Кутубхона

Ислом тарихи: МУҚАДДИМА

بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيم

 

СЎЗБОШИ

Аллоҳ таолога У Зотнинг жалолига ва жамолига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Охирги набий Муҳаммад мустафога гўзал ва мукаммал салавот ва саломлар бўлсин!

Мусулмон тарихчилар: «Тарихни ўрганган кишининг умри узаяди», дейишади. Ҳақиқатдан ҳам, тарихни қунт билан ўрганган одам гўё ўша ўзи ўрганган даврда яшайди. Тарихни қунт билан ўрганган одам дунё тарихида бўлиб ўтган кўплаб ҳодисаларнинг иштирокчисига, ҳеч бўлмаганда томошабинига айланади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бинобарин, Ислом тарихини қунт билан ўрганган мусулмоннинг умри узайиши, Аллоҳ таолонинг динида яшаган ҳаёти бойиши, инсоният тарихига иймон ва Ислом ёғдуси, нури ила назар солиши шубҳасиздир.

Ислом тарихи деганда Ислом давлатларининг ва мусул­мон халқларнинг Ислом динининг илк даврларидан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган муддатдаги тарихи кўзда тутилади. Бошқача қилиб айтганда, ушбу тарих дунё бошланганидан то ҳозирги, биз яшаб турган пайтгача бўлган даврни ўз ичи­га олади. Жуғрофий маънода айтиладиган бўлса, бу тарих акс этган ҳудуднинг бир тарафи Атлантика океани, иккинчи тарафи эса Тинч океани билан чегараланади. Ушбу минтақаларда Ислом дини кенг тарқалган бўлиб, бу ерларда яшовчи халқларнинг кўпчилиги мусулмон халқлар деб тан олинган.

Машҳур тарихчилардан Ибн Асир айтади: «Амри маъруф, наҳий мункар қиладиган одамлар тарих воқеаларидан воқиф бўлсалар, жабр ва душманлик қилувчиларнинг ҳаётларини, уларнинг оқибатида келиб чиққан бузуқчилик, харобчилик ва ҳалокатларни ўргансалар, уларнинг қабиҳ эканини тушуниб етадилар ҳамда мазкур ишлардан юз ўгиришни ўзларига лозим деб биладилар. Агар одил волийларнинг, гўзал ишлар қилган инсонларнинг тарихини ўргансалар, уларда гўзал эслатмалар борлиги, инсонлар ўша тарихий шахсларни яхшилик билан эслаётганини кўрсалар, уларнинг юртлари обод, турмушлари фаровон бўлганини билсалар, санаб ўтилганларни маъқул санаб, уларга рағбат қиладилар, ўзлари ҳам улардан ибрат олишга интиладилар».

Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ тарихни ўрганишга тарғиб қилиб, шундай дейди: «Тарих барча ўтган авлодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих орқали тириклар ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қиладилар. Шунингдек, ўзларига зарар етадиган нарсалардан воқиф бўлиб, ундан четда бўладилар. Тарих бир уммат ўзининг ўтмишига бориб келадиган ва ҳозири билан ўтмиши ўртасидан жой олган кўприкдир».

Шу билан бирга, тарих беқиёс ва оғир омонат ҳамдир. Бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни омонат билиб, уларни келажак авлодларга етказиш ҳар бир жамият ва унинг илму зиёга эга аъзоларининг бурчидир. Ҳозирги ва келажак авлоднинг эса ўша тарихни ўрганиб, умри узаяди, тажрибаси ортади. Аввалгиларнинг фойдали ишларини ўзига ибрат қилиб олади ва хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилади. Инсоният тарихида бу ишга ҳамиша амал қилиб келинган.

Ҳар бир ватанпарвар киши ўз юртига бўлган меҳр-муҳаббатининг, садоқатининг рамзи сифатида ушбу юртнинг тарихини ўрганади. Қўлидан келганлар эса ўзи ўрганган нарсаларни келажак авлодларга ҳам қолдиришни ўйлайдилар, бунинг учун бор имконлари билан ҳаракат қиладилар.

