ШОМ ДИЁРИДАН ЧИҚҚАН НАБИЙЛАР
АЙЮБ АЛАЙҲИССАЛОМ
Ана шундай мураккаб бир даврда Аллоҳ таоло Бану Исроилга Айюб алайҳиссаломни набий қилиб юборди. У зотнинг мол-мулклари, аҳли аёллари кўп эди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломдан уларнинг барчасини олиб қўйиб, бошларига турли мусибатларни солди ва баданларига ҳам дард бериб синади. Айюб алайҳиссаломдан барча юз ўгирди, фақатгина жуфти ҳалоллари – аёллари ҳар қандай вазиятда ҳам у зот алайҳиссалом билан бирга бўлди.
Айюб алайҳиссалом Суриянинг шимолий ўлкаларида бир жойдан иккинчисига кўчиб юриб, кишиларни Аллоҳ таолонинг ибодатига даъват қилдилар.
Айюб алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссаломнинг авлодидирлар.
Қуръони Каримда ҳам, суннати мутоҳҳарада ҳам Айюб алайҳиссаломнинг ўзларига етган мусибатга сабр қилганларидан бошқа ҳаётлари, қавмлари ёки даъватлари ҳақида маълумотлар келган эмас. Шунинг учун биз у зотнинг зикрлари келган ояти карималарни ўрганиш ила кифояланамиз.
«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).
Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта – Аллоҳ. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот уларнинг қаторида Айюб алайҳиссаломга ҳам ваҳий юбориб, у зотни ҳам Ўзига пайғамбар қилиб олди.
Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси, танлаб олган пайғамбаридирлар. Бошқа пайғамбарлар қатори, Аллоҳ таоло у зотни ҳам синовга солган. Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг умматларига ибрат, тасалли бўлиши учун ўша синов ҳақида хабар берилмоқда. Бу синов мол-дунё, аҳли аёл ва саломатлик борасида бўлган. Айюб алайҳиссалом бу синовларнинг ҳаммасига гўзал сабр қилиб, бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан узилмадилар. У Зотга бўлган ишончлари сусаймай, розилигини тилаб турдилар.
Шайтон эса машаққатли синов лаҳзаларида Айюб алайҳиссалом билан бирга қолган барча мухлис кишиларни васваса қилар эди. Ўша мухлислар ичида у зотнинг хотинлари ҳам бор эди. У аёлга ҳам турли томондан васваса қилинарди. Унга: «Агар Аллоҳ Айюбни яхши кўрганида, уни бундай балога гирифтор этмас эди», дейиларди. Бу гаплар Айюб алайҳиссаломга ҳам етиб келди. Хотинлари мазкур гаплардан баъзиларини айтганида, у зот имкон топганларида аёлларини уришга қасам ичдилар.
«Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди» (Сод сураси, 41-оят).
Айюб алайҳиссалом ҳамма нарса Аллоҳ таолодан бўлишини яхши билсалар ҳам, кўнгилсиз нарсани одоб юзасидан шайтонга нисбат бердилар. Шунингдек, бу шикоят билан мухлис кишиларини шайтон васвасага солаётганига, бундан ўзлари ҳам озорланаётганларига ишора қилдилар.
Аллоҳ таоло у зотнинг бу илтижоларига, ёлворишларига муносиб жавоб берди:
«Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)» (42-оят).
Яъни «Оёғинг билан ерни тепгин», деди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига итоат этиб, оёқлари билан ерни тепган эдилар, у ердан сув чиқди.
Демак, шу сувга чўмилган одам шифо топади. Ундан ичилса, ички дардларга даво бўлади. Шундай бўлди ҳам.
Айюб алайҳиссалом мазкур сувда чўмилиб, ундан ичиб шифо топганларидан сўнг Аллоҳ таоло у зотга аҳли оилаларини қайтариб берди. Улар билан бирга яна ўшанча ҳам берди. Бу ишлар қандай амалга ошганини Ўзи билади. Ўлиб кетганларини тирилтирганми, қочиб кетганларини қайтарганми ёки бутунлай янгитдан берганми – бу томони Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум.
