muslim.uz

muslim.uz

Муқаддас динимиз эркак билан баб-баравар аёлнинг ҳам илм олишига, унинг маърифатли, маънавиятли бўлишига тарғиб этади. Чунки аёлнинг маърифатли бўлиши келажак авлоднинг одоб-ахлоқли, тарбияли, билимли бўлиб камолга етишида жуда муҳимдир.

Бугун пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Юнусобод тумани отинойиси Дилором Каримованинг  “Маърифатли отинойи” китоби тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили, шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойилар иштирок этди.

Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайиб кетди. Улар нафақат диний билимлар эгаси, айни пайтда юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний соҳадаги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

– Отинойи – Қуръони каримни, ҳадиси шарифларни, сийрат илмини, хуллас, шариат билимдони бўлиши, шунингдек, аёллар ўртасида диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида обрў-эътиборга сазовор кайвони аёл бўлиши шарт, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов. – Бир киши ҳаким зотлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккаласини ўқитишга қурбим етмайди. Фақат бирини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингизни ўқитинг. Чунки у келажакда фарзанд тарбия билан шуғулланади. Агар ўғлингизни ўқитсангиз, бир кишини ўқитган бўласиз, аммо қизингизни ўқитсангиз, бутун бир жамиятни ўқитган бўласиз”, деб жавоб берган экан. Қиссадан ҳисса шуки, аёл киши, албатта, маърифатли бўлиши керак. Бугун тақдимоти ўтказилаётган бу китоб опа-сингилларимизнинг маърифатли бўлишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Бугун ҳар бир отинойи ўз ҳудудида барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда, албатта, билимли бўлиши керак.

– Ҳозирги шиддаткор даврда замон билан ҳамнафас бўлмаган, маърифатдан, маънавиятдан йироқ киши ютқазиши табиий, – дейди китоб муаллифи, филология фанлари номзоди Дилором Каримова. – Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб, отинойиларнинг фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қиладиган китобим ҳамкасбларимга манзур бўлади, деб ўйлайман.

“Маърифатли отинойи” китобида динимиз устунлари ва аҳкомлари, онанинг фарзанд тарбиясидаги маъсулияти, жаноза ва дафн маросимлари, зиёрат одоблари, хуллас, отинойилар фаолиятида асқатадиган барча жиҳатлар қамраб олинган.

 

Толибжон НИЗОМ

Косон туманидаги эски уй деворларидан араб тилида ёзилган қадимий қўлёзма топилган.
«Новости Кашкадарьи», нашри ҳабарига кўра, қўлёзма ва бошқа бир қанча қоғоз тўпламлар деворда махсус қурилган токчада жойлашган бўлиб, бунинг натижасида қурувчилар дарҳол топилмани топишган, бироқ, қоғозга бирозгина зарар етказишган.

– Холам бу уйда 60 йилдан ортиқ яшаб, кейин уйини синглимга берган, – дейди Мақсуда Бобоқулова. – Опамнинг илтимосига кўра, эски уй-жойни бузиб, янгисини қуришга қарор қилдик. 3 хонали уйнинг деворларидан бирини бузиш пайтида қурувчилар бўшлиқни пайқаб, улар эски қўлёзмани ва яна бир нечта қоғоз тўпламларни топдилар. Бу уйни ким ва қачон қургани номаълум. Холасининг сўзларига кўра, бу уйни отаси Ҳасан Султонов кичиклигида сотиб олган.

Қарши Давлат университети филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмоновнинг айтишича, кўҳна уй деворидан топилган қўлёзма 18-асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Профессор, шунингдек, қўлёзма муаллифи аёл эканлигини таъкидлади. Бу 200 йил олдин Косон туманида аёл котибларнинг авлоди яшаганини кўрсатади. Топилмани олдиндан текшириб кўриб, филология фанлари доктори бир эмас, бир-бирига аралашиб кетган бир неча қўлёзмалар борлигини айтди. Кўриниб турибдики, бу китобни девордан чиқариш пайтида содир бўлган.

Тарихчилар ва педагоглар қўлёзманинг нима учун деворга яширинганини ва унда қимматли нарсаларни ўрганишлари керак.

