Кутубхона

Муборак васиятлар: НАМОЗ МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

 

НАМОЗ МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

Юқоридаги келтирилган ҳадиси шарифда Яҳё (алайҳиссалом) Бани Исроилга етказаётган беш нарсанинг иккинчиси намоздир. Худди шундай Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) келтирган дин – Ислом динининг иккинчи устуни ҳам намоздир.

Абдуллоҳ ибн Умар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) айтади: «Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ислом қуйидаги беш нарсага бино қилинган – Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари эканига чин қалбдан иқрор бўлишга, намозни адо этишга, закот беришга, рамазон рўзасини тутишга, қодир бўлган киши ҳаж қилмоғига”» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу машҳур ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, ҳар бир кишига энг биринчи лозим нарса тавҳид калимасини айтиш ва ундан кейин намозни адо этишдир. Бу олдинги барча пайғамбарлар келтирган динда ҳам худди шу тартибда бўлган. Бунга ҳадисдаги Яҳё (алайҳиссалом) даъвати ҳам далилдир. Демак, Аллоҳ таоло нозил қилган барча дин ва шариатнинг биринчи амри киши тавҳид калимасини тили билан айтиб, дили билан тасдиқ этиши, иккинчи ўринда буюрилган нарса эса намозни адо қилишидир. Намоз жисмоний ибодат бўлиб, у барча ибодатларнинг тожидир, у тилда айтиб, дилда тасдиқ этилган тавҳиднинг амалий тасдиғи, мусулмонликнинг зоҳирий кўринишидир.

Намозни адо этиш ҳар бир аҳли тавҳидга, эркагу аёл – барчасига бирдек қатъий фарз, яъни гарданидаги мўминлик бурчидир.

Намоз, унинг фарзлиги ва фазли ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифлар бисёрдир. Фуқаҳою доно зотларнинг намоз ҳақида девон-девон китоблари ҳисобсиздир. Бу бежиз эмас, албатта.

Чунки намоз диннинг асосий устунидир.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло бандаларига тавҳиддан кейин намоздан кўра Ўзига севикли бўлган нарсани фарз қилмади (яъни, Аллоҳ таолонинг бандаларига энг яхши кўрган фарзи биринчиси тавҳид бўлса, иккинчиси намоздир). Агар на­моздан кўра унга маҳбуброқ нарса бўлганда эди, малоикаларга уни буюрган бўларди, малоикалар эса ўшани адо этишарди. Малои­каларнинг руку қиладиган, фақат саждада турувчи, хушу ила қоим бўлиб турувчи ва доим қаъдада ўтирадиганлари бор”, дедилар.

Яъни, Аллоҳ таоло фаришталарининг унга ана шу ҳолатларда ибодат қилишларини яхши кўради, шунинг учун фаришталарнинг баъзилари доим саждада, баъзилари доим рукуда, бошқалари қиёмда, яна бирлари ўтирган ҳолатда ибодатда бўлишади.

Аллоҳ таоло башариятга ҳам турли хил малоикаларнинг ибодат усулларини ўзида мужассам қилган намозни фарз қилди, намоз билан унга бандалик қилишларини яхши кўрди. Намоз барчага бирдек фарз, магар мажнун, балоғатга етмаган болаларга фарз эмас. Жамиятда тутган ўрни нечоғли баланд бўлса-да, касби ҳарчанд оғир бўлса-да, бемор ёки олис юртларда мусофир бўлса-да, эрки ўзида бўлмаса-да (ҳуши бўлса бас), эркак-аёл – ҳаммага бирдек фарз, ҳар кун беш вақт ўқиш фарздир.

Мусулмонлик даъво қилган ҳар қандай киши учун намоз диний ва илоҳий мажбурият бўлиб, уни чиройли суратда, ўз вақтида адо этиши лозим. Акс ҳолда, оят ва ҳадислардаги ваъидларга мустаҳиқ бўлади. Қиёмат куни аҳволи жуда оғир бўлади, бу нарсадан оят ва ҳадисларда огоҳлантирилган, жумладан:

﴿۞فَخَلَفَ مِنۢ بَعۡدِهِمۡ خَلۡفٌ أَضَاعُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَٱتَّبَعُواْ ٱلشَّهَوَٰتِۖ فَسَوۡفَ يَلۡقَوۡنَ غَيًّا٥٩

«Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олди. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқур» (Марям, 59).

