Кутубхона

Расулуллоҳ  (с.а.в.)нинг  муборак васиятлари: ИККИНЧИ КИТОБ ИККИНЧИ ВАСИЯТ (1-қисм)

 

عن سويد بن الحارث الأزدي قال: قدمت على رسول الله صلى الله عليه وسلم وأنا سابع سبعة من قومي فسلمنا على رسول الله صلى الله عليه وسلم فرد علينا فكلمناه فأعجبه كلامنا وقال: “ما أنتم؟قلنا: “مؤمنونقال: “لكل قول حقيقة فما حقيقة إيمانكم؟قلنا: “خمس عشرة خصلة خمس أمرتنا بها وخمس أمرتنا بها رسلك وخمس تخلقنا بها في الجاهلية ونحن عليها إلى الآن إلا أن تنهانا يا رسول اللهقال: “وما الخمس التي أمرتكم بها؟قلنا: “أمرتنا أن نؤمن بالله وملائكته وكتبه ورسوله والقدر خيره وشرهقال: “وما الخمس التي أمرتكم بها رسلي؟قلنا: “أمرتنا رسلك أن نشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له وأنك عبده ورسوله ونقيم الصلاة المكتوبة ونؤدي الزكاة المفروضة ونصوم شهر رمضان ونحج البيت إن استطعنا إليه السبيلقال: “وما الخصال التي تخلقتم بها في الجاهلية؟قلنا: “الشكر عند الرخاء والصبر عند البلاء والصدق في مواطن اللقاء والرضاء بمر القضاء وترك الشماتة بالمصيبة إذا حلت بالأعداءفقال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “فقهاء أدباء كادوا أن يكونوا أنبياء من خصال ما أشرفهاوتبسم إلينا ثم قال: “أوصيكم بخمس خصال ليكمل الله لكم خصال الخير: لا تجمعوا ما لا تأكلون ولا تبنوا ما لا تسكنون ولا تنافسوا فيما غدا عنه تزولون واتقوا الله الذي إليه تحشرون وعليه تقدمون وارغبوا فيما إليه تصيرون وفيه تخلدون) رواه الحاكم وأبو نعيم في “الحلية” والبيهقي في “الزهد” والخطيب في “التاريخ”(

Сувайд ибн Ҳорис Аздий ривоят қилади: «Мен қавмимдан етти кишининг ичида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бордим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салом бердик, алик олдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан гаплашдик. Гапларимиз у зотни ажаблантирди ва биздан: “Сизлар кимсизлар?” деб сўрадилар. “Мўминлармиз”, дедик. “Ҳар бир гапнинг ҳақиқати бўлади, сизлар (гапингиз ва) имонингизнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадилар. “Ўн беш хислат: бештасини бизга ўзингиз буюргансиз, бештасини элчилар орқали буюргансиз ва қолган бештасини биз ўзимиз жоҳилиятдан бери қилиб келамиз. Ё Расулуллоҳ, агар булардан қайтарсангиз, биз қайтамиз”, дедик. “Сизларга буюрганим беш хислат нима экан?” дедилар. “Бизни Аллоҳга, фаришталарига, (туширган) китобларига, (юборган) элчиларига ва тақдирнинг яхши, ёмонига имон келтиришга буюргансиз”, дедик. “Элчиларим орқали буюрган беш хислат нима экан?” дедилар. “Бизга элчиларингиз орқали ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва шубҳасиз, сиз Унинг бандаси ва элчиси эканингизга иқрор бўлиш, фарз намозларини барпо қилиш, закотни адо этиш, Рамазон рўзасини тутиш ва йўлга қодир бўлсак, ҳаж амалларини бажаришни буюргансиз”, дедик. “Жоҳилиятдан бери хулқ қилиб олган беш хислатингиз нима?” дедилар. “Хурсандчиликда шукр, қийинчиликда сабр қилиш, (душман билан) тўқнашганда садоқатли бўлиш, қазо-қадар аччиқлигига розилик ва душманга мусибат етганда хурсанд бўлмаслик”, дедик. “(Сиз) олим ва фақиҳларсиз, бу улуғ хислатлар билан пайғамбарлик мақомига етишувингизга оз қолибди”, деб, бизга табассум қилдилар. Сўнг: “Аллоҳ сизларга яхшилик хислатларини мукаммал қилиши учун мен ҳам яна беш хислатни сизларга васият қиламан: (агар айтганингиз каби бўлсангиз,) емайдиган нарсаларингизни йиғманглар, ўзингиз яшамайдиган иморатларни қурманглар, эртага (ўлганингиздан кейин) айрилиб қоладиган нарсалар устида талашиб-тортишманглар, Унинг ҳузурига йиғиладиган ва Унгагина борадиганингиз Зот – Аллоҳдан қўрқинглар, унга қайтадиганингиз ва унда абадий қоладиганингиз (жаннат)га киришга инти­линг­лар”, дедилар» (Ҳоким, Абу Нуъайм “Ҳиля”да, Байҳақий “Зуҳд”да, Хотиб “Тарих”да ривоят қилган).