Тарих ва унга оид маълумотларнинг ёзилиши маъносига келадиган бўлсак, албатта, мусулмонларнинг тарихга оид нарсаларни ёзиш ишлари биринчи ўринда Қуръони Каримни қаламга олиш, қайд этишлари билан бошланган. Авваллари Қуръон ёзма равишда тарқатилмаган. Уни ўрганиш асосан ёдлаш орқали кечган. Кейинчалик Қуръонни ёдлаган кишилар вафот этиб, камайиб кетаётгани боис Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Қуръон оятлари жамланиб, битта мусҳаф шаклига келтириб ёзиб қўйишга келишилган ва бу иш муваффақиятли амалга оширилган.

Кейинчалик, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг давр­ларида мазкур мусҳафдан олти нусха кўпайтирилиб, турли марказларга юборилган. Қуръони Каримда инсоният, хусусан, пайғамбарлар тарихига оид жуда кўплаб керакли маълумотлар борлиги ҳаммага маълум.

Мусулмон тарихчилар дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши ва шу каби қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли манбаи бўлмиш Қуръони Карим асосида қадимги дунё тарихини битдилар. Шунинг учун ҳам улар ўз замонларида етакчи тарихчиларга айланишди. Кейинчалик баъзи бир гуруҳ ва шахслар чиқиб, ўзларича дунё тарихини «илмий» равишда қайта кўриб чиқдилар. Улар дунёда энг ишончли тарихни битганларини айтиб, айюҳаннос солдилар. Бошқаларни, жумладан, мусулмон тарихчиларни илмсизликда, афсоналарга берилишда айбладилар. Аммо вақт ўтиб, илм ривож­ланиши билан бу гуруҳларнинг «илмий» ишлари жаҳолатдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди. Оқибатда ҳаммаси муз каби эриди-кетди. Қуръондан баҳра олган мусулмон тарихчиларнинг айтганлари эса тўғри бўлиб чиқди. Яъни уларнинг ўз ишларида Қуръондан фойдаланишлари энг тўғри йўл экани маълум бўлди.

Қуръони Каримдан кейин Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вассаломнинг ҳадислари ёзилди. Бу ишни амалга оширишдаги иккиланиш Қуръонни ёзишдан кўра ҳам кўпроқ бўлди. Баъзи саҳобалар ўзига нисбатан қатъий ишонч асосида баъзи ҳадисларни ёзиб олган бўлсалар ҳам, Қуръон билан аралашиб кетишининг олдини олиш мақсадида уларни ёзиш расмий равишда ман қилиб турилди. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврида ҳадисларни ёзмасликка буйруқ бердилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам шундай бўлди.

Ниҳоят, ҳижрий I асрнинг ўрталарига келиб, яъни милодий VIII асрда ҳадисларни ҳам ёзиш бошланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида тарихга оид жуда кўп маълумотлар бор.

Кейинчалик аста-секин турфа илмларни ҳам ёзиш ишлари ривожланиб кетди. Тарихни ёзма равишда акс эттириш ҳам шулар жумласидандир. Ислом тарихини ёзиш ҳижрий III, милодий IX асрда бошланди.

Авваллари тарихий ҳодисаларни ёд олиб, оғзаки равиш­да айтиб юрилар эди. Кейинрок аста-секин уларни ёзишга ўтилди. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратларини умматга етказиш иши ёрдам берди. Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади:

  1. Урва ибн Зубайр (ҳижрий 93 йилда вафот этган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийлари, жаннат башорати берилган саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғиллари.
  2. Абон ибн Усмон ибн Аффон (ҳижрий 105 йилда вафот этган). Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғиллари.
  3. Ваҳб ибн Мунаббиҳ (ҳижрий 114 йилда вафот этган).
  4. Шураҳбил ибн Саъд Хатмий Маданий (ҳижрий 123 йилда вафот этган). Бу киши ғазотлар ва Бадр қатнашчиларини яхши биладиган олимлардан эди.

