Кутубхона

Муборак васиятлар: ЗАКОТ – МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

Аллоҳ азза ва жалланинг инсониятга, ҳаётларида бевосита татбиқ этиб, икки дунё саодатига эришишлари учун нозил қилган барча шариатида молиявий ибодат – садақа бериш фарз қилинган. Жамиятнинг мол-мулк эгалари бўлмиш бойлари, унинг кам таъминланган аъзоларига моддий ёрдам кўрсатишлари диний вазифалари ҳисобланган. Аллоҳ таоло охирзамон умматларига ҳам садақанинг махсус кўринишини фарз қилди ва уни закот деб номлади. Албатта, закотда ҳам бошқа ибодатларда бўлганидек маънавий, руҳий ҳикматлар бор.

Бандаларни яратиб, уларга барча неъматларни ато қилган фақат Аллоҳнинг Ўзи, демак, молу дунёни берган ҳам у Зотдир. Шундай экан, банда Аллоҳнинг мол-дунё билан боғлиқ имтиҳонидан ўтиши керак. Аллоҳ таолонинг амрини молдан устун қўйиб, закот берадими ёки мол-дунёсига қул бўлиб, уни, муҳаббатини Раббисидан устун қўядими?

Аллоҳ азза ва жалла ана шундай имтиҳони билан сирот кўпригидан ўтадиганни йиқиладигандан ажратиб олади.

Закот ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзасидан олдин фарз қилинган. Закотнинг қатъий фарзлиги Қуръон, суннат ва ижмо билан собитдир. Ким мўмин бўлатуриб, намоз ўқиб, закотнинг фарзлигига рози бўлмаса, диндан чиққан ҳисобланади. Пайғамбар (алайҳиссалом) вафотларидан кейин закот беришдан бош тортган қабилалар билан биринчи бўлиб халифа Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) бошлиқ барча саҳобалар қаттиқ курашган.

“Закот”нинг луғавий маъноси ўсмоқ, кўпаймоқ, покламоқ, деган маъноларни англатса, шаръий маъноси: махсус важҳда, кўринишда, белгиланган мол-мулкдан маълум миқдорини чиқариб, кимгадир бериладиган нарсанинг исми закот дейилади. Бугунги куннинг истилоҳи билан айтадиган бўлсак, закот – жамият аъзоларига, яъни мўминларга юклатилган молиявий мажбуриятдир.

Қуръони каримда “закот” сўзи ўттиз мартадан ортиқ зикр қилинган бўлса, шулардан йигирма еттитасида намоз бирга келган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларида ҳам закотга катта эътибор берилган.

وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَٱرۡكَعُواْ مَعَ ٱلرَّٰكِعِينَ٤٣

«Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва руку қилувчилар (намозхонлар) билан бирга руку қилингиз (намоз ўқингиз)» (Бақара, 43).

وَمَآ أُمِرُوٓاْ إِلَّا لِيَعۡبُدُواْ ٱللَّهَ مُخۡلِصِينَ لَهُ ٱلدِّينَ حُنَفَآءَ وَيُقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُواْ ٱلزَّكَوٰةَۚ وَذَٰلِكَ دِينُ ٱلۡقَيِّمَةِ٥

«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) йўлдир» (Баййина, 5).

Юқоридаги ҳар икки ояти каримада закот сўзи улуғ ибодат – намоз сўзига қўшилиб келмоқда.

Қуръони каримнинг бир неча оятларида закот намоздан кейинги ўринда келтирилган. Бу закотнинг шартлиги намоз мажбуриятидан кам эмаслигига далилдир. Демак, намоз қанчалик фарз бўлса, закот ҳам шунчалик фарз.

خُذۡ مِنۡ أَمۡوَٰلِهِمۡ صَدَقَةٗ تُطَهِّرُهُمۡ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيۡهِمۡۖ إِنَّ صَلَوٰتَكَ سَكَنٞ لَّهُمۡۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ١٠٣

«Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Тавба, 103).

Закотнинг молу мулкка боғлиқ ҳикматлари:

Закоти берилган мулк – бойлик (камбағаллар ҳақидан) покланади ва баракали бўлишига – кўпайишига сабаб бўлади. Турли офатлардан сақланади.