Юқоридаги васиятда келтирилган ўн бешта хислат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматида содир бўлган. Сувайд ибн Ҳорис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига етти киши билан кириб келиб, Ислом динининг асослари бўлмиш имон ва амал каби муҳим масалалар ҳақида сўз юритган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг сўзларини тасдиқлаганлар. Охирги бешта хислат, яъни жоҳилият давридан қолган яхши амаллар Ислом дини келгач унут бўлмаган, аксинча, улар бошқа хислатлар билан тўлдирилиб, камолга етказилган. Бу эса, Ислом динининг нақадар бағрикенг дин эканини кўрсатади.

عن حَكِيم بن حِزَامٍ رضي الله عنه قَالَ: قلت: “يَا رَسُولَ اللَّهِ، أَرَأَيْتَ أُمُورًا كُنْتُ أَتَحَنَّثُ بِهَا فِي الْجَاهِلِيَّةِ مِنْ صَدَقَةٍ أَوْ عِتَاقَةٍ أَوْ صِلَةِ رَحِمٍ أَفِيهَا أَجْرٌ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “أَسْلَمْتَ عَلَى مَا أَسْلَفْتَ مِنْ خَيْرٍ

Ҳаким ибн Ҳизом (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ, мен жоҳилият даврида садақа бериш, қул озод қилиш ва қариндош-уруғлар билан алоқани мустаҳкамлашга одатланган эдим. Нима дейсиз, бу ишларимдан (менга) савоб борми?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен олдинги яхши ишларинг билан (бирга) Исломга кирдинг”, дедилар (Манҳалул ҳадис, 2-жилд, 114-бет).

Ҳақиқий мўмин киши имонини нафақат сўзда, балки амалда ҳам кўрсатиши лозим.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган:

﴿وَمِنَ ٱلنَّاسِ مَن يَقُولُ ءَامَنَّا بِٱللَّهِ وَبِٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَمَا هُم بِمُؤۡمِنِينَ٨ يُخَٰدِعُونَ ٱللَّهَ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَمَا يَخۡدَعُونَ إِلَّآ أَنفُسَهُمۡ وَمَا يَشۡعُرُونَ٩ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٞ فَزَادَهُمُ ٱللَّهُ مَرَضٗاۖ وَلَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمُۢ بِمَا كَانُواْ يَكۡذِبُونَ١٠

«Одамлар орасида шундайлар ҳам бор, улар: “Биз Аллоҳга ва охиратга имон келтирдик”, дейди. Ваҳоланки, ўзлари мўмин эмас (балки мунофиқдир). Улар (бу билан) Аллоҳни ва имон келтирганларни алдамоқчи бўлади. Лекин ўзлари сезмаган ҳолда ўзларинигина алдайди. Уларнинг дилларида иллат (шубҳа ва такаббурлик) бор. Аллоҳ уларга (шу) иллатни зиёда қилди. (Мўминмиз, деб) ёлғон гапириб юрганлари учун уларга (охиратда) аламли азоб бордир» (Бақара, 8–10).

Мунофиқларнинг асосий сифатлари юқоридаги оятларда зикр қилинмоқда. Улар Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирдик, мўмин бўлдик, деб мўмин кишига лозим бўлган икки буюк эътиқодни айтади. Аслида эса, улар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонмайди.

Демак, қалбидаги йўқ нарсани бор, деб кўрсатиш мунофиқликдир. Ояти каримада улар ақида масаласининг боши бўлмиш Аллоҳга имонни ва сўнггиси охиратга имонни даъво қилиб, шу билан гўё ақида бобида ҳамма нарсага ишонамиз, демоқчи бўлади.