Улардан кейин, умавий халифалар даврида сийрат уламоларининг иккинчи табақаси юзага келди. Бу даврда Пайғамбар сийрати бўйича китоб ёзганлар ичида қуйидагилар алоҳида эътиборга сазовор саналадилар:

  1. Осим ибн Умар ибн Қатода (ҳижрий 120 йилда вафот этган).
  2. Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий (ҳижрий 124 йилда ва­фот этган).
  3. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм Ансорий (ҳижрий 125 йилда вафот этган).

Сўнг аббосий халифалар даврининг сийратчилари етишиб чиқди. Бу борада улар ичида қуйидаги зотлар шуҳрат топдилар:

  1. Мусо ибн Уқба (ҳижрий 141 йилда вафот этган). Бу киши ғазотлар китобини ёзган.
  2. Маъмар ибн Рошид (ҳижрий 150 йилда вафот этган). У кишининг китоби бизгача етиб келмаган.
  3. Муҳаммад ибн Исҳоқ Мутталибий (ҳижрий 151 йил­да вафот этган). Бу киши халифа Мансурнинг талабига биноан «Ал-Мағозий» номли китоб ёзиб, унда Одам Атодан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихни баён этган. Халифа унга асарини мухтасар қилишни амр этган.
  4. Муҳаммад ибн Умар Воқидий (ҳижрий 207 йилда вафот этган). Воқидийнинг «Ал-Мағозий» номли китоби ўзидан кейинги кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлиб хизмат қилган.

Сўнг сийрат уламоларининг яна янги бир авлоди пайдо бўлди. Уларнинг ичида алоҳида шуҳрат топганларидан бири Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир (ҳижрий 218 йилда вафот этган). Ибн Ҳишом аслида Ибн Исҳоқнинг китобини тартибга солган ва устозидан ҳам кўпроқ шуҳрат топган. Ҳозиргача ким сийрат илмига мурожаат қилса, албатта Ибн Ҳишомга йўлиқади. Ибн Ҳишомнинг китоби бизгача етиб келган энг қадимги сийрат китобидир.

Ҳозирда энг машҳур сийрат уламолари ҳақида сўз кетар экан, энг аввал Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳларнинг номлари тилга олинади. Кейин келган сий­рат уламоларининг деярли барчалари ушбу икки зотнинг келтирган маълумотларидан фойдаланганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Сийрат уламолари ўз фаолиятларида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига тегишли маълумотларни у зотни кўрган, гап-сўзларини эшитган саҳобалардан ривоят қилган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлари санади ҳам келтирилган.

Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳатто сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.

Ҳижрий III асрда тарих илми мислсиз равишда ривожланди. Тарих илмининг кўлами кенгайди, ниҳоятда пухта ва катта-катта китоблар ёзилди. Ҳодисалар, насаблар, умматлар, подшоҳлар, динлар тарихига оид асарлар битилди. Ўша даврларда ёзилган тарих китоблари ичида ҳижрий 230 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Саъднинг «Табақотул кубро», ҳижрий 276 йилда вафот этган Ибн Қутайбанинг «Китобул имомат вас-сиёсат», ҳижрий 279 йилда вафот этган Балозурийнинг «Футуҳул булдон», ҳижрий 282 йилда вафот этган Абу Ҳанифа Динаварийнинг «Ахборут-тивол» ва ҳижрий 310 йилда вафот этган имом Табарийнинг «Тарихул умам вал мулук» номли китоблари энг машҳурларидир. Ибн Асирнинг «Ал-Комил фит-тарих» номли китоби ҳижрий 630, милодий 1232 йилда кенг тарқалган. Ибн Касирнинг «Ал-Бидоя ван-ниҳоя» номли китобининг ёзилиши эса ҳижрий 774, милодий 1372 йилларга тўғри келади.

Ҳозирга келиб, Ислом тарихини умумий равишда, бутун дунё миқёсида ёзиш ишлари сезиларли даражада камайган.