Закот берувчининг ўзига тааллуқли ҳикматлари эса: энг аввал Аллоҳ таоло ҳузурида саховатли, итоатли мўмин банда деб мақталади, хулқи сахийлик фазилати билан зийнатланади. Нафс бахиллигидан тозаланади. Гуноҳларига каффорат бўлади. Камбағаллар ичида ҳурмати ошади. Қиёмат кунида эса, бошига соябон бўлиб, юқори даражаларга эришади.

Закотнинг рукни ихлос, яъни молнинг закотини бераётган мўминнинг қалбида, бу молиявий ибодати фақат Аллоҳ розилиги учун, деган ўй-фикр бўлиши керак. Закотдаги ихлос шундай бўлади, бу ихлосни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ихлос Аллоҳ таоло билан банданинг ўртасидаги сирдир. Мўмин киши қиладиган барча ибодатларининг илдизи ана шу сирдан суғорилган бўлиши лозим.

Айниқса, закот ибодатида, у молиявий-моддий ашёлар билан бажариладиган ибодат бўлгани учун шайтон осонгина қалб сирини, яъни ихлосни ўмариб, ўрнига шахсий манфаатлардан иборат ўй-фикрларни жойлаб қўйиши мумкин. Натижада эса, миқдори қанча кўп закот берилган бўлса-да, закот берувчига унинг заррача савоби ҳам, закот ҳикматлари ҳам бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун закот берувчи бой кишилар бунга йўл қўймасликлари керак, бунга эътибор беришлари шарт.

Закот, унинг фазли ва ажри ҳақида, кўплаб ҳадиси шарифлар муътамад китобларда келтирилган, масалан:

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)ни (9-ҳижрий йил охирида) Яманга (амир қилиб) юбораётганларида: “Сен (эй Муоз!) аҳли китоблар жамоасига боряпсан. (Борганингдан сўнг) уларни “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ”ни тасдиқ этишга чақир. Улар сенга итоат этиб, буни тасдиқ этишгач, Аллоҳ уларнинг зиммасига ҳар кеча-кундуз беш вақт намозни фарз қилганини уларга билдир, бас, улар бунга (ҳам) итоат этишса, Аллоҳ уларнинг зиммасига бой кишилардан олиниб, муҳтожларга тарқатиладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдир. Агар улар итоат этишса, бас, сен уларнинг қимматбаҳо молларини олма, (сен, эй Муоз, уларнинг ичида қози бўлиб юрар экансан) бировга зулм қилиб унинг қарғишига қолишдан сақлан, чунки мазлумнинг дуоси билан Аллоҳнинг ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳурматларига, севгиларига сазовор бўла олган мадиналик машҳур саҳоба. Пайғамбар (алайҳиссалом) у кишини Яман аҳлига ўзларидан элчи, яъни Ислом арконларини ўргатадиган муаллим, ўрталарида ҳукм чиқарадиган қози этиб юбордилар. Улуғ Пайғамбар (алайҳиссалом) олийгоҳида таълим олиб, олим бўлиб етишган Муоз Яманга жўнашидан олдин яна бир бор Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳикматларидан баҳраманд бўлди. Бунда Муоз (розияллоҳу анҳу) яманликларга Аллоҳнинг фарзларини бирданига юкламасдан, таълим самарасини оширадиган усулда, навбатма-навбат, секин-аста, шошилмасдан даъват қилиши баён қилинган эди. Илм-фан ривожланган бугунги кунда таълим тизимида кенг қўлланиладиган ушбу самарали анъанани ўн тўрт аср олдин инсониятга ҳар соҳада намуна бўла олган зот Муҳаммад (алайҳиссалом) қўллаган эдилар.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандалари учун ҳозирлаб қўйган жаннатлари ичида энг аълоси Фирдавс номли жаннат бўлиб, у ҳақда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сиз (эй мўминлар), Аллоҳдан жаннатул Фирдавсни сўранг, чунки у жаннатларнинг энг аълосидир”, деганлар.