Мунофиқлар ўзларича тўқиб олган нарсаларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тилларидан гапиришдан ҳам тойишмайди. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтмаган сўзларни у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбат бериш жуда оғир гуноҳдир.

Ҳадиси шарифда:

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: أن النبيَّ صلى الله عليه وسلم قال: “اتَّقُوا الحديثَ عني إلا ما عَلِمْتُم، فمن كَذَبَ علَيَّ مُتَعَمِّدا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقعَده من النَّارِ وَمن قال في القرآن بِرأْيِهِ فَليتَبَوَّأْ مقعده من النار”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг номимдан билмаган ҳадисингизни сўзлашдан қўрқинг. Ким менинг номимдан қасддан ёлғон ҳадис айтса, жойини дўзахдан ҳозирлаб олсин ва ким Қуръон оятларини ўз раъйи билан тафсир қилса, у ҳам жойини дўзахдан тайин қилибди”, дедилар» (Имом Термизий).

Мунофиқлар қалбларида имон бўлмаса ҳам, ёлғон даъво ила Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлади. Лекин бундан кимга фойда бор? Зарар уларнинг ўзларига-ку. Демак, улар сезмаган ҳолда ўзларини алдаяпти. Чунки Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчидир. Уни алдаб бўлмайди. Мўминлар ҳимоясини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам ушбу оятда “Аллоҳни ва мўминларни”, деб уларни Ўзи билан бир сафга қўймоқда.

Демак, мўмин-мусулмонларга душманлик Аллоҳга душманлик билан тенг. Мунофиқлар нега бундай қилади? Чунки уларнинг қалбларида мараз-касаллик бор. Уларнинг ичи бузуқ. Касал ўзига касални чақиради деганидек, уларнинг қалблари касал бўлгани учун Аллоҳ таоло ҳам уларнинг касалини зиёда қилиб қўйган. Улар қалбларида йўқ нарсани бор, деб даъво қилгани оқибатида аламли азоб ила азобланади.

Муфассирлар Бақара сураси учта учлик билан бошланганини айтиб ўтган.

Биринчиси, сура Аллоҳга ҳақиқий имон келтирган кишиларнинг таърифи билан бошланади. Жумладан, сура бошида имон келтирган зотларнинг учта хислати зикр этилади. Улар Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган хабарларга ғойибона имон келтирадиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва Аллоҳ таоло ризқ қилиб берган нарсалардан садақа ва эҳсон қиладиганлардир.

Иккинчиси, кофирлар ҳам уч нарса – “Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларига муҳр уриб қўйган, кўзларида эса парда бор”, каби “сифатлар” билан сифатланган.

Учинчиси, мунофиқлар бўлиб, улар тилларида имон келтиргани билан, қалблари бошқа нарсани истайди. Тил билан имон келтириб, қалб билан тасдиқламаслик мунофиқларга хос хислат бўлиб, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади. Улар куфрга шерик бўлиш билан бирга, тиллари орқали ёлғонларини намоён қилади ва Аллоҳга ўғил, хотин ва шерикни нисбат беради. Улар бу сифатлари билан Аллоҳга макр ишлатмоқчи бўлади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларнинг ҳеч бир макрларидан ғофил эмас (“Сирожул Мунир” тафсири, 1-жилд, 18-бет).

Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишлари сабабидан оят нозил қилди. Унда бундай дейилади:

﴿إِنَّ ٱلۡمُنَٰفِقِينَ فِي ٱلدَّرۡكِ ٱلۡأَسۡفَلِ مِنَ ٱلنَّارِ وَلَن تَجِدَ لَهُمۡ نَصِيرًا١٤٥

«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур)лар. Уларга (ўшанда бирор) ёрдамчи топмайсиз» (Нисо, 145).

Мунофиқлар имон келтирдик, деб ўзларини мўминлар сафига қўшиши имонни инкор қилишдаги энг юқори нуқтадир. Чунки улар имон масаласини инкор этиб, мазах қилмоқчи бўлади.

Ваҳоланки, имоннинг ўз шартлари бор. Тил билан айтилган ҳар бир нарса имон бўлавермагани сингари, юракдан ишонилмаган нарса ҳам имон бўла олмайди. Мунофиқлар бу макр ва найранглари билан мусулмонлар пинжига кириб олиб, ўзларининг жон, қон ва молларини сақлаб қолмоқчи бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿يُرِيدُونَ أَن يَخۡرُجُواْ مِنَ ٱلنَّارِ وَمَا هُم بِخَٰرِجِينَ مِنۡهَاۖ وَلَهُمۡ عَذَابٞ مُّقِيمٞ٣٧

«Дўзахдан чиқишни истайдилар. Ҳолбуки, улар ундан чиқувчи эмас. Уларга муқим (абадий) азоб (белгилангандир)» (Моида, 37).