Ушбу ояти каримадан олдинги ояти карималарда улуғ набий ва расуллардан баъзиларининг зикри келади. Улар “Аллоҳ таолога муҳаббатли, ҳассос қалбли, Раббисига итоатли, ҳидоятга эришган ва илоҳий неъматларга сазовор бўлган олиймақом зотлар”, деб таърифланади. Ана шу таърифлардан сўнг Аллоҳ таоло биз келтирган мазкур ояти каримани баён қилади. Яъни, ана шундай садоқатли, тақволи, намоз ва закотларини вақтида адо этадиган зотлар ортидан, уларнинг ўринларига нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилди. Намозни зое қилиш, уни ўқимай, вақтига беэътибор бўлиш энг катта мусибат эканини ушбу ояти каримадан билиб олсак бўлади. Бенамоз одам ҳар қандай ёмонликдан, гуноҳдан тап тортмайдиган бўлиб қолади, шунинг учун мазкур нобакор ўринбосарлар намозни зое қилгани зикр этилгандан кейин шаҳватларига эргашганлари баён этилмоқда. Яъни, улар ҳавойи нафслари нимани истаса, шуни қиладиган бўлишади. Жумладан, ароқхўрлик, зинокорлик, айш-ишрат, ўйин-кулги каби шаҳватлар шулар жумласидандир. Энди улар намозни зое қилиб, нафсларига қул бўлиб юраверади. Оқибат эса улар учун жуда аянчли бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг жазосига гирифтор бўлади. Лекин барибир Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, уларга яна бир бор имкон бериб, тавба эшигини очади:

﴿إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يَدۡخُلُونَ ٱلۡجَنَّةَ وَلَا يُظۡلَمُونَ شَيۡ‍ٔٗا٦٠

«Магар ким тавба қилса ва имон келтириб солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирур ва (уларга) ҳеч зулм қилинмас» (Марям, 60).

Намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб, фақат яшаб юрганлардан ким тавба қилса, инсонга умр фақат яхши еб-ичиш учунгина берилмаганини тушуниб, гуноҳларидан афсус-надомат чекиб, тамомила тўғри йўлга қайтса, имон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка, оғир жазога учрамас, балки у жаннатга кирур. Имонида содиқлиги ва адо этган солиҳ-эзгу амаллари эвазига жаннатий бўлур. Ҳеч қандай зулм-азобга учрамас.

Ўзимиз барча намозларни адо этадиган бўлиб, тўғри йўлда юрганимиздан кейин дилбандларимиз, ўғил-қизларимизга, уларнинг одобига эътибор қаратишимиз лозим.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:“مُرُوا أَوْلَادَكُمْ بِالصَّلَاةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا وَهُمْ أَبْنَاءُ عَشْرٍ وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجِعِ

Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни етти ёшида намозга буюринг! Улар ўн ёшга етганида намоз ўқимаса, уринг ва ётар ўринларини ажратиб, алоҳида қилиб қўйинг”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам масъул. Уларни гўзал адаб-ахлоқли, диёнатли қилиб ўстириш биз ота-оналарга ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбар (алайҳиссалом) бизларни фарзандларимиз олдидаги бурчимиздан келиб чиқиб, уларга намоз таълимини беришга буюрдилар. “Фарзандларингиз етти ёшга етганда намоз ўқисин”, дедилар. Маълумки, фарзанд етти ёшида ҳали ҳам бола ҳисобланади. Кўп нарсага ақли етмайдиган, ўйин-кулгини яхши кўрадиган бўлиши табиий.

