Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: Сўзлашиш одоби

Аллоҳ инсонларга сўзлаш неъматини ато этган. Улуғ зотлар бундай дейишган: “Инсон молу дунёси билан яхшилик қилмоқчи бўлса, бойлиги бир кунда тугаб қолиши мумкин. Аммо инсонда бир хазина бор, қанча сарфлагани билан тугамайди. У ширин сўздир”.

Ҳадиси шарифда: “Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди”, дейилган.

Биз ҳар бир айтган сўзимиз учун масъулмиз. Боязид Бистомий Аллоҳни зикр этишдан аввал “дунё сўзларини сўзлаган эдим”, дея оғизларини уч бора ювар эканлар.

Одамлар зоҳиран гурунг шаклидаги ғийбатларнинг ботиний оламда номаи аъмолига гуноҳ бўлиб битилаётганидан ғофилдирлар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Жим турмоқдан суҳбатлашиш яхши, ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши”.

Оилада ёки инсонлар орасидаги нохушликлар кўпинча қўпол сўз оқибатида содир бўлади. Бунинг аксича, кўпгина муваффақиятларнинг омили ширин сўздир. Шунинг учун ҳар бир инсон ширинсўз, мулойим бўлишга интилмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “Бандаларимга айтинг, (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур” (Исро, 53), деб огоҳлантирган.

Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро муносабатларида, суҳбатларида ширин сўзли бўлишга буюради. Агар улар буйруққа итоат этмай, ёмон сўзларни ихтиёр қилсалар, албатта шайтон ораларини бузади.

Тил инсоннинг жисман энг кичик, аммо масъулият ва вазифаси жиҳатидан катта эътиборга лойиқ аъзосидир. Уни фақат хайрли, яхши муомалада ишлатиш ва ёмон, дилозор сўзларни айтишдан сақлаш лозим. Муҳаммад (алайҳиссалом) тилни ножўя сўзлардан асрашга, имкон қадар сукут сақлашга буюриб:

“Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея марҳамат қиладилар.

Ислом динида тилга бу қадар катта эътибор берилишининг боиси тилнинг қалбга яқинлигидир. Қайси бир инсоннинг қалби пок ва соф бўлса, унинг тилидан бол томиб, ширин гаплар чиқади. Бундай кишиларнинг дўсти ҳам кўп бўлади.

Тил ва қалб ўртасидаги узвий боғланиш ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Банданинг имони тўғри бўлмайди, токи унинг қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча”.

Маълумки, тил орқали содир қилиниши мумкин бўлган ғийбат, чақимчилик, туҳмат ва ёлғон гувоҳлик бериш кабилар билан инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат пойдевори дарз кетиши, емирилиши мумкин.

Инсон одоб-ахлоқини гўзал қиладиган омиллардан яна бири яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлишдир. Бундай суҳбатлар киши қалбини ибратли хулқ-атвор билан бойитади ва уни яхши ишларни амалга оширишга ундайди.

Яхши муомала барча инсонларнинг кўрки ва зийнатини оширади. Қаерда ҳусни муомала бўлмаса, ўша ерда, албатта, хато ва камчиликлар содир бўлади. Шуни таъкидлашни истардик, инсон бошқаларга берадиган насиҳатига аввало ўзи амал этиши лозим. Қуйида мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) билан бўлган воқеани ҳикоя қиламиз.

“Бир қул Имоми Аъзам ҳазратларига деди:

– Кейинги жумада қул озод қилишнинг фазилатларидан гапирсангиз. Зора, хожамиз бизни озод қилиб юборса.

Имоми Аъзам рози бўлдилар. Аммо орадан икки жума ўтгач, учинчи жума ваъзида қул озод қилиш ҳақида сўзладилар. Шу куни ўша қулни хожаси озод қилганини айтди. Сўнгра қул келиб, Имоми Аъзам ҳазратларига деди:

– Ҳазрат, менинг хожам ваъзингизни тинглаб қайтгач, мени озод қилди. Аммо нега икки ҳафта кейин бу ҳақда гапирдингиз?

