Кутубхона

Муборак васиятлар: ИККИНЧИ ВАСИЯТ (4-қисм)

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида яхши кўриш сифати Аллоҳнинг камол сифатларидандир. Яхши кўриш сифати буюк Аллоҳга лойиқ тарздадир. Аллоҳ таолонинг бу ва бундан бошқа барча сифатлари ёлғиз Ўзига хос бўлиб, махлуқларининг сифатларига асло ўхшамайди. Аллоҳдаги муҳаббат сифати билан инсон ёки бошқа махлуқдаги муҳаббат сифатининг ўхшаш томони уларнинг фақат номида, холос. Маъноси эса, чексиз фарқлидир. Аллоҳнинг сифатларини йўққа чиқариш оғиб кетиш ва ҳалок бўлишдир, У Зотнинг сифатларини махлуқлар сифатларига ўхшатиш ёки маъносини ўзгартириш эса, бидъат ва залолатдир.

Аллоҳ таолодаги муҳаббат сифати севган бандалари ҳолатларига тааллуқли бўлади. Бандалар У Зотнинг муҳаббатига олиб борувчи эзгу амаллар қилишгандан кейин Аллоҳ таоло уларни яхши кўради.

Имон етмишдан ортиқ қисмдан иборат. Уларнинг энг олийси “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг кичиги озор берувчи ҳар қандай нарсани мусулмонлар йўлидан олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам имондан бир бўлак. Имоннинг кўринадигану кўринмайдиган барча амаллари мана шу бўлакларга қайтади. Шундай экан, ким имоннинг барча бўлакларини жамлаб адо этса, фойдали илм ва эзгу амаллар билан ўз нафсини камолотга етказса, бошқаларни ҳаққа ҳамда сабрга чиройли чорласа, бундай инсон имон марта­баларининг энг олийига етган қувватли мўминдир.

Бу ҳадис имоннинг зиёда бўлиши ва нуқсонлашиб боришига асос бўлган салаф уламоларимизнинг далилларидандир. Имон илмларидан таҳсил олиб, солиҳ амаллар қилган кишининг имони зиёдалашиб борса, маъсиятга юз тутган мўминнинг имони нуқсонлашиб боради. Имоннинг зиёда ва нуқсонли бўлиб туриши Қуръон ва суннатнинг кўп ўринларида далил бўлган асл қоидадир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлар орасини фазилат билан ажратганларида, пастда қолганларини кимдир камситмаслиги учун, “Уларнинг ҳар иккисида ҳам яхшилик бор” деб қўшиб қўйдилар. Бу эҳтиёткорона сўзда қанчалар фойда борлиги махфий эмас. Инсонлар орасидаги мартабалар ҳақида сўз юритаётган киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу одобларини ҳам эсидан чиқармаслиги лозим.

Бу ҳадисдан яна шу нарса хулоса қилинади, яхшилик, Аллоҳни севиш ва динни барпо қилишда мўминлар орасида тафовут ва даражалар бор.

Ояти каримада:

﴿وَلِكُلّٖ دَرَجَٰتٞ مِّمَّا عَمِلُواْۖ وَلِيُوَفِّيَهُمۡ أَعۡمَٰلَهُمۡ وَهُمۡ لَا يُظۡلَمُونَ١٩

«Ҳамма учун қилган амаллари сабабли даражалар бордир. (Аллоҳ) уларга қилган амаллари (мукофоти ва жазолари)ни мукаммал берур ва уларга ноҳақлик қилинмас” (Аҳқоф, 19), дейилган.

Яхшилар амалларига қараб дунёда ҳам, охиратда ҳам турли мартаба ва даражаларда бўлишганидек, ёмонлар ҳам қилмишларининг кўп-камлиги сабабли турли табақаларга ажратилади.

Мўминлар дунёда уч қисмга бўлинади.

Биринчиси: яхшиликларга ошиқувчилар. Булар фарз ва мустаҳаб амалларни чиройли адо этиб, ҳаром ва макруҳларни тарк этган кишилар. Бундай кишилар қилиниши жоиз бўлган ортиқча ишларни ҳам қолдириб, ибодатларини комил суратда адо этади ва барча комил сифатлар билан сифатланади.