Шунинг учун уларга буюрсангиз-у, намоз ўқимаса (ҳадис маъносида тушунилганидек), бу ёшда уларни урманг, қўполлик қилманг, ҳатто сўкинманг ҳам, токи улар безиб қолмасин. Енгил-енгил огоҳлантиринг, ўз навбатида унинг ўқишига таълим-тарбиясига, шулар қатори, намоз адо этишига эътибор бериб боринг, аста-секин назоратни кучайтиринг. Ўн ёшга етганида эса, бир оз муомалани ўзгартиринг, яъни жиддийлаштиринг. Унинг лоқайдлигини айб деб билингда, “адаб таёғи”ни ишга солинг. Онда-сонда жазоланг, токи у бу ёшида ана шундай ишларининг айб-гуноҳ эканини ҳис қилсин. Айбига яраша жазо борлигини билсин. Майли, биздан қўрқиб, намоз ўқийдиган бўлсин, чунки бу бола улғайган сари Раббисидан қўрқиш ҳиссига айланади. Мана шу ҳолда улар аста балоғат ёшига етгунича намозни тўла адо этадиган бўлади. Фарзандларимиз намозхон бўлгани яхши. Чунки намозхондан ҳеч ёмонлик чиқмайди. Ҳатто мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам одоб-ахлоқи билан ўртоқларига намуна бўлади. Балоғат ёшига етишгач, энди уларга ҳам намоз қатъий фарз бўлади. Чунки улар ҳам фарз амаллар буюрилган ёшга етган ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга қилган амри фармонига дохил бўлишади. Яъни, бундан кейинги қилган гуноҳларидан масъул бўлишади.

Аллоҳ таоло барчага қуйидагича амр қилади:

﴿حَٰفِظُواْ عَلَى ٱلصَّلَوَٰتِ وَٱلصَّلَوٰةِ ٱلۡوُسۡطَىٰ وَقُومُواْ لِلَّهِ قَٰنِتِينَ٢٣٨

«(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан, ўрта намозни сақланг (ўз вақтида ўқинг) ва (намозда) Аллоҳга бўйсунган ҳолатда (камтарлик билан) туринг!» (Бақара, 238)

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кунда беш вақт намозни ўз вақтида, ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда адо этишга буюради. Хусусан, “ўрта намоз”га янада эътибор беришимизни таъкидлайди.

“Ўрта намоз” ҳақида муфассирлар ўз китобларида саҳобаи киромлардан ҳар хил ривоятлар келтирган.

Ибн Касир тафсирида ўрта намоз бу бомдод намози дейилган ривоятларни келтириб, Молик (розияллоҳу анҳу) “Муватто” китобида ҳазрат Али ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) гапларини далил қилишини айтади. Аммо Ибн Касир “Ўрта намоз бу аср намози” деган гапни устун деб унга кучли далилларни келтирган. Маҳмуд Алусий эса “Руҳул маоний” тафсирида “ўрта намоз бу пешин намози”, деган гап аниқроқ эканини таъкидлаб: “Аслида ўрта намозни Аллоҳ таоло беш вақт фарз намоз ичига яширган. Қай бири эканини тайин қилмаган, худди “Қадр” кечасини рамазон ойи кечаларига, Исми Аъзамини барча исмларининг ичига, дуо ижобат бўладиган соатни Жума куни соатларининг ичига яширганидек”, деган. Бу билан мўминлар ўрта намоз эътиборида беш вақт намознинг муҳофазасини қилишсин.

عن ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِىَّ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “أَىُّ الْأعَمَالِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ؟قَالَ: “الصَّلاَةُ لِوَقْتِهَاقُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟قَالَ: “بِرُّ الْوَالِدَيْنِقُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟قَالَ: “الْجِهَادُ فِى سَبِيلِ اللَّهِقَالَ: “وَحَدَّثَنِى بِهِنَّ وَلَوِ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِى

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом)дан “Энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен яна сўрадим: “Кейин қайси?” “Аллоҳ таоло йўлида қилинган жиҳод”, дедилар». Ибн Масъуд: “Агар мен яна сўраганимда ул зот менга зиёда қилардилар”, деди (Муттафақун алайҳ).

﴿ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا١٠٣

«Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо,103).

Бу беш вақт намозни ўз вақтида адо этиш фарз, вақтидан ўтказиб адо этиш гуноҳ бўлганидек, вақти кирмасдан олдин ўқиш ҳам гуноҳ (мусофир ҳам намоз вақтига риоя этиши керак). Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо): “Албатта, ҳар бир намознинг тайинли вақти бор, худди ҳаж ибодатининг маълум вақти бўлганидек”, деган.

﴿ٱتۡلُ مَآ أُوحِيَ إِلَيۡكَ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَۖ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ تَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۗ وَلَذِكۡرُ ٱللَّهِ أَكۡبَرُۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا تَصۡنَعُونَ٤٥

«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур» (Анкабут, 45).