Фирдавсга меросхўр бўладиган мўминлар, қайси амаллари эвазига меросхўр бўлиб, унда абадий қолишлари Муъминун сурасида батафсил баён қилинган:

ٱلَّذِينَ يَرِثُونَ ٱلۡفِرۡدَوۡسَ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ١١

«Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидир» (Муъминун, 11).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминлар нажот топишини очиқ-ойдин ваъда бермоқда. Ҳали нажотга эришмаган мўминларнинг ўтган замон феълида “ҳақиқатан нажот топдилар”, дейилиши уларнинг қуйидагиларга амал қилсалар, охиратда нажот топишлари аниқлигини билдиради.

ٱلَّذِينَ هُمۡ فِي صَلَاتِهِمۡ خَٰشِعُونَ٢

  1. «Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир» (Муъминун, 2). Намозни хушу билан ўқимайдиган, қалбида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш ва сокинлик ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин ва тезда ўзини ўнглаб олсин.

وَٱلَّذِينَ هُمۡ عَنِ ٱللَّغۡوِ مُعۡرِضُونَ٣

  1. «Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчилардир» (Муъминун, 3). Беҳуда сўз, беҳуда иш, тафаккур, ҳис-туйғу, умуман, барча беҳуда нарса учун мўмин кишининг қалбида жой йўқдир. Унинг қалби Аллоҳнинг муҳаббати, зикри, фикри ва Аллоҳнинг амрини тафаккур этиш билан банд бўлади.

وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِلزَّكَوٰةِ فَٰعِلُونَ٤

  1. «Улар закотни адо қилувчилардир» (Муъминун, 4). Мўминлар ўз шахслари, ибодатлари ва қалбларинигина эмас, мол-мулкларини ҳам поклаб юради. Мазкур амал молдан закот чиқариб, ҳақдорга бериш билан бўлади. Зеро, “закот” сўзи ҳам поклаш маъносини билдиради. Яратган Хожасига молиявий ибодат қилади. Ана шундагина нажотга эришишнинг шартларидан бирига амал қилган бўлади. Молидан ҳақдорларга закот чиқариб бермаган одам бу мартабани умид қилмаса ҳам бўлади.

Демак, Пайғамбар (алайҳиссалом)дек зотнинг ишқлари тушган Фирдавс жаннатига эга бўлиб, унда абадул-абад қоладиган мўминлар бошқа солиҳ амаллар қатори, қодир бўлишса, молларининг закотини ҳам ўз ҳақдорларига берган бўлишлари лозим. Албатта, Ислом рукнларининг ҳар бири, жумладан, закот ҳам, уни ихлос ила адо этувчи бандани Раббисига яқин қилади.

Ояти карима ва ҳадиси шарифларда закотларини берган бойларга ажру азимлар ва яхши ваъдалар берилиши билан бирга, унга қодир бўлатуриб, бу илоҳий мажбурият гарданига тушишига ярайдиган ҳолатда бўлатуриб, ундан бош тортган, бермаган мўминларга қаттиқ ваъидлар ҳам айтилган, ҳалокатли оқибатдан огоҳлантирилган, худди шу маънодаги тарихий воқеалар ҳикояси ҳам баён қилинган, токи бошқалар ибрат олсин, насиҳатлансин!..

Ушбу мазмундаги оятлардан бирида Аллоҳ таоло бундай дейди:

۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِنَّ كَثِيرٗا مِّنَ ٱلۡأَحۡبَارِ وَٱلرُّهۡبَانِ لَيَأۡكُلُونَ أَمۡوَٰلَ ٱلنَّاسِ بِٱلۡبَٰطِلِ وَيَصُدُّونَ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِۗ وَٱلَّذِينَ يَكۡنِزُونَ ٱلذَّهَبَ وَٱلۡفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ فَبَشِّرۡهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٖ٣٤ يَوۡمَ يُحۡمَىٰ عَلَيۡهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَتُكۡوَىٰ بِهَا جِبَاهُهُمۡ وَجُنُوبُهُمۡ وَظُهُورُهُمۡۖ هَٰذَا مَا كَنَزۡتُمۡ لِأَنفُسِكُمۡ فَذُوقُواْ مَا كُنتُمۡ تَكۡنِزُونَ٣٥

«Эй имон келтирганлар! (Аҳли китоблар ичидаги) руҳоний ва роҳибларнинг кўпи одамларнинг молларини ноҳақлик билан ейди ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсади. Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида “хушхабар” беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: “Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!” (дейилади)» (Тавба, 34–35).