Шундай қилиб Айюб алайҳиссалом бутунлай соғайиб кетдилар, аҳли оилалари ҳам икки баробар бўлиб қайтди. Энди учинчи нарса қолди: имкон топганида энг оғир пайтларда ихлос билан ёнида турган вафодор хотинларини уришга қасам ичиб қўйган эдилар, ўша қасамга амал қилиш. Бу мушкул иш эди. Шундай вафодор ва мухлиса аёлни, оғир ва машаққатли лаҳзаларда елкадош бўлган, бало-офатларни бирга тотган йўлдошни мушкул ариганидан кейин юз таёқ уриш керак.
Дарҳақиқат, бу оғир муаммо эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила бу муаммони ҳам ҳал этди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга деди:
«Қўлингга бир дастани олда, у билан ур. Қасамингни бузма». Биз уни сабрли топдик. У нақадар яхши банда! Албатта, у сертавбадир» (44-оят).
Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга қасамларини қандай адо этишни ўргатмоқда ҳамда у зотга Ўзи томонидан бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабабини баён килмоқда:
«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма».
«Эй Айюб, неча марта уришни айтган бўлсанг, ўшанча новдани бир даста қилиб ол-да, у билан хотинингни ур. Шунда қасамингни адо этган бўласан, қасаминг бузилмайди.
Бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабаби:
«Биз уни сабрли топдик».
«Синов келганда, Айюб гўзал тарзда сабр қилди. Бизга бўлган ишончи сусаймади. Бизнинг розилигимизни топишдан бир лаҳза ҳам умидини узмади».
«У қандай хам яхши банда!»
Айюб ниҳоятда яхши бандадир.
«Албатта, у сертавбадир».
Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қайтади.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Айюб алайҳиссаломнинг фарзандларидан бири Зулкифл алайҳиссаломдирлар.
ЗУЛКИФЛ АЛАЙҲИССАЛОМ
Зулкифл алайҳиссалом Айюб алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Бу зот ҳақларида Қуръони Каримнинг икки жойида қисқагина маълумот келган. Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам Зулкифл алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ.
Шунинг учун ўша маълумотлар жой олган Қуръони Карим оятларини ўрганиш ила кифояланамиз.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида қуйидагиларни айтади:
«...ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир» (85-оят).
Таъкидлаганимиздек, Зулкифл алайҳиссалом ҳақларида маълумотлар оз. Анбиё сурасида машҳур пайғамбарлар билан бирга зикр этилишлари у зотнинг пайгамбарлардан бўлганларини кўрсатади. Шу билан бирга, ушбу оятда у зот ҳам сабр қилувчилар қаторига қўшилмоқдалар.
«...ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Улар солиҳлардандир» (86-оят).
Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига киритди, яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.
Аллоҳ таоло Сод сурасида марҳамат қилади:
«Исмоил, Ал-Ясаъ ва Зулкифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир» (48-оят).
Бу уч пайғамбарнинг ҳаётларида ҳам эслашга лойиқ ибратли ҳодисалар бўлиб ўтган. Улар ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ахёрлардан – энг яхши бандалардан бўлганлар.
Ана шу пайғамбарларнинг ҳаётларида, дин йўлидаги фидокорликларида, бало-офатларга, машаққатларга сабрларида, турли синовларга бардош беришларида, мушриклар ва мунофиқлардан келган озорларни кўтара билишларида кўплаб ибратлар бор.
ИЛЁС АЛАЙҲИССАЛОМ
У зотнинг насаблари Ҳорун алайҳиссаломга туташади.
Соффот сурасида Илёс алайҳиссалом ҳақларида қуйидаги оятлар келган:
«Албатта, Илёс ҳам расуллардандир» (123-оят).