Хуллас, Муғжагул маҳалласидаги 90 квадрат метр майдонда жойлашган кўҳна уй-жой эгалари илмий изланишлар якунида топилмани Қашқадарё вилояти Тарих ва маданият давлат музейига топширишга қарор қилишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ушбу оқим таълимоти моҳияти ва ғоявий намоёндаларига нисбат берилган ҳолда «салафий», «муваҳҳидун», «ваҳҳобий» деган атамалар билан юритилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан 13 аср ўтгач пайдо бўлган сохта салафийлар оқими тарафдорлари Исломнинг дастлабки уч асридан кейин яшаган мусулмонлар Исломни нотўғри тушунган деган фикрни илгари суришади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг яхшилари мен билан яшаганлар, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар», деганлар (имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мазкур давр саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар даври бўлиб, салафлар даври деб ҳам юритилади. Бу ҳақиқатни ўзини «салафийлар» деб атаётган сохта оқим аъзолари ҳам яхши билишади. Теранроқ ўрганиб чиқилса, бугунги сохта «салафийлар» Исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқаси бидъат дейишади, бироқ ўзлари бунинг тескарисини қилишади. Ҳолбуки улар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларидан бошқасининг сўзини тан олишмайди, тўрт нафар мужтаҳид имом: имом Аъзам, имом Шофиъий, имом Молик ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимга эргашганларни эса қоралашади. Аслида улар эргашаётган «мужтаҳид»лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди, чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган. Демак, «салафий» оқимининг икки имомини солиҳ салафлардан олти асрлик тафовут ажратиб турибди. Орадан шунча узоқ вақт ўтган бўлишига қарамай, сохта «салафийлар» бу икки шахснинг таълимотини жуда катта эътибор билан ўрганиб, қатъий амал қилишади. Яна улар гўё «пок» шариатга қайтишга ва кейинги даврда пайдо бўлган «бидъат»лардан воз кечишга ҳамда барча ҳукмларни фақатгина Қуръон ва Суннатдан олишга чақиришади. Ҳукмлар аввало шу икки манбадан олиниши бусиз ҳам ҳаммага маълум. Лекин гап ушбу икки манбадан ҳукмни қандай равишда, қайси усуллар билан чиқаришдадир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ва Суннатга эргашишни буюрганлар. Қуръон ва Суннатдаги ҳукмлар ҳадислар орқали англанади. Улардан олинадиган шаръий ҳукмларни эса мужтаҳидлар тушунтириб берадилар. Сохта «салафийлар» эса бизга Суннатни тушунтириб берган уламоларни адашган деб эълон қилиб, Суннатга эргашиш имкониятини йўққа чиқаришмоқда. Сохта «салафийлар»нинг иддаосига кўра, Аҳли сунна вал жамоадаги ақийдавий йўналиш асосчилари бўлмиш имом Ашъарий ҳамда имом Мотуридий – Аҳли суннадан чиқиб, адашган эмишлар. Ҳолбуки, ҳадис тўпламларини шарҳ қилган деярли барча олимлар эътиқодда Мотуридий ёки Ашъарий бўлганлар. Салафийларнинг «Фақатина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак» деган чақириғи назарий жиҳатдангина яхшидир, аммо амалий ҳаётда, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир-оқибат ҳар бир одам учун «Ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқа «етакчи»сининг ижтиҳодигами?» деган савол кўндаланг бўлаверади.

 

Сохта «салафийлик»нинг тарихи

Салафийлик оқими XVIII аср ўрталарида Марказий Арабистоннинг Нажд ва ал-Хосса вилоятлари ҳудудида юзага келган. Ушбу оқимнинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1798) диндан чекинувчиларга қарши кураш олиб борди. Унинг фикрича, нафақат араб саҳросидаги аҳоли, балки бутун мусулмон ўлкалари ҳам асл Ислом таълимоти бўлмиш тавҳиддан узоқлашган. Ўша пайтда Марказий Арабистон расман турк халифалиги қўл остида бўлса-да, унинг таъсири бу ўлкада сезиларли равишда сусайган эди. Чунки империянинг ўзида бошланган инқироз нафақат давлат хавфсизлиги сиёсатида, балки диний уламолар фаолиятида ҳам акс этган эди.