Иккинчиси: иқтисод қилиб қониқарли йўл тутганлар. Бундай кишилар фақат фарз амалларини барпо қилиб, ҳаром ишларни тарк қиладиган кишилар.

Учинчиси: ўз нафсларига зулм қилган кишилар. Бундай кимсалар солиҳ амаллари орасига бузуқ ишларни ҳам аралаштириб юборади. Бундайлар ибодат ҳам қилади, гуноҳга ҳам қўл уради.

Ҳадис давомида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Ўзингга фойдали бўлган нарсага тириш. Аллоҳдан ёрдам сўра”, деган сўзлари дунё ва охират саодатини қамраб олувчи фойдали сўздир.

Фойдали ишлар икки қисмга бўлинади. Диний ишлар ва дунёвий ишлар. Одам диний амалларга муҳтож бўлганидек, дунёвий ишларга ҳам ҳожатманддир. Бахтли инсон Аллоҳдан ёрдам сўраб ҳам диний, ҳам дунёвий манфаатли ишларга тиришади. Мана шу даража инсоннинг камолотга етганлиги ва охиратда нажот топиши аломатидир. Ким фойдали ишларга тиришмасдан дангасалик қилса, юқоридаги ширин сўзлар ва олий мартабалар унга қаёқдан келсин?! Ялқовлик зиён кўриш ва бўшашишнинг аслидир. Ялқов на яхшиликка эришади, на ҳурмат кўради ва на дину дунёда насибадор бўлади.

Диндаги фойдали ишлар икки нарсадан иборат. Биринчиси, фойдали илм. Иккинчиси, солиҳ амал. Фойдали илм қалблар ва руҳларни поклаб, икки дунё саодатига эриштирувчи самара беради.

Аллоҳ таолога ихлосни жамлаб ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиб қилинган солиҳ амал эса, инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Юқоридаги шартлар асосида буюрилган амалларни адо этиш ва қайтарилган ишларни тарк этиш, “солиҳ амал” дейилади.

“Дунёдаги фойдали ишлар”, деганда банданинг ризқ излаши лозимлиги назарда тутилади. Шунинг учун, инсон ўз ҳолатига лойиқ равишда энг фойдали сабабларни топиши керак. Бу ишларда кучига суяниб қолмасдан, Раббидан ризқ ва барака сўраши лозим.

Касбларнинг энг яхшиси қайси, деган савол туғилса, қуйидагича жавоб берилади. Илм аҳли бу борада турли фикрлар билдирган. Баъзилар деҳқончилик ишларини афзал деса, бошқалар олди-сотди ишлари афзал, деган. Яна баъзилар ишлаб чиқариш корхоналарини юргизиш муҳимроқ дейди. Буларнинг ҳаммала­ри фикрларига далиллар келтиради. Бу турли-туман фикрларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзингга фойдали бўлган нарсаларга тириш. Ожизлик қилма”, деган сўзлари билан келиштиришади.

Дунёвий ишлар ҳолатлар ва шахсларга қараб турличадир. Кимгадир деҳқончилик фойдали бўлса, кимгадир савдо-сотиқ, яна бировга эса тадбиркорлик. Энг муҳими, ҳалол бўлса, бўлди.

Ҳадис охирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куч сарф қилинганидан кейин Аллоҳнинг тақдирига рози бўлишга чақирадилар. Агар инсонга мусибат етиб қолса, “у ёки бу ишларни қилганимда эди, мусибат етмасди”, демасин. Аллоҳнинг тақдири аччиқлигига ҳам имон келтирсин. Шунда қалб таскин топиб, нафс ором олади. Афсусланиб “агар” деса, тақдирга бўлган имони нуқсонли бўлиши билан бирга, шайтон амалини очиб юборади. “Агар” афсусланиш калимаси мусибат етган вақтда жоиз бўлмагани каби, уни ёмонлик ва гуноҳ исташда ишлатиш ҳам қораланади. Гарчи бу истовчи хоҳлаган гуноҳини қилмаган бўлса ҳам, истаги учун гуноҳкор бўлади. Аммо “агар” калимаси яхшиликни орзу қилишда ёки фойдали илмни баён қилишда ишлатилса, мақтовга сазовор бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисда тақдирга имон келтириш билан фойдали сабаблар ила амал қи­лишни жамладилар. Бу икки асосга Қуръон ва суннатнинг кўп ўринлари далил бўлади. Буларсиз дин тўлиқ бўлмайди.