Илёс алайҳиссалом Бану Исроилнинг пайғамбарларидан биридирлар. У зот Ҳорун алайҳиссаломнинг наслидан бўлиб, Илёс ибн Ёсин деб аталганлар. Илёс алайҳиссалом Шом ўлкаси, аниқроғи, ҳозирги Ливан давлатидаги Баълабакка шаҳрида яшаб, ўша ердаги Баъл номли санамга ибодат қилувчи бир қавмга юборилганлар ва ўша ерда вафот этганлар.
«Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизми?! Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми? Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби – Аллоҳни-я?!» (124-126-оятлар).
Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар қилиб юборилган Илёс алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби қавмларини тўғри йўлга, Аллоҳнинг ибодатига даъват этдилар.
«Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизми?!»
Илёс алайҳиссалом қавмларини тақводор бўлишга чақирдилар. Шунингдек, қавмларининг Аллоҳга ширк келтириб, санамга сиғинишларини инкор этдилар:
«Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми? Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби – Аллоҳни-я?!»
Уларни Аллоҳнинг ибодатини тарк этмасликка, Унга ширк келтирмасликка чақирдилар. Лекин қавмлари бу чақириқларга қулоқ осмади.
«Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Энди албатта улар (азобга) ҳозир қилинувчилардир» (127-оят).
Қавм Илёс алайҳиссаломни ёлғончи қилди. У зотга иймон келтирмади, у зотнинг айтганларига юрмади, тақво қилмади. Баълга ибодат қилишда давом этди. Аллоҳ таолонинг ибодатини тарк қилди. Шунинг учун
«Энди албатта улар (азобга) ҳозир қилинувчилардир».
Албатта, дўзах азобини тотиш учун ҳозир қилинажаклар.
«Аллоҳнинг танланган бандаларигина мустасно» (128-оят).
Улар жаннатда мукофотларини олишга ҳозир бўладилар.
«...ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик» (129-оят).
Дунё тургунча келадиган авлодлар Илёсни мақтаб, олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик:
«Илёс(ийн)га[1] салом бўлсин». Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз, чунки у мўмин бандаларимиздандир» (130-132-оятлар).
«Шунинг учун иймон тақозоси билан Бизнинг йўлимизда жидду жаҳд қилди ва мазкур олий мақомларга эришди».
Шу ерда Илёс алайҳиссаломнинг қиссалари тамом бўлади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасидаги бир қанча пайғамбарларнинг зикри асносида келган оятлардан бирида:
«...ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари солиҳлардандир» (85-оят) деб Илёс алайҳиссаломни ҳам зикр қилган.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган пайғамбарлар – Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс алайҳиссаломлар зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти каримада «Ҳаммалари солиҳлардандир» ибораси ила васф қилинаётирлар.
Зотан, ҳамма пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.
АЛ-ЯСАЪ АЛАЙҲИССАЛОМ
Қуръони Каримда бу пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари Анъом сурасида бир марта, Сод сурасида бир марта зикр қилинган.
«...ва Исмоил, Ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом сураси, 86-оят).
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларидан катта гуруҳини зикр қилиш давомида Исмоил, Ал-Ясаъ, Юнус ва Лут алайҳиссаломларни зикр этган. Буларнинг алоҳида ажралиб турадиган сифатлари Аллоҳнинг Ўзига аён.
Аммо «Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» дейилишидан улар оламдаги энг афзал зотлар экани маълум бўлмоқда.
Сод сурасидаги Ал-Ясаъ алайҳиссалом ҳақларидаги оят юқорида ўтди. Бироқ У зот тўғрисида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда бошқа маълумот йўқ.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом Илёс алайҳиссаломнинг амакилари Ахтубнинг ўғли бўлганлар. У зотнинг насаблари Юсуф алайҳиссаломда туташади.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом Бану Исроилнинг пайғамбарларидан бўлиб, Илёс алайҳиссаломнинг шариатларига даъват қилганлар. У зотнинг даврларида гуноҳ ишлар ва зулм ниҳоятда кучайган. Ана шундай оғир бир шароитда Ал-Ясаъ алайҳиссалом Шомнинг Баълабакка шаҳрида пайғамбарлик қилганлар ва ана шу заминда вафот этганлар.
ЮШАЪ ИБН НУН АЛАЙҲИССАЛОМ
Баъзи пайғамбарлар борки, исмлари Қуръони Каримда келмаган бўлса ҳам, ҳадиси шарифларда ёки набийлар қиссалари ёзилган мўътабар китобларда келган.
Шундай набийлардан бири Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдир. У зот Бану Исроилга Мусо алайҳиссаломдан кейин раҳбар бўлганлар. Тарихчилар орасида Аллоҳ таолонинг «Мусо ўз хизматкорига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, ҳатто узоқ муддат сарфласам ҳам юравераман», деганини эсла» (Каҳф сураси, 60-оят) деган сўзидаги хизматкор йигит Юшаъ алайҳиссаломдир, деганлар бор.
Ҳорун алайҳиссалом вафот этгач, Бану Исроил саҳродаги маълум ҳудудда зое, саргардон бўлиб, «тийҳ» ҳолатида, яъни адашиб-улоқиб юрди. Аллоҳ таоло уларни жазолаб, Сийно саҳросида адашиб юришни тақдир этди. Мусо алайҳиссалом ҳам ўша пайтда вафот этдилар. Мазкур ҳолат қирқ йил давом этди. Бунинг зикри Мусо алайҳиссаломнинг Мисрда кечирган ҳаётлари ҳақидаги қиссада батафсил келади. Муҳими шуки, Бану Исроилдан ким тирик қолган бўлса, Юшаъ алайҳиссалом билан бирга «тийҳ» ҳолатидан чиқди. Улар Байтул мақдисга боришди. У ерда Юшаъ алайҳиссалом Бану Исроилдан қўшин туздилар. Уларни ўн икки уруғ асосида ўн икки қисмга бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом улар билан бирга бориб Арийҳо, сўнг Байтул мақдисни фатҳ қилмоқчи бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом уларнинг ичида таҳминан 27 йил Аллоҳнинг китоби – Таврот билан ҳукм юритдилар. Юшаъ алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бану Исроил яна залолат ва фисқу фасодларига қайтишди.
Ушбу оралиқ даврда Арабистон яриморолидан кўплаб санъоний жамоатлар келиб, Сурияда қарор топишди. Улар Дамашқ, Ҳамо ва бошқа мамлакатларни тузиб, у ерларга «мустаҳкам ўрнашиб қолишди. Улар бут-санамларга ибодат қилишган. Энг машҳур санамлари Иштор маъбудаси ва Адунис маъбуди бўлган.
ҲИЗҚИЛ (ҲИЗҚИЁЛ) АЛАЙҲИССАЛОМ
Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдан кейин Бану Исроилнинг ишини Ҳизқил алайҳиссалом давом эттирдилар. Аммо у кишининг фаолиятлари узоқ давом этмади. Ҳизқил алайҳиссаломдан кейин Бану Исроил кўплаб фирқаларга бўлиниб кетди ва уларнинг аҳволи ёмонлашди. Бу қавм ер юзида фисқу-фасод билан машғул бўлишди, набийларини қатл этишди. Шу сабабли Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг устидан душманларини ғолиб қилди, улар қатл қилган набийлар ўрнига туғёнга кетган жаббор подшохдарни юборди. Натижада улар Бану Исроилнинг қонини зулм ила тўкишди, беаёв азоблашди. Бану Исроилга Ғазо ва Асқалон аҳли ҳам ғолиб келиб, улардан муқаддас тобутни тортиб олишди.
Шу даврдан бошлаб Бану Исроилдан нубувват кесилди, уларнинг давлати парчаланиб кетди. Иш шу ҳолда давом зтиб, орадан тақрибан тўрт юз йил ўтди. Кейин Аллоҳ таоло уларга Шамвил[2] алайҳиссаломни набий қилиб юборди.
ШАМВИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ
Бану исроилликлар Шамвил алайҳиссаломдан уларга бир подшоҳ тайин этишларини талаб қилишди ва ўша подшоҳнинг раҳбарлиги остида урушда қатнашишларини айтишди. Шунда у зот уларга Толутни етакчи сифатида танладйлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:
«Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг оят-белгиси – сизларга ичида Роббингиздан сандиқ келмоғидир, унда хотиржамлик ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолган қолдиқ бор. Уни фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта, бу нарсада сизларга оят-белги бор», деди» (248-оят).
Бану Исроилга Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини исбот этиш учун уларни қойил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким уддалай олмайдиган бир мўъжиза кўрсатиляпти. Маълумки, Мусо алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бану Исроилга Юшаъ алайҳиссалом раҳбар бўлган эдилар. Ўша пайтда уларни муқаддас ерларидан ҳайдаб чиқарган душманлари бир қанча муқаддас нарсаларини тортиб олишган эди. Мазкур тортиб олинган нарсалар ичида Бану Исроилга хос бир машҳур тобут – сандиқ ҳам бор эди. Мусо алайҳиссалом қачон урушга кирсалар, ўша тобутнинг ўз қўшини олдида боришини таъминлар эдилар. Шунда Бану Исроилнинг қалбига хотиржамлик тушиб, урушдан қочишмасди. Кейинчалик мазкур тобутга Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлардан қолган эсдалик – табаррук нарсаларни солиб қўйишган эди. Жумладан, мазкур тобутда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида берган лавҳлар, у зотнинг ҳассалари, кийимлари, кавушлари, Ҳорун алайҳиссаломнинг саллалари каби нарсалар ҳам бор эди.
Шамвил алайҳиссалом: «Тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, ушбу мўъжизанинг ўзи кифоя қилади», дедилар.
Кейинги оятлардаги маънога қараганда, бу иш рўй бериб, Бану Исроилда ишонч ҳосил бўлганга ўхшайди:
«Толут лашкарлар билан чиққанда, «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синайди. Ким ундан ичса, у мендан эмас ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Аммо биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар ундан (дарёдан) ўтганларида, «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар бнландир», дедилар» (249-оят).
Ниҳоят Бану Исроилнинг урушдан қочмай қолган одамлари Толутнинг Аллоҳ тайин қилган подшоҳ эканига ишонтирилгач, Толут улардан қўшин тайёрлади. Сўнг уруш қилиш вақти етиб келди. Улар жангга отландилар. Шунда Толутнинг ҳақиқий лашкарбоши экани намоён бўлди. У аскарларининг ҳолатини яхши биларди. Улар авваллари мағлубиятга учраб юрган, хорликка кўникиб қолишган эди. Душман эса аксинча, кучли ва ғалабага одатланиб қолган. Ундай душманга ғолиб келиш учун мустаҳкам иродага эга бўлиш керак. Шунинг учун Толут ўз аскарларининг иродасини синаб кўрмоқчи бўлди. Шаҳардан чиққанларида синов шартини эълон қилди:
«Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синайди. Ким ундан ичса, у мендан эмас ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Аммо биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», деди».
Йўлда бир имтиҳон (дарё) учрайди, ким иродаси кучли бўлиб, чанқоқликка чидаб, унинг сувидан ичмаса, синовдан ўтган бўлади – Толутнинг ҳақиқий аскарига айланади. Ким иродасизлик қилиб, дарёнинг сувидан ичиб олса, аскарликка қабул қилинмайди. Бироз сувсизликка чидай олмаган одам урушнинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап. Шу билан бирга, Толут томоқни ҳўллаб олиш учун сувдан бир ҳўплам ичишга рухсат берди.
Юриб бориб, дарёга ҳам етишди.
«Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар».
Кўпчилиги синовдан ўта олишмади. Бундан оғир ишга киришишдан олдин одамларни фақат оғзаки синов эмас, балки амалий синовдан ҳам ўтказиш зарурлиги билиб олинади. Биринчи амалий синовдаёқ Толутнинг қўшини сараси сарага, пучаги пучакка ажради. Синовдан ўтмаганлар ажралиб қолишди.
«У ва у билан бирга иймон келтирганлар ундан (дарёдан) ўтганларида, «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар».
Алҳол, иймонлилар ичида ҳам заифлар пайдо бўлди. Душманга рўбарў келганда ўзларининг озлиги, душманнинг кучли эканини сезиб, урушда қатнаша олмасликларини, бунга тоқатлари йўқлигини баён қилишди. Улар вазиятни ўз тарозиларига солиб кўриб, ғолиб келишларига кўзлари етмади. Шунда ҳақиқий мўминлар, ҳамма нарсани илоҳий ўлчов билан ўлчайдиганлар юзага чиқишди.
«Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар».
Ўзи асл нарса оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам шулар жумласидандир, чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар ва Аллоҳ танлаган муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ундайлар Парвардигори оламга рўбарў бўлишларига қатъий ишонадилар. Шунинг учун ҳамма машаққатларни енгишга тайёр бўладилар. Ҳамма нарса «Аллоҳнинг изни билан» бўлишига ишонадилар. Шунинг учун сонлари оз бўлса ҳам, қўрқмайдилар. Улар Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга эканини яхши биладилар. Аллоҳнинг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.
«Жолут ва унинг аскарларига рўбарў келганларида: «Роббимиз, устимиздан сабр тўккин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», дедилар» (250-оят).
Улар душман билан тўқнашганларида, дуо қилиб Аллоҳдан сўрайдиган нарсаларини сўрашга ошиқдилар. Ўша пайт дуо қабул бўладиган лаҳзадир. Ҳақиқий мўминлар – Аллоҳни ҳеч қачон эсдан чиқармайдилар. Аллоҳнинг кўрсатмасига биноан керакли тадбирларни ишга солиб, ҳамма нapca қўлида бўлган Зотга ёлворадилар.
«Роббимиз, устимиздан сабр тўккин» ибораси сабр ҳудди тўкиладиган нарсадек тасаввур беради. Ҳудди сувни тўккандек бошидан тўкиб юборса, оқиб оёғигача тушади. Энг керакли нарса бўлгани учун мазкур мўминлар энг аввал сабрни тилга олдилар.
«...қадамларимизни собит қилгин...» – «бу улуғ ишда қадамимиз тойилмасин, собит турсин». Бу ҳам Аллоҳнинг ёрдами билан бўладиган иш.
«...ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», дедилар».
Мўминларнинг орзуси кофирлар устидан ғолиб чиқишдир. Уларнинг орзуси рўёбга чиқди.
«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг одамларни бир-бирлари билан даф қилиши бўлмаганида, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламларга фазлу марҳаматлидир» (251-оят).
Толут ва унинг аскарлари Жолут ва унинг аскарлари устидан ғалаба қозонишди. Бу ғалаба, албатта, Аллоҳнинг изни билан юз берди. Ҳеч бир нарса Унинг изнисиз бўлмайди. Аллоҳ Ўз иродасини мўминлар орқали юзага чиқаради.
«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди».
Довуд Толут лашкари ичидаги ёш йигит, Жолут эса катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи лашкарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва лашкарбошининг ёшгина йигитча қўлида ўлим топишини ирода қилди. Бу билан одамларга, агар Аллоҳ хоҳласа, бир ёш йигит ҳар қандай жабборнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шу билан бирга, бу ишнинг ортида бошқа ҳикмат ҳам бор эди:
«Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди».
Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бану Исроилга подшоҳ бўлдилар. Уларнинг подшоҳлик даври «олтин давр» бўлди. Аллоҳ таоло у зотга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Довуд алайҳиссалом;
Сулаймон алайҳиссалом;
Ишаъё алайҳиссалом;
[1] Бу сўз ҳақида баъзи уламоларимиз: «Илёс сўзи «фосила» (оятларнинг охирини бир-бирига ўхшатиш) учун ушбу шаклда келтирилган», десалар. бошқалари «Илёсийн – Илёснинг жами, яъни Илёс ва унга эргашган мўминларга салом бўлсин дегани» деб тафсир қиладилар.
[2] Араб тилида яна Ашмувил, ибронийда Шамуэль, лотин тилида Самуэл, гулада Самуил деб аталади.