Имоми Аъзам айтдилар:

– Сен менга илтимос қилган вақтингда пулим йўқ эди. Шундан кейин икки ҳафта пул йиғиб қул сотиб олдим ва уни озод қилдим. Қул озод қилиш гаштини суриб, ўзим ҳис этганимдан кейин гапирдим. Агар ўзим қилмаган ишни сўзласам, унинг таъсири бўлмас эди. Хожангиз ҳам сизни озод қилмаган бўлур эди”.

Демак, инсоннинг сўзи билан амали бир бўлиши лозим экан.

Фарзандни комил инсон қилиб тарбиялашнинг муҳим жиҳати унда сўзлашиш одобини шакллантиришдир. Тил хоҳлаган тарафга бурилаверади. Тил туфайли не бир қалблар орому ҳузур топиб қувончга тўлса, аксинча, не бир кўнгилларни тил вайрон қилиши мумкин.

Тил соҳибининг қалб кечинмаларини юзага чиқаради. Агар тил соҳиби фасоҳату нафосатли, гапирганида дур мисоли сўзларидан нуру зиё таралиб турадиган, эзгу қалбли инсон бўлса, унинг сўзлари ҳар қандай дарду мусибатга даво, яраланган қалбларга малҳам, ўксик дилларга юпанч бўлади. Борди-ю, сўз соҳиби бунинг тамоман акси бўлса, унинг сўзи масрур қалбни ғамли, тик бошни эгик, хуш кайфиятни тушкун этувчи оғуга айланади. Бу фикрлар исботи ўлароқ ушбу ҳикматли ҳикояга эътибор қаратайлик:

Бир подшоҳ туш кўрибди, тушида бор тишлари тўкилиб кетганмиш. Уйқудан уйғонгач, икки вазирини ҳузурига чорлабди. Кўрган тушини баён қилиб, “Бу тушнинг таъбири нима? Агар таъбирини топсангиз, фақат ростини сўйланг”, дея уларга мурожаат қилди. Вазирлардан бири сўз бошлади: “Подшоҳим, бу яхшилик аломати эмас, барча қариндош-уруғларингиз барвақт вафот этиб кетишади, сиз ўзингиз ёлғиз қоласиз”. Подшоҳ бу жавобдан ниҳоятда дарғазаб бўлиб, вазирни зиндонга ташлашни буюрди. Сўнгра иккинчи вазир: “Шоҳим, бу тушингиз кўп яхшилик ва қувонч аломатидир. Аллоҳ таолонинг инояти ила, сиз муҳтарам жаноби олийларига барча қавму қариндошларингиз ичра узоқ умр ато этилур. Бу қутлуғ неъмат муборак бўлсин!” дея эҳтиром билан қўлларини кўксига қўйди. Яхши таъбир ва қутловдан хурсанд бўлган подшоҳ бу вазирига мукофотлар инъом этишни буюрибди.

Бир хил маънодаги икки хил таъбирни берган вазирлардан бири фаҳму фаросатдан узоқда, сўзлаш ва эҳтиром одобидан бебаҳра бўлиб, таъбирни ўзининг сифатига мувофиқ шу даражада қўпол баён қилди, натижада ғазабга йўлиқди. Закий ва доно, теран ақл ва назокатли сўз соҳиби бўлган иккинчи вазир эса, туш таъбирини ўз фазилатига муносиб тарзда баён қилиб, ол­қиш ва мукофотга сазовор бўлди. Демак, азиз фарзандларнинг кишилар билан сўзлашиши, ўзаро муомаласи, гапирган сўзлари ҳикмат касб этиши учун мураббий ва муниса мураббияларнинг қалблари ушбу олийсифат одоблар билан тўлиб тошган бўлиши керак. Шундагина, фарзандлари улғайиб, балоғат ёшига етганида, кўрган кўзлар қувонадиган, суҳбатлашган инсонлар яна бир бора дийдорлашсам дейдиган, комил ва шомил инсон бўладилар. Бундай ўғил-қизларни улғайтириш ҳар бир ота-онанинг энг олий орзусидир.