Оятда мунофиқлар мол ва жонларини сақлаш у ёқда турсин, балки ўзларини ҳалокатга ташлаганлари билинади.

Оятда келган “юходиъуна” сўзи “яшириш”, “беркитиш”, “кўздан узоқ тутиш”, деган маъноларни англатади (“Сирожул Мунир” тафсири, 1-жилд, 19-бет).

Аллоҳ таоло Бақара сурасини ўзига имон келтирган ва ҳар бир амалини ихлос билан қиладиган, тиллари билан диллари бир бўлган садоқатли бандаларининг сифатлари билан бошлаган, кейинги оятларда эса кофирлар ва мунофиқларнинг макрларини зикр қилган.

Мужоҳид (розияллоҳу анҳу) айтади: «Суранинг илк тўрт оятида мўминларнинг сифатлари, кейинги икки оятда кофирлар ва ундан кейинги ўн уч оятда мунофиқлар сифатлари зикр қилинган. Мунофиқларнинг разилликлари, нодонлик ва масхара қилиб, ҳаддан ошишлари уларнинг кўр, кар ва соқов бўлиб қолганлари билан тасвирланади. Мунофиқлар қиссаси кофирлар қиссаси билан узвий жиҳатдан бир-бирига боғлиқ. Аллоҳ таоло мунофиқларнинг зикри билан бошланган оятни “одамлар орасида шундай­лари ҳам бор...” деб бошламоқда. Шунинг ўзи ҳам уларнинг ҳеч ким эканини кўрсатади» (“Тафсирун Насафий”, 1-жилд, 18-бет).

Имон ҳақида сўз кетганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадиси шарифларини эсга олиш зарур: Бир гуруҳ саҳобалар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида ўтиришганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мендан билмаган нарсаларингизни сўраб олинг, дедилар. Ҳеч бир саҳоба у зотдан сўрашга жазм эта олмади. Инсон қиёфасида келган фаришта саҳобаларга савол-жавоб орқали динларини ўргатиб кетди.

عن عُمرَ بن الخطَّاب قال: بَيْنَما نحنُ جلوسٌ عند رسول الله صلى الله عليه وسلم ذَاتَ يومٍ إذ طَلعَ عليْنا رجلٌ شَديدُ بياض الثِّياب، شديدُ سوادِ الشَّعر لا يُرى عليه أثرُ السَّفَر ولا يعرفُه مِنَّا أحدٌ حتَّى جَلَسَ إلى النَّبيِّ صلى الله عليه وسلم فأسْندَ رُكْبَتَيْهِ إلَى رُكْبَتَيْهِ ووَضعَ كَفَّيْهِ عَلَى فَخِذَيهِ وقال: “يا محمَّدُ، أخبرني عن الإسلام، فقالَ رسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: “الإسلام أن تَشهدَ أن لا إله إلا الله وأنَّ محمَّدًا رسولُ الله وتُقيمَ الصَّلاة وتؤتيَ الزكاة وتصومَ رمضان وتَحُجَّ البيْتَ إن استطعت إليه سبيلاً”. قال: “صدقتقال: “فَعَجِبنا لَهُ يَسْألُه ويُصدِّقُهقال: “فأخبرني عن الإيمان؟قال: “أنْ تُؤمن باللهِ ومَلائِكَتِهِ وكتبه ورُسُلِه واليوم الآخر وتؤمن بالقدَر خَيْرِهِ وشَرِّهِ”. قال: “صدَقْتَقال: “فأخبرني عن الإحسانقال: “أن تعبدَ الله كأنك تراه فإن لم تكن تَراه فإنه يَراكَ”. قال: “فأخبرني عن الساعة؟قال: “ما المسؤول عنها بِأعْلَمَ من السَّائِلِ”. قال: فأخبرني عن إماراتها؟ قال: “أنْ تَلِدَ الأمَةُ رَبَّتَها وأنْ تَرَى الحُفَاةَ الْعُرَاةَ العالَةَ رِعاءَ الشاءِ يتَطاوَلون في البُنْيانقال: “ثم انطلَقَ فلبِثَ مَليًّا ثم قال لي: “يا عمر، أتدري مَنِ السَّائل؟قُلْتُ: “الله ورسُولُه أعلمقال: “فإنَّه جبريل أتاكم يُعلِّمُكم دينَكُمْ