“Аллоҳдан ёрдам сўра” сўзлари билан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳга таваккул қилишга амр этадилар. Сабабларга риоя қилиш билан барча нарсаларда Аллоҳга суянишга “таваккул”, дейилади.

Мўмин киши Аллоҳга таваккул қилиш билан бирга, биродарлари, маҳалла-кўй ва қавм-қариндошлари билан ҳамжиҳат яшаши лозим.

Ҳадиси шарифда: “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бу ҳадисда бино деворлари бир-бирига мустаҳкам ёпишгани каби, мўминлар ҳам бир-бирларига маҳкам боғланишлари лозимлиги уқтирилмоқда. Бинони ташкил этган унсурлар орасида тош, темир каби нарсалар бўлганидек, қум ва шиша каби нозик нарсалар ҳам мавжуд. Лекин барчаси биргаликда бинони маҳкам тутиб турибди. Инсонлар ана шу бино каби жипслашган, бир-бирини суяган бўлиши керак. Кучлилари доим заифларни суяб туриши, улар билан елкадош, ҳамнафас бўлиши лозим. Чунки мустаҳкам бўлмаган бинонинг йиқилиши муқаррар, бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Ушбу ҳадис мўминларни жамоа бўлиб яшашга, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечиришга ташвиқ этмоқда. Зеро, инсоннинг ёлғиз ҳаёт кечириши имконсиз. Масалан, бир бурда нонни тайёрлаш, пишириш учун нақадар кўп асбоб-ускуна ва меҳнатга эҳтиёж сезилиши барчага аён. Демак, инсонлар зарар эмас, фойда келтирувчи, хом эмас, пишган бўлиши, ноқис эмас, комил бўлиши лозимдир, бундан Ислом жамияти кундан-кунга ривожлансин ва юксалсин. Аксинча, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, заифу мискинларга нисбатан меҳр-муҳаббат қилмаса, Ҳақ таоло бундай бандадан асло рози бўлмайди. Ана шу вақтда қиёмат қўпади, фарёду фиғонлар бошланади. Исёнлар, норозилик, қўзғолонлар ва бошқа фалокатлар рўй беришининг сабабчилари мусулмонликни даъво қилувчи, аслида Исломдан бехабар шўрлик гуруҳлардир, улар Ислом аҳлининг бошига бало бўлади.

Мусулмонлар таназзулига энг катта сабаб – мусулмонларнинг ҳақиқий мусулмон бўлмай, илм ва давлатларига мағрурланиб, фақирлару заифларнинг ҳақларига риоя килмасдан, уларга исломий ва инсоний муомалада бўлмасликларидир. Шу боисдан ҳам, улар охират саодатларидан маҳрум бўлгай. Агар улар молу дунёларига бу қадар ҳирс қўймасдан, бой-камбағаллигига эътибор бермай, ҳаммалари қўлни-қўлга бериб, бирлашишганида, бугун мусулмонларнинг қўлини букишга ҳеч ким ботинолмас эди.

Мўмин киши Аллоҳ таоло айтган ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган йўл-йўриқларга тўла-тўкис амал қилиб борса, фаришталардан ҳам афзал бўлиши айтилган.

Ҳадиси шарифда: “Мўмин киши Аллоҳ таолога баъзи фаришталардан кўра афзалроқдир. Мўмин киши Аллоҳ таолога муқар­раб фаришталардан ҳам кўра мукаррамроқдир”, дейилган (“Румузул аҳодис”, 231-бет).