Шу боис, энди сўзлаш одобларини ўргатиш ва сингдириш жараёнида нималарга эътибор қаратиш зарурлигини бирма-бир баён қиламиз.

 

Соф адабий тилда сўзлашиш

Тилининг фасоҳати ва ширинсўзлик инсон зийнати. Али ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзландилар. Ул зотнинг устиларида иккита кийим бор эди. Ибн Аббоснинг кифтида эса икки ўрам соч бўлиб, оппоқ эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларига қараб туриб, табассум қилдилар.

Шунда Ибн Аббос: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизни кулдирган нарса нима?” деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Пайғамбарнинг амакисининг жамоли мени ажаблантирди”, дедилар. “Жамоли нима?” деди Ибн Аббос. “Фасоҳатли тил”, дедилар (Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, нега бизнинг фикримиз сизникидек фасоҳатли эмас?” дедилар. Набий (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло мени қўпол гапирувчи қилиб яратмади. Менга сўзларнинг яхшисини ихтиёр этди: у эса Ўзининг Қуръон китобидир”, дедилар (Шерозий ва Дайламий ривояти).

Киши оғир-босиқлик билан шошмасдан, дона-дона қилиб, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашиши лозим. Фасоҳатли сўзлаш Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидир. Гўзал ва равон сўзлаган ҳазрат Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбардан (алайҳиссалом) мақтов олган эканлар.

Ҳозирги замон мисолида атрофимизга назар солсак, ачинарли воқеаларга дуч келамиз. Хусусан, айрим ёшларимиз ўртасида “ота, она” каби улуғ сўзларни турли бачкана сўзларга алмаштириб айтиш, афсус, учраб турибди. Баъзи катталар  бунга бепарво. Замонамиз олимларидан бири Фозил қори Собиров (Аллоҳ раҳмат қилсин)  мавъизаларида бундай деганлар: “Кўриниши туппа-тузук, ёши ўрта, масжидга жаноза хабарини айтиш учун келганлардан сўрадим: “Кимингиз қазо қилди?”

Улар бири:

– Кампирни бериб қўйдик, – деди.

– Қайси кампир? Ким бўлади сизга?

– Онам.

 – Эй номард, мени дунёга келтирган, дуолари ижобат, пойи қадамлари остида жаннат бўлган, уйимнинг гавҳари, меҳрибоним, ойижоним ўтдилар, деб кўзёши қилгин, – дедим ва “Бир парча гўштдан вояга етказган, қип-қизил қонидан оппоқ сутини меҳр билан ажратиб берган, неча-неча тунларни бедор ўтказиб, минг бир машаққатларни чеккан онанг энди “кампир” бўлиб қолдими, суф сендақа фарзандга”, деб койигим келди.

Баъзи ёшларимизнинг берган саломларига қандай жавоб беришни билмайсан киши. “Ассалому алайкум” сўзининг маъносини бузиб, нима деяётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Наҳот, “Ассалому алайкум” дея тўлиқ, очиқ ва равшан қилиб салом беришнинг иложи бўлмаса?! Наҳотки, ота-оналар фарзандларининг бераётган саломларига эътибор қилмайдилар. Ҳар бир фарзанд эрталаб ота-она ҳузурига салом билан кириб келади-ку, ахир. “Бола бошидан” деганларидек, эндигина тили чиқиб келаётган фарзандларга тўғри, чиройли ва керакли сўзларни гапириш ўргатилса, бу ўрганганлари унга умрбод ҳурмат, бахт-омад келтиради.