Мусулмон оламининг янги умумий тарихи хусусида сўз кетганда энг аввал тарихчилардан иккиталари тилга олинади. Уларнинг бири доктор Аҳмад Шалабий бўлиб, у киши «Ис­лом тарихи энциклопедияси» номли катта китоб ёзган. Иккинчи тарихчи – устоз Маҳмуд Шокир бўлиб, у киши «Ислом тарихи» номли 22 жуздан иборат катта китоб таълиф қилган.

Бизда ҳам анчадан буён Ислом тарихини юртимизга, халқимизга хос равишда ёритиш нияти бор эди. Бу борада кўпчилик билан маслаҳатлар ҳам қилиб юриларди. Кейинроқ баъзи китобларни ёзиш давомида бу жуда ҳам зарур экани ҳис қилинди. Сўнг ушбу ниҳоятда аҳамиятли ишга имкон қадар уриниш вақти келганини ҳам тушуниб етдик.

Ниҳоят, Аллоҳ таолонинг иродаси ила 2014 йил 12 март куни, тонг чоғи, соат 05 дан 17 дақиқа ўтганда баъзи араб тилидаги китоблардан, ўзимизда битилган асарлар ва ин­тернет тармоқларидан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ёзишга жазм этиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраган ҳолда ушбу ишни бошладик.

Фурсатдан фойдаланиб, бу ишни амалга оширишда кўмакчи бўлган азизларимизнинг барчаларига самимий ташаккурларимизни изҳор этамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ишнинг ҳаммамиз учун манфаатли, хайрли ва баракотли бўлишини насиб қилсин!

Албатта, бу оғир ва масъулиятли ишни бажаришда Ўзига ҳожатимиз бор, Ўзига ёлворишимиз бор. Ана шу ҳожатимиз, ёлворишимиз, дуоларимизни қабул айлаб, бу ишни муваффақиятли бажаришимизда Ўзи мададкор бўлсин!

 

 

МУҚАДДИМА

Бу асар, Аллоҳ таоло хоҳласа, Ислом тарихининг мухтасари, яъни қисқача баёни бўлади. Ислом тарихи Одам алайҳиссаломдан бошланади, чунки инсониятнинг бошланиши Одам алайҳиссалом бўлиб, у зот биринчи набий-пайғамбар ҳисобланадилар. Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг зурриётлари бўлмиш бошқа пайғамбарлар эса инсоният тарихининг, бинобарин, Ислом тарихининг асоси саналадилар.

Мусулмон тарихчилар тарихга мурожаат қилар эканлар, одатда, икки услубни йўлга қўйганлар. Биринчиси – тарихда бўлиб ўтган ҳодисаларни кўрган ва билганлардан ривоят қилиш. Қадимда араб халқларининг саводи бўлмаган. Улардан саноқли кишиларгина ўқиш-ёзишни билган. Шунинг учун ҳам улар ўзлари учун керакли бўлган барча маълумотларни ёд олиб, эслаб қолишга уринганлар. Уларнинг ёд олиш қобилиятлари жуда юқори даражада бўлган. Шу боис Қуръони Каримни Аллоҳ таоло ўша халқнинг тилида нозил қилишни ирода этган. Улар Қуръони Карим ва бошқа маълумотларни ҳам энг мустаҳкам ва гўзал тарзда ёдлаб олганлар. Ана шу ёдлаб олган нарсаларининг ичида «айёмул араб», яъни «арабларнинг кунлари» деб номланган машҳур ва алоҳида аҳамиятга молик воқеа-ҳодисалар ва улар содир бўлган саналар – йиллар, ойлар, кунлар ҳам ўрин олган. Улар ўзлари ёдлаган маълумотларни авлоддан авлодга ўтказиб келганлар. Кейинчалик, тарихни ёзишга ўтилганда ҳам аввалгига ўхшаб, воқеаларнинг ўзини ҳикоя қилиш услуби қўлланган.

Иккинчи услуб – бўлган воқеаларни ривоят қилиш билан бирга уларни таҳлил қилишни ҳам йўлга қўйиш.