Ояти каримада “канз”ни муфассирлар: – жамлайдилар, йиғадилар, деб таржима қилган.

“Аллоҳ йўлида сарфламайдилар”дан мурод, закотни бермасликларидир.

Бу фикрга “Сунани Абу Довуд”даги ушбу ҳадиси шариф далил бўлади:

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мазкур ояти карима нозил бўлгач, бу мўминларга оғир келди, саҳобалар ташвишга тушди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Мен бунга аниқлик киритаман”, деб, Пайғамбар (алайҳиссалом)га бориб: “Ё Расулуллоҳ! Бу оят саҳобаларингизга оғир бўлди?!” деди. Пайғамбар (алайҳиссалом) Умарга: “Аллоҳ таоло закотни (закоти берилган) мол-мулкдан қолганини поклаш учун фарз қилди. (Яъни тилло-кумуш ва бошқа мол-мулкнинг закоти берилса бўлди, уларни кўпайтиришда сизга гуноҳ йўқ)”, дедилар.

Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг бу жавобларидан Умар (розияллоҳу анҳу) хурсанд бўлди, ҳатто, такбир айтиб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна: “Сенга киши қўлга киритадиган нарсалари ичида энг хайрлисидан хабар берайми?” деб, “Унга қараганда хурсанд қиладиган, иш буюрилса, итоат қиладиган, эри йўқлигида (унинг молинию шаънини) муҳофаза қиладиган солиҳа аёлдир”, дедилар» (Абу Довуд).

Чунки саҳобалардан ҳам давлатманд, тиллою кумушлар жамғарган бой кишилар бўлган.

Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Олтину кумуш жам­лайдиган кишилар”, деб бошланган ояти карима нозил бўлгач, биз Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бир сафарда эдик. Саҳобаларнинг баъзиси: “Олтин, кумуш ҳақида гап шу бўлса, бизга қайси мол яхшироқ экан, қай бири манфаатлироқ экан. Билганимизда эди, ўшани маҳкамроқ ушлар эдик”, деди.

Пайғамбар (алайҳиссалом) уларга жавоб бериб: “Сизларга энг яхши мол – Аллоҳни зикр қилувчи тил, шукр қилувчи қалб ва диёнат ишларига ёрдам берадиган солиҳа, мўмина аёл!” дедилар (Имом Термизий ва Ибн Можа).

Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсон умри мобайнида эга бўладиган нарсалар ичида энг афзалини, саодатуд-дорайнга элтадиганини қисқа ва лўнда қилиб баён қилдилар. Теран фикрлаб кўрган соф имонли мўмин, дунё имтиҳонларидан йиқилмай ўтишида, охиратда нажотга эришишида ана шу уч нарса киши ҳаётида не чоғли зарур эканини ҳис қилади. Буни ҳар бир мўмин Аллоҳдан кўпроқ сўраши лозим. Аллоҳ кимга бу уч нарсани насиб этган бўлса, албатта, уларнинг қадрига етиши керак бўлади.

Мўминлар онаси Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Мен тоза тилло тақинчоқ тақардим. Бу ҳақда: “Ё Расулуллоҳ, шу ҳам конми?” деб сўрадим. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нисобга етгач, унинг закоти берилса, бас, у кон эмас”, дедилар». (Абу Довуд, Ҳоким ва Байҳақий).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Закоти адо этилган мол-дунё хазина эмас”, дедилар» (Имом Табароний ва Байҳақий).