Жуғрофий муҳит, қабила ва табақалар ўртасидаги зиддиятлар уларнинг бирлашувига тўсқинлик қилса, бошқа бир қатор иқтисодий ва сиёсий омиллар бу ҳудуднинг бирлашувини тақозо қилар эди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эса ўлкадаги вужудга келган вазиятни тушуниб, уларни ягона мафкура асосида бирлаштириш мумкинлигини англаб етди ва ўз таълимотига асос солди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг XVIII асрдаги шогирд ва издошлари ҳамда оқимнинг кейинги даврдаги тарафдорлари уни янги таълимот яратди деб таъкидлашади. Аслида унинг таълимотидаги асосий ғоялар илгариги диний оқим ва мактабларда мавжуд бўлган. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб улардаги баъзи ғоя ва таълимотларни ривожлантирган, айримларига эса урғу берган, холос. Жумладан, тадқиқотчилар томонидан «салафий»лик оқими ҳанбалий мазҳаби асосида шаклланганлиги, яъни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Ибн Ҳанбалнинг қарашларини ривожлантириб, унга диний-сиёсий тус берганлигини таъкидлашади.

Оқим қарашлари. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб бевосита динни «тозалаш», Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонидаги асл ислом таълимотига қайтиш, ширкка олиб борувчи бутпарастлик маросимларидан қутулиш кабиларга қарши ҳаракатлар олиб борган. У ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилишни ҳам тавҳидга зид деб баҳолади. Шунингдек, «бидъат»га алоҳида урғу бериб, унга қарши муросасиз кураш олиб борди.

Бироқ юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу ўлкалардаги диний вазият ўта мураккаб бўлган. Чунончи, марказий ва шарқий Арабистонда шиа мазҳабининг «ибодия»си, ал-Хосса вилоятида «қармат», Яманда «зайдий» оқими тарафдорлари яшашарди. Табиийки, бу оқимларнинг барчасида азиз-авлиё ҳамда қадамжоларни зиёрат қилиш кенг тус олган эди. Хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларини ортиқча улуғлаш ҳамда уларнинг қадр-қимматини вафотидан кейин ҳам эъзозлаш ҳоллари мавжуд эди. Карбало, Нажд, Дирия, Макка, Мадина, Тоифдаги муқаддас жойларга зиёратчилар йил бўйи келишиб, жонлиқлар сўйишар, турли маросимлар қилишарди.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб шу каби авж олган маросимларга қарши ўта мутаассиблик руҳида кураш бошлади. У бундай ишларни кескин қоралар, уларни ширк, бидъат, куфр деб ҳисобларди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб таълимотидаги энг катта қаршиликларга сабаб бўлган фикрлардан бири – ўзига қўшилмаганларни динсиз деб эълон қилиш эди. Шуниси қизиқки, улар бошқа диндаги одамларга, масалан, яҳудий ва насороларга нисбатан ўзига қўшилмаган мусулмонларга қилган муросасизликни қўлламас эди.

Имон масаласида улар тутган йўллар мўминлар, хусусан, минтақамиз мусулмонлари ўртасида турли келишмовчиликлар ва кўнгилсизликларга сабаб бўлган. Бошқа бир қатор мазҳаб ва оқимлар, жумладан, мотуридий таълимотида киши Аллоҳга имон келтириши билан мусулмонлар қаторига ўтиши таъкидланган. Ҳанбалий мазҳабида эса эътиқодни амалда тасдиқлаш талаб қилинади. Худди шу хусусиятлар кейинчалик «салафий»ларнинг юртимиз мусулмонларига нисбатан турли хил ибораларни ишлатишига сабаб бўлди.