 

Оҳиста сўзлаш

Чиройли одоблардан яна бири оҳиста сўзлашдир. То эшитувчилар уни яхши тушунишсин ва даврада ўтирганлар гапираётган кишининг мақсадини аниқ англаб, идрок этсинлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борада ҳам барча умматларига олий муаллим, тенгсиз  мураббий сифатида ибрат бўлганлар.

Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлаганларида, агар сўзларини санамоқчи бўлсангиз, албатта, саноғига етардингиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

رَوَى أَبُو دَاوُدَ عَنْ عَائَشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ:“ كَانَ كَلاَمُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَصْلاً يَفْهَمُهُ كُلُّ مَنْ سَمِعَهُ”

Абу Довуд ҳазрат Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари дона-дона бўлиб, эшитувчиларга тушунарли эди.”

 

Фасоҳатли сўзлашда такаллуфдан сақланиш

Бу ўринда “такаллуф” маъноси сўзлаётганида ҳаддан зиёда, ортиқча сўзларни ишлатишга нисбатан айтилмоқда. Бошқаларнинг  сифатини баён қилаётганида, жойнинг ёки нарсанинг тавсифини келтираётганида маромидан ошириш ҳам суҳбатни асл мақсаддан узоқлаштириб, тилёғламаликка айлантириб юборади. Шу боис ушбу мазмундаги ҳадиси мубораклар ворид бўлган:

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Аллоҳ таоло баъзи нотиқ кишиларга ғазаб қилади. Улар шундай нотиқларки, сўзларида қочирма гаплар билан тилини безаб гапиради, ҳудди сигир тили билан безанганидек”, дедилар (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзласалар, сўзларини уч бора қайтарар эдилар, дарҳол тушунардик. Агар бир қавмга келсалар, салом берардилар ва дона-дона сўзлардилар. Сўзлари узун ҳам, қисқа ҳам бўлмасди ва сўзлашишдаги бемаъниликни ва тантанавор (такаллуфли) гапиришни ёмон кўрардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Инсонларнинг ақлига қараб сўзлаш

Муомала одобларидан бири шуки, сўзловчи киши ҳар бир жой ва вазиятга муносиб баҳо бериб, ўша даврадаги одамлар табиати, савияси ва урф-одатларини эътиборга олиб муносабатда бўлиши талаб этилади. Бу эса нотиқнинг ақл-фаросати, нозик диди, сўз маҳорати, кишилар руҳиятини англай олиши ва ақлу идроки билан боғлиқ. Шу ҳақдаги ҳадислар билан танишиб чиқамиз.

Ҳадисда: “Пайғамбарлар инсонларнинг ақлларига қараб гапиришга буюрилганлар”, деб марҳамат қилинган.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Инсонларнинг билимига қараб сўзланглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Сен бир қавмнинг ақлига сиғмайдиган гапни гапирувчи бўлсанг, уларнинг баъзилари учун фитна бўлади”, деди (Имом Муслим ривояти).

Бу фикр қуйидаги ҳадисдан келиб чиққан. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Умматларим ақллари кўтаролмайдиган даражадаги баъзи ҳадисларимни айтиб берсалар, бу улар учун фитна бўлади” (Дайламий ривояти).

Ҳадислар ичра шундайлари ҳам бор, уларни бевосита тушуниш қийин, маъноси мураккабдир. Бундай ҳадислар маълум бир  макондан, ҳолатдан келиб чиққан бўлиб, айнан ўша вазиятга хос. “Жиҳод қилиш”, “ғазотда шаҳид бўлиш” ва “қул озод қилиш” каби мавзудаги ҳадислар бунга мисол. Айни мавзулардаги ҳадисларнинг асл ва соф маъноларини тушуниш учун муҳтарам уламоларимиз ва фақиҳларимиз кўмаги керак. Аммо ҳозирда ушбу ҳадисларни пеш қилиб, мазмун-моҳиятини тушунмасдан, олимларимиз ўгитларини назар-писанд қилмайдиган, динимиз амалларини  фаҳмлай билмайдиган, кимларгадир кўр-кўрона эргашадиган бузғунчи тоифа ва оқимлар пайдо бўлди.