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида ўтирган эдик. Бирдан қаршимизда кийимлари оппоқ, сочлари тим қора одам пайдо бўлди. Унда мусофирлик аломати кўринмас эди. Уни бирортамиз танимадик. У келиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини ўзининг сони устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ислом: “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб иқрор бўлишинг, намозни тўкис адо қилишинг, закот бери­шинг, Рамазон рўзасини тутишинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилишинг”, дедилар. “Тўғри айтдинг”, деди у. Биз у ўзи савол бериб, ўзи тасдиқлаганидан ажабландик. “Менга имон ҳақида хабар бер”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарлари­га, охират кунига ва қадарнинг яхшию ёмонига имон келтиришинг”, дедилар. “Тўғри айтдинг”, деб тасдиқлади ва: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга худди уни кўриб турганингдек, сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб турганидек ибодат қилишинг”, дедилар. “Менга қиёмат вақти ҳақида хабар бер”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар. “Унда у (қиёмат яқинлиги)нинг аломатлари ҳақида хабар бер”, деди. “Она ўз хожасини туғади ва ялангоёқ, кийимсиз чўпонлар уй қуришда мусобақалашаётганларини кўрасан”, дедилар. Сўнгра у туриб, чиқиб кетди. Бир оз ўтгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Эй Умар, бу савол сўровчи ким эканини биласанми?” дедилар. “Аллоҳ ва расули билувчидир”, дедим. “Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келди”, дедилар» (Имом Бухорий).

“Ислом” сўзи луғатда “таслим бўлиш”, “омонда бўлиш”, “тинчлик” каби бир неча сўзларни ифодалайди. Қуръони каримда “Ислом” сўзи баъзи оятларда “эҳсон” сўзи билан бирга келади. Масалан:

﴿بَلَىٰۚ مَنۡ أَسۡلَمَ وَجۡهَهُۥ لِلَّهِ وَهُوَ مُحۡسِنٞ فَلَهُۥٓ أَجۡرُهُۥ عِندَ رَبِّهِۦ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ١١٢

«Йўқ! Ким яхшилик қилувчи ҳолида юзини (ўзини) Аллоҳга бўйсундирса, Рабби ҳузурида унга ажр муҳайё. Уларга (охиратда) хавф йўқ ва улар (бирор нарса учун) ташвиш ҳам чекмайди» (Бақара, 112).

Аллоҳ таоло ҳузурида амал қабул бўлишининг иккита шарти бор:

Биринчиси, киши ўзини Аллоҳга батамом топширган бўлиши керак. Яъни бутун вужуди билан Аллоҳга ихлос қилиши лозим.

Иккинчиси, қилган иши шариатда тўғри деб топилган амал бўлиши керак. Оятдаги “яхшилик қилган ҳолида” жумласидан мурод, – шу.

Демак, ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан фақат Аллоҳ учун бўлган иш ўз эгасини мукофотга етказади. Аввало, “Рабби ҳузурида унга ажр муҳайё”. Яна уларга келажакда хавф йўқ ва улар бўлиб ўтган ишлардан афсусланмайди. “Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар”. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг ваъдаларидир ва ҳақиқатан ҳам шундай бўлади.

﴿ٱلَّذِينَ ضَلَّ سَعۡيُهُمۡ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَهُمۡ يَحۡسَبُونَ أَنَّهُمۡ يُحۡسِنُونَ صُنۡعًا١٠٤

«Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо улар ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайди» (Каҳф,104).

Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), одамларга бу дунёда қилган амаллари сабабли энг зиёнкор бўлувчилар ким эканини айтайинми, денг. Уларнинг қилган амаллари, охиратга қолиши у ёқда турсин, бу дунёнинг ўзидаёқ йўқ бўлади. Қилган саъй-ҳаракатлари бефойда кетади. Ҳолбуки, улар ўзларича, жуда яхши амал қиляпмиз, деб ўйлайди. Бундай кимсалар кофирлар эканини муфассирлар айтиб ўтган. Жумладан, “Руҳул маъоний” тафсири муаллифи ҳам худди шу фикрни билдирган (Аллома Алусий Бағдодий, “Руҳул маъоний” тафсири, 15–16-поралар).