Шу билан биргаликда улар юртимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий ҳанафийлик мазҳабига зид таътимотларни ҳам баён қилишган. Жумладан, бидъат, тавассул, тасаввуф тариқатлари, тасвирий санъат, мавлиди шарифни нишонлаш, ўтганлар руҳига Қуръон тиловати савобининг етиши, қабрларни зиёрат қилиш ёки унинг устига белги – қабртош қўйиш кабилар бўйича қарашлари аҳолимиз ўртасида ихтилофлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Бу оқим вакиллари ўз давридаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий шароитдан келиб чиқиб, ўз ғояларини илгари сурдилар. Биринчи навбатда Исломга киритилаётган янгиликларга (ижмоъга), яъни Қуръон ва ҳадисда бўлмаган масалаларни фақиҳлар фатвоси билан ҳаётда қўллашга қарши чиқади. Муҳаммад Абдулваҳҳоб ўзининг Ислом жамоалари қаршилигига учраган «Китобут-Тавҳид» асарида «Исломга янгиликлар киритиш энг катта гуноҳдир», дейди.

Муҳаммад Абдуваҳҳоб Исломда фақат Қуръон ва Суннатга итоат этишгина фарз деб билади, имом Абу Ҳанифа, имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Молик ибн Анас, имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий каби тўрт мазҳаб пешволари таълимотини эътироф этса-да, уларнинг кўпини қаттиқ танқид қилади, улардан бошқа Ислом назариячиларининг, ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом авлодларининг айтганлари, шунингдек, ҳадисларда келтирилган йўл-йўриқларнинг кўпи бекордир деб таъкидлаган, лекин Ибн Таймия ва Ибн Қайюм таълимотини тўла қувватлаган.

Унинг фикрича, Муҳаммад алайҳиссалом муслимларга фақат Қуръон ва Суннатни қолдирдим деганлар, бироқ авлодларимни, мазҳаб имомларини қолдирдим демаганлар.  Демак, мусулмон одам саҳобалар, уламолар ва муҳаддисларнннг фикрларига қанчалик қарши чиқмасин, барибир Қуръон ва суннат талабларига мувофиқ комил мусулмон бўлиб қолаверади.

Хемпернинг айтишича, Муҳаммад Абдуваҳҳоб муҳаддислар, айниқса имом Бухорийнинг «Саҳиҳул-Бухорий» асарига анча қаттиқ ҳужум қилган ва унда келтирилган ҳадисларнинг ярми сохта ва бефойда деб исботлашга уринган.

Салафийларнинг асл ғояси ваҳдониятни мустаҳкамлаш эди. Улар: «Аллоҳдан бошқа ҳсч ким бандага марҳамат кўрсатмайди, мадад бермайди, фаришталар, пайғамбарлар, муқаддас жойлар, авлиёлар мусулмонларнинг гуноҳлари учун Аллоҳ олдида ҳимоячи бўла олмайди», деб таъкидлашади. Уларнинг фикрича, мусулмонлар яккахудоликка амал қилмай қўйган. Мусулмонлар баъзи уламоларнинг қабрини зиёрат қилишга боришади, у ерда садақа беришади, жонлиқ сўйиб, эҳсон қилишади, ўша ерлардан ёки ўша ерга данф қилинган одамлардан ёрдам сўраб, илтижо қилишадилар, чунки бундай жойлар бандага яхшилик ёки ёмонлик келтиради деб ишонишади. Ҳатто баъзи тошлар, ўсимликларда Аллоҳнинг қудрати бор деб сиғинишади. Бу эса тавҳидга зиддир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларини ва у зотнинг бошқа сафдошларини ортиқча иззат-икром қилиш шарт эмас, уларнинг қабри устига мақбаралар қуриш шарт эмас, қабристонларни обод қилиб, уларни санамларга айлантириш, қабрларга ёдгорлик қўйиш мушрикликдир деб ҳисоблашади.

Шу тариқа бу тоифа вакиллари «Ҳамма нарсанинг яратгувчиси яккаю ягона Аллоҳдир. Аллоҳга берилган 99 исм, пайғамбар, чаҳорёрлар, авлиёларга сиғиниш асли бидъатдир. Динимизни Муҳаммад алайҳиссалом давридаги асл ҳолига келтириш, арабларни чинакам Исломнинг яшил байроғи остида бирлаштириш лозим. Исломнинг асосида тавҳид ётади. Шу боис муқаддас жойларни зиёрат қилиш, авлиёлар ва мозорларга сиғиниш, зоҳидлик айни куфрдир!» деб жар сола бошлашди.