Намоз энг улуғ ибодат бўлиб, у мўминнинг меърожидир.

Яъни, намоз Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърожга еттинчи осмондан ўтиб, ҳеч ким кўрмаган ва билмаган илоҳий олам – Сидратул мунтаҳога чиққанларида у зотга ва умматларига фарз қилинган ибодатдир.

Бу ибодатни адо этаётган киши меърожга чиққандек бўлади. Раббисига яқин туриб, у билан суҳбат қуради. Анас ибн Молик, Абу Заррдан (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) ривоят қилинган Меърож воқеаси ҳақида узун бир ҳадисни Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида келтирган. Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг бундай сўзлари бор: “Кейин мен яна юқорига кўтарилдим, қаламларнинг (ёзганда чиқадиган) овозини эшитиб турдим (яъни ўша жойда фаришталарнинг Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани унинг амрига биноан ёзишаётган пайтда чиқадиган овозни эшитдилар). Шу вақт Аллоҳ таоло менга ва умматимга бир кеча-кундузда эллик вақт намозни фарз қилди”. (Мусо (алайҳиссалом) маслаҳати билан Муҳаммад (алайҳиссалом) ўша жойга қайта-қайта қатнадилар.) Аллоҳ таоло эллик вақт намозни беш вақт намозга туширди ва айтди:

“У (намоз) беш вақт фарз бўлди, (аммо унинг савоби) эллик вақт намознинг савобига баробар, Менинг ҳузуримда сўздан қайтилмайди” (Яъни, Аллоҳ таоло кунига ўқилган беш вақт намозга эллик вақт намознинг, бир вақтга ўн вақт баробарида савоб беришга сўз берди. Ана шу сўзи ўзгармас). Бу биз ожиз мўминларга Аллоҳ таолонинг бениҳоя улуғ марҳаматидир.

Намозда турган киши Аллоҳ таолонинг ҳозир-нозирлигини, Аллоҳ таоло билан роз айтишаётганини ҳис қилиши керак, мана шундай ҳис билан ўқилган намоз фаҳш-мункар ишлардан эгасини қайтаради.

“Эҳсон нима?” деган саволга Пайғамбар (алайҳиссалом): “Эҳсон – Аллоҳ таолога Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, гарчи сен Аллоҳ таолони кўрмаётган бўлсанг-да, Аллоҳ сени кўриб туради”, деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Имон аломати бўлмиш намоз Аллоҳ таолонинг буйруғи – фарз бўлибгина қолмай, руҳий-маънавий очликка озуқа, дардга даво, жисмоний касалликка шифо, қалбга нурки, у нур юздан балқиб туради, хато-камчилик, айбу нуқсонларга эса каффорат, Аллоҳ таоло у билан хунук гуноҳларимизни кечириб юборгай! Даргоҳи илоҳийда даражамизни оширгай, чунки Ислом устуни бўлган бу намозда турли ибодатлар мажмуаси мужассам: Аллоҳ таолога итоаткорона қуллик қилиш, унга шукрона айтиш, дуою илтижо, дунё ва унинг ишларидан қибла томон юз буриш, ҳамда Пайғамбар (алайҳиссалом)га салавот-салом айтиш мавжуд ва фаришталар хулқини ҳам шу намоз ичида топгаймиз.

Пайғамбар (алайҳиссалом) кунлик беш вақт намоз хатоларга каффорат бўлишини бундай тушунтирдилар.

أرَأيْتُمْ لَوْ أنَّ نَهْرَاً بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ ، هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ؟ قالوا : لا يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ، قَالَ : فَذلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الخَطَايَا

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаи киромлардан: “Менга айтинглар-чи, бирингизнинг уйи олдидан анҳор оқиб ўтган бўлса ва ҳар куни шу анҳорда беш марта ювиниб турса, унинг баданида кир қолдирадими?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ, умуман кир қолдирмайди”, деб жавоб берди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мана шу (анҳорда беш бора чўмилиш) кунда беш вақт намознинг мисоли, Аллоҳ таоло улар сабаб хатоларни ўчиради”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бирга қиш яқинлашган кунларнинг бирида бир дарахт олдида турган эдим. Дарахт япроқларининг кўпи тўкилиб бўлган ва яна тўкилмоқда эди. Шунда ул зот марҳамат қилдилар: “Эй Абу Зарр!” Мен: “Лаббай, ё Расулуллоҳ?” дедим. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, бир мўмин Аллоҳ таолонинг розилиги учун намоз ўқиса, унинг гуноҳлари худди шу дарахт япроқларидек тўкилади”, дедилар».