Мўмин киши Аллоҳ таолога баъзи фаришталардан ҳам кўра ҳурматлироқдир. Мўмин банда Аллоҳ таолога муқарраб-яқин фаришталардан ҳам азизроқдир.

Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилган бу ҳадиси шариф Аллоҳ таоло комил имон соҳибларини баъзи фаришталардан ҳам мукаррам қилганини англатиб турибди.

Зеро, фаришталарда нафс ва шаҳват бўлмаганидек, ҳирс, ҳасад каби хислатлар ҳам йўқ. Шайтони лаъин ҳам уларни йўлдан оздиролмайди. Чунки улар нурдан яратилган. Ҳолбуки, инсон ундай эмас. Инсонни бир тарафдан нафси, иккинчи тарафдан шаҳвати, ҳирси, учинчи тарафдан ҳақ йўлдан адаштиришга, жаҳан­намга етак­лашга, Аллоҳдан узоқлаштиришга уринадиган шайтонлар, мунофиқлар, ҳасадгўйлар, кофирлар қамраб олган. Улар билан бўлган курашларда ғолиб чиққан банданинг мукофоти, ҳеч шубҳасиз, фаришталарнинг баъзиларидан ҳам мукаррам ва афзал бўлишдир. Шунинг учун Аллоҳнинг хос мўмин бандалари фаришталар авомидан афзалдир, дейилади.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Агар мўминлар гуноҳ қилмаганида, само мулкидаги фаришталар каби учган бўларди”. Лекин Ҳақ таоло гуноҳлари туфайли уларни бундан ман қилди.

Муҳиддин ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ҳақойиқи олам инсонга оиддир. Инсон оламдан фақат кичиклиги билан ажралиб туради. Бу олам асли икки қисмдан иборат бўлиб, бири камолотни қабул этмагани учун яратилгани бўйича қолган, бири эса камолотни қабул қилди ва бунда Ҳақнинг Жалол ва Жамол сифатлари тажаллий этади, шу боис, у Аллоҳ учун ҳар ҳолатда мукаррам ва афзалдир”, деган.

Демак, ҳадиси шарифдан биламиз, кучли мўмин ўзининг қилган амаллари, Аллоҳ ва унинг расулига бўлган имони туфайли улуғ мартабаларга эришади.

Ота-боболаримиздан қолган ажойиб бир нақл бор: “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни йиқар”. Мўмин киши “билаги” билан эмас, ўзининг илми, ишончи ва эътиқоди билан кучли ва шарафлидир.

Мўмин банда Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун Муъминун сурасининг оятларига батамом амал қилиши керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَٱلۡمُؤۡمِنُونَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتُ بَعۡضُهُمۡ أَوۡلِيَآءُ بَعۡضٖۚ يَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَيُطِيعُونَ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓۚ أُوْلَٰٓئِكَ سَيَرۡحَمُهُمُ ٱللَّهُۗ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ٧١

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдир: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни тўкис адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71).

Ояти каримада мўминлар бир-бирларига дўст экани зикр қилингандан кейин, уларнинг сифатлари – яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, Аллоҳ ва Унинг расулига итоат этиш каби юксак фазилатлар айтиб ўтилди.

Ислом тарихига эътибор билан қарайдиган бўлсак, оятда зикр этилган сифатларнинг барчасини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотнинг сафдошлари бўлмиш йўлчи юлдуз саҳобаларнинг сиймоларида кўрамиз.

Минг афсус, айни пайтда мусулмонлар ўртасида меҳр-оқибатнинг йўқолиб бориши, оятда зикр қилинган сифат ва фазилатларнинг кўринмаслиги ҳар бир имон аҳлини қайғуга солади.