Демак, тарих ёзишнинг умумий услуби Ислом юртларида икки хил бўлади: қадимги услубга биноан, ҳодисалар бирма-бир айтиб ўтилади, уларга изоҳ ҳам берилмайди, улар таҳлил ҳам қилинмайди. Янги услубда эса ҳар бир ҳодисага изоҳ бериш, уларни таҳлил қилиш йўлга қўйилади. Ҳамма гапларни бирин-кетин маълумот деб келтиришдан узоқ турилади. Эътибор билан қараладиган бўлса, янги услуб ҳам, эскиси ҳам бир-бирини тўлдириб келади. Баъзи ўринларда ҳодисаларнинг ўзини айтиб ўтиш, ўрни келганда эса уларни таҳлил қилиш лозим бўлади. Ҳозирги замон тарихчилари мана шу услубни кенг қўллаб келмоқдалар.

Албатта, мазкур икки услубда битилган тарихда ҳам биринчи бўлиб қадимги тарихдан сўз юритилади.

Қадимги тарих Одам Атодан бошланиб, Муҳаммад алайҳиссаломгача давом этади.

Демак, бу муддатдаги тарих Одам Атодан бошланиб у кишидан тарқалган пайғамбарлар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб келади.

Расул-пайғамбарлар келтирган шариатларнинг ҳаммаси ҳам Ислом дини асосида бўлгани эътироф этилади. Бу гапнинг далили Қуръони Каримда келган.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида шундай марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб расул юборганмиз» (36-оят).

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир» (19-оят).

Бу борада сўз кетганда, аввало, Ислом умматининг таърифини эслаб ўтиш керак бўлади. Илмий равишда тарих давомида Ислом ақийдаси асосида жамланиб келган жамоа «Ислом уммати» дейилади.

Бу умматга мансуб бўлган кишилар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло юборган пайғамбарларга эргашган зотлар – Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васал­ламгача бўлган умматлардир. Уларнинг охиргиси, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, қиёматгача етиб борадиган кишилар жамоасидир.

Ушбу уммат вакиллари Аллоҳ таолога ва Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга иймон келтирган бўлиб, уларнинг ҳаммаси биргаликда Ислом уммати ҳисобланади. Бу ердаги асосий робита, яъни ришта ақийда асосидаги боғланишдир. Унда тил ҳам, замону макон ҳам, насл ва ҳоказолар ҳам эътиборга олинмайди. Асосий меъёр дину диёнат, ақийда экани қайта-қайта таъкидланади.

Турли даврларда Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган динларга кўра яшаганларнинг барча-барчалари бир ном билан – мусулмон деб аталган. Бироқ кейинчалик одамлар баъзи динларни ўша дин юборилган пайғамбарларнинг номлари билан атайдиган бўлиб кетишган.

Динларни, пайғамбарларни ёлғонга чиқарган ва ҳақдан юз ўгирганларнинг кўпчилигини Аллоҳ таоло ҳалок қилган.

 Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари билан Ислом тарихининг «набавий сийрат» қисми бошланади. Бу қисм ҳижратдан 53 йил олдин бошланиб, ҳижрий 11 йили тугайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг ҳаётлари тарихи «Сийрат» деб аталади.

Яъни ҳижрий 11 йилда Расули акрам алайҳиссалоту васса­лом Рафиқул аълога интиқол килганлар. Бу қисм, милодий йил ҳисоби бўйича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йиллари – 571 йилдан у зот алайҳиссаломнинг вафот этган йиллари – 632 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади.

Тарихнинг мана шу даврида Расули акрам алайҳиссалоту вассалом Ислом жамиятини туздилар. Илк Ислом давлатига асос солиб, унга ўзлари раҳбарлик қилдилар. Мадинаи мунаввара шаҳрини эса ана шу давлатга пойтахт қилиб олдилар.

Таъкидлаш лозимки, сийрат деб аталган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари тарихини мусулмонлар жуда яхши билишлари ва ундан гўзал ўрнак олишлари лозим.