Ҳадисда келгани каби имон аҳли Аллоҳ буюрган ишларни қилади ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиб боради.

عَنْ أَنَس بن مالك رضي الله عنه عَنْ النَّبِيّ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “لَا يُؤْمِن أَحَدكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирортангиз мен унга ота-онаси, боласи ва барча одамлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий).

Ҳадисни ривоят қилган буюк саҳоба Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) билан танишиб чиқайлик:

Анас ибн Молик ибн Назр Ансорий Хазражий Нажжорий, куняси Абу Ҳамза, онаси Умму Сулайм бинти Милҳон бўлган. У киши ўн ёшга тўлганида онаси уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизматларига беради. Мана шу кундан бошлаб у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бўлди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Анас ибн Моликка бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек эди. Анас (розияллоҳу анҳу) ўзи айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб ҳеч койимаганлар. Балки “Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, дер эдилар».

Сайёр ибн Рабиа ривоят қилади: Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бордик. Онам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг”, деганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, бунинг молу дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларини мағфират айлагин”, дедилар».

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Анас ибн Моликдан бошқа Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор-бир кишини кўрмадим”, деган.

Сумома ибн Абдуллоҳ: “Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эди, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди”, деган.

Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан маслаҳат сўраганида, Умар Анаснинг тақвоси ва узоқ вақт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга яшаганини эътиборга олиб: “У оқил йигитлардан эди”, деб мақтаган.

Анас (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда иштирок этди. Бадр ғазотида ёши кичик бўлгани сабабли қатнаша олмаган.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ҳадис ривоят қилишда ҳаммаси бўлиб 2286 та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан кейинги ўринларни эгаллади. Анас ибн Моликдан Ибн Сирин, Собит Баноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. Анас (розияллоҳу анҳу) ҳаётининг охирида Басрага кўчиб ўтган ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йили вафот этган. Уни Муҳаммад ибн Сирин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозасини ўқиди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан вафотларидан кейин ҳассача у киши билан бирга кўмилди.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “мўмин бўла олмайди” деганларидан мурод, комил мўмин бўла олмаслигидир. Чунки бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Мазкур ҳадисдаги муҳаббатдан мурод, ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас. Балки маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда маҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир.

Демак, мўмин кишига Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.

Уламоларимиздан Абу Зинод муҳаббатни учга бўлади:

  1. Ҳурмат ва таъзим, асосан ота-онага, устозларга бўлади.
  2. Раҳм-шафқат муҳаббати, асосан фарзандларга бўлади.
  3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати, ўзга одамларга нисбатан бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадисларида ўзларига нисбатан муҳаббатнинг учала тури ҳам ҳаммага бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина, инсоннинг имони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат у зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Умар (розияллоҳу анҳу) ушбу ҳадиси шарифни эшитиши биланоқ унга амал қилишларини билдирмоқчи бўлиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан кўра маҳбуброқсиз”, деганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, жоним Унинг измида бўлган Зотга қасам, мен сенга ўзингдан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча”, дедилар. Умар (розияллоҳу анҳу) дарҳол: “Сиз менга ўзимдан ҳам кўра севимлисиз”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана энди бўлди, эй Умар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Яъни, ана энди имонинг комил бўлди, деганлар.

Бу ҳадисдан ҳар бир мўмин-мусулмон учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаммадан кўра маҳбуброқ бўлишлари кераклиги кўриниб турибди.

Ҳадиси шарифнинг ҳикмати жуда ҳам улуғдир. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар, балки мўминлар у зотга муҳаббат қўйишга муҳтождир. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббат доимо мўминларга яхшилик, бахт-саодат келтирган.

Машҳур саҳобалардан Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу): “Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)чалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда у кишидек улуғвор эмас эди. У кишини қаттиқ севганимдан у зотга қараб, кўзим тўймас эди”, деган.

Саҳобаи киромларнинг Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларига бўйсунишар, қайтарганларидан қайтишар ва бошқа суннатларини кўнгилдагидек бажаришар эди. Шунинг учун бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлишди. Буюк Ислом давлати ва маданиятининг юзага келишига эришишди.

 

ДАВОМИ БОР...

 

Read 3439 times
Top