Шайтонга эргашиш, имонга қулоқ осмаслик оқибатида кўплаб кўнгилсизликлар содир бўлмоқда. Бунга тарихдан мисол:

Бани Исроилдан бир киши ҳужрасида тинимсиз ибодат қиларди. Одамлар уни “Обид Барсисо”, деб атарди. У шу даражага етдики, дуо қилса, ижобат бўлмасдан қолмасди. Унинг дуоси сабабли касаллар шифо топар эди. Иблис (алайҳилаъна) кунларнинг бирида барча шайтонларни чақириб: “Ким бу кишини фитна қилиб, йўлдан адаштиради”, деди. Улардан Ифрит бу таклифни бўйнига олди. Бани Исроил подшоҳларидан бирининг ҳуснда тенги йўқ қизи бор эди. Қиз ота-онаси ва ака-укалари даврасида ўтирганида, Ифрит уларнинг олдига келиб, қаттиқ қичқирди. Барчалари жуда қўрқиб кетишди. Қиз эса мажнун бўлиб қолди. Орадан бир неча кун ўтса ҳам дарди енгиллашмади. Шундан сўнг Ифрит одам суратида келиб: “Агар унинг тузалишини хоҳласангиз, фалончи роҳибнинг олдига олиб боринглар, роҳиб дуо қилса, бемор шифо топади”, деди. Улар қизни Барсисонинг олдига олиб борди. Роҳиб дуо қилган эди, қиз тузалди. Лекин уйларига қайтгач, яна мажнун бўлиб қолди. Шайтон уларга: “Агар унинг бутунлай тузалиб кетишини хоҳласангиз, роҳибнинг олдида бир неча кун қолдиринглар”, деди.

Улар Барсисонинг олдига қайтадан келиб, роҳиб кўнмаса ҳам, бир неча кунга қизни қолдириб кетишди. Роҳиб қизни дастурхонга таклиф қилиб, уни таомлантирди. Қиз бир неча кун унинг олдида қолди. Кунларнинг бирида роҳиб қизга шаҳват назари билан қаради ва унинг гўзаллигига мафтун бўлди. Шайтоннинг васвасаси туфайли сабр этолмай, қизга яқинлик қилди. Сўнг қиз ундан ҳоми­ладор бўлди. Шунда шайтон роҳибнинг олдига келди ва унга: “Қиз сендан ҳомиладор бўлди. Энди подшоҳдан қутула олмайсан, фақат қизни ўлдирсанггина омон қоласан. Агар уни сўраб келишса: “ўлиб қолди”, десанг, улар сенга ишонади”, деди. Роҳиб қизни ўлдириб, ҳужрасининг олдига кўмиб қўйди. Уни сўраб келишганида: “У ўлиб қолди”, деди. Улар ҳам роҳибнинг гапига ишониб, қайтиб кетди. Шунда шайтон подшоҳнинг олдига бориб: “Роҳиб қизингнинг номусига тегди ва қилган ишидан қўрқиб, уни ўлдириб, ҳужраси олдига кўмиб қўйди”, деди. Подшоҳ одамлари билан роҳибнинг олдига келди. Қабрни очишганида, қизни сўйилган ҳолатда топишди. Шунда улар роҳибнинг кўл-оёқларидан осиб, михлаб қўйди. Шайтон роҳибнинг олдига келиб: “Агар менга сажда қилсанг, сени қутқараман”, деди. “Мен сенга бу аҳволда қандай сажда қилайин”, деди роҳиб. Шайтон: “Бошинг билан ишора қилган ҳолда сажда қилсанг ҳам розиман”, деди. У боши билан саждага ишора қилган эди, шайтон: “Мен сендан безорман, албатта мен одамларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан кўрқаман”, деди-да, кўздан ғойиб бўлди. Роҳиб Барсисо эса кофир ҳолида ўлиб кетди ва абадий дўзахийлардан бўлди.

Мўмин киши юқорида келтирилган ачинарли ва айни пайтда ибратли воқеадан етарлича ўрнак олса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васият ва сифатларини ўзида мужассам этса, Аллоҳ томонидан ваъда қилинган хушхабар-мукофотларга эга бўлади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:

﴿أَكَانَ لِلنَّاسِ عَجَبًا أَنۡ أَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰ رَجُلٖ مِّنۡهُمۡ أَنۡ أَنذِرِ ٱلنَّاسَ وَبَشِّرِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَنَّ لَهُمۡ قَدَمَ صِدۡقٍ عِندَ رَبِّهِمۡۗ قَالَ ٱلۡكَٰفِرُونَ إِنَّ هَٰذَا لَسَٰحِرٞ مُّبِينٌ٢

«Ўзларидан (бўлмиш) бир кишига (Муҳаммадга), одамларни огоҳлантиринг ва имон келтирганларга Парвардигорлари ҳузурида “содиқлик қадами” борлиги ҳақида хушхабар беринг, деб ваҳий юборганимиз одамларга ажабланарли бўлдими?! Кофирлар эса: “Албатта, бу (Муҳаммад) аниқ сеҳргардир”, деди» (Юнус, 2).