Тарихий воқеалар ривожига кўра, Аллоҳнинг дини Ис­лом Арабистон яриморолида тарқалди. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор» (21-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари билан тарихнинг бу қисми ҳам ўз ниҳоясига етади.

Сўнг рошид халифалар даври келади. Бу давр ҳижрий 11 йилдан 41 йилгача милодий ҳисобда 632 йилдан 661 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади.

Расули акрам алайҳиссалоту вассалом қуйидаги ҳадиси шарифда ушбу давр ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги ҳидоятдаги рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутинглар ва унга тиш-тирноқларингиз билан ёпишинглар», дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоят қилишган.

Рошид халифалар даври ҳам инсоният тарихида, ҳам Ислом тарихида ёрқин бир давр бўлган. Бу даврда жуда кўп исломий фатҳлар бўлган. Ислом давлати бағоят кенгайган, жаҳонга донғи кетган диёрлар, жумладан, Форс, Шом[1], Миср ва бошқа ўлкаларнинг халқлари Исломга кирган. Ана шу даврда кишилар исломий таълимотлар асосида ҳаёт кечириб, тўлиқ бахт-саодатга эришганлар.

Рошид халифалар даври тугагач, умавийлар давлатининг ҳукмронлик даври бошланган. Бу давр ҳижрий 41 йил билан 132 йил оралиғидаги муддатни ўз ичига олган, мило­дий ҳисобда 661 йилда бошланиб, 749 йилда тугаган.

Ушбу асрда Ислом давлати жуда ҳам кенгайди. Шу қадар кенг диёрларда битта халифанинг ҳукми юрадиган бўлди. Лекин бу даврга келиб, кишиларнинг Ислом шариатини маҳкам тутиш, унга амал қилиш борасидаги савияси аввалгидан кўра бироз пасайди. Яна таъкидлаб ўтамиз, бу пасайиш бироз эди, холос. Зеро, Расули акрам алайҳиссалоту вассалом ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида ушбу ҳақиқатни очиқ-ойдин айтганлар:

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Энг яхшиларингиз менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар»

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Умматнинг савияси аста-секин пасайиб боришини Ра­сули акрам алайҳиссалоту вассалом ўзларининг мана шу ҳадисларида айтиб қўйганлар.

Умавийлар давридан кейин аббосийлар дақри бошланади. Бу давр ҳижрий 132 йилдан бошланиб, 656 йилгача давом этади, милодий ҳисобда 750-1258 йилларни ўз ичига олади.

Бу муддат мобайнида, яъни аббосийлар даврида, хусусан, аббосийлар даврининг иккинчи кисмида Ислом оламида кўплаб мустақил давлатлар пайдо бўлди. Улар ўзига яраша куч-қувватга, имконият ва турлича йўналишга эга бўлган. Улардан баъзилари Исломга яхши хизматлар ҳам қилишган. Мисол учун, салжуқийлар, зангийлар, айюбийлар, ғазнавийлар, муробитлар шулар жумласидандир.

Ўз навбатида аббосийлар даврида бузғунчи ҳаракатлар ҳам кўп бўлган. Ботинийлар, шийъалар ва бошқа турли фирқалар ўзлари асос солган давлатлари орқали фаолият олиб боришган. Европаликлар Ислом оламига қарши икки юз йил давомида «Салиб урушлари» деган ном остида амалга оширган оғир ва вайронкор ҳарбий юришлар ҳам худди шу даврга тўғри келади. Янги ерларни Ислом диёрига қўшиш, фатҳлар қилиш эса бу даврда жуда кам бўлган.

Аббосийлар даври мўғулларнинг вайронгарчиликка тўла урушлари билан ўз ниҳоясига етган. Мўғуллар Ислом пойтахтини босиб олиб, халифани ўлдириб, аббосийлар давлатини барбод қилишган.