Илк салафийларнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга алоҳида ғаразли муносабати бор эди. Улар у зотни Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини юклаган оддий одам деб ҳисоблардилар. У зотнинг номи билан боғлиқ жойларни масжидларга, зиёратгоҳларга айлантириш мумкин эмас, кимки бунга амал қилмаса, Аллоҳга ширк келтирган бўлади деб ташвиқот қилишарди.

Тез орада бу янги таълимот Нажд ўлкаси бўйлаб тарқалиб, масжид ва мадрасаларнинг минбарларида овози баланд, ёш мужтаҳиднинг ваъзлари тез-тез янграй бошлади. Тсварак-атрофида унииг издошлари. шогирдлари кўпайди.

«Эй мусулмонлар! Нега авлиёларнинг мақбараларини хожаси этагини ўпган қуллардай кўз ёш ила тавоф этасиз? Ахир улар ҳам сиз ва биз каби оддий мусулмонлар-ку! Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз Аллоҳгагина нажот сўраб мурожаат этинг демаганмидилар?! Макка ва Мадинада серҳашам зиёратгоҳлар нечун? Исломни ўзининг ғаразли манфаатларига мослаштириб олган сохта авлиёлар таъсиридан сақланинг! Уларнинг китобларини ўқиманг, уларга эргашманг! Аллоҳгагина ибодат қилинг! Исломдаги тўрт мазҳабнинг ҳаммаси бидъат! Уларга эргашганлар кофирдир. Пайғамбарга ибодат қилманг, чунки у сиз билан Аллоҳ ўртасидаги бир элчи, холос. Қиёмат куни кимга қандай жазо бериш фақат Аллоҳнинг иши. Муҳаммад сизга фақат шафоат қилиши мумкин, холос. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилганлар мушрикдир!»

Шу каби ваъзлар кўпларга таъсир қила бошлади. Муҳамамд ибн Абдулваҳҳобнинг издошлари сеҳргарлик, афсунгарлик, дуохонлик, жодугарлик, фолбинлик ва ҳоказоларга кескин қарши эди. Улар турли хил инс-жинсдан, ёмон кўздан асровчи туморларни тақиб юришга ҳам қарши чиқиб, шундай дейишарди: «Ҳақиқий мусулмонлар зеб-зийнат тақмаслиги, оддий кийиниши керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одми, халқона кийинганлар. Камтар-хокисор бўлиш керак! Айш-ишрат, дабдабага берилиш куфрдир! Умрини Аллоҳ йўлига эмас, бойлик тўплашга бағишлаганларнинг жойи дўзахдир! Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинг ва ундан қўрқинг! Мусиқа тинглаш, қўшиқ айтиш, расм чизиш ва бошқа енгилтакликлар гуноҳи азимдир!»

Ваҳҳобийлар «Кимки бизга қўшилса, барча мажбурият ва қарзларидан озод бўлади», деб эълон қилишди, натижада уларнинг тарафдорлари анча кўпайди. Ваҳҳобийлар тамаки ва наша чекиш, мусиқа чалиш, қўшиқ айтиш, рақс тушиш, расм чизишни, ипак кийимлар кийиш ва катта байрамлар ўтказишни тақиқлаб қўйишди.

Филология фанлари доктори, профессор ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ шундай ёзади: «Ваҳҳобийлар таълимотида ҳаётдаги баъзи салбий иллатларга қарши курашиш, мол-дунё, ҳирсу ҳаводан воз кечиш, Исломга зид урф-одатлардан тийилиш, ҳалоллик, поклик каби ижобий ғоялар борлигини инкор этиш адолатдан эмас». Дарҳақиқат, ҳар қандай таълимот халқ орасига сингиши учун ижобий хислатларга эга бўлиши ёки ўша муҳитдаги жамиятни бошқариб турган қатламнинг манфаатларига мос келиши керак. Акс ҳолда бу таълимот бешикдалигидаёқ унинг жанозаси ўқилади. Ваҳҳобийлик ўз даврида ҳам ичкаридаги ҳукмрон синфлар, ҳам ташқаридаги қудратли кучлар томонидан қўллаб-қувватланди. Лекин унинг ижобий томонлари ижтимоий-иқтисодий тараққиётни, маънавий юксалишни, маданий ривожланишни бўғиб қўядиган, энг муҳими, уни ниқоб қилиб, ҳокимиятга интилишдан иборат салбий жиҳатлар соясида қолиб кетади.