Ояти каримадаги “содиқлик қадами”ни муфассирлар турлича таъвил қилган. “Содиқлик қадами”дан мурод, нима экани тўғрисида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) амаллар учун бериладиган ажру савоб деса, Заҳҳок (раҳматуллоҳи алайҳ) содиқлик савоби, дейди. Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ) ибодатлари деса, Ҳасан Басрий олдин қилиб ўтган солиҳ амаллари, дейди. Зайд ибн Аслам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоатлари, деса, Абу Убайда олдин қилган яхши ва ёмон ишлари, деб тафсир қилган.

Имом Табарий ўз тафсирида Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ)дан нақл қилинган “солиҳ амаллар” тафсирини маъқулроқ, деб ёзади.

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила бандалари орасидан салоҳиятли кишини танлаб, унга пайғамбарлик мартабасини беради. Унга ваҳий юбориб, атрофидаги кишиларни огоҳлантиришга амр қилади. Қадимдан шундай бўлиб келган. Лекин кофирлар бу ишга доимо инкор назари билан қараган, ўзларидан бўлган бир одамга Аллоҳдан ваҳий келиши уларга ажабланарли туюлган.

Охирги Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам олдинги пайғамбарларга бўлгани каби муносабатда бўлинган.

Оятдаги: «Ўзларидан (бўлмиш) бир кишига (Муҳаммадга), одамларни огоҳлантиринг ва имон келтирганларга Парвардигорлари ҳузурида “содиқлик қадами” борлиги ҳақида хушхабар беринг, деб ваҳий юборганимиз одамларга ажабланарли бўлдими?!» деган сўздан маълум, мушриклар у зотга келган ваҳийни ажабланиб, инкор билан қарши олган. Аслида эса, унда ажабланадиган ва инкор қиладиган ҳеч бир жиҳати йўқ эди. Бошқа пайғамбарларга келгани каби, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам ваҳий кела бошлаган ва у орқали барча кишиларни огоҳлантириш учун илоҳий амр қилиш ирода қилинган эди. Шу билан бирга, оят орқали имон келтирганларга хушхабар бериш ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га амр қилинган эди. Бу хушхабарга биноан, кўплар қалтираб-титраб, қадамини боса олмай, оёғи осмондан бўлиб кетаётган шиддатли бир пайтда, мўминларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида собитқадам – қадамлари мустаҳкам ҳолда туришлари ва юқори мартабаларга эришишлари айтилди (“Ҳақ дин Қуръон тили” тафсири, 9-жилд).

Юқорида келтирилган ҳикоя ҳам кишини собитқадам бўлишга чорлаши билан жуда ибратлидир. Мўмин киши илоҳий хушхабарни эшитганидан кейин ўзини анча бардам ҳис этиш билан бирга, ибодатларини ҳам тўкис бажаришга киришади ва натижада, Аллоҳга тақво қилиб, тақводорлардан бўлади.

Ояти каримада айтилади:

﴿ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ٦٣ لَهُمُ ٱلۡبُشۡرَىٰ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِۚ

«Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир» (Юнус, 63–64).

Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда осон. Бунинг учун, аввало, У Зотга имон келтириш, иккинчидан, тақводор бўлиш керак. Аллоҳга тақво қилган, яъни У Зотдан қўрққан киши Унга яна ҳам яқин бўлади. Лекин ижтимоий ҳаётда эса бунинг акси кузатилади – бировдан қўрққан киши иложи борича ундан узоқроқ юришга тиришади.

 

Давоми бор...

Read 3359 times
Top