Ислом тарихидаги кейинги давр «мамлуклар даври» деб номланади. Бу давр ҳижрий 658-923, милодий 1259-1517 йилларни ўз ичига олади.

Ушбу даврда бўлиб ўтган энг муҳим воқеалардан бири ваҳший мўғуллар ҳужумининг бостирилиши ва мусулмон юртларда қолиб кетган саноқли салибчиларнинг ҳам йўқотилишидир.

Ислом тарихидаги кейинги давр усмонийлар давридир. Бу давр (Қоҳирага кирган турк султони Салим I ибн Боязидга аббосий халифанинг халифаликдан воз кечиб, тахтни топширишидан эътиборан) ҳижрий 923-1342, милодий 1517-1923 йилларни ўз ичига олади.

Усмонийлар давлати деб аталмиш мазкур Ислом давла­ти ўзининг дастлабки йилларида жуда кўп фатҳларни амал­га оширди. Анчагина ўлкаларни Ислом давлати доирасига киритди. Шарқий Европадаги жуда кўп халқлар мана шу пайтларда мусулмон бўлишди. Жумладан, Венгрия, Албания, Юнонистон, Руминия, Сербия, Болгария каби ҳудудларда фатҳ ишлари бўлиб ўтди. Усмонийлар давлатининг нуфузи шарқий Ислом юртларининг кўпчилигида кенг тарқалди. Усмонийлар давлати амалга оширган ишларнинг энг улуғларидан бири ўша вақтдаги Византия императорлигининг пойтахти Константинополь (Қустантиния) шаҳрининг фатҳ этилиши бўлди.

Усмонийлар давлатининг охирги йилларида мустамлакачилар мусулмонлар орасида миллатчилик фикрини кенг тарқатишга муяссар бўлишди. Мана шу иш исломий халифаликнинг қулашига сабаб бўлди. Мусулмонлар майда-майда давлатларга ажраб, диндан узоқлашдилар. Ўзаро дўстлашолмай, уруш-жанжал ва қирғинбаротга қўл ура бошладилар. Кейин мустамлакачиларга қарши миллий озодлик ҳаракатлари бошланди.

Биз ушбу камтарона сатрлар орқали Ислом тарихидаги маълум бир босқичларни жуда қисқа тарзда ўрганишга ҳаракат қиламиз. Ҳамма тарихчилар иттифоқ қилган умумий ҳодисалар қисқача зикр қилинади, тафсилотларга ўтилмайди. Ана шу баъзи бир тафсилотларда ҳар хил ноаниқликлар ҳам бўлиши мумкинлиги эътиборидан улар четлаб ўтилади. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишда ёрдамчимиз бўлсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,

Тошкент

 

Кейинги ҳафта мавзулари:

 

БИРИНЧИ  БОБ

Қадимги – Ислом шариатидан олдинги тарих ҳақида сўз

БИРИНЧИ ФАСЛ

Одамнинг яратилиши

Шис алайҳиссалом

Идрис алайҳиссалом

Халқларнинг кўчиши

 

[1] Шом – ҳозирда Сурия, Иордания, Ливан, Фаластин ва Исроил давлатлари жойлашган ўлка.

 

Тарих барча ўтган авлодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих орқали тириклар ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қиладилар ҳамда ўзларига зарар етадиган нарсалардан воқиф бўлиб, ундан четда бўладилар.

Ислом тарихи деганда, одатда, Ислом давлатлари ҳамда мусулмон халқларнинг ваҳий нозил бўлган илк даврдан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган илк даврдан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган тарихи назарда тутилади. Аммо аслида ушбу тарих дунё бошланганидан то ҳозирги. Биз яшаб турган пайтгача бўлган даврни ўз ичига олади. Зеро, бу тарих илк инсон, илк пайғамбар – Одам алайҳиссаломдан бошланади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ушбу асари Ислом тарихининг мухтасар баёни бўлиб, муаллифнинг сўнгги китобларидан биридир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ш и о р и м и з :

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 5761-сонли хулосаси асосида тайрёланди.

 

 

Read 10868 times
Top