Муҳаммад Абдуваҳҳобнинг акаси Сулаймон узоқ вақт укасининг ғоясига қарши бўлиб юрди. Ҳижоз тарихчиси Ибн Зайни Даҳлан шундай ёзади: «Бир куни Сулаймон укаси Муҳаммаддан «Исломда нечта аркон бор?» деб сўрайди. Укаси бешта деб жавоб қайтаради. Шунда Сулаймон «Йўқ, сен олтинчисини яратдинг, чунки «Ким менга эргашмаса мусулмон эмас» деб эълон қилдинг», деди». Кўриниб турибдики, улар ўз фанатизми йўлида ҳатто қариндош-уруғларини, яқинларини ҳам аяшмаган. Айни пайтда ўзига қўшилмаган мусулмонлардан кўра яҳудий ва христианларга юмшоқроқ муомала қилишган. Озгина солиқ эвазига уларга уйларида ибодат қилишга рухсат беришган. Ваҳҳобийлар қаерга ҳужум қилиб, у ерни босиб олса, қабристонлардаги мақбара ва ёдгорликларни бузиб ташлашди, эгаллаган жойларида ўз таълимотларини, ғалабаларини мустаҳкамлашди, натижада катта тарихий аҳамиятга эга бўлган кўплаб қимматли ёдгорликлар йўқ бўлиб кетди. Бундан ташқари, ваҳҳобийлар ўз ғояларига тўғри келмаган кўплаб уламоларнинг китобларини ёқиб юборишди.

Ваҳҳобийлик ғоясидаги фанатизм ашаддий, чидаб бўлмайдиган даражага етди. Улар ўзининг асосий душмани деб ҳисоблайдиган ғайридин ва мушрикларга ўта шафқатсиз муносабатда бўлишди. Ҳаддан ошган бу фанатизм ваҳҳобийларни жипслаштирар, тартиб-интизомга туширар ва ҳарбий жасоратга ундарди. Шу тариқа ваҳҳобий бўлмаганларга қарши муқаддас уруш эълон қилиш учун ғоявий замин яратилди. Бунинг учун мамлакатда сиёсий вазият ҳам етилган эди. XVII асрнинг бошларида Нажд воҳасининг амирлиги Сауд ибн Муҳаммад ибн Микрин (Саудийлар сулоласи асосчиси) қўлига ўтди. У 1725 йил вафот этди. Ўзаро урушлар натижасида унинг ўғли Муҳаммад ибн Сауд амир бўлиб қолиб, қўшни қабилаларга қарши талончилик урушларини олиб борди. Амир Муҳаммад 1747 йилда ваҳҳобийлар ақидасини тан олиб, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга мурид бўлди ва кўп ўтмай оддий босқинчидан «дин софлиги учун курашчи»га айланди. Шундай қилиб, ваҳҳобийлик таълимоти ғайридин ва мушрикларга қарши муқаддас уруш ғоясига, ҳарбий экспансия ва босқинчилик урушлари мафкурасига айланди. 1740 йилда Ибн Сауднинг маслаҳати билан Муҳаммад Абдуваҳҳоб ҳаж пайти Маккага бориб, бутун дунёдан йиғилган ҳожилар ҳузурида ўзини танитиб, ваъз айтади, ўз таълимотларини шарҳлайди. Худди шу йили Муҳаммад ибн Сауд Нажд ўлкасини давлат деб эълон қилади ва бу давлатда ваҳҳобийликнинг етакчи диний оқим сифатида расмийлаштиради. Янги диний оқим бадавийлар ўртасида кенг тарқала бошлайди. Зеро, ваҳҳобийлар одамларни тенглик, биродарликка чорлар, маиший ҳаётдаги дабдабаю асъасага чек қўйишни талаб қилар, бу ғоялар эса оддий саводсиз халқ онгига яхши сингарди.

Ваҳҳобийлик босқинчилик урушлари байроғи бўлса-да, Арабистонни саудийлар бошчилигида бирлаштириш учун мафкуравий асос бўлиб хизмат қилди. Айниқса, арабларни Исломнинг яшил байроғи остида бирлаштириш ғояси ўша пайтда араб ерларида ҳукмронлик қилаётган Туркияга қарши қаратилган эди.