Кенг маъноларни ўз ичига олган ҳадиси муборакда зикр этилган “жиҳод”, аввало, ҳар бир кишининг хавфли душмани бўлган “нафс”ига қарши кураш маъносини англатади. Ўз нафсига қул бўлган кимсалар ҳар қандай разилликдан, қабоҳатдан ва зулмдан қайтмаслигини, инсонийлик сифатларини батамом унутганларини ўша тоифалар ва оқимлар аъзолари мисолида кўрмоқдамиз. Улар бойлик ва мансаб йўлида не бир хунрезликларни амалга оширмаяптилар. Оламга жар солиб қилаётган даволари гўё “Исломни ўрнатиш ва халифалик қуриш”. Зеро, Сафийнадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Халифалик (мендан кейин) ўттиз йилдир, сўнгра мулк (яъни мулкчилик, подшоликлар) бўлади”, дея марҳамат қилганлар. Илмдан хабардор бўлганлар ҳадисда баён этилган улуғ амални бундан ўн тўрт аср муқаддам забардаст чаҳорёр халифалар Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (розияллоҳу анҳум) амалга ошириб бўлганларини биладилар.

Мазкур тоифа ва оқимлар ҳақиқатан дин жонкуярлари бўлганида эди, истиқлолимиз туфайли ҳукуматимиз томонидан динимиз ва Ислом динига эътиқод қилувчи барча фуқароларга яратиб берилган шароитлардан оқилона фойдаланардилар. Бундай нопок йўлни танламасдилар. Улар бу мақсадларини шўролар даврида, динимиз қадриятлари таҳқирланиб, масжидлар омборхонага айлантирилганида, мусулмонлар беникоҳ турмуш қуришга мажбур қилиниб, азада жаноза ўқишга ҳам рухсат берилмаган вақтларда нега амалга оширмадилар? Шундан ҳам мақсадлари ғаламислик ва барча ғоялари пучлиги аён бўлиб қолмоқда. Инъом этилган неъматлар ичра улуғи бўлган азиз нуридийдаларимизни шу каби иллатлардан огоҳ этиб, ёмонликлардан асрашимиз зарурдан зарурдир.

 

Малол ва халал бермайдиган сўзларни гапириш

Сўзлаш ва муомала маданиятининг ўзига хос, адо қилиниши лозим бўлган ҳақлари бўлиб, улардан бири гапни ўта қисқа баён қилмасликдир. Бундай сўзланганида эшитувчининг тушуниши қийинлашиб, суҳбатдан қаноат ҳосил қилмайди. Ҳақлардан яна бири эса гапни жуда узун қилиб, эшитувчини малоллантириб қўймасликдир. Гап меъёридан ортиқ узун бўлганида ҳам, эшитувчи сиқилиб, уни тинглашга рағбати кескин пасаяди. Бундай сифатларни ҳам жаноб Сарвари оламдан ўрганамиз.

Имом Муслим Жобир ибн Сумратадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга намоз ўқир эдим. Ул зотнинг намозлари ва хутбалари ўртача бўларди.”

Имом Аҳмад ва Абу Довуд Ҳаким ибн Ҳизомдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга жума намозида бўлдим. Ул зот ҳассага ёки найзага суяниб, Аллоҳга ҳамд ва сано айтиб, енгил, ширин ва муборак сўзлар айтдилар.”

Имом Бухорий ва Имом Муслим “Саҳиҳ” китобларида келтиришади. Ибн Масъуд ҳар пайшанба куни бизга сўзлаб берарди. Бир киши туриб: “Эй Абу Абдураҳмон, бизга ҳар куни сўзлашингизни хоҳлайман”, деди. Шунда Ибн Масъуд: “Сизларга малол келиб қолишини ёмон кўришим мени бундан қайтарди”, деди.