Мулла Али Қорий: “Ушбу ҳадиси шарифдаги “важҳаллоҳ”дан мурод, Унинг розилиги учун, холис Аллоҳ таоло учун ўқиса, шул тариқаки, унда ҳеч қандай риё-сумъа бўлмаслиги ва улар билан бирор шахсий ва дунёвий манфаат қасд қилинмаслиги, балки улар билан фақат Аллоҳ таолонинг амрига итоатни қасд қилиши керак”, деб шарҳлаган.

Мана шу ҳолда адо этилган намоз ўз-ўзидан гуноҳларнинг тўкилиб кетишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди ва бир бегона аёлни ўпиб олганини баён қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга ҳеч нарса демадилар, Раббининг амрини кутдилар. Бир оздан сўнг аср намозини адо этдилар. Шу вақт Аллоҳ таоло: “Куннинг икки тарафида ва кечанинг маълум соатларида намозни адо этинг, албатта, (намозга ўхшаш) ҳасанотлар (кичик) гуноҳларга каффорат бўлади”, деб ваҳий қилди.

Ушбу ояти каримани эшитганлардан бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом)дан: “Ё Расулуллоҳ, бу ваъда фақат у учунми?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Йўқ, фақат унга эмас, балки барча умматим учундир”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: كنتُ عِندَ النبيِّ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وسَلَّم فجاءه رجلٌ فقال: “يا رسول الله، إني أصَبْتُ حَدّا فأقمه عليَّ ولم يسألْه قال: “وحَضَرَتِ الصلاةُ فصلَّى مع النبيِّ صلى الله عليه وسلم فلما قضى النبيُّ الصلاةَ قام إليه الرَّجُلُ فقال: “يا رسول الله، إني أصَبْتُ حَدّا فأقم فيَّ كتابَ اللهقال: “أليس قد صَلَّيتَ معنا؟قال: “نعمقال: “فإنَّ الله قد غَفَرَ لك ذَنْبَك أو حَدَّك”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида эканимда, бир киши ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Мен ҳад уриладиган гуноҳ қилиб қўйдим, бас, менга ҳад уринг, жазо беринг!” деди. Пайғамбар (алайҳиссалом) ундан ҳеч нарса сўрамадилар. Шунда намоз вақти бўлиб қолди. Ҳамма Пайғамбар (алайҳиссалом)га иқтидо қилган ҳолда намоз адо этди, намоз тугагач, мазкур киши яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб: “Ё Расулуллоҳ! Мен ҳад уриладиган гуноҳ қилиб қўйдим, бас, мени Қуръон ҳукмига кўра жазоланг!” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен биз билан бирга намоз ўқимадингми?” дедилар. У киши: “Ҳа, ўқидим”, деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “У ҳолда, бор кетавер! Аллоҳ гуноҳингни (ҳадингни) кечириб юборди”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Нававий айтади: “Катта гуноҳларга намоз каффорат эмас. Аҳли сунна вал жамоада гуноҳи кабиралар тавба қилиш билан ёки Аллоҳ таолонинг фазли билан кечирилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳузурида Пайғамбар (алайҳиссалом) шариатида эвазига улкан ажр-савоблар ваъда қилинган ибодат бўлмиш намозни тўла ва вақтида адо этувчилардан бўл. Зеро, Аллоҳ таоло огоҳлантирган:

﴿فَوَيۡلٞ لِّلۡمُصَلِّينَ٤ ٱلَّذِينَ هُمۡ عَن صَلَاتِهِمۡ سَاهُونَ٥

«Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини “унутиб” қўяди» (Моъун, 5). Ушбу оятда зикр қилинганлар қаторида бўлиб қолмаслик лозим. Улар намозларини ўз вақтидан ортга сурадиган кишилардир. Балки сен, эй биродарим, Аллоҳ таоло айтган:

﴿رِجَالٞ لَّا تُلۡهِيهِمۡ تِجَٰرَةٞ وَلَا بَيۡعٌ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِ وَإِقَامِ ٱلصَّلَوٰةِ وَإِيتَآءِ ٱلزَّكَوٰةِ يَخَافُونَ يَوۡمٗا تَتَقَلَّبُ فِيهِ ٱلۡقُلُوبُ وَٱلۡأَبۡصَٰرُ٣٧

«...кишилар бордир, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олар. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқур» (Нур, 37), деб таърифлаган комил мўминлардан бўлгин. Омин, ё Раббал оламин!