Шу маънони таъкидловчи яна бир ҳадисда бундай дейилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ким олтин-кумуш йиғса ва уларнинг закотини адо этмаса, қиёмат куни ўтдан тамға қилинади ва ёнбошига, пешонасига ҳамда орқасига босилади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Аллоҳ бир бандага мол-дунё берса, у банда молининг закотини бермаса, қиёмат куни шу моли заҳри ўткирлигидан боши ялтираб кетган, кўзининг устида иккита қора нуқтаси бор қўрқинчли илонга айлантирилади. Илон унга ўралиб уни бўға бошлайди. Кейин оғзининг икки чеккасидан тишлаб: “Мен сенинг мол-давлатингман, мен сенинг закотини бермаганинг олтин ва кумушларингман”, дейди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳадисларини тугатишлари ҳамон ушбу оятни ўқидилар:

وَلَا يَحۡسَبَنَّ ٱلَّذِينَ يَبۡخَلُونَ بِمَآ ءَاتَىٰهُمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦ هُوَ خَيۡرٗا لَّهُمۖ بَلۡ هُوَ شَرّٞ لَّهُمۡۖ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُواْ بِهِۦ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۗ وَلِلَّهِ مِيرَٰثُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۗ وَٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرٞ١٨٠

«Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади. Осмонлар ва Ернинг мероси Аллоҳга (қолур). Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир» (Оли Имрон, 180) (Имом Бухорий).

Динимиз таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол-дунё унга Аллоҳ таоло ўз фазлидан берган омонатдир. Ўзининг меҳнати, донолиги билан эришган бўлса ҳам бу меники, пешона терим, ҳеч ким хўжайин эмас, деб ўйламасин. Ўзи ҳам, молу дунёси ҳам Аллоҳ таолоники, Аллоҳ хўжайин, шунинг учун молини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфлаши, энг аввал закотини бериши, Рамазонда фитр садақа ва бошқа ихтиёрий инфоқ-эҳсонлар қилиб туриши керак. Ана шунда нафс бахиллигидан сақланиб қолади. Ким: “Домлалар айтаверади, ота-боболаримиз: “Ема-ичма, бўл бахил, бой бўлмасанг, мен кафил! Бировга бериш тугул емай-ичмай йиғавер, бой бўласан, деб бежизга айтишмаган” деган “доно” фикрга ёпишиб олган бўлса ва сарф қилишдан қочиб тўпласа, у бахиллик қилган бўлади. Бу бахиллик ўз эгасини дўзахга олиб боради. Бахиллик ўзига яхши бўлиб кўринади. Сиртдан қараганда, бахиллик молни муҳофаза қилади.

Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишдан асрайди, лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, ўлиб кетгач, шундоқ қолади, қолганда ҳам бахиллик билан тўплагани учун ўзига бало-офат бўлиб қолади. Аллоҳ таоло уни бахиллик билан тўплаб қўйган мол-мулкининг ўзи билан жазоламайди, жазо кўриниши юқоридаги ҳадисда айтилди. Ким бу фоний ва бевафо дунёда бир нарсани қаттиқ яхши кўриб уни Аллоҳ ва Расулидан, унинг итоатидан юқори қўйса, яъни ўшани деб, Аллоҳ таолога бўйсунишдан қолса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни худди шу севган нарсаси билан жазолайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Саховатли киши Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир, бахил киши Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга эса яқиндир. Ўзи жоҳилу, бироқ сахий киши Аллоҳга севиклироқдир, обид бўлсада, бахил бўлган кишидан кўра”, дедилар» (Имом Термизий).

Аллоҳ таоло бандаларининг ботинини ва зоҳирини яхши биладиган Зотдир. Бахилнинг бахилона тушунчасини ҳам, ишларини ҳам, сахийнинг ҳам барча амалларини ҳисоблаб борадиган Зотдир. Ҳеч кимнинг ҳеч нарсаси У Зотдан махфий қолмас.

Закот олтин, кумушдан, савдо учун боқилаётган мол-ҳоллардан, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотдан, нақд пуллардан, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қиймати берилади. Кундалик аслий ҳожатига кирадиган нарсалар қўшилмайди. Кундалик аслий ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой, машина, соғин сигир, уй ичини безаш учун қўйилган матоҳлар, бисотда ўғил-қизга аталган совға-сарполар, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.

Кимда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса, у кишига закот фарз бўлади:

Биринчидан, моли нисобга етган бўлиши керак. Нисоб: мол-мулкнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати томонидан ҳар йили Рамазонда тайин қилинадиган маълум миқдорга етиши. Фатво ҳайъатидагилар закот нисобини шариатга мувофиқ ҳанафий мазҳаби асосида белгилаб, эълон қилади.