Шу мавзуда ҳазрат Алининг (каррамаллоҳу важҳаҳу) қуйидаги бир шеърини келтирамиз:

Қалбу аъзолар малолланар албат,

Қалб учун истанг илму маърифат.

 

Сўзловчига эътиборли бўлиш

Бу одобдан мақсад сўзловчи бутун вужуди билан тингловчиларга юзланишидир. Чунки гапираётган киши диққату эътиборини қаратганида, эшитувчиларга мақсад ва мазмун янада яхшироқ тушунарли бўлади.

Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қавмга юзланиб, қавмнинг хатоларини айтар эдилар. Қавм эса у кишига бу юзланишлари туфайли ошно бўларди” (Имом Табароний ривояти).

“Сиз учун энг суюкли киши ким?” деб сўрадим. У зот “Ойша”, деб жавоб бердилар.

– “Йўқ, эркаклардан ким?” деб сўрадим яна.

  • Унинг отаси.
  • Кейин-чи?
  • Умар.
  • Ундан кейин-чи?
  • Усмон.
  • Сўнгра?
  • Али.

Мен тинмай сўрар, у зот тўхтамай жавоб берардилар. Мени айтавермаганларидан кейин охирги ўринга тушиб қолишдан қўрқиб, сўрашдан тийилдим.

 

Эркин муомалада бўлиш

Сўзлаш одобларидан бири сўзловчи гапираётган пайтда ва кейин ҳам тингловчи билан самимий муомалада бўлишидир. Ўтирганлар зерикмасинлар ва сўзлаш асносида ўзларини асло ноқулай сезмасинлар.

عَنْ سِمَاكِ بْنِ حَرْبٍ قَالَ: قُلْتُ لِجَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ: أَكُنْتَ تُجَالِسُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم؟ قَالَ: نَعَمْ كَثِيرًا كَانَ لاَ يَقُومُ مِنْ مُصَلاَّهُ الَّذِى يُصَلِّى فِيهِ الصبح أو الغداة حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ فَإِذَا طَلَعَت الشَّمْسُ قَامَ وَكَانُوا يَتَحَدَّثُونَ فَيَأْخُذُونَ فِى أَمْرِ الْجَاهِلِيَّةِ فَيَضْحَكُونَ وَيَتَبَسَّمُ.

Симок ибн Ҳарб ривоят қилади. Жобир ибн Самурага (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирганмисан?” дедим. Шунда Жобир (розияллоҳу анҳу): “Ҳа, кўп маротаба ўтирганман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдод номозини ўқиган жойларидан қуёш чиққунча турмас эдилар. Қуёш чиқса, турардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтирганларида одамлар билан суҳбатлашардилар. Улар суҳбатларида жоҳилият давридаги ишларни айтиб кулишарди ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилиб қўярдилар” (Имом Муслим ривояти).

Сарвари коинот кишилар билан суҳбатлашиш жараёнида чеҳралари очилиб, хуш кайфият билан табассум қилиб ўтирганлар. Бу ҳол даврага тароват бахш этиб, ўз ўрнида бошқалар ҳам ўзларини эмин-эркин ҳис этишларини таъминлайди. Бу хислат барчамизга сабоқ бўлмоғи керак ва муомала жараёнида ҳаётимизга татбиқ этиб, фарзандларимизни ҳам шундай одобга одатлантирмоғимиз олдимизда турган улкан вазифалардандир.

 

Мулойимлик

Қайси хонадонда таълим-тарбия юксак бўлса, шу жойда хотиржамлик бор. Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Аллоҳ ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”. Қуръони каримнинг аввалидан охирига қадар инсонларга тарбия ва одоб ўргатилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мулойимлик сифати билан саҳобаларни ўзларига жалб қилдилар.