Намоз улуғ ибодат бўлгани учун уни адо этаётган чоғимизда фарз, вожиб, суннат амалларига, ҳатто, мустаҳабларига ҳам эътибор берайлик. Намоз одобларига риоя қилайлик. Ўзимизни илоҳий меърожга чиқишга тайёрлайлик. Аввало, чиройли таҳорат олиб, кейин қиблага юзланиб, ният қилайлик. Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва буюклигини ёдга олайлик.

Биринчи такбирни айтиб намозга киргандан кейин, намоз рукнлари: қиём, қироат, руку, сажда ва қаъдаларни тўлиқ бажариб, уларнинг орасини озгина тўхташ ва ҳаловат билан ажратайлик. Умуман, қулоқ қоқиб намозга киргач, то салом бергунча хушу – ботиний қўрқув – синиқлик билан, хузу – зоҳирий қўрқув, хокисор ҳолда бўлайлик. Чунки намозни бир жасадга қиёслаб кўрсак, унинг руҳи, жони – хушу, хузу бўлади. Жонсиз, руҳсиз жасад ҳеч кимга фойда бермаганидек, хушу, хузусиз ўқилган намоз ҳам фойдасиз бўлиши мумкин. Шунинг учун намознинг доим руҳи бўлсин. Ана шу ҳолда ўқиладиган намоздан бизни ҳеч нарса, ҳеч қандай машғулот тўса олмайди. Намозда турган пайтда у ён-бу ёнга юз буриб қарамаслик керак. Чунки Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мўмин намоз ўқиб турган ҳолида Аллоҳ таоло ҳам унга юзланиб турган бўлади. Агар юзини бурса, Аллоҳ таоло ҳам ундан юз буради, яъни рад этади”, деганлар.

Намозда илтифот – юз буриш ҳақида ҳанафий мазҳабимизда бундай дейилади: “Бўйинни буриб, ўнг ёки чапга қараш – макруҳ амал, кўз қорачиғининг ўзи билан қарашнинг эса зарари йўқ. Аммо гавда қисми билан қибладан бошқа томонга бурилиш намозни ботил қилади. Яна қиёмда турган ҳолингда ўнг ва чап оёғингга дам бериб, ўнгу сўлга мойил бўлиб турма. Чунки бу хузуга зиддир. Шунинг учун у макруҳ саналади, фақат хатмоналарда макруҳ эмас”.

“Сизлар намозда тек туринглар, яҳудийлардек дам у ёнга, дам бу ёнга мойил бўлмангиз!”

Адо этаётган намозни Аллоҳ таолонинг ҳузурига йўллаётгандек ўйлайлик, бунинг учун оламларнинг ягона Раббисига йўллаётган туҳфамиз бенуқсон, гўзал суратда бўлиши керак.

Қуйидаги ҳадиси шарифга эътибор бериб, унга амал қилайлик.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши масжидга кирди. Пайғамбар (алайҳиссалом) масжид (хонақоҳи)нинг четида ўтирган эдилар. Кирган киши намоз ўқиди. Кейин Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдиларига келиб, салом берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг саломига алик олиб: “Қайт, бориб намозингни бошқатдан ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг”, дедилар. У киши қайтиб бориб намоз ўқиди, сўнг келиб яна салом берди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ва алайкас салом, бор, қайта намоз ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг”, дедилар. Ҳалиги киши учинчи ёки тўртинчи мартасидан кейин: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга ўргатинг (намозни қандай ўқий)”, деди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Агар намоз ўқишга турсанг, мукаммал тарзда таҳорат қил, кейин қиблага юзлан, “Аллоҳу акбар”, дегин, кейин қодир бўлганингча Қуръони каримдан қироат қил, кейин рукуга бор, токи руку ҳолингда хотиржам тур, сўнг бошингни кўтар, токи тўғри текис бўл (яъни тик тур), шундан кейин саждага бор. Сажда қилган ҳолингда хотиржам тур, кейин саждадан қайтиб, хотиржам ҳолда бир оз ўтир, кейин яна саждага бор. Сажда қилган ҳолингда хотиржам тур (саждадан туришга шошилма)”, дедилар». Бошқа бир ривоятда бундай дейилган: “Кейин қиёмга тур, шундан сўнг ҳар бир намозингни мана шу ҳолда адо эт” (Муттафақун алайҳ).