Диний идора ходимлари ҳар йилги закот нисобини 20 мисқол тилло нисобига кўра ҳисоблаб, эълон қилади. 20 мисқол тилло ҳозирги кунда 85 гр тиллога тенг дейилади. Демак, тиллонинг нисоби 85 гр бўлиб, шунча тиллоси бор одамга закот фарз бўлади. Ёки 85 гр тиллонинг қийматига тенг маблағи, маҳсулоти бор одамга унинг закоти фарз бўлади.

Кумушнинг ҳам нисоби бўлиб, илгари 200 дирҳам бўлган. Ҳозир ҳисоб бўйича 200 дирҳам кумуш 595 гр га тенг.

Демак, кимнинг тиллоси нисобга етиб, бир йил тўлса ёки шунга қиймати тенг молга бир йил тўлса, унга закот фарз бўлади. Ана шу молнинг қирқдан бирини ҳақдорга чиқариб беради. Молидан закотини ажратаётганда шуни ният қилади.

Иккинчидан, нисобга етган молга бир йил тўлган бўлиши керак. Бир йил тўлмаган молдан закот бериш фарз эмас.

Учинчидан, ана шу нисобга етган, бир йил тўлган мол (ёки пули) эгасининг қўлида, ихтиёрида, тасарруфида турган бўлиши лозим. Йўқотилган, бировдан ололмаётган молидан ҳам закот берилмайди.

Тўртинчидан, закот бериладиган молда эгасининг тижорат нияти бўлиши керак, яъни сотишни, ундан моддий фойдани кўзлаган киши шу нарсасидан ҳам закот беради. Агар сотиш нияти бўлмаса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, унга закот берилмайди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналарга закот берилмайди.

Закот олишга ҳақдорлар ким? Кимларга закот берса бўлади?

Буни Аллоҳ таоло белгилаб қўйган:

۞إِنَّمَا ٱلصَّدَقَٰتُ لِلۡفُقَرَآءِ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱلۡعَٰمِلِينَ عَلَيۡهَا وَٱلۡمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمۡ وَفِي ٱلرِّقَابِ وَٱلۡغَٰرِمِينَ وَفِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِۖ فَرِيضَةٗ مِّنَ ٱللَّهِۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ٦٠

«Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошно қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлидагилар ҳамда йўловчиларга (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли Зотдир» (Тавба, 60).

Ушбу ояти каримада закот бериладиган саккиз тоифа баён қилинди.

  1. Фақирлар – нисобга етмайдиган нарсаси бор киши.
  2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши.
  3. Садақа йиғувчи – атрофлардан закотларни йиғиб, кучини, вақтини шунга сарф қиладиган кишилар. Шу хизматларига яраша йиғилган закотдан маълум миқдорда уларга бериш мумкин.
  4. Қалбларини Исломга мойил қилиш – баъзи қабила бошлиқларига закотдан улуш бериш. Пайғамбар (алайҳиссалом) вақтларида, ул зот худди шундай қилганлар.
  5. Бўйинларини қулликдан озод қилиш. Мукотаб қулни озод бўлиши учун берилади. Мукотаб: хўжайини билан маълум миқдордаги маблағни тўлаш эвазига озод бўладиган қул.
  6. Қарздор киши. Гарданида катта қарзи бор, тўлашга маблағи йўқ киши.
  7. Аллоҳ йўлидаги мўмин. Бунга Аллоҳ учун, унинг йўлида юрганлар киради.
  8. Йўловчи мусофирларга. Ўзга юртда юрган мусофир киради. Ўз юртида кўпгина маблағи бўлса ҳам.

Мана шу юқоридаги саккиз тоифа ҳақдорлардан бирига ёки бир нечтасига хоҳлаганча закот берса бўлади. Улардан бошқа жойга закот берилмайди, акс ҳолда, у закот ҳисобланмайди. Закот ибодатини адо этувчи, шунингдек, қўшимча хайр-садақа берувчи мўминларга Аллоҳ таоло улуғ ажрларни ваъда қилади:

ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُم بِٱلَّيۡلِ وَٱلنَّهَارِ سِرّٗا وَعَلَانِيَةٗ فَلَهُمۡ أَجۡرُهُمۡ عِندَ رَبِّهِمۡ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٢٧٤

«Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар» (Бақара, 274).

