРҲУМНИ ДАФН ЭТИШ ХАРАЖАТЛАРИ

Маййит дафн қилиш чиқимлари исрофгарлик ёки зиқналикка йўл қўймасдан, шаръиатга мувофиқ бўлиши лозим. Агар маййит дафн харажатларга етадиган қолдирмаган бўлса, ҳаётлигида унга нафақа бериши лозим бўлган киши дафн харажатларни кўтаради.

МАРҲУМНИНГ ҚАРЗЛАРИНИ УЗИШ

Қарзлар икки турли: 1. Соғломликда олинган қарз. 2. Беморликда олинган қарз. Аввалгиси ҳужжат ила ёки иқрор бўлиш орқали исбот топган қарз бўлиб, унга насия маҳр, насия савдо ва бировга етказилган зарарни тўлаб бериш кабилар киради. Кейинги турдаги қарзга мерос қолдирувчининг – ўлим касаллиги вақтида иқрор бўлганидан бошқа ҳеч қандай исботи бўлмаган қарздир.

Маййитдан қолган мол-мулк дафн харажатларидан ортиб қолса, биринчи бўлиб саломатлигида олган қарзлари узилади. Ундан ортса, беморликда олган қарзлари тўланади. Агар тарика саломатлигида олгани қарзларини ҳаммасини тўлашга тўлиқ етмаса, қарз берганларнинг ҳар бирининг ҳақига муносиб равишда тақсимланади. Қарз тури бир хил бўлган қарз эгаларининг бирини бошқасидан устун қўйиш жоиз эмас.

Бу ўринда қарз ҳақида гапирилганда инсонлардан олинган қарзлар назарда тутилди. Мазҳабимизда қарзларни адо қилишда ҳам асосан шу турдаги қарзлар назарда тутилади. Шофеъий мазҳабида эса, Аллоҳ таоло олдидаги қарзлар биринчи адо қилинади. Улар: закот, ҳаж, назр, рўзанинг фидяси ва ушр каби молиявий ибодатлардир. Агар маййит уларни адо қилишни васият қилса, тариканинг учдан бири ҳисобидан ўташ меросхўрлар учун вожиб бўлади. Агар васият қилмаган бўлса, инсонлардан олинган қарзи ўталганидан сўнг, Аллоҳ таоло олдидаги қарзларни ҳам адо этиб қўйиш яхшидир.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси

Page 77 sur 301
Top