Ваҳҳобийлар байрамлар ва унга боғлиқ маросимларни, муқаддас зиёратгоҳларни, авлиёларни инкор қилишди, ўзларига ёқмаган маҳаллий руҳонийларни қувғин қилишди, эгаллаган жойларидаги авлиёларнинг қабрларини бузишди. Ваҳҳобийлар Макка ва Мадинага, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрини зиёрат қилишга боришни тақиқлаб қўйишди (ҳаждан ташқари). Буларнинг ҳаммаси ҳанафий мазҳабига, турк ҳукмронлигига қарши қаратилган эди.

Шу тариқа Марказий Нажд ваҳҳобийлик байроғи остида бирлаштирилди ва 60-йилларда қўшни вилоятларга ҳужум уюштирилиб, 1773 йиллари Риёз шаҳри эгалланди. Кўп ўтмай, бутун Марказий Арабистон ушбу таълимот таъсири остида бирлашди.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

Ғузор туманидаги 1-умумтаълим мактабида таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов таваллудининг 81 йиллиги муносабати билан “Инсон хотира билан тирик, қадр билан барҳаёт” мавзусида хотира кечаси ва маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Қашқадарё” нашрининг хабар беришича, вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, сектор раҳбарлари, нуронийлар, устознинг яқинлари, шогирдлари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчи ёшлари иштирок этган тадбирда Убайдулла Уватовнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти, илмий тадқиқотлари ҳақида маълумот берилди.

Убайдулла Уватов 1940 йил 23 февралда Ғузор тумани Пачкамар ҚФЙ Чучук ота қишлоғида таваллуд топган. У юртимиз алломалари илмий-маънавий меъросини ўрганиш ва жамоатчиликка етказишга қаратилган 200 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ҳамда рисолалар нашр эттирган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган.
Олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Убайдулла Уватов 2017 йилдан 2020 йилгача Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилиб келди.
Тадбирда олимнинг дўстлари, шогирдлари ва яқинлари сўзга чиқиб, Убайдулла Увватовнинг илм йўлидаги машаққатли меҳнати, бой ҳаётий тажрибаси, қимматли илмий тадқиқотлари, ёшлар камолотига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этишди.
Тадбирда туман ҳокими Бекзод Суюнов ҳам сўзга чиқиб, Президент администрацияси топшириғига кўра олим таҳсил олган 1-умумтаълим мактаби ҳамда Амир Темур маҳалласидаги Элҳақи ва Буюк карвон йўли маҳалласидаги Чорвадорлар кўчаларига Убайдулла Уватов номи берилганини маълум қилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу куни 1-умумтаълим мактабининг қўшимча 360 ўринли ўқув биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Мазкур бино 360 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда ўқув хоналари билан бирга мультимедиа ва лабораториялар ҳамда кутубхона мавжуд.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Кекса бувим йиқилиб, оёғи лат еди. Юролмай бир жойда ётиб қолди. Шунда онам иссиқда қийналмасин деб бувимнинг сочини калта қилиб кесиб қўйди. Лекин эшитишимча, аёллар сочи кўкрагини ёпадиган даражада узун бўлиши керак экан. Вафот этганда сочи калта бўлиб кетмаслиги керак экан. Шу гап қанчалик тўғри?

— Эрлари бўлса, ўша кишининг рухсати ила бўлади. Зарурий ҳолатларда аёл киши ғусл ва баъзи бир нарсаларга қийналган ҳолатларда қисқартириш жоиз. Қиёматда қайта тирилганида эркагу аёл ялонғоч бўлади. Шундан баъзи кишилар ижтиҳод қилиб аёлнинг сочлари узун бўлса, кўкракларини тўсиб туриши керак, деганлар. Уламолар аёл киши сочини кесишига рухсат берганлар, фақат қулоқ юмшоғидан юқори бўлиб кетмаслиги керак эканлигини таъкидлаганлар. Соч зарарланганида парвариш учун, эр талаб қилганида кесиш жоиз. Аммо бошқа ҳолатларда узун бўлиши афзал албатта. Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Top