Ояти каримадаги кечаю кундуз сўзидан мурод, ҳар қандай вақтда, имкон бўлган пайтда қилиш кўзда тутилган, пинҳона ва ошкора сўзидан мурод, хайру эҳсон, баъзан яширин тарзда ва баъзан (иложсиз) ошкора тарзда қилинадигани бор. Никоҳ, ақиқа ва бошқа шунга ўхшаш тўй зиёфатлари кўпчилик иштирокида, эълон қилиб ўтказилади. Шунингдек, Ислом арконларидан бўлмиш закотни ҳам бошқаларга ибрат мақсадида ошкора берган афзал дейилган. Ихтиёрий хайр-садақалар эса яширин, махфий қилингани афзал, шу даражада-ки, ўнг қўл берганни чап қўл билмасин.

Ушбу ояти карима, ундаги ваъда закот берувчига ҳам, ихтиёрий хайру эҳсон қилувчига ҳам тегишли, шу шартлар биланки, ҳар қандай хайру садақа Аллоҳ йўлида холис бўлсин, ҳалол мол ва ҳалол йўл билан топилган молдан бўлсин ҳамда муносиб ўринга бўлсин. Эҳсон қилувчида заррача ҳам риё, фахр бўлмасин, қилган эҳсони ортидан миннат ва азият етказмасин, чунки миннат ва таъна ёки риё қилинган эҳсоннинг савобини йўққа чиқаради. Бу ҳақда Қуръонда очиқ-ойдин маълум қилинган:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تُبۡطِلُواْ صَدَقَٰتِكُم بِٱلۡمَنِّ وَٱلۡأَذَىٰ كَٱلَّذِي يُنفِقُ مَالَهُۥ رِئَآءَ ٱلنَّاسِ وَلَا يُؤۡمِنُ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِۖ فَمَثَلُهُۥ كَمَثَلِ صَفۡوَانٍ عَلَيۡهِ تُرَابٞ فَأَصَابَهُۥ وَابِلٞ فَتَرَكَهُۥ صَلۡدٗاۖ لَّا يَقۡدِرُونَ عَلَىٰ شَيۡءٖ مِّمَّا كَسَبُواْۗ وَٱللَّهُ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٢٦٤

«Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай!» (Бақара, 264)

Аллоҳга ва охиратга ишонмаган кишининг қиладиган яхши ишларига, инфоқ-эҳсонларига бировлар кўрсин, мақтасин деб обрў орттиришга ўхшаш, ҳар хил дунёвий мақсадлар сабаб бўлиши табиий. Ахир улар Аллоҳга ва охиратга ишонмаганларидан кейин қиладиган ҳар қандай эзгу ишлари Аллоҳ йўлида эмас, балки ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида бўлади. Шундай экан, ояти каримада айтилганидек, улар қиёматда ҳеч қандай савоб ололмайди.

Аллоҳга ва охиратга ишонган мўминларнинг ичларидан ана шулардек қилган яхшиликлари, берган закоту инфоқ-эҳсонлари эвазига ҳеч қандай дунёвий мукофот олиш насиб этмайдиганлари ҳам бўлади. Чунки улар ўша эзгу амаллари ортидан, масалан, закотларини берганларидан кейин миннат, таъна қилган бўлади. Ана шундай ҳолатлар бўлмаслиги учун Аллоҳ таоло бизларни огоҳ қилди. Миннат қилмасликка ва озор бермасликка буюрди. Мўминдан содир бўладиган закот ва шунга ўхшаш барча солиҳ амаллари Аллоҳ розилиги учун бўлишига, агар шундай бўлса, унга бериладиган ажр-савоби қуйидагича бўлишини баён қилади:

مَّثَلُ ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنۢبَتَتۡ سَبۡعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنۢبُلَةٖ مِّاْئَةُ حَبَّةٖۗ وَٱللَّهُ يُضَٰعِفُ لِمَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٌ٢٦١

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайди, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 261).