Демак, Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин-мусулмонларга мулойим бўлишлари ўзлари учун ҳам, умматлари учун ҳам Аллоҳнинг раҳмати экан. Мулойим, ширинсўз бўлиш катта бахт ҳисобланади. Киши яхши сўз эшитган жойига, мулойим муомала кўрган шахсига меҳр қўяди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сифатлари бу жиҳатдан энг олий мақом эди. У зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг жозибадор кучлари ҳам шунда бўлган.

Фарзанд мулойимлик фазилати билан ахлоқини безаб, ёмон ахлоқлардан йирок бўлсин. Одамлар орасида шу фазилати тўлин ойдек кўриниб турсин.

Мулойимлик хулқий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир. У инсонни баркамоллик чўққисига олиб чиқади. Мулойимлик соҳиби билан суҳбатлашган киши унга муҳаббатли бўлади. Биз учун намуна бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам тарбиялаётган саҳобаи киромларни мулойимлик сифатлари билан жалб этдилар, муҳаббатли қилдилар.

 

Табассум фазилати

Юзлаб одамлар ўтиб-қайтаётган гавжум кўчадан боряпсиз. Демак, манзилга етгунча танишу нотаниш чеҳраларга кўзингиз тушади. Ана шунда сиз уларга очиқ юз билан жилмайиб боқинг. Кўрасизки, шу беозор табассумингиз туфайли юзлаб одамларнинг руҳияти кўтарилади. Кайфиятингиз чоғ, юзларингиз кулгудан чарақлаб турган кезларда уззукун омад сизга ёр бўлганини эсланг. Ахир ўша кунда ён-верингиздаги кишилар ҳам меҳр билан боқишгани ростку.

Донишмандлардан бири: “Ҳаётимиз қандай бўлиши сизу биз унга қандай маъно бахш этишимизга боғлиқ”, дейди. Ўйлаб қарасак, эндиликда бизнинг табассумларимиз нақадар қиммат туради! Аммо кўпинча уни ҳамма-ҳаммадан, ҳатто ўзимиздан-да қизғанамиз. Машҳур рассом шу каби ҳолатни бир неча расмларда усталик билан тасвирлайди: нимадандир ғазабланган бошлиқ ёрдамчисига заҳрини сочади. Шунда ёрдамчи ҳам хизматчилардан бирини қаттиқ койийди. Хизматчи ишлаб ўтирган матн терувчини уришиб беради, у эса эшикда ўтирган қоровулдан аламини олади. Бекордан-бекорга гап эшитган қоровул оёғи остида ётган кучукни тепиб юборади. Кучук ўз эгасини қопишга ботинолмай, хонасидан чиқиб келаётган бошлиқнинг оёғини тишлаб олади. Шундай қилиб, бу ғавғонинг бош сабабчиси жазосиз қолмайди.

Табассум бир лаҳзада пайдо бўлади. Инсон юзидаги илиқ табассум билан ҳар қандай давранинг азиз меҳмонига айланади.

Сиз қандай даврада бўлманг, ёнингиздагилардан табассумингизни дариғ тутманг. Уларга жилмайиб нигоҳ ташланг. Токи, табассумингиз чеҳраларда қотган музлари эритиб юборсин. У меҳрдан тузилган гулшодалар янглиғ кўнгилларга сочилиб кетсин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА ОДОБИ:

Ҳазил-мутойибада меъёрдан ошмаслик;

Ҳазил-мутойибада озор бермаслик;

Ҳазил-мутойибада ёлғондан сақланиш;

Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳазил-мутойибаларидан намуналар.

ТАБРИКЛАШ ОДОБИ:

Табриклашда хурсандчилик ва эътибор қилиш;

Фарзандли бўлган кишини табриклаш;

Сафардан қайтган кишини қутлаш;

Ҳаждан келган кишини қутлаш;

Никоҳни қутлаш;

Байрам билан табриклаш;

Яхшилик қилган кишини қутлаш;

Табриклаш чоғи совға бериш мустаҳабдир.

Read 4239 times
Top