Абу Масъуд Бадрий ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сажда ва рукусида орқасини (белини) тик қилмаган кишининг намози намоз эмас”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Юқоридаги ҳадиси шарифда намозни шошилмай адо этишга тарғиб, мукаммал намоз қандай бўлишини билдириш бор. Биринчи ҳадиси шарифда Пайғамбар (алайҳиссалом) хонақоҳда ўтирганларида бир киши келиб тез, енгил-елпи қилиб, икки ракат намоз (таҳийятул масжид) ўқиди. Пайғамбар (алайҳиссалом) уни кузатиб турдилар. Барча ишларда, айниқса, ибодатларда мукаммаллик, мусаффолик бўлишини хоҳлаган Сарвари коинот у киши ўқиган бу намозини ва шу кўринишда ўқишини истамадилар. У зот башариятнинг муаллими бўлганлари учун у кишига намознинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиб ўқиладиган намозни тушунтирдилар ва намозни доим шундай шошилмай ўқишга буюрдилар. (Иккинчи ҳадиси шарифда ҳам юқоридаги маъно янада ёрқинроқ ифодаланди. Намознинг барча ўринларида хотиржамлик, тўғрилик, унинг мукаммаллиги ва савоби кўп бўлишига сабаб бўлади.)

Қавма – рукудан қайтгач, саждага кетишдан олдин гавда ва белни тик қилиб, бир оз туришдир.

Жалса – икки сажда орасида гавда билан белни тик қилиб бир оз ўтиришдир.

Кўпчилик намозхонлар умуман эътибор қилмайдиган, руку ва сажда қилган ҳолатдаги хотиржамлик, қавма ва жалса Шо­фиъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳимаҳумаллоҳ) наздида фарз амал ҳи­собланади. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)да суннати муак­кададир. Баъзилар вожиб деган. Афсуски, кўпчилигимиз намоз­нинг суннатларига, тартиб ва қоидаларига риоя қилмай, номига, енгил намоз ўқишга одатланганмиз. Адо этаётган намозимиздан ҳаловат, завқ олиш йўқ, чунки намознинг ҳикматларидан беха­бармиз. Унинг вожибу суннатларига ўта бепарвомиз. Ҳатто намоз макруҳларинигина эмас, балки намозни бузувчи амалларни ҳам бил­маймиз.

عن أَبِي قَتَادَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “أَسْوَأُ النَّاسِ سَرِقَةً الَّذِي يَسْرِقُ صَلاتَهُقَالُوا: “يَا رَسُولَ اللَّهِ، كَيْفَ يَسْرِقُ صَلاتَهُ؟قَالَ: “لا يُتِمُّ رُكُوعَهَا وَلا سُجُودَهَا”.

Абу Қатода (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ўғрилар ичида энг ёмони намоз ўғрисидир”, дедилар. “Намоз ўғриси ҳам бўладими, намоздан қандай қилиб ўғирлайди, ё Расуллулоҳ?” деб сўрашди. “Руку ва саждасини тўлиқ қилмайди(ган киши намоз ўғрисидир)”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларидаги мунофиқлар мажбурликдан, зўр-базўр, бепарво ҳолда намоз ўқиган. Шунинг учун улар намоздаги ҳаловатни сезмаган. Биз мўминлар эса, барча арконлари, суннату мустаҳабларига эътибор бериб, унинг лаззатини топишимиз лозим. Чунки бу буюк ибодат банда билан Раббисини боғловчи энг мукаммал илоҳий риштадир. Уни боғламоқчи бўлган ҳар бир мўмин бунга ўта жиддийлик билан ёндашмоғи керак.

Пайғамбар (алайҳиссалом) ва саҳобалар ҳақиқий ором ҳамда ҳузур-ҳаловатни намоздан олганлар.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Менинг кўзим қувончи намоздир”, дер эдилар.