Аллоҳ йўлида молларни инфоқ-эҳсон қилишнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда васф қилинмоқда. Сиртдан қараганда хайр-эҳсон қилган, закот берган кишининг молу дунёси камайганга ўхшайди. Аслида эса, худди ерга экилиб, ўзини фидо қилган бир дона донга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб кўпайганидек, Аллоҳ йўлида сарфланган мол ҳам бир неча баробар кўпайиб кетади. Аллоҳнинг ўзи уни кўпайтириб беради. Донни мисол келтиришдан мақсад, Аллоҳ таолонинг йўлида сарф қилинган биргина нарса етти юзтага кўпайишига урғу беришдир.

Кейинги ояти каримада Аллоҳ йўлида мол сарфлашнинг одоби, шарти ҳақида сўз кетади:

ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ ثُمَّ لَا يُتۡبِعُونَ مَآ أَنفَقُواْ مَنّٗا وَلَآ أَذٗى لَّهُمۡ أَجۡرُهُمۡ عِندَ رَبِّهِمۡ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٢٦٢

«Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсаларига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Раббилари ҳузурида улуғ ажр бордир. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар» (Бақара, 262).

Демак, бировларга қилган яхшилигимиз, берган садақа-закотларимиз учун бир неча зиёдаси билан ажр олишимизнинг шарти, ўша кишига миннат қилмаслигимиз, унга мутлақо озор бермаслигимиз, уни камситмаслигимиздир. Мақтов ҳам, миннат ҳам ёлғиз Аллоҳга хос бўлиб, ожиз банданинг миннати худди ҳасаддек яхши ишларини еб битиради, йўқ қилади. Шунинг учун миннат қилиш ўрнига қилган ҳар қандай яхшилигимизни унутишимиз лозим, айнан шу нарса қиёмат куни нажот топишимиз, Аллоҳ ваъда қилган етти юз баробар савоб олишимиз ва у куннинг хавф-хатарларидан омонда бўлишимиз аломатидир. Юқоридаги шартларга амал қилолмаган банда, яъни риё ва миннатдан холи садақа қилиш қўлидан келмаган кишининг яхши гапириши ёки кечиримли бўлиши ҳам садақа бўлади.

۞قَوۡلٞ مَّعۡرُوفٞ وَمَغۡفِرَةٌ خَيۡرٞ مِّن صَدَقَةٖ يَتۡبَعُهَآ أَذٗىۗ وَٱللَّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٞ٢٦٣

«(Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир» (Бақара , 263).

Ортидан озор келадиган садақанинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ундан кўра бир оғиз ширин сўз ва кечиримли бўлиш яхшироқдир. Чунки бир оғиз бўлса ҳам ширин сўз қалбга таскин беради, кишини руҳан кўтаради. Кечириш эса, ҳасад ва ёмонликни ювиб ташлаб, ўрнига муҳаббат ва дўстликни солади. Бас шундай экан, албатта, бу ишлар кетидан озор келадиган садақадан яхшироқ.

“Аллоҳ беҳожат ва ҳалим Зотдир”, яъни У бой – бировнинг садақасига муҳтож эмас. У Ҳалимдир – бандалари ношукрлик қилсалар ҳам, уларнинг гуноҳини ўтиб, ризқларини бераверадиган Зотдир.

Мазкур оятлардан кўриниб турибди, агар бир солиҳ амалимиз учун холислик асосий мезон экан. Акс ҳолда, қилган амалимиз зое бўлар экан. Аллоҳ бирор бандасига омонликни зое қилишни истамайди. Магар бошқалар ўз ниятлари ва амаллари билан зое қилсалар ҳам.

وَأَنَّ ٱللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجۡرَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ١٧١

«...ва албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажр-мукофотини зое қилмас» (Оли Имрон, 171).

Закот ҳақидаги рисоламизга қуйидаги ҳадиси шариф билан якун ясаймиз.

Ҳасан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Молларингизни закот билан ҳимоя қилинг, беморларингизни садақа билан даволанг. Балолар тўлқинига хокисорлик ила дуо ва илтижолар билан пешвоз чиқинг”, дедилар» (Абу Довуд).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Зикр ва зикр қилувчининг фазилати;

Read 3215 times
Top