www.muslimuz

www.muslimuz

“Зуйуфул малик” – “Қирол меҳмонлари” ҳар йилги ҳаж ва умра мавсуми мобайнида Саудия Арабистони қироли томонидан дунёнинг турли давлатларидан таклиф этиладиган зиёратчилар ҳисобланади.

Мана, бир неча йилдир-ки, диний-маърифий соҳада узоқ йил хизмат қилган, элу юрт олдида обрў эътиборга эга бўлган юртдошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратини “Зуйуфул малик” – “Қирол меҳмонлари” сифатида адо этиб келишмоқда. Бу йилги Ҳаж-2019 мавсумида ҳам “Қирол меҳмонлари” сифатида Ҳаж ибодатини адо қилиш учун диний-маърифий соҳада узоқ йил хизмат қилган 10 нафар юртдошимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетиш тараддудини кўришмоқда.

Кеча, 16 июль куни Дин ишлари бўйича қўмитада улар билан учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда зиёратчиларимиз учун муборак сафар давомида эътибор бериш керак бўлган муҳим жиҳатлар, керакли тавсия ва маслаҳатлар берилган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати хабар берди.

“Қирол меҳмонлари” ҳаж ибодатини адо этиш билан бирга, Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги муборак масканларга зиёратга боришади ҳамда эътиборли шахслар билан учрашадилар. Учрашув сўнгида муборак сафарга отланган зиёратчиларимиз муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, диний соҳада узоқ йил хизмат қилган ходимларга кўрсатилаётган юксак эътибордан мамнун эканликларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, “Қирол меҳмонлари”нинг Ҳаж сафари жорий йилнинг 3 август кунидан 16 август кунига қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 17 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари учун семинар тренинг тарзида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган мақсад – юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, диний соҳа ходимларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга ошираётган ишларини янада такомиллаштириш, бу борада уларнинг илм ва малакаларини янада оширишдан иборат. Айнан шу сабабли ҳам семинар тренинг динимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган, ўзидан кенг илмий мерос қолдирган юртдошимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мажмуасида ўтказилди.

Тадбир анъанавий тарзда Қуръон тиловати билан бошланди ва мамлакатимиз тараққиёти, динимиз ривожи, миллатимиз келажаги учун, буюк аждодларимиз руҳи ёд этилиб хайрли дуолар қилинди. Семинар-тренингни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов очиб берди.

Тадбирда ўз маърузалари билан иштирок этган нотиқлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий мероси; Шайх томонидан тасниф этилган «Ал-адаб ал-муфрад», «Ижтимоий одоблар», «Бахтиёр оила», «Ислом тарихи», «Олтин силсила», «Мазҳаблар бирлик рамзи» ва «Мазҳабсизлик бидъатдир» китоблари ва уларнинг аҳамияти; ҳадис илмлари; диний соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун моҳияти; миссионерлик, прозелитизм ва ёт ғоялар таъсирига берилишнинг салбий оқибатлари ва уларга қарши курашиш кўникмаларини юксалтириш мавзуларида маърузалар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муборак Ҳаж сафаридан олдин ватандошларимизнинг юртимизнинг муқаддас қадамжоларига ва зиёратгоҳларига ташриф буюриши анъанага айланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда яхши анъанани давом эттириш мақсадида Ҳаж-2019 Тошкент вилояти бу йилги тараддудда бўлиб турган ҳожилардан 3 та гуруҳи зиёратчиларининг қадимий ва гўзал Самарқанд вилоятига саёҳатини ташкил қилдилар.

100 нафарга яқин юртдошларимиз Имом ал- Бухорий, Гўри Амир, Ҳазрати Ҳизр ва Шоҳи Зинда мажмуаларига ташриф буюриб, зиёрат қилдилар. Зиёратчиларга мажмуа ва маданий ёдгорликларимизнинг тарихи, буюк бобокалонларимиз қолдирган бой илмий мерос ҳақида маълумотлар берилиши билан биргаликда, зиёрат одобларига доир билимлар ҳам тақдим этилди.

Асори атиқалар, тарихий обидалар, буюк аждодларимиз ётган ва гўзал мажмуага айлантирилган масканлар зиёратчиларда жуда катта таассуротлар қолдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг 2019-2020 ўқув йили бўйича қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан тест синови шаклида 2019 йилнинг 13 июль куни ўтказилган эди.

Тест синовларида абитуриентларга қулай шарт-шароитлар яратиш, қабул имтиҳонларини янада шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида, имтихонлар катта сиғимга эга бўлган павильонларда бўлиб ўтди.

2019-2020 ўқув йили бўйича тест синовлари натижалари, 2019 йил 18 июль куни соат 09:00 да барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларида эълон қилинади.

Талабалик бахтига мушарраф бўлганларга Аллоҳ таоло муборак айлашини тилаймиз, бундай бахтга етиша олмаганларга келгуси йилларда ўз имконларини синаб кўришларини маълум қиламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

mercredi, 17 juillet 2019 00:00

Муваффақият ҳақида  

 

Биласизми, арслонлар ов қилар экан, ҳужумларининг 75 фоизи муваффақиятсиз тугаб, фақат 25 фоизигина муваффақиятли якунланар экан. У кўп овлардан қуруқ қўл билан қайтса-да, аммо ҳеч қачон умидсизликка тушмайди, қайта-қайта ов қилаверади.

Балиқлар тухумининг ярми талофотга учрайди.

Янги туғилган айиқларнинг деярли ярми вояга етмай ҳалок бўлади.

Дунёдаги ёмғирларнинг жуда кўп қисми денгиз ва уммонларга ёғилади.

Ерга сепилган уруғларнинг кўп қисмини қушлар еб кетади.

Ҳа, табиатда ана шундай йўқотишлар юз бериб туради.

Аммо уринишлари муваффақиятсиз бўлган инсонгина ўзини омадсиз деб билиб, қайта уриниб кўришдан умидини узади.

Аслида ҳақиқий омадсизлик уринишларнинг муваффақиятсиз якун топиши эмас, балки қайта уриниб кўришдан тўхташдир.

Муваффақият — йиқилишу тойилишлардан холи ҳаёт эмас, балки умидсизликка тушмай, ҳар бир хатодан хулоса чиқариб, кейинги уринишни давом эттириш ва унда аввалги хатоларни такрорламасликдир.

Хуллас, инсон доим олдинга интилиши, яхшиликка бўлган ҳаракатини тўхтатмаслиги, юксалиш сари одимлаши керак.

Инсон кимгадир яхшилик қилиб, ундан раҳмат эшитмаса, “Бу менинг яхшилигимни билмади, қадрига етмади” деб одамларга яхшилик қилишдан тўхтаб қолмасин. Зеро, унинг яхшиликларини, мурувватларини аллақачон фаришталар ёзиб, қайд этиб қўйганлар. Охиратда эса Аллоҳ таоло ўша яхшиликка савоб, мукофот ато қилади.

Уруғни қаерга сепганингизни эслолмаётган бўлсангиз, хавотир олманг, ёмғир ёғса, қаерга сепилгани маълум бўлади.

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Top