Тарихдан маълум, Пайғамбар (алайҳиссалом) мушриклар билан боғлиқ кўп кўнгилсиз воқеалардан сўнг намоз ўқиб, кўнгилларини кўтарардилар. Ушбу оятга амал қилардилар:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱسۡتَعِينُواْ بِٱلصَّبۡرِ وَٱلصَّلَوٰةِۚ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ١٥٣

«Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара, 153).

Қоронғи кунимизни ёритиш, ғам-ташвишни аритиш, сиқилган кўнглимиз очилиши учун хотиржам ҳолда намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан мадад сўрайлик. Айниқса, фарз намозларини вақтида ўқишга ҳаракат қилайлик. Дунё ишлари ва ҳар хил машғулотларни деб намозларни қазо қилмайлик. Борди-ю, ухлаб қолиб, эсимиздан чиқиб намоз вақтини ўтказиб юборсак, дарҳол қазосини адо этиб, истиғфор айтайлик. Фарзнинг қазосини ўқиш ҳам фарз.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلَّى الله عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “مَنْ نَسِىَ صَلاَةً أَوْ نَامَ عَنْهَا فَكَفَّارَتُهَا أَنْ يُصَلِّيَهَا إِذَا ذَكَرَهَاوفي رواية: “لَا كَفّارَةَ لَهَا إلَّا ذَلِك”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ким намозни унутса ёки ухлаб қолса, бас, унинг каффорати эсига тушгач (ёки уйғонгач), адо этишидир”, дедилар». Бошқа бир ривоятда: “Унинг каффорати шу (эсига тушгач адо этиши)дир”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

Намоз мўмин киши учун нақадар муҳим эканига қуйидаги ҳадис ёрқин далолат бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Қиёмат куни инсон энг биринчи намоздан сўралади. Умри мобайнида гарданига фарз бўлган барча намозни адо этган бўлса, у албатта, нажот топади. Борди-ю, намоздан қарздор бўлиб чиқса, зиёнга учрайди. Барча нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билса-да, малоикалардан сўрайди: “Қаранглар-чи, (бандамнинг номаи аъмолига) фарзга қўшимча ўқиган нафл намозлари борми?” Қаралади, агар унда нафл намози бўлса, Аллоҳ таоло: “Бандамнинг қазо намози ўрнини нафллари билан тўлдиринг”, деб марҳамат қилади. Ундан кейин бошқа амаллари шунга қараб ҳисоб-китоб қилинади”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

عن أبي أُمامَةَ قَالَ: سَمِعتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَخطُبُ في حجَّةِ الوداع يقول: “أيُّها النَّاس، اتَّقوا الله وصلُّوا خمسَكم وصُوموا شَهرَكم وأدُّوا زكاةَ أموالِكُم وأَطيعوا ذا أمركم تدخلوا جنَّة ربكم”.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (алайҳиссалом) видолашув ҳажида хутба қилиб бундай деганларини эшитдим: “Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинг! (Беш вақт) намозингизни адо этинг, (Рамазон) ойида рўза тутинг, молу мулкингиз закотини (камбағал, мискинларга) беринг ва ишингизга бош бўлиб турганга итоат қилинг! (Шуларга амал қилганингиздан сўнг) Раббингизнинг жаннатига киринг!”» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Чиройли суратда адо этган намозларимиз, Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, чин дилдан, Аллоҳ учун берган закотларимиз, ҳамда раҳбарларга бўлган итоатимиз сабаб Аллоҳнинг жаннатига киришимиз мумкин экан. Аслида, банданинг қилган ҳар қандай амали, гарчи у солиҳ амал бўлса-да, уни жаннатга олиб кира олмайди. Илло, Аллоҳ фазлига олсагина, у жаннатга кира олади. Аллоҳ фазлини амаллари гўзал бўлган, ибодатли кишилар умид қилса бўлади.

Чунки Қуръони каримда: «Бас, (шу дунёда солиҳ) амал қилувчиларнинг (жаннатдаги) мукофоти нақадар яхшидир!» (Зумар, 74) дейилган.

Эй ҳар бир ишга қодир Аллоҳ! Бизларни беш вақт намозни тўла адо этадиган, доим зикрингни қиладиган қалби салим, фазлу карамингга эришадиган бандаларингдан қилгин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Рўза – бадан закоти;

Read